Қайднома

Қидирув

Яна «уик-энд», яна тарихий воқеалар тўғрисида

Яна «уик-энд», яна тарихий воқеалар тўғрисида

  15.09.2017 07:59
  0
  1074
Яна «уик-энд», яна тарихий воқеалар тўғрисида

Ортда қолган дам олиш кунлари европалик мухлислар бир қатор эътиборли, ҳатто том маънодаги тарихий воқеаларга гувоҳ бўлишди.

Англия: «Сити» кўчаларида байрам

«Ман.Сити» ва «Ливеруль» АПЛ доирасидаги қарама-қаршилиги Хосеп Гвардиола ва Юрген Клопп ўртасидаги ўзига хос «дуэль» билан давом этди. Бу икки таниқли мутахассис ўз вақтида «Бавария» ҳамда «Боруссия» Д.га раҳбарлик қилишган. Бундеслигадаги рақобат ўтган мавсум Англияга кўчганди.

Учрашувнинг биринчи ярмида сезиларли устунликка эришган мезбонлар иккита тўп фарқи билан олдинга чиқиб олишди. Боз устига, Садио Мане Эдерсон Мораесга нисбатан қўполлик ишлатганидан сўнг, меҳмонлар майдонда озчилик бўлиб қолишганди.

Танаффусдан кейин «қизиллар» батамом сочилиб кетишди. Кўплаб вазиятларда Минола ўз дарвозаси дахл­сизлигини таъминлаш учун бир нечта ўйинчиларга қарши ёлғиз «жанг»га киришишга мажбур бўлди.

Охир-оқибат таблодаги ҳисоб «Ливерпул»га хос бўлмаган шармандали (5:0) кўринишини олди. Жезус ва Сане «дубл»га эришган бўлса, битта гол урган Агуэро европалик бўлмаган АПЛ аъзолари орасида энг яхши тўпурарга (124та гол) айланди. Аргентиналик ҳужумчи «МЮ» вакили Дуайт Йоркдан ўзиб кетди.

Ниҳоят, 4-турда Моуриньо қисман бўлсада ўз мақсадига эришди: шу пайтга қадар 3та ғалабани ўз ҳисобига ёзиб, дарвозадан тўп олиб чиқмаган «МЮ» «Сток Сити» майдонида иккита гол ўтказиб юборди ва дуранг қайд этди. Энди «Беназир» қимматли икки очкони ҳавога совурган шогирдлари руҳиятини бемалол таҳлил қилиши мумкин.

Тўғри, манчестерлик мухлислар бу каби нозик жиҳатларга ортиқча эътибор қаратиб ўтирмадилар - икки клубнинг чемпионатда етакчилик қилаётгани шаҳарнинг иккинчи ярмига байрам кайфиятини тортиқ этганига шубҳа йўқ. Албатта, пойтахт жамоалари қочоқларни қувиб етиш учун бор имкониятларини ишга солишяпти.

Сўнгги икки чемпион ўртасидаги баҳс («Лестер»-«Челси»-1:2) лондонликлар фойдасига ҳал бўлди. «Тоттенхэм» эса Ливерпулда «Эвертон» дарвозасига жавобсиз 3та гол урди. «Дубл»га эришган Кейннинг биринчи голини бемалол футбол дурдоналари қаторига киритиш мумкин.

Мураккаб вазиятдан чиқиб кетишга уринаётган «Арсенал» «Борнмут»га ҳеч қандай имконият қолдирмади - 3:0. эҳтимол, бош мураббийнинг бу мавсумда албатта, чемпионликка эриши ҳақидаги фикрлари жамоага руҳий мадад бергандир? Ҳар ҳолда ноқулай рақибга қарши «тўпчилар» ишончли ва самарали тўп суришди.

«Кристал Пэлас»нинг қаторасига тўртинчи мағлубияти эътиборга молик. Тўғри, бу камтарин жамоа совринли ўринларга даъвогар эмас. Лекин 4та учрашувда бирорта гол уролмаган жамоа иштирокидан не наф? Бош мураббий Франк де Бур истеъфога йўл олди.

Испания: Илдамлаётган «Барселона» ва депсинаётган «Реал»

Етакчи Роналдусиз ҳаракатланаётган «Реал» қуруқ депсинишни давом эттирмоқда. Аввалги турда «Валенсия» билан муроса йўлини танлаган жамоа бу гал «Леванте»ни маҳв этолмади-1:1.

Ҳозир Зиданни бой берилган очколардан кўра кадрлар масаласи кўпроқ хавотирга солмоқда: Карим Бензема жароҳат туфайли ўйинни барвақт якунлади, Марсело тўғридан-тўғри қизил карточка билан сийланиб, тўрт ўйинга дисквалификация билан жазоланиш хавфи остида қолди.

«Қироллик клуби»нинг ашаддий рақобатчиси «Барселона» эса тезликни тобора оширмоқда. Жамоа бу сафар Каталония дербисида «Эспаньол»ни 5та гол билан «меҳмон қилди».

Улардан 3тасини ўз ҳисобига ёзиб қўйган Месси фаолия­тидаги 42-«хет-трик»кини расмийлаштирди. Тўғри, голларнинг бири ўйиндан ташқари ҳолатдан урилди. Бироқ ҳакамларнинг бу хатолари ўйин тақдирини ўзгартиришга қодир эмас.

Ла-лига мавсумининг эътиборли воқеаларидан бири «Реал Сосьедад»нинг 100 фоизлик натижага эришаётганидир. Камтарин жамоа бу турда Ла-Коруньяга сафар уюштириб, «Депортиво» устидан ишонарли (4:2) ғалабага эришди.

Германия: Фаворитлардаги йўқотиш

Бундеслиганинг навбатдаги тури грандлар учун омадсиз келди. Дортмунднинг «Боруссия» клуби сафарда «Фрайбург» билан очколарни бўлишиб олишга қарор қилиб, етакчилик мақомини сақлаб қолди. Тўғри, марказий ҳимоячилар - Шельцер ва Бартра жароҳат туфайли майдонни тарк этишлари меҳмонларни ҳимояга кўпроқ эътибор қаратишга мажбур этди.

Амалдаги чемпион - «Бавария» эса Зинсхаймда режалаштирмаган мағлубиятни қабул қилиб олди. Марк Утнинг икки голи «Хоффенхайм»ни етакчилар сафига олиб чиқди. Бундеслига учун тарихий воқеа Берлинда, «Герта»-«Вердер»-1:1 баҳсида қайд этилди. Яъни, элита учрашувини илк марта аёл ҳакам 38 ёшли Бибиана Штайнхаус бошқарди. Европадаги миллий чемпионатларда шу пайтга қадар бундай воқеа кузатилмаганди.

Италия: 10 дақиқа ичида «хет-трик»

Ёзда трансфер бозорида фаоллиги билан рақиблари кўнглига даҳшат солган «Милан» ваъда қилганидек даст­лабки икки турда ўртамиёналар устидан ғалабага эришди ва карвонбошилар сафида бўлди. Бироқ дастлабки жиддий рақибга дуч келиши билан жамоада муаммолар етарли эканлиги сезилиб қолди.

Италия терма жамоаси сафида голларга иштаҳаси очилган Иммобилега Доннаруммани 3 марта ўз дарвозаси тўридан тўп олиб чиқишга мажбур этиши учун 10 дақиқа кифоя қилди.

Яна икки дақиқадан кейин тўпурар самарали узатмасини Луис Альберто голга айлантирди. «Россонери» бунга Монтоливонинг ўта чиройли, лекин ягона зарбаси билан жавоб қайтарди.

Миланнинг иккинчи вакили - «Интер» бу турда ҳам зафар қучди. Лучано Спалетти шогирдлари «А» серия дебютанти - «СПАЛ» дарвозасини икки марта забт этишди. «Ювентус» «Кьево», «Наполи» эса «Болонья» устидан бир хил ҳисобдаги (3:0) йирик ғалабаларини нишонлашди.

Франция: Чемпионнинг мағлубияти

«Ницца»-«Монако» учрашувини томоша қилишга келган ишқибозлар ўзларини ўтмишга саёҳат қилишгандек ҳис этган бўлишса, ажабмас. Боиси, ўтган йилнинг сентябрида томонлар Зумрад Соҳилларда куч синашишган ва князликлар айнан 0:4 ҳисобидаги аламли мағлубиятни тан олишганди.

Таажжубки, ўшанда ҳам, бу галги баҳсда ҳам Марио Балотелли 2та, Алассан Плеа битта гол урди. Бу ҳам майли-я, охирги омадсизлик «Монако»нинг икки ажойиб сериясига хотима берди: амалдаги чемпион ўтган йилнинг  декабрь ойидан буён илк марта мағлубиятга учради ва Ниццадаги аввалги шармандали мағлубиятдан бери яна илк бора рақиб дарвозасига гол уролмади.

Ўтган мавсумдаги омадсизликдан аламзада бўлган «ПСЖ» табиийки, асосий рақобатчининг қоқилишидан унумли фойдаланди - ҳанузгача бирор очкога эга бўлмаган «Мец»ни таслим этиш пойтахт грандига қийинчилик туғдирмади. Таркибини дунёнинг энг қимматбаҳо футболчилари билан кучайтирган парижликлар ҳеч бўлмаганда ички биринчиликда енгилмас баҳодирдек тасаввур уйғотишмоқда.

Албатта, Неймар ҳам, сўнгги турда дебютини нишонлаган Мбаппе ҳам сарфланган сармояни оқлаш учун бор куч ва маҳоратларини ишга солишлари аниқ. Айнан Мбаппенинг голи эвазига «ПСЖ» иккинчи бўлимда олдинга ўтиб олди.

Кейинчалик Неймар ғалабани мустаҳкамлади, Кавани ҳамда Моуранинг голларидан кейин эса ҳисоб янада йириклашди. Айтганча, шу оқшом «дубл»га эришган Кавани тўпурарлар баҳсида Радамель Фалькао билан тенглашиб олди. Улар ҳисобидаги голлар сони 7тага етди.

ЕЧЛга йўлланма бериши мумкин бўлган 3-ўринга «Лион» кўтарилиб олди. Бруно Женезио жамоаси «Генгам» устидан қийин (2:1) ғалабага эришди.

Эътиборлиси, барчамизга яхши таниш бўлган футбол афсонаси - Лилиан Тюрамнинг ўғли Марку 71-дақиқада жавоб тўпини киритиб, мувозанатни тиклади.

Бироқ кичик Тюрамнинг қувончи узоққа чўзилмади. Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас мезбонлар вакили Набиль Фақир «Генгам» дарвозасини ишғол этиб, «Лион»га қимматли 3 очкони тақдим этди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz