Қайднома

Қидирув

«МИТТИ»ЛАРНИНГ ЭНГ КАТТА «СЕНСАЦИЯ»ЛАРИ

«МИТТИ»ЛАРНИНГ ЭНГ КАТТА «СЕНСАЦИЯ»ЛАРИ

  13.09.2017 17:08
  0
  299
«МИТТИ»ЛАРНИНГ ЭНГ КАТТА «СЕНСАЦИЯ»ЛАРИ

Камтарин Люксембург термаси ЖЧ-2018 саралаш босқичи доирасидаги ўйинда Европа вице-чемпионидан очко тортиб олиб, фақат Франция эмас, балки бутун футбол жамоатчилигини ҳайратга солди. Soccer.ru сайти эса Тулузада қайд этилган ушбу шов-шовли натижа баҳонасида УЕФА таркибидаги «митти» терма жамоаларнинг топ-рақиблар билан баҳсларда кўрсатган кароматларини эсга олди.

ЛЮКСЕМБУРГ

ФИФА рейтингида - 136-ўрин

УЕФА рейтингида - 49-ўрин

Люксембург термаси французларни биринчи марта хижолатга қўйгани йўқ. Ушбу «митти» жамоа узоқ 1914 йили Франция термасини ақлга сиғмас сценарий остида ўтган учрашувда доғда қолдирган - 5:4. Шундан буён ортда қолган бир асрдан кўп вақт мобайнида икки жамоа футбол майдонида яна 16 марта тўқнаш келди ва «учранглилар» ҳар сафар муаммосиз ғалаба қозонишди. Мана, мағрур люксембургликлар французларнинг ўзаро баҳслардаги ғалабали серияларига ниҳоят, чек қўйишди. Диққатга сазовор томони, фахрий дарвозабон Жонатан Жубер ўзининг хайрлашув ўйинида даҳшатли рақибларга гол уриш имкониятини бергани йўқ. Ваҳоланки, 90 дақиқа ва қўшимча вақтда мезбонлар унинг дарвозаси олдида тинмай таҳликали вазиятларни юзага келтиришди. Зарбалар нисбати 30:3ни ташкил этгани барчасини кўрсатиб турибди. Тўғри, «қизил шерлар» иккинчи бўлимда 1-2та ўта хавфли ҳужум уюштиришдики, Тулузадан эртакнамо ғалаба билан қайтишлари ҳам ҳеч гап эмасди. Аслида Люксембург термаси Европада «митти» жамоалар сирасига кирсада, ўзи каби камтаринлар ҳавасини уйғотадиган натижалари билан мақтана олади. Демак, люксембургликлар ўтган асрнинг 60-йилларида ўз тарихларидаги энг ёрқин саҳифалардан бирини битишган. Ўшанда ҳаваскорлар даражасидаги жамоа португалияликларни 4:2 ҳисобида енгганди. Эътибор беринг, буюк Эйсебионинг «Европа Бразилияси» номини олган жамоадаги дебют ўйини шундай шармандалик билан тугаганди. Энг асосийси, 1964 йилга келиб, Люксембург термасининг атиги 4та жамоа иштирокидаги Европа чемпионати финал босқичига чиқишига сал қолганди. Люксембургликлар саралаш раунди ҳисобланган 1|8 финалда икки ўйин натижасига кўра, Голландия миллий жамоасини «борт»дан тушириб юборишади. Данияликларга қарши кечган чорак финал жанглари ҳам ўта драматик тус олади. Яъни ғолиб жамоани аниқлаш учун 3-ўйинга ҳам эҳтиёж сезилади. Хуллас, скандинавлар 2:2 ва 3:3 ҳисобларидан сўнг учинчи уринишдагина мағрур ва ён бермас рақибни бир амаллаб енгишади - 1:0. 1996 йилга келиб, «қизил шерлар» яна ўзларини эслатиб қўйишади. Улар бу сафар Евро-96 саралаш босқичи доирасида Павел Недвед ва Карел Поборски каби ижрочилари бор Чехия термасини мағлубият кўчасига етаклашганди. Чехларнинг кейинчалик қитъа вице-чемпиони бўлишганини ҳам эслатиш ўринли. Бироқ шундан сўнг люксембургликлар расмий ўйиндаги кейинги ғалабани нақ 12 кутишгани ҳам рост. Умуман, «қизил шерлар» охирги йилларда Беларусь, Албания ва Швейцария термаларини мағлуб этишди, аммо французлар билан сафар ўйинидаги дуранг жамоанинг тарихидан алоҳида жой олиши муқаррар. Ахир Дидье Дешамнинг юлдуз шогирдлари бир тур аввал Голландия термасини 4:0 кўринишида «савалашганди».

 

АНДОРРА

ФИФА рейтингида - 129-ўрин

УЕФА рейтингида - 46-ўрин

Андорра термаси ЖЧ-2018 саралашида Венгрия миллий жамоасини енгиш эвазига ФИФА ва УЕФА рейтингларида сезиларли юқорилади. Умумий қараганда эса, бу жамоанинг барча ғалабаларини санаш учун битта қўл бармоқлари кифоя қилади - 5та, шундан 3таси расмий учрашувларда қўлга киритилган. Хуллас, Венгрия термасидан ташқари, Македония дружинаси ҳам андорраликлар олдида ожиз қолганди, боз устига, кетма-кет 2 марта. Аниқроқ айтсак, македонлар ЖЧ-2006 саралаш босқичи доирасидаги ҳар икки ўйинни 0:1 ҳисобида бой беришган. Ғалаба голлари муаллифлари - Марк Бернаус ва Марк Ребес эса Андоррада миллат қаҳрамони даражасида улуғланишган, чинакам шуҳратга кўмилишганди.

 

ЛИХТЕНШТЕЙН

ФИФА рейтингида - 190-ўрин

УЕФА рейтингида - 53-ўрин

Яхлит терма сифатида биринчи расмий ўйинини 1994 йили ўтказган Лихтенштейн жамоаси коллекциясида «катта» рақиблар устидан қозонилган ғалабалар йўқ. Яъни «қизил-кўклар» ҳозирча фақат Озарбайжон, Литва ва Исландия термаларини енгишгани билан мақнатишлари мумкин. Улар шунингдек, саралаш ўйинларида люксембургликларни 2 марта доғда қолдиришган. Умуман, Лихтенштейн футболи тарихидаги энг ёрқин ўйин дуранг натижа билан тугаган. Қанақа дуранг денг? Чинакам фантастика! Хуллас, «миттилар» ЖЧ-2006 квалификациясида Европа вице-чемпиони - Португалия термаси билан тўқнаш келади. Ўзаро ўйинда ҳаммаси одатдагидек бошланади - Криштиану Роналду ва унинг дўстлари биринчи бўлимда 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишади. Бироқ танаффусдан кейин Европа марказида жойлашган кичиккина мамлакатнинг ғурурли йигитлари қаердандир ғайритабиий куч олиб, буюк «камбэк»ни амалга оширишади. Оддий айтганда, Франц Бюргмайер ва Томас Бек томонидан урилган голлар Лихтенштейн термасига ғалаба ўрнини босувчи дуранг келтиради. Айнан шу натижа князликнинг футбол оламидаги энг жарангдор муваффақияти саналади.

 

МАЛЬТА

ФИФА рейтингида - 191-ўрин

УЕФА рейтингида - 52-ўрин

Мальта термаси етакчи жамоалардан ҳали бирор очко тортиб олганича йўқ. Ваҳоланки, «ионитлар» жаҳон ва Европа чемпионатлари саралашидаги иштирокларини XX аср ўрталарида бошлашган. Улар шу вақтгача чамаси 200та расмий ўйинда майдонга тушишга улгуришди ва жами 5та ғалаба қайд этишди. Қисқаси, Исландия, Эстония, Арманистон, Греция ва Венгрия термалари мальталиклар билан ўйинда бир мартадан омадсизликка учраган. Шундай экан, Мальта футболининг асосий «сенсация»си ҳали олдинда бўлса, ажабмас. Оролликлар шунинг баробарида энг аянчли мағлубият ортда қолганига ишонишни хоҳлашлари турган гап. Тарихга мурожаат этамиз - Испания термаси Евро-84 саралашида мальталикларни Се- вильяда меҳмон қилиб, «меҳмондорчилик» меъёрини бироз ошириб юборганди - 12:1. Дарвоқе, Голландияда испанларни келишган ҳолда ўйнаганликда айблашганди. Зеро, турнир жадвалидаги ҳолатга кўра, «қизил фурия» 10тадан кўп гол фарқи билан ғалаба қозонсагина Европа чемпионати финал босқичига чиқарди.

 

САН-МАРИНО

ФИФА рейтингида - 204-ўрин

УЕФА рейтингида - 54-ўрин

Нафақат «кўҳна қитъа», балки бутун жаҳондаги энг кучсиз терма жамоалардан бири. Сан-мариноликлар 1990 йилдан буён жаҳон ва Европа чемпионатлари саралашида ўйнамоқдалар. Асосий факт шуки, «серениссима»га ҳозирча расмий ўйинларда ғалаба қозониш насиб этганича йўқ. Шуни назарда тутсак, Сан-Маринода жамоанинг ҳар бир голи ёки очкоси катта муваффақият сифатида баҳоланади. Хуллас, Латвиа ва Эстония термалари билан учрашувларда қайд этилган дуранглар - ушбу юрт вакиллари учун тарихдаги энг муҳим натижалар. «Ёғдули жамоа» (гўзал лақаб!) яқиндагина катта байрамга юз тутди. Яъни мариноликлар нақ 14 йиллик танаффусдан сўнг йирик турнирлар саралаши доирасидаги сафар учрашувида гол қувончини туйишди. Қолаверса, бу улар учун 5 йил давомидаги биринчи расмий гол эди. Яна бир ҳайратланарли томони шуки, жаҳон чемпионати саралаши тарихидаги энг тезкор голга айнан шу миттигина мамлакат футболчиси муаллифлик қилган. Аниқроқ айтсак, Давиде Гвалтьери ...Англия терма жамоасига қарши ўйин-нинг 8,3-сониясида аниқ зарба йўллаб, рекорд ўрнатганди. Тўғри, ўша учрашувда инглизлар бунга оз эмас, 7 мартагина жавоб беришганди.

 

ГИБРАЛТАР

ФИФА рейтингида - 206-ўрин

УЕФА рейтингида - 55-ўрин

Гибралтар аҳолиси чамаси 30 минг киши, холос. Мамлакат футболининг ФИФА ва УЕФА оиласига кирганига эса ҳали 5 йил ҳам бўлмади. Бугунги кунда Гибралтар термаси халқаро футбол федерацияси рейтинги тубида Сомали, Ангилья, Эритрея, Тонга ва Багам ороллари жамоалари қаторида бормоқда. Гибралтарликлар Евро-2016 саралашида барча 10та учрашувни бой беришди. Умумий ҳисоб - 2:56. ЖЧ-2018 квалификациясига келсак, жамоанинг статистикаси қуйидагича: 8та ўйин, 8та мағлубият, голлар фарқи - 3:37. Демак, ҳар қандай дуранг бу терма учун ҳақиқий «сенсация» саналади ва бутун Гибралтар учун тарихий аҳамият касб этади.

 

ФАРЕР ОРОЛЛАРИ

ФИФА рейтингида - 89-ўрин

УЕФА рейтингида - 39-ўрин

Яна бир митти мамлакат жамоаси, лекин у ўз қаддини нисбатан кўтаришга уринмоқда. Фарер ороллари жамоасининг ФИФА рейтингида биринчи 100таликка кўтарилганию, УЕФА рўйхатида Эстония, Литва, Грузия, Кипр, Финляндия, Қозоғистон, Латвия ва Молдова термаларидан ўзиб, норвегияликлар ортига жойлашиб олгани кўп нарсадан далолат. Алоҳида ўйинлар ҳақида гапирсак, оролликлар асосий ғалабаларини Австрия ва Греция термалари билан ўйинларда нишонлашган. «Дас Тим» «балиқчилар» учун дебют ҳисобланган жаҳон чемпионати-90 саралашида шармандаликка учраган бўлса, греклар Евро-2016 квалификацияси давомида икки бора (!) енгилди. Ўша ўйинлар вақти Фарер жамоаси ФИФА рейтингида 189-қаторда эди. Айтганча, илк шармандаликдан сўнг юнонлар Клаудио  Раньерини истеъфога чиқаришди ва у кейинчалик «Лестер» бошқарувини қўлга олиб, Англия чемпиони бўлди...

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.