Қайднома

Қидирув

Тўполончи Орье «Тоттенхэм»да

Тўполончи Орье «Тоттенхэм»да

  16.09.2017 00:21
  0
  880
Тўполончи Орье «Тоттенхэм»да

Серж Орьеда замонавий фулбекка хос барча жиҳатлар мужассам - ажойиб тезлик, ҳужумдаги ишончли ўйин ва тўпни олиб қўйиш чоғида амалга ошириладиган аниқ узатмалар. Бу хислатларини у камтарона «Тулуза»да ҳам кўрсатган. Шу боис «ПСЖ»даги маҳаллий бойлар рақобатчиларни ғафлатда қолдириб, маҳоратли футболчини дарҳол харид қилишди. Тўғри, дастлаб молия­вий «фэйр-плей»ни четлаб ўтиш мақсадида Орьени ижарага олишди, аммо кўп ўтмай, 10 миллион евро эвазига унинг трансфер ҳуқуқига эга бўлишди.

«Ланс» академияси Серж билан Рафаэль Варан қатори энг яхши тарбияланувчиларидан бири сифатида фахрланади. Орье мунтазам равишда ички чемпионат ҳамда Европа Чемпионлар Лигасининг турли рамзий термаларидан ўрин олган. Ойнинг энг яхши ўйинчиси бўлишга номзодлар қаторида эса Златан Ибрагимовичдан кейин иккинчи поғонада юрган. Аммо феъл-атвори борасида мақташга арзигулик жиҳатлар кам. У мазкур масалада Марио Балотеллига ўхшайди. Иқтидори етарли, ҳар қандай жамоани кучайтиришга қодир, лекин ножўя қилиқлари туфайли доимо атрофдагиларнинг жаҳлини чиқаришга кўниккан.

Ижтимоий тармоқлардаги можаролар

Парижликларнинг муваффақиятни нишонлашаётгани тасвирланган видеоёзувларни интернетдан топиш мушкул эмас. Бу ўринда гап клубнинг YouTube сайтидаги канали ҳақида кетмаяпти, аксинча, барча роликлар Орьенинг «Инстаграм» ва «Перископ»даги саҳифаларида бор. У трансляция пайти клубдошлари ҳамроҳлигида ғалабани нишонлаётган бўлади. Одатий видеолардан фарқли ўлароқ, буниси жонлироқ чиқади. Аммо айнан ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари туфайли Серж узоқ муддатли дисквалификацияларга учраган, машғулотлардан четлатилган - ҳаммасига ўзининг ножўя гап-сўзлари сабаб бўлган. Кот-Д`Ивуар термаси етакчиси Дидье Дрогба ушбу ҳолатга ўз муносабатини ҳам билдирганди: «Кенжа укам Орьени таъқиб қилишлари мени ранжитмоқда. Ёшларга ўз вақтида кўмак берилмаса, улар хатоларини англаб етишлари мумкинми? Ахир биз уларнинг ўзларини қандай тутишларини ўргатишимиз, ижтимоий тармоқлар олами билан таништиришимиз, «ўргимчак тўри» фаолиятларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини англатишимиз лозим».

2015 йилги ЕЧЛ жавоб баҳсида Ибрагимовичнинг четлатилиши Сержни ғазаблантирди, натижада футболчи Facebook орқали ҳакамни ҳақоратлади. Аммо кўп ўтмай, қайдларни ўчириб юборди, бироқ УЕФА тартиб-интизом қўмитаси кескин жазо қўллади - еврокубоклардаги кейинги учта ўйинга дисквалификация.

Келгуси йили эса «Перископ»да мураббий ва клубдошларини ҳақорат қилгани учун деярли бир ойга машғулотлардан четлатишди. Бўлиб ўтган гап-сўзлардан сўнг Ибрагимович бунинг учун Орьени дўппослаш кераклигини айтди, жамоанинг ўша пайтдаги устози Лоран Блан эса жуда ранжиганини билдирди: «Ушбу ҳақоратларга чидаб бўлмайди. Ҳар кимнинг ўз фикри бор, аммо икки йил аввал Серж айнан менинг қистовимдан сўнг «ПСЖ»га ўтганди. Эвазига эса миннатдорчилигини шу тариқа кўрсатди».

Клуб президенти можароларга ўч футболчи билан узоқ суҳбатлашди, сўнгра бироз ҳовуридан тушган Златан ҳам жамоа етакчилари ҳамроҳлигида шундай мусоҳаба ўтказди. Орье оммавий тарзда кечирим сўради, раҳбарият амалдаги шартномани бекор қилишни хоҳламади, тўполончи эса чемпионликни нишонлаш маросимига чақирилди. Жазо бироз енгил бўлди - 20 мартгача жамоадан четлаштирилди. Натижада, Серж Лондонда ўтган «Челси»га қарши баҳсни ўтказиб юборди, холос.

Полициячи билан муштлашди

«Ҳаётимдаги қора саҳифа ёпилди, мен синиб қолмадим», - деганди ҳимоячи «Перископ»даги видео воқеаси бироз эсдан чиққач. Аммо кўп ўтмай бошқа можаролар сабабчисига айланди - ўша йилнинг май ойида тунги клубдан чиқаётиб полициячининг талабларига қарши чиқди. Даст­лаб ҳақоратли сўзлар билан бошланган тортишув охир-оқибат дўппослашиш билан якунланди. Натижада, тартиб посбонлари футболчини ҳуқуқ-тартибот идорасига олиб кетишди. Суд дастлаб икки ойлик қамоқ жазоси тайинлаганди, аммо клуб аралашувидан сўнг жазо шартлига ўзгартирилди.

Лекин барибир, Орьега нисбатан жиноий иш очилди ва бу кўплаб чекловларга сабаб бўлди. Хусусан, виза ҳамда ишга жойлашишга рухсат талаб этиладиган туманли ўлкага бориши тақиқланди.

Англияга боролмаслигига сабаблар етарли

Келгуси мавсум бошида «ПСЖ» яна Лондонга борди. Бу сафар парижликлар «Арсенал»га қарши беллашувни Сержсиз ўтказишди. Чунки бу вақтга келиб Англия элчихонаси ўнг қанот ҳимоячисига виза бермаслик бўйича қарор чиқарганди. Орьенинг мамлакат ташқарисига чиқиши тақиқланмагани боис, унинг адвокати судга мурожаат этиб, бор аламини микрофон орқали тўкиб солди, бироқ уринишлар фойда келтирмади. Маълум бўлишича, футболчи Франция фуқаролигига эга эмаслиги важидан визани расмийлаштира олмасди. 2011 йили фаранг заминининг бир қисмига айланиш имконияти бўлганда туғилганлик гувоҳномасининг йўқлиги панд берганди. «Ҳужжатни йўқотиб қўйганман», - деганди Серж ўшанда.

«Антиқа» нишонлаш

Бир неча ойдан сўнг Кот-Д~Ивуар ва Мали термалари ўртасидаги баҳсда яна «қовун туширди». Рақиб дарвозасини ишғол қилгач, ишқибозлар томон яқинлашиб, ноўрин қилиқ қилди. Ушбу воқеа юзасидан ФИФАга турли мазмундаги мурожаатлар ёғилди. Тартиб-интизом қўмитаси футболчининг ҳаракатлари бўйича иш очди, аммо айбланувчига қарши етарли далиллар аниқланмагач, уни ёпди.

«Ноёб» қиёфа

Ишқибозлар орасида Сержга нисбатан қарашлар турлича. Уларнинг кўз ўнгида Марио Балотеллининг нусхаси - назорат қилиб бўлмайдиган, жамоадаги муҳитни бузадиган, кайфиятга қараб ўйнайдиган футболчи қиёфаси тургандек, гўё. Аслида бундай эмас. Ибрагимовични инобатга олинмаса, у ҳеч қачон клубдошлари билан ихтилофга бормаган. Можаролар пайти «ПСЖ» аъзолари Орьенинг тарафини олишади - «Перископ» воқеаси туфайли ҳимоячини ўринбосарлар таркибига ўтказишганда, Адриен Рабьо ва Серж ўртасидаги алоқа давом этган. Содиқ жамоадоши дўстининг тезроқ асосий таркибга қайтишидан умидвор эканлигини билдирган.

Кайфиятга қараб ўйнаш масаласи ҳам баҳсли. Орье парижликлар сафидаги дастлабки мавсумида жароҳатлар билан курашиб, қисқа муддатда барқарорликка эришди. Унаи Эмери муҳим баҳсларда Томас Менье­га эмас, айнан Сержга ишонч билдирди. Қолаверса, қаҳрамонимиз Лоран Блан олдидаги айбини майдонда ювди - сўнгги уч мавсумда Орье тўпни рақибдан олиб қўйиш бўйича Марко Верратти ҳамда Блез Матюидидан сўнг «ПСЖ»нинг энг яхши кўрсаткичга эга учинчи футболчисига айланди. 2012|2013 йиллар мавсумидан бошлаб эса Лига 1 ҳимоячилари орасида ассистентлик бўйича тенгсиз бўлди. Низо борасида ҳам фақат биргина ҳолат инобатга олинмаса, Серж интизомга тўлиқ амал қилди. Машғулотлар базаси таш­қарисида, албатта.

Муаммо шундаки, Франция чемпионатини кузатадиганлар орасида бошқа мамлакат вакиллари у қадар кўп эмас ва фаранглар юртига алоқадор бўлмаган сайтларда асосан футболга дахли йўқ янгиликлар тар­қалади. Шу боис матбуотда Орьени можароларга ўч ўйинчи сифатида тасвирлашганга ўхшайди.

«Тоттенхэм» мухлислари енгил тин олишлари мумкин. Уларнинг суюклилари сафига қўшилаётган футболчи тентак эмас, муҳитни бузмайди. Аксинча, юксак маҳоратга эга Серж ўнг қанот ҳимоясини кучайтириши тайин. Турли кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш учун эса Орьенинг тунги клубларга уюштирадиган сайрларини чеклашнинг ҳамиша имкони бор.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz