Қайднома

Қидирув

Радамель Фалкао: «Тобора тетиклашиб боряпман»

Радамель Фалкао: «Тобора тетиклашиб боряпман»

  16.09.2017 03:37
  1
  642
Радамель Фалкао: «Тобора тетиклашиб боряпман»

Колумбия термаси гарчи Венесуэла сафаридан 1 очко билан қайтган бўлсада (0:0), Россия-2018 мундиалига тобора яқинлашмоқда.

Ҳарқалай, Радамель Фалькао етакчилигидаги жамоа КОНБЕМОЛ (Жанубий Америка) аъзоларини ўз ичига олган яхлит саралаш гуруҳи турнир жадвалида 2-ўринни эгаллаб турибди. Финиш маррасигача эса 3тагина тур қолди.

Колумбияликлар бугун 16-тур доирасида ЖЧ йўлланмаси масаласини аллақачон ҳал қилган Бразилия терма жамоасига қарши майдонга тушишади.

Агар улар ўз мухлислари кўз ўнгида ғалаба қозониш уддасидан чиқсалар, нав-батдаги мундиал сари катта қадам ташлайдилар. Муҳими, жамоа тўпурари Фалькао айни пайт ажойиб спорт формасида.

«Эль Тигре» вақт ўтиши билан янада кучли «наъра» тортаётгандек. Сafetero ҳужумчиси Венесуэла термасига қарши ўйин арафасида FIFA.com сайтига интервью бериб, бўлажак жаҳон биринчилигида иштирок этиш ва бор маҳоратини кўрсатиш ишқида ёнаётганини яширмаганди.

- Аввалги мавсум «Монако» ва сиз учун бирдек ажойиб кечди. Мана, янгисини ҳам ниҳоятда зўр бошладингиз - 5та ўйинда 7та гол. Хўш, янги мавсумдан нималар кутяпсиз, жаҳон кубогига бориш имкониятингизни қандай баҳолайсиз?

- Ҳа, ўтган мавсум «Монако» мисли кўрилмаган натижаларга эришди. Бошқача айтганда, ўз олдимизга қўйилган вазифаларни шараф билан уддаладик. Табиийки, юқори натижалар катта туртки берди ва эндиги мақсадимиз - чемпионлик унвонини ҳимоя қилиш. Тўғри, клубимиз бир қатор ёрқин ижрочилардан айрилди, аммо ўйлайманки, сафимизда кетганлар ўрнини бемалол босадиган йигитлар бор. Шахсан ўзимга келсак, тобора тетиклашиб боряпман. Умид қиламанки, бутун чемпионат давомида ҳозиргидек маҳсулдорлик намойиш этаман. Ҳар ҳолда, ички сезгим ишора беряпти - жорий мавсум фаолиятимда ёрқин из қолдиради. Жумладан, миллий жамоамга ҳам ҳар қачонгидан кўпроқ наф келтира олишимга ишоняпман.

- Бундай қойилмақом спорт формаси замирида қандай сир яширин? Айни пайт фаолиятингиз давомидаги энг яхши ўйинларни кўрсатаётганингиз ҳақидаги фикрларга қўшиласизми?

- Айтарли сир йўқ. Шунчаки, ҳар куни астойдил ишлаяпман. Чунончи, ўйин бобида янада мукаммаллашиш ва ўсиш имкониятига эгалигимни яхши биламан. Ҳозирги натижалар - тўпланган тажриба маҳсули. Дейлик, эндиликда муҳим паллаларда тезкор ва тўғри қарор чиқараётганим маҳсулдорлик ошишига замин яратяпти. Аслида футболчига фақат голлар сонига қараб баҳо бериш нотўғри. Муҳими, жамоа манфаати йўлидаги ҳаракатларим ҳам чакки эмас. Мисол учун, ҳужум ташкил этишда ташаббусни қўлга олиш, зарур пайт тўп ошириш масаласида ҳам ижобий ўзгаришлар кўзга ташланяпти. Қайтараман, ҳозир ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман ва ишонч ҳисси ҳам катта. Муаммо йўқ экан, нега энди тўхташим керак? Хуллас, бўшашишга асос йўқ.

- 2014 йили орттирилган ва Бразилия мундиалида иштирок этишингизга йўл қўймаган жароҳатдан сўнг спорт формасини тўлиқ тиклашингиз осон кечмади. Ўша оғир дамларда нималарни ҳис қилганингизни айта оласизми?

- Яширмайман, шундай вақтлар бўлдики, футбол саҳифасини шундоқ ёпиб қўйиб, бошқа бирор юмуш билан шуғулланиш ҳақида ўйлаш осонроқ туюлди. Шунинг баробарида ишончни бир лаҳзага ҳам йўқотганим йўқ. Чунки ҳаммаси жойида эканлиги, яна футбол ўйнай олишимни исботлаш хоҳиши қўшимча куч бериб турди. Қолаверса, оилам ёнимда туриб, мисли кўрилмаган даражада қўллаб-қувватлади. Хусусан, турмуш ўртоғим ва қизларимнинг умумий муносабатлари чекинмаслигимни тақозо этди. Агар футболга қайтолмаганимда, уларнинг юзларига қарай олмасдим. Шу фикр ҳам курашни давом эттиришимда муҳим роль ўйнади.

- Демак, Бразилияда қўлдан чиққан имконият Россияда қайтишига ишонасиз, шундайми? 

- Шундан умидворман ва бу меҳнатларим мукофоти бўларди. Ортда қолган 4 йил давомида тинмай  ишладим. Муҳими, жамоамиз мундиалга жуда яқин турибди. Миллий термамизнинг ҳозирги ҳолатини назарда тутсак, ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлдан чиқариш биз учун кечирилмас айб саналади. Умуман, келаси йили жаҳон чемпионатида Колумбия термаси учун ўйнаш орзум рўёбга чиқишига шубҳа қилмаяпман.

- Жамоангизни олдинда Венесуэла ва Бразилия термаларига қарши кечадиган ўйинлар кутиб турибди. Сизнингча, шу 2та турдан кейин ҳам турнир жадвалида 2-ўринни сақлаб қолиш уддасидан чиқасизларми?

- Венесуэла термаси айнан бизга кескин қаршилик кўрсатишга одатланган. Бўлажак учрашувга худди рақибдек жиддий ёндашсак, ҳаммаси яхши бўлади. Ўйин венесуэлаликлар учун ўзига хос дерби саналади ва қийналишимиз турган гап. Ҳа, рақиб курашдан четга чиқиб улгурган, аммо ўз мухлислари юзига табассум югуришини таъминлаш учун борини беради. Бразилияликлар эса асосий масалани ҳал қилиб қўйган бўлсаларда, ғурур учун ўйнашади.

- Аргентина термаси эса «плей-офф»га чиқиш имконини берувчи поғонада турибди. Шахсан сиз бўлажак ЖЧни Лионель Месси ва унинг жамоадошларисиз тасаввур қила оласизми?

- Аргентинада ажойиб терма жамоа борлиги айни ҳақиқат, аммо Жанубий Америка саралаш гуруҳи ўта мураккаб. Бу ерда биттагина мағлубият барчасини чиппакка чиқариши ҳеч гап эмас. Қаранг, ҳозир ҳам кўплаб иштирокчиларда ЖЧ йўлланмаси учун курашиш имконияти сақланиб турибди. Бу ҳолат ҳар бир учрашувга ҳаёт-мамот масаласидек қарашни тақозо этади. Ўйлайманки, аргентиналиклар якунда уятда қолмаслик учун охирги ўйинларда 200 фоиз куч билан ҳаракатланишади. Улар учун ҳам бўлажак 2та ўйин ўта муҳим. Ҳа, жаҳон биринчилигида Лионель Месси ва Аргентина термасини кўрмаслик ғалати. Аммо футболда ҳар қандай ғалатилик кузатилиши мумкин.

- Саралаш босқичида Колумбия термаси учун охирги марта гол урганингиздан буён 8та ўйин ортда қолди. Миллий жамоа либосидаги «қуруқ»ликдан хавотирга тушмаяпсизми?

- Хайриятки, буни юзимга солишмаяпти. Табиийки, ҳар қандай ҳужумчи гол уришни хоҳлайди ва шундагина ўзини хотиржамроқ сезади. Иккинчи томондан қарасак, жаҳон чемпионати йўлламасини ютиш учун очколар сонини кўпайтириш лозим, бунда рақиб дарвозасини ким ишғол этиши аҳамиятсиз.

- Колумбия термаси якунда ўз мақсадига эришса, Россия мундиалига 4 йил олдинги жаҳон чемпионатига нисбатан олганда, мутлақо ўзгарган таркиб билан йўл олади. Хосе Пекерман иши қандай таассурот уйғотмоқда?

- Бундан олдинги саралаш босқичига қарасак, Пекерман ихтиёрида ЖЧда ўйнашга чанқоқ тажрибали йигитлар жамланишганди. У кучли жамоа шакллантирди ва Бразилия мундиали йўлини очди. Муҳими, мураббий ўшандаёқ ёшларга эътибор қаратиб, уларни келажак учун тайёрлаб келди. Хуллас, Пекерман эстафеда таёқчаси авлоддан авлодга оғриқсиз ўтишини таъминлаяптики, бу иши таҳсинга сазовор. Умид қиламанки, унинг меҳнатлари самараси Россия мундиали йўлланмаси мисолида яна бир марта яққол кўринади.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Falcao myu га катить утёса яхши буларди
16.09.2017 08:22

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz