Қайднома

Қидирув

Ўзбек дербиларида кимлар устун? (биринчи қисм)

Ўзбек дербиларида кимлар устун? (биринчи қисм)

  15.09.2017 17:31
  0
  1566
Ўзбек дербиларида кимлар устун? (биринчи қисм)

Жаҳон футболида энг кескин ҳамда муросасиз руҳда ўтадиган учрашувлар сифатида асосан бир шаҳар ёки ҳудуд шарафини ҳимоя қиладиган жамоалар тўқнашувлари эътироф этилади.

Дерби мақомида кечадиган ўйинлар қайси мамлакатда бўлмасин ҳамиша мухлис-у мутахассислар диққат-эътибори марказида бўлиб келади.

Хусусан, Ўзбекистонда ҳам бир қатор принципиал қарама-қаршиликлар мавжудки, уларда жамоалар ўз ҳамшаҳарларини мағлуб этиш учун майдонга чиқишади.

Қуйида айни дамда олий лигада иштирок этаётган Тошкент шаҳри ҳамда вилояти, Қашқадарё, Фарғона вилоятлари жамоаларининг ўзаро ўйинлари тарихи ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

ТОШКEНТ ДEРБИЛАРИ

«Бунёдкор» - «Пахтакор»

Ўзаро учрашувлар сони: 21

«Бунёдкор» ғалабаси: 7

«Пахтакор» ғалабаси: 5

Дуранглар: 9

Урилган голлар сони: «Бунёдкор» - 25; «Пахтакор» - 19.

«Бунёдкор»нинг энг йирик ғалабаси: 3:0

«Пахтакор»нинг энг йирик ғалабаси: 3:1

Юртимиздаги энг оммабоп ҳамда кўп мухлис йиғадиган учрашувлардан бири - пойтахт эски дербиси саналади. «Бунёдкор» жамоаси ташкил топгунига қадар «Пахтакор» анча йиллар давомида байроқдорликни ҳеч кимга бермай келди. Асос солинганидан сўнг «қалдирғочлар» «шерлар»га муносиб рақобатчи бўла олишди. Буни ўзаро учрашувлардаги ғалабалар сонидан ҳам билиш мумкин. Зеро шу пайтга қадар ушбу икки гранд жамоалар 21 марта ўзаро баҳс олиб боришган бўлиб, ўйинларнинг 7таси «қалдирғочлар» фойдасига, 5таси эса «шерлар» фойдасига ҳал бўлган. 9та учрашув дуранг билан якунланган. Урилган голлар сони бўйича ҳам устунлик «бунёдкорчилар» тарафида - 25-19. Қайд этиш жоизки, «Бунёдкор» ва «Пахтакор» жамоалари ўртасидаги беллашувларда кўпинча йирик ҳисоблар қайд этилмайди. Аксарият учрашувлар натижасини киритилган битта ёки иккита тўп ҳал этади. «Бунёдкор» 2016 йилда ўз майдонида «Пахтакор»ни бир марта 3:0 ҳисобида мағлуб этган. «Шерлар» эса ушбу рақибни 2014 йилда 3:1 ҳисобида енгишни уддалашган.

«Локомотив» - «Бунёдкор»

Ўзаро учрашувлар сони: 19

«Локомотив» ғалабаси: 5

«Бунёдкор» ғалабаси: 9

Дуранглар: 5

Урилган голлар сони: «Локомотив» -19 ; «Бунёдкор» -26.

«Локомотив»нинг энг йирик ғалабаси: 3:0

«Бунёдкор»нинг энг йирик ғалабаси: 4:0

Ўзбек футболидаги яна бир диққатга сазовор дербилардан бири «Локомотив» ҳамда «Бунёдкор» жамоалари қарама-қаршилигидир. Сўнгги йилларга келиб ўзбек футболининг етакчи жамоалари қаторига қўшила олган «темирйўлчилар» «Бунёдкор» вакиллари билан ҳозирга қадар миллий чемпионатимиз доирасида 19 марта баҳс юритишган.

Ушбу учрашувлардаги устунлик ҳозирча «Бунёдкор» томонида. «Қалдирғочлар» «Локомотив»ни 9 бор мағлуб этишган, 5 бор имкониятни бой бериб қўйишган. «Локомотив» вакиллари 19 марта ушбу рақиб дарвозасини ишғол этиб, 26 марта ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишган.

Ўзбекистоннинг айни пайт­да амалдаги чемпиони саналувчи «Локомотив» ўз ҳамшаҳридан энг қақшатқич мағлубиятини 2010 йилда қабул қилиб олган. Ўшанда «қалдирғочлар» «темирйўлчилар» дарвозасини жавобсиз 4 марта иш­ғол этишга муваффақ бўлишган.

«Пахтакор» - «Локомотив»

Ўзаро учрашувлар сони: 25

«Пахтакор» ғалабаси: 16

«Локомотив» ғалабаси: 4

Дуранглар: 5

Урилган голлар сони: «Пахтакор» -57 ; «Локомотив» -23.

«Пахтакор»нинг энг йирик ғалабаси: 7:1

«Локомотив»нинг энг йирик ғалабаси: 2:1

Яна бир пойтахт дербиси «Пахтакор» ҳамда «Локомотив» жамоалари ўртасида ўтиб келади. Айнан мана шу қарама-қаршилик сўнгги йилларда энг принципиал тўқнашув дея баҳолаб келинмоқда. Ўз олдига юқори мақсадлар қўядиган бу жамоаларнинг ўйинлари бутун ўзбек футболи жамоатчилиги диққат марказида бўлади.

Таъкидлаш керакки, ушбу икки жамоа ўйинларида яққол устунлик «Пахтакор» вакиллари томонида. «Шерлар» шу пайтга қадар ўтган 25 ўйиннинг 16тасини ўз фойдаларига ҳал этишган. «Локо» футболчилари эса фақат 4 бор «Пахтакор» устидан ғалабага эришишган.

5та ўйин эса дуранг билан тугаган. «Пахтакор» футболчилари «Локомотив» дарвозасига жами 57 марта йўл топа билишган. «Шерлар» ушбу жамоани 2006 йилда 7:1, 2005 йилда 6:1 ҳисоби билан таслим этишга муваффақ бўлишган.

«Локомотив» футболчилари эса ҳалигача бирор марта ҳам «Пахтакор»ни йирик ҳисобда мағлуб этишнинг уддасидан чиқишган эмас.

«Пахтакор» - «Обод»

Ўзаро учрашувлар сони: 3

«Пахтакор» ғалабаси: 2

«Обод» ғалабаси: 0

Дуранглар: 1

Урилган голлар сони: «Пахтакор» -9; «Обод» -3.

«Пахтакор»нинг энг йирик ғалабаси: 4:1

«Обод»нинг энг йирик ғалабаси: -

Ўтган йилги мавсумдан бошлаб олий лигада пойтахтнинг яна бир жамоаси - «Обод» ҳам иштирок эта бошлади. Шу сабабли ушбу жамоанинг бошқа клублар билан ўзаро учрашувлари сони ҳали у қадар кўп эмас.

Мисол учун, «Обод»нинг пойтахт грандларидан бири саналадиган «Пахтакор»га қарши ўтган ўйинлари айни пайтда 3тани ташкил этмоқда. 3та учрашувнинг 2тасини маҳорат ва тажриба бобида устунроқ бўлган «Пахтакор» футболчилари ғалаба билан тугатишган.

Битта ўйинда эса 1:1 ҳисоби қайд этилган. Қизиқ жиҳати шундан иборатки, «Пахтакор» «Обод» майдонига 2 марта сафар уюштирган ва иккала баҳсда ҳам бир хил - 4:1 ҳисобида зафар қучишга эришган.

Ўтган йили иккинчи давра ўйинлари доирасида «Пахтакор» стадионида кечган беллашув эса кўпчилик учун кутилмаганда 1:1 ҳисоби билан якунланган.

«Бунёдкор» - Обод»

Ўзаро учрашувлар сони: 4

«Бунёдкор» ғалабаси: 3

«Обод» ғалабаси: 0

Дуранглар: 1

Урилган голлар сони: «Бунёдкор» -10; «Обод» -1.

«Бунёдкор»нинг энг йирик ғалабаси: 4:0

«Обод»нинг энг йирик ғалабаси: -

«Обод» жамоаси пойтахтимизнинг яна бир клуби - «Бунёдкор»ни ҳам ҳали олий лига ўйинлари доирасида мағлуб этган эмас. «Қалдирғочлар» ушбу жамоага қарши ўтган учрашувларда катта устунликка эга.

Шу пайт­га қадар «Обод» ҳамда «Бунёдкор» 4 марта ўзаро баҳс олиб боришган бўлиб, ўйинларнинг 3тасида «қалдирғочлар» зафар қучишган. «Обод» футболчилари эса фақат бир мартагина рақибдан очко олишни уддалашган, холос.

Жорий йилги мавсум стартида «Обод» ўз майдонида «бунёдкорчилар»ни қабул қилди ва 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Яқинда ўтган жавоб баҳсида эса «қалдир­ғочлар» 2:0 ҳисобида ғалабага эришишди. Ўтган йилги ўйинлар эса 4:0 ҳамда 3:0 ҳисобларида «Бунёдкор» вакиллари фойдасига ҳал бўлганди.

«Обод» - «Локомотив»

Ўзаро учрашувлар сони: 3

«Обод» ғалабаси: 0

«Локомотив» ғалабаси: 2

Дуранглар: 1

Урилган голлар сони: «Обод» -1; «Локомотив» -10.

«Обод»нинг энг йирик ғалабаси: -

«Локомотив»нинг энг йирик ғалабаси: 7:0

«Обод» жамоаси олий лигадаги дебют мавсумини унчалик ёмон ўтказмади. Ушбу жамоа иштирокидаги барчанинг ёдида қолган беллашувлардан бири - «Локомотив»га қарши ўтган Тошкент дербиси бўлганди.

«Темир-йўлчилар»ни ҳеч бир жамоа тўхтатолмаётган бир паллада «Обод» ушбу рақиб майдонида 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаганди. Ўша учрашувни кўпчилик ҳозирга қадар «Обод»нинг энг ёрқин ўйинларидан бири сифатида эслайди.

Умуман олганда, «Обод» «Локомотив» билан 3 марта баҳс олиб борган ва 2та мағлубият, битта дуранг қайд этган. Жамоа ўз тарихидаги энг йирик мағлубиятни ҳам айнан ҳамшаҳридан қабул қилиб олган.

Жорий йилги мавсумнинг илк даврасида «Локо» майдонига сафар уюштирган «Обод» футболчилари нақ 7 бора ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишди.

Ушбу мағлубият жамоанинг кейинги ўйинларига ҳам катта таъсир ўтказди ва пойтахтнинг кенжа клуби ҳамон кичик инқироздан чиқиб кета олгани йўқ.

ФАРҒОНА ДEРБИСИ

«Нефтчи» - «ҚЎҚон-1912»

Ўзаро учрашувлар сони: 24

«Нефтчи» ғалабаси: 18

«Қўқон-1912» ғалабаси: 4

Дуранглар: 2

Урилган голлар сони: «Нефтчи» -67; «Қўқон-1912» -31.

«Нефтчи»нинг энг йирик ғалабаси: 6:1

«Қўқон-1912»нинг энг йирик ғалабаси: 3:1

Фарғона дербиси ҳам узоқ тарихга эга саналади. Зеро Қўқон - ўзбек футболи ватани бўлса, «Нефт­чи» жамоаси кўп йиллар мобайнида юртимизнинг энг етакчи клублари қаторида эътироф этиб келинган. Фарғона дербиси мақомида ўтган учрашувлар ҳар доим ҳам шиддатли ва муросасиз кўриниш олган.

Энг аҳамиятли жиҳати эса - ушбу дерби ўйинлари ҳар доим ҳам стадион тўла мухлислар гувоҳлигида ўтиб келган. Фарғона дербиси тарихига назар ташлайдиган бўлсак, «Нефтчи» ва «Қўқон-1912» шу пайтгача 24 марта ўзаро куч синашишган.

Ўйинларнинг 18тасида Фарғона шаҳри жамоаси, 4тасида эса қўқонликлар ғалабага эришишган. Яна 2та ўйинда ғолиб аниқланмаган. Урилган голлар борасида ҳам устунлик вилоят бош жамоаси тарафида. Лекин сўнгги вақтларга келиб Фарғона футболида етакчи жамоа ўзгармоқда.

Зеро жорий йилги мавсумда «Қўқон-1912» ўз тарихида янги саҳифа очмоқда. «Нефтчи» эса ўз тарихидаги энг муваффақиятсиз мавсумлардан бирини ўтказмоқда. Буни яқиндагина бўлиб ўтган нав-батдаги дербида ҳам кузатиш имкониятига эга бўлдик.

«Нефтчи» «Қўқон-1912»га 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди ва ўзаро ўйинлардаги энг йирик ҳисобдаги мағлубиятини қабул қилиб олди.

(Давоми бор).

Зокир Шоҳ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz