Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президентининг ҳисоботи

Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президентининг ҳисоботи

  12.09.2017 23:07
  0
  935
Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президентининг ҳисоботи

Аввалроқ хабар берилганидек, бугун, 12 сентябрь куни Тошкентдаги Radisson BLU меҳмонхонасида Ўзбекистон Футбол Федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Кун тартибидан маъмурий масалалар, президент мурожаати, ЎФФ президентининг ўтган йиллар мобайнида олиб борган ишлари ҳисоботи, молиявий ва бухгалтерлик ҳисоботлари, Ижроия қўмитаси тавсиясига кўра мустақил аудиторларни тайинлаш ва энг асосийси ЎФФнинг янги президенти, вице-президентлари ва Ижроқўм аъзоларини сайлаш каби масалалар ўрин олди.

Дастлаб, ЎФФ биринчи вице-президенти Сардор Раҳматуллаев конференция қатнашчиларини кун тартиби билан таништирди ҳамда йиғилиш иштирокчилари ушбу тартибни бир овоздан тасдиқлашди.

Дастлаб ЎФФнинг сўнгги тўрт йиллик молиявий ва буҳгалтерлик ҳисоботи тингланди. ЎФФ томонидан аудит қўмитаси раиси сифатида тасдиқланган Г. Мусаев ташкилотнинг сўнгги тўрт йиллик молиявий ва буҳгалтерлик ҳисобоати бўйича маъруза қилди ва ташкилот фаолиятида сўнгги тўрт йиллик даврда ҳеч қандай молиявий камчиликлар аниқланмаганини тасдиқлади.

Ушбу ҳисоботдан сўнг, делегат аъзоларига сўз берилди. Дастлаб, Бухоро Футбол Федерацияси вице-президенти Мардон Қўлдошев сўзга чиқди ва мамлакатда сўнгги йилларда олиб борилган ислоҳотлар ҳақида, шунингдек, Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан олиб борилган сиёсат ҳамда унинг ютуқлари ҳақида сўзлади.

Шунингдек, Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган мураббий Рўзиқул Бердиев, Ўзбекистон Футбол Федерацияси фахрийлар кенгаши раиси Наримон Жалолов сўзга чиқиб, сўнгги йиллар мобайнида амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб, ЎФФнинг собиқ раҳбариятига, ҳусусан Мираброр Усмоновга миннатдорлик билдирди.

Шундан сўнг, конференция кун тартибидан ўрин олган асосий масала  - ЎФФнинг янги президенти ҳамда раҳбариятини сайлаш жараёни бошланди. Унга кўра, ЎФФ президенти лавозимига ёзма равишда тақдим этилган Аҳмаджонов Умид Махаматжонович номзоди барча делегатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди ҳамда ташкилотнинг янги президенти этиб сайланди.

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг биринчи вице-президенти этиб Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раиси Раматов Ачилбай Жуманиёзович, вице-президент лавозимларига эса Ўзбекистон Ички ишлар вазири Бобожонов Пўлат Раззоқович ҳамда Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институти ректори Исроилов Шоакрам Холматович сайланди.

“Ишончингиз учун миннатдорчилик билдираман. Худо хоҳласа кейинги халқаро мусобақаларда ва Олимпия ўйинларида биргаликда, маслаҳатлашган ҳолда, ўзбек футболини кўтаришга ваъда бераман. Бундан буён муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ва халқимизни хурсанд қилиб, футболимизни биргаликда кўтарамиз деган умиддаман”, – деди ЎФФнинг янги президенти Умид Аҳматжонов.

Шундан сўнг, Бунёдкор футбол клуби номидан клуб бош директори Мурод Алиев, Ўзбекистон жисмоний тарбия ҳамда спорт қўмитаси раиси Рустам Қурбонов сўзга чиқишди ҳамда ЎФФнинг янги сайланган президентига ва ташкилот фаолиятига омад тилашди.

Конференция давомида шунингдек, ЎФФ Ижроия қўмитасининг янги аъзолари сайланди. Қуйида улар билан танишиш мумкин:

Қурбонов Рустам Жавдатович – Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси
Шодиев Бобур Кабулович – “Пахтакор” ПФК президенти
Алиев Мурод Боқиевич – “Бунёдкор” ПФК бош директори
Ражабов Мансур Қўчқорович – “Локомотив” ПФК президенти
Ярашев Комил Деҳқонович – Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институти проректори
Жалолов Наримон Жалолович – Ўзбекистон футбол фахрийлари кенгаши раиси.

Конференция якунида ташкилотга 12 йил давомида раҳбарлик қилган Мираброр Усмонов сўзга чиқди ҳамда ушбу йиллар давомида қилинган ишлар ва ютуқлар ҳақида сўз юритди: "Ушбу ташкилотда 12 йил давомида раҳбар сифатида ишлаб, бир қатор ютуқларга эришдик ва албатта бу орада камчиликлар ҳам кўзга ташланди. Ташкилотга раҳбар этиб сайланганимда, келажакда катта ютуқларга эришишимизга ваъда бермаган эдим.

Боиси, бизда пойдевор ҳали йўқ эди. Эндиликда, спортга катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг самараси сифатида эса, футболда ҳам бир қатор ютуқларга эришганимизни таъкидлаш лозим.

Қурилган стадионлар, яратилган шарт шароитлар, буларнинг барчаси фақат менинг хизматим эмас. Бу аввало, ҳукуматимизнинг спортга қаратаётган юксак эътибори натижасидир", - деди Усмонов.

Мираброр Усмонов шунингдек, ЎФФнинг янги сайланган президенти ҳамда ташкилотнинг янги раҳбариятига ҳам омад тилади: "ЎФФнинг янги раҳбариятига омад тилайман. Янги раҳбарияти ўз олдига қўйган мақсади йўлида тиниб билмай ишлаши ва муваффақиятларга эришини истайман. Биз бу борада ҳамиша дуо қиламиз. Ўзбек футболи янги марраларни кўзлашда давом этишига тилакдошман.

Шунингдек, янги раҳбариятга тилагим - ҳеч қачон танқидларга салбий қараманг. Танқид бор жойда ривожланиш бўлади, шундай экан ҳар қандай танқид ёки таклифларга ижобий қаранг. Спорт ва футболнинг ривожланишида журналистлар ва мухлисларнинг ҳам катта ҳиссаси бор.

Ташкилотнинг янги раҳбариятига омад тилайман ва умид қиламанки, Ўзбекистон терма жамоаси албатта, кейинги Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга кирита олади".

Шундан сўнг, йиғилишни олиб борган ЎФФ бош котиби Сардор Раҳматуллаев навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси якунланганини маълум қилди.

Қуйидаги ҳавола орқали, Ўзбекистон Футбол Федерациясининг сўнгги тўрт йиллик даврдаги ҳисоботини юклаб олиш мумкин.


Манба: www.the-uff.com


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz