Қайднома

Қидирув

«Хаддерсфилд» биринчиси эмас ёхуд ёрқин дебютантлар ҳақида

«Хаддерсфилд» биринчиси эмас ёхуд ёрқин дебютантлар ҳақида

  15.09.2017 06:23
  0
  903
«Хаддерсфилд» биринчиси эмас ёхуд ёрқин дебютантлар ҳақида

Узоқ танаффусдан сўнг Англия футболи элит дивизионига қайтган «Хаддерсфилд» жамоаси АПЛда тетик старт олиб, кўпчиликни ҳайратга солди.

Бир қарашда, камтариндек кўринадиган клуб аввалига Лондонда «Кристалл Пэлас» дарвозасига 3та жавобсиз гол урди. Кейин эса ўз майдонида «Ньюкасл»ни 1:0 ҳисобида енгиб, «Саутгемптон» билан ўйинда муроса кўчасини танлади - 0:0. Хуллас, дебютант 3-турдан сўнг 3-ўринни эгаллаб турганди:

7 очко ва тўплар нисбати 4:0. Табиийки, ҳеч ким «Хаддерсфилд»дан бундай дадил одимлашни кутмаган бўлса керак. АПЛ тарихига назар солсак, лигага янги қўшилган жамоанинг старт чизиғида йирик ҳисобли ғалабага эришиши атиги 3-марта кузатилди.

Яъни бунгача чемпионатнинг 1-туридаёқ бақувватгина ўртамиёна рақибни чинакамига тор-мор этиш 2тагина дебютантга насиб қилганди, холос. Демак, қуйида шундай «бетга чопарлик» якунда нималарга олиб келганини кўриб чиқамиз.

«Болтон Уондерерс» (мавсум-2001|2002). Тажрибали Сэм Эллардайс томонидан тузилган жамоа 1-турда «Лестер Сити» меҳмони бўлиб, ортга 5:0 (!) кўринишидаги қойилмақом ғалаба билан қайтди. Дебютантнинг ўша ўйиндаги таркиби нафақат «йўртоқи отлар», балки бутун премь-ер-лига мухлисларини ўтмишни бироз қўмсашга мажбур этса, ажабмас.

Мана, ўзингиз таркиб ва голлар муаллифларига қараб, баҳо беришингиз мумкин: Яааскелайнен, Барнесс, Бергссон (Маршалл, 76), Уитлоу, Чарльтон, Нолан, Уархерст (Сау-фэлл, 71), Франдсен, Гарднер (Педерсен, 66), Хансен, Рикеттс. Голлар: Нолан, (15, 41), Рикеттс (33), Франдсен, (45, 83).

Мавсум давомида Яааскелайнен, Бергссон, Нолан ва Гарднер каби фахрийлар қаторига «Милан», «ПСЖ», «Марсель» клублари ҳамда Франция миллий жамоасида ўйнашга улгурган 30 ёшли Бруно Н~Готти ҳам қўшилганди. Бундай ажойиб таркиб мураббийи - Big Sam- (Сэм Эллардайс)га эса ортиқча таъриф бериш шарт эмас.

Диққатга сазовор томони, ўша вақт «Болтон»да битта ўзига хос анъана бор эди - жамоа қайсидир рақибни йирик ҳисобда енгса, футболчилар, мураббийлар ва барча ходимларга алоҳида тушлик тайёрланарди. Эҳтимол, «отлар» шунинг учун ҳам рақибларни тез-тез голлар шодаси билан «сийлаш» уддасидан чиқишгандир.

Якуний натижа. «Болтон» ўша мавсум 16-ўринни банд этиб, кучлилар қаторида қолган бўлса, бечора «Лестер» Англия олий дивизиони билан хайрлашганди.

«Блэкпул» (мавсум-2010|2011). «Болтон» жасоратининг деярли такрори. Яъни «Блэкпул» ҳам стартда меҳмонда ўйнади ва «Уиган Атлетик» дарвозасига жавобсиз 4та гол йўллади. Ўшанда «мандаринлар» мухлислари севимли жамоаларини олдинда қандай даҳшатли мавсум кутиб турганини билишмасди.

Яна қандайдир 3 йилдан сўнг «Блэкпул»нинг умуман ночор аҳволга тушиб қолишини эса хаёлларига ҳам келтиришмагани аниқ (фактлар асосида айтсак, мавсумлар оралиғида клуб ихтиёрида атиги 8 нафар футболчи қолганди, холос).

Энди жамоанинг мавсум-2010|2011 доирасидаги илк учрашувга ташлаган таркибига назар соламиз: Гилкс, Баптист, Кэзкарт, Эватт, Крейни, Гранден, Воан, Адам, Тейлор-Флетчер (Юэлл, 79), Ормерод (Сильвестр, 59), Хервуд (Бэшэм, 60). Голлар: Тейлор-Флетчер (16), Хервуд (38, 43), Баптист (75). Шубҳа йўқ, Чарли Адам дебютантнинг бош юлдузи саналарди.

У чемпионат якунига етгач, «Ливерпуль» билан бежиз шартнома тузмаганди. Чарли кейинчалик «Сток Сити»да анча самарали ўйнади. Умуман, ўша «Блэкпул» АПЛнинг бутун тарихидаги энг қизиқарли, тушуниб бўлмас ва «романтик» жамоалардан бири саналади. Ахир чемпионат давомида 55та гол урган ҳолда, якунда чемпионшипга қулаш - оғир қисмат.

Таққослаш учун айтсак, 55та гол «Тоттенхэм»нинг 5-ўринни банд этишига кифоя қилганди. Яна бир томони, «мандаринлар» «Ливерпуль» ва «Ньюкасл» каби кучли рақибларни меҳмонда, «Тоттенхэм»ни ўз майдонларида енгиш баробарида «Эвертон»га 3:5 кўринишида ютқазишган, жуда кўп ўйинлари голлар шоусига айланганди.

Якуний натижа. «Блэкпул» 38та ўйинда ўз дарвозасидан нақ 78та гол қўйиб юборди. Хусусан, охирги турда «МЮ» олдида шунчаки, ожиз қолди - 2:4. Натижада Иан Хэллоуэй бошқарган ажабтовур жамоа биринчи мавсумдаёқ премьер-лига билан хайрлашди.

Стартда дебютант томонидан «калтакланган» «Уиган»га келсак, бу жамоа чемпионат финишига 16-ўринда етиб келди ва яна 2  йилдан сўнг Англия кубогини ютиш баробарида чемпионшипга тушиб кетди.

Айтганча, айни пайт «Блэкпул» ҳам, «Уиган» ҳам биринчи лига (Англия футболидаги учинчи дивизион)да ўйнамоқда.

«Хаддерсфилд» билан нима бўлади? Ҳаммасини олий ҳакам - вақт кўрсатади, албатта. Дастлабки 3та тур натижаларини назарда тутиб айтсак, Давид Вагнер бошқарувидаги клуб таркибида жамланган иштиёқли йигитлар ижросидаги ўйинларни кузатиш анча қизиқарли. Кўринишидан, улар «Блэкпул» тушган қисматга дуч келмайдилар, чоғи.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz