Қайднома

Қидирув

MLS ёхуд «Атланта» тажрибаси

MLS ёхуд «Атланта» тажрибаси

  14.09.2017 06:22
  0
  746
MLS ёхуд «Атланта» тажрибаси

«Атланта» Мерседес»да: мухлис йиғиш бобида қандай рекорд ўрнатиш мумкин? АҚШ миллий биринчилиги Европада унча машҳур ҳисобланмаса-да, кўпчилик у ерда мухлислар ташрифи ўта юқори эканлигидан яхши хабардор.

Яширишга ҳожат йўқ, айрим давлатларда MLSдаги энг паст кўрсаткичга ҳам ҳавас билан боқишади. Ҳа, океан ортида спортни қаттиқ севишади. Аммо америкаликлар бирор-бир спорт мусобақасида иштирок этиш эмас, уни кузатишга кўпроқ мойиллар.

Агар кимдир Major League Soccer тўғрисида гап бошласа, кўз олдингизга беихтиёр салқин оқшомда тўп сураётган европалик «қария»лар ва ёрқин фан-секторлар келади...

Soccer.ru сайти ижодкорлари айнан шу манзарани тўлиқроқ тасаввур қилиш имкониятини яратишга бел боғлаб, Америка футболи томон нигоҳ ташлашди.

Бир қарашда, АҚШлик мухлисларга севимли жамоалари қайси рақибга қарши ўйнашию, унинг таркибида қандай юлдузлар тўп суришларининг умуман қизиғи йўқдай. Уларни ўйиннинг даражаси - муҳим ёки оддийлиги ҳам заррача қизиқтирмайди, гўё. Бинобарин, америкалик мухлислар шунчаки, бўш вақтга мазмун киритишни хоҳлашади ва муздеккина ичимликни аста симирганча  ёқимтойларини хотиржам ҳолда олға боришга ундайдилар. Айни ҳозирги ҳолатга қараганда, мухлислар ташрифи бўйича барча ҳудудий рекордлар «Атланта Юнайтед»га тегишли. Шарқий конференция лигасида иштирок этувчи ушбу жамоа Херардо Мартино туфайли «Барселона» фанатларига жуда таниш. «Атланта» жорий мавсум турнир жадвалининг  6-поғонасида боряпти. Унинг таркибида Кака ва Давид Вильядек еврофутболда ном қозонган юлдузлар йўқ, бироқ маҳаллий мухлислар бундан заррача хафа эмаслар. Жоржия штатида бўлиш бахти насиб этган соккер мухлислари эса Атлантадан шунчаки, ўтиб кетолмайдилар. Бошқача айтганда, «Бобби Додд Стэдиум» аренаси уларни оҳанрабодек ўзига тортарди. Хуллас, четдан борган мухлислар учун «Атланта»нинг ўз майдонидаги ўйинига бош суқмаслик худди айбдек. Дуч келган ўйинга чипта сотиб олганлар эса трибунага чиқиб, ўз жойларига яхшилаб ўрнашиб олганларидан сўнг секторларда умуман бўш жой йўқлигига гувоҳ бўлишади. Яқин-яқингача ҳам «Бобби Додд Стэдиум»дан узатиладиган трансляциялар Америкада мухлисликка боғлиқ муаммо йўқлигини англатарди, аммо жорий йил ёзда ҳаммаси ёрқин тарихга айланди. Гап шундаки, «Атланта Юнайтед» янгигина стадион - «Мерседес-Бенц»га кўчиб ўтди.

Херардо Мартино шогирдлари ҳозиргача ўз майдонларида 9та рақибни қабул қилишди. Яъни мухлислари кўз ўнгида чемпионатнинг бошқа иштирокчиларига нисбатан 2та кам ўйин ўтказишди. Бу MLS тақвимини тузишдаги муаммолар билан боғлиқ. Шунга қарамай, The Five Stripes мухлис йиғиш бўйича умумий рейтингнинг 2-қаторида бормоқда. Ҳа, «Атланта» мухлислари ҳозирча сиэтллик доимий етакчилардан ўзиб кетолмаяптилар, аммо воқеалар ривожини назарда тутсак, улар бунга жуда яқинлар. Эътибор беринг, 9та ўйинга умумий ҳисобда 416864 мухлис ташриф буюрди. Тушунарлики, мухлисларнинг бу қадар фаолликлари «Атланта»га жуда қўл келмоқда. Ҳарқалай, клубнинг лигада нисбатан юқори натижалар қайт этаётганида фанатлар армиясининг улуши ҳам йўқ эмас. Рақамлар асосида айтсак, жорий мавсум MLS ўйинларини кузатган жами мухлисларнинг 7,5 фоизи «Атланта»га тегишли. Ўзингиз ўйланг, жамоанинг ҳар бир уй ўйинини ўртача ҳисобда 46318 киши бевосита стадионда томоша қиляпти. Тўғри, Америка биринчилигида мухлислар ташрифи масаласида унча мақтанолмайдиган жамоалар ҳам топилади. Аммо бунинг асосий сабаби мухлисларнинг футболга бефарқ қарашлари эмас, балки айрим стадионлар сиғими камлигидир. Айниқса, юқори дивизионга қўшилган янги клубларда шундай муаммо бор.

«Сиэтл Саундерс» клуби аввалги мавсумда мухлис йиғиш бобида бир неча марта энг юқори кўрсаткичга эришди. Аммо сиэтлликларнинг рекордлари 2015 йили ўрнатилган - 44247 мухлис. Шуни инобатга олсак, «Атланта»нинг бу борада 1-ўринни эгаллашга жуда яқин турганини билиш учун математик ёки олий маълумот эгаси бўлиш шарт эмас. Тўғри, клуб расмий жиҳатдан ҳозирча етакчи эмас, қолаверса, «Сиэтл» ўз кўрсаткичини янада яхшилаш имкониятига эга. Аммо жамоа аввало, турнир жадвалидаги мавқесини кўтариши зарур. «Сиэтл» футболчилари ва фанатларига айнан шуниси орзулигича қоляпти.

Агар ўртача арифметик кўрсаткичлар эмас, фанатларнинг бир марталик ташрифи ҳақида гапирсак, The Five Stripes худди турнир жадвалидаги каби 5-6та жамоадан орқада. Мисол учун, Нью-йорклик мухлислар севимли клублари - «Нью-Йорк Ред Буллз»нинг инқироз хавфидан қутулишига кўмаклашиш мақсадида стадионга ташриф бўйича 55 минглик кўрсаткич қайд этишди. Муҳими, уларнинг бундай фидокорона ҳаракатлари самарасиз кетмади, жамоа аста-секин юқорига кўтарил-япти. Яна бир фактни алоҳида тилга олиш керак - «Атланта»нинг ўз аренасидаги ўйинларга боғлиқ энг паст кўрсаткичи 44893га тенг («Хьюстон Динамо» билан учрашувда қайд этилди). Ўшанда мутахассислар буни ноқулай об-ҳаво билан изоҳлагандилар. Аммо тан олайлик, «Атланта»нинг энг паст натижаси ҳам ўз мамлакатининг юқори лигасида иштирок этувчи кўплаб клублар ҳавасини уйғотиши тайин. Ўз ўрнида мухлислар ташрифи бўйича рекорд ўрнатилган ўйин хусусида ҳам алоҳида маълумот бериш жоиз. Бунинг учун 1996 йилга қайтиш керак. Ўшанда янги ташкил этилган лига энди-энди тараққиёт сари қадам ташлаётганди. Хуллас, «Лос-Анжелес Гэлэкси» - «Метростарз» (ҳозирги «Нью-Йорк Ред Буллз») ўйинини стадионда нақ 69255 киши кузатганди.

MLS - ёш чемпионат эканлиги ва илгари Америка стадионларида мухлислар ташрифи билан боғлиқ кўрсаткичлар 70 мингдан ошганини ҳам унутмаслик керак. Дейлик, «Метлайф-Стэдиум»даги доимий «аншлаг»ларнинг ўзи қанчалик ҳайратланарли эди, ўшанда бу арена (ҳозирги номи - Giants Stadium)  майдонида «Нью-Йорк Космос» йигитлари жавлон уришарди.   Умуман олганда, Америка Қўшма Штатларида футболни жуда эъзозлашади ва шу боис, ажойиб стадионлар мухлислар билан лиқ тўлмоқда. Энг муҳими, клублар раҳбарлари бунга даромад манбаи сифатида қараб, стадионлардаги шароитларни тобора яхшилашга ҳаракат қилишмоқда. Ахир бизнеснинг шарти шу - ўринли харажатдан қочмасанг, фойдага чиқасан, акс ҳолда, бир жойда қотиб турасан ёки таназзулга учрайсан...

И.ОБИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz