Қайднома

Қидирув

Саробдан халос бўлиш сайловнинг бош мавзуси

Саробдан халос бўлиш сайловнинг бош мавзуси

  12.09.2017 06:19
  0
  887
Саробдан халос бўлиш сайловнинг бош мавзуси

Мамлакатимиз футболининг аслида ялтироқ пешонаси нима учун яна бир бора мағлублик, натижасизлик деворига урилди?

Ҳозир кўпчиликни шу савол ва унинг жавоби қийнамоқда. Тўғри, аксарият мутахассислар ва зукко мухлислар таъкидлашаётганидек, футболимиз ҳақиқатан ҳам, улкан ислоҳотга муҳтож. Бу муҳтожлик аввало, футболимизнинг келажакдаги катта ғалабалари учундир.

Зеро, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш, ҳозирча 32та жамоа сафига кириш футболда улкан ғалаба саналмайди.

Тўғрироғи, мундиал чиптаси йирик ғалаба йўлида дастлабки қадам, холос. Дастлабки қадамни эса алоҳида ислоҳотсиз ҳам ташлаш имкони бор эди...

Хўш, қайси сабабга кўра, мана шу дебоча қадамни қўйиш қийин кечмоқда? Бизнингча, бу каби охири кўринмаётган, амалга ошириш амри-маҳолдек туюлаётган қийин ишнинг бош айбдори - вақтида қатъият кўрсатмаслик.

ЎФФ зиммасидаги бу камчилик хусусида бир неча бор ёздик. Футболимиз бош ташкилоти Самвел Бабаянни аллақачон истеъфога чиқариб, унинг ўрнига янги мураббий тайинлаши мумкин эди-ку.

Эҳтимол, бу ҳолда мураббий ЎФФ охиригача имкон бермагани хусусида фикр билдирарди. Бу - Самвел Бабаян феъл-атворига хос хусусият. Лекин қандай муносабат билдирилмасин, масала моҳиятини сира ўзгармайди. Факт шуки, ЎФФ умумий ҳолат тузалмас даражага етгунча - ЖЧ йўлланмаси қўлдан чиққунча исътефо ҳақида қарор чиқаришга шошилмади.

Бошқача айтганда, гўёки, Самвел Бабаянга нисбатан «Кўнгли ўзидан қолсин!» ақидасига мувофиқ иш тутди. Қаранг, бир инсонга охирига қадар ишонишга асоссиз мойиллик бутун мухлислар армияси хоҳишидан баландми?

Ҳолбуки, ЎФФ халқ орзуси йўлида ҳар қандай эҳтимолий зуғум ва босимдан устун турса арзирди. Йўқ, ЎФФ мислсиз босимдан ҳам устун туриши шарт эди. Бу - мамлакат футболи бош ташкилотининг улуғ миссиясидир!

Энди янгиланадиган ЎФФдан мана шундай қудратга эга бўлиш талаб этилади. Демоқчимизки, ЎФФнинг журъатли ташкилотга айланиши - халқ ва тараққиёт талаби. Янгиланиш сари боришнинг асосий очқичи эса журъатсизлик сабабларини атрофлича таҳлил қилишдир. Вақтида кескин қарорлари билан эътибор қозонган ЎФФнинг кейинчалик бу борада сезиларли даражада ўзгаргани сабаби нима?

Мамлакат футболининг мутасадди ташкилоти мураббийнинг эҳтимолий нолишидан чўчиши мумкинми?! Мазкур сабаб ишонарсизроқ туюлмаяптими?! Самвел Бабаяннинг ўзбилармонлигида балки бошқа жиҳатлар ҳам бордир. Бўлиши мумкин.

Ҳар ҳолда, бу анчайин чуқур мавзу. Акс ҳолда, Самвел Бабаян мухлислар босимига қарамай, ўз ғояларини бу қадар маҳкам тутмасди. У сўнгги сонияга қадар футболчилардан нажот кутди ва ягона йўл - кичик ҳисобли ғалаба, йўлланма билан ҳақлигини исботлашга уринди.

Мухлисларнинг ўзига қарши эканликларини ҳар лаҳзада ҳис қилиб турди, аммо билганидан қолмай, бир гуруҳ футболчиларни кўр-кўрона, ҳеч бир тактик тайёргарсизлик жангга ташлайверди.

Таъбир жоиз бўлса, буюк халқнинг 11 нафар фарзанди воситасида қаҳрамон бўлишни хоҳлади. Энди савол туғилади - агар терма жамоамиз ЖЧ йўлланмаси соҳибига айланганида, халқимиз уни қаҳрамон сифатида олқишлармиди? Қатъий айтиш мумкинки, ҳеч қачон!

Халқимиз юзакилик ва асл моҳиятни бир-биридан жуда яхши фарқлаши барчага аён. Агар Самвел Бабаян вақтида истеъфога чиқиб, янги бош мураббийга самимий ёрдам беришга тайёрлигини билдирганида, воқеалар бошқача ривожланармиди? Демак, у наинки терма жамоамиз ўйин тактикасини танлаш, балки афзал қарорга келишда ҳам адашди.

Халқ ҳамиша мардликни олқишлайди, мардона қарор чиқарувчиларни ёқлайди. Самвел Бабаяннинг шундай олқишлардан бенасиб қолгани ачинарли. ЎФФ ҳам, мураббий ҳам барча муаммоларни шунчаки, сотиб олди, ҳисоб. Газетамизнинг шу йилги 25-сонида «Армон алангасида ёнаётган йўлланма. Уни қутқариш мумкинми?» сарлавҳаси билан мақола эълон қилгандик.

Ўшанда йўлланмани ҳам, Самвел Бабаяннинг аввалги обрў-эътиборини ҳам қутқариш имкони бор эди. Афсуски, ўша имконлар кўкка совурилди. Самвел Вячеславович фаолиятидан сабоқ шу бўлдики, терма жамоамизни нафақат малакали ва маҳоратли, балки феъл- атвор жиҳатидан ҳам муносиб мураббий бошқариши лозим.

Бу - ғоят муҳим ва долзарб масала. «Дарвозабон - ярим жамоа» тушунчаси ўрнини энди «Жамоа тақдири мураббий қўлида. Мураббий танлашда адашганлар мағлубликка маҳкум» қабилидаги содда фалсафа эгалламоқда.

Ана, таркибида Лионель Месси ва Пауло Дибала каби моҳир футболчилар тўп сураётган Аргентина терма жамоаси ўз майдонида венесуэлалик аутсайдерлар дарвозасига йўл тополмадими, демак, бу масала ўта жиддий. Ҳаттоки, Мессидек даҳо футболчи ҳам, вақти келса, жамоани ғалаба сари бошлашга ожиздир.

Қаранг, камтарин Венесуэла жамоаси дарвозасига гол уролмаган Месси мураккаб учрашув, яъни дербида «хет-трик»ка эришди. Кўриниб турибдики, бу голлар Мессиники бўлиши баробарида мураббийники ҳамдир. Агар мураббийнинг имзоси сезилмаса, Мессига бутун жамоа ҳам ёрдам беролмайди. Одил Аҳмедовни изтиробга солаётган аламли ҳақиқат ҳам шу.

Унинг 10та бармоғи шундай рамзга айланганки, қайси бирини тишламасин, оғрийди. Бу оғриқлар даъвоси ЎФФнинг янги таркиби измида.

Ошкораликни таъминлаш, мухлис дардини ҳис қилиш ва унинг сўзини тинглаш, футболчиларни таъқиб этаёган турли босимларни йўқотиш ва юксак маънодаги ўз-ўзини англаш туйғусини ўстириш - оғриқларни даволаш омили.

Ёдингиздами, жамоамиз Сурия ва Эрон термаларидан мағлубиятга учрагач, бутун халқ оёққа қалқди. Бироқ ЎФФ мухлисларнинг аламли ҳайқириқларига эътиборсиз қаради, аниқроғи, яққол кўриниб турган мағлубият манзилига боришдан ўзини тўхтатолмади.

Энди ЎФФ шундай мураккаб вазиятларда қатъий ва адолатли қарор чиқаришга қодир ташкилот сифатида шаклланиши даркор. Голландларни 4:0 ҳисобида енгган Франция термаси люксембурглик ҳаваскор футболчилар дарвозасига йўл тополмаса, француз мухлислари у қадар ташвиш тортмайдилар.

Чунки улар ўз жамоалари келгуси учрашувларда ғалаба қозонишига ишонишади. Тан олайликки, футболимизда ҳозир келажакка нисбатан шундай ишонч етишмаяпти. Мавжуд ишончлар эса аламли тарзда ўзини оқламаяпти. Дейлик, ЖЧ-2018 саралаши сўнгги босқичи арафасида 17 очко жамғаришни чамалагандик.

Футболчиларимиз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, Сурия ва Қатар жамоаларидан 12 очко, хитойликлардан 3 очко, Эрон ва Ж.Корея термаларидан эса 2 очко олиш мумкин, деб ўйлагандик.

Начора, ўйларимиз сароб бўлиб чиқди. Барчамизни мана шу саробдан халос этиш, футболимизга забардаст ишончни қайтариш - ЎФФда бугун бўладиган сайловнинг бош мавзусидир!

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Карлес Пуйоль - Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришга тайёр!

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.