Қайднома

Қидирув

Барча умид энди Умид Аҳмаджоновдан

Барча умид энди Умид Аҳмаджоновдан

  16.09.2017 11:24
  0
  2222
Барча умид энди Умид Аҳмаджоновдан

Ўзбекистон футбол федерациясига янги раҳбарият тайинланди. Йўқ, сайланди.

Албатта, сайланади, ахир атайлаб ҳисобот ва сайлов конферен-цияси бўлиб ўтди. Ўша тадбирда ўзим ҳам иштирок этдим ва менга энг ёққан гап Мираброр Усмонов томонидан айтилди.

Собиқ президент ҳаммадан сўнг сўз олди ва шундай деди: «Шу вақтга қадар ютуқлар ҳақида жуда кўп гапирилди, аммо бирор киши муаммолар ҳақида сўз очмади.

Роса кутдим, лекин ҳеч ким эсламади ҳам. Танқидларни унутиб қўймайлик. Бизнинг хатоларимизни фақат у тўғрилайди...»

Мираброр Усмонов ЎФФ президентлигидан кетди. У 12 йил давомида ташкилотни бошқарди ва дарҳақиқат, кўп ютуқларга эришди.

Аммо йўл қўйилган хатолар ҳам бир талай. Ҳозир уларни бир-бир эслаб, муҳокама қилмоқчи эмасмиз. Зотан, энди бунга ҳожат ҳам йўқ.

Биз шунчаки, федерациянинг янги раҳбарияти ўша хатоларни такрорламаслигини истаймиз, холос. Хўш, янгиланган ЎФФ қайси жиҳатларга эътибор қаратиши лозим?

МУРАББИЙ

Энг аввало, Ўзбекистон терма жамоа­сига муносиб мураббий тайинлашни ўрганиб олишса яхши бўларди. Биз 2006 йилдан буён уч марта жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлдан бой бердик. Ва яна уч марта Олимпиададан маҳрум бўлдик.

Ёмон томони шундаки, ҳар сафар бир хил хато такрорланди. Ўтказилган саралаш мусобақаларида таркиб жиҳатидан терма жамоани кучсиз, деб айтмаган бўлардик. Аммо ҳар сафар мураббий йўл қўйган хатолар панд берди. Ва ҳар сафар яна ва яна маҳаллий мутахассис тайинланди. Унинг эса ўзи ёқтирган футболчилари бор.

Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг тақдири ҳам миллий терманики билан туташ бўлди. Чунки МТЖни ким бошқарган бўлса, охир-оқибат айнан унга ОТЖ ҳам ишониб топширилди.

Аввал Вадим Абрамов, кейин эса Самвел Бабаян Олимпиада йўлланмасини кўкка совуришди. Миржалол Қосимовнинг эса Осиё ўйинларида иштирок этганини эслаш ҳам кифоя қилса керак. Муаммоларимиз бунинг ортидан кўпайса кўпайдики, асло камайгани йўқ.

ПФЛ

Охирги йилларда ЎФФ томонидан амалга оширилган ташаббуслардан бири - профессионал футбол лигаси ташкил этилиши бўлди. Албатта, ФИФА томонидан қўйилган талабнинг аҳамиятини ҳам унутиб қўймаслик лозим.

Аммо ЎФФнинг битта бўлимини шунчаки ПФЛ деб атаб қўйиш билан иш битмас экан. «Профессионал» сўзининг юки оғир бўлади. Аммо минг афсуски, бизнинг ПФЛ ҳозирга қадар ҳам бу юкни ҳис этганича йўқ.

Мухлислар учун ноқулай вақтга белгиланган ўйинлар, ҳадеганда ўзгараверадиган «товуссифат» тақвим ва бошқа муаммолар сабаб стадионларимиз анча ҳувиллаб қолган. Сўнгги йилларда олий лигада кураш ошган бўлса, ошгандир. Аммо мухлис келмагандан кейин, бу курашдан қандай наф?

КЕЛИШИЛГАН ЎЙИНЛАР

Келишилган ўйинлар балоси бир бизда эмас, бутун дунёда бор. Энг ёрқин мисол - Италия ва Туркия чемпионатлари. Бироқ ҳамма гап шундаки, Италияда ҳам, Туркияда ҳам ҳар йили қайсидир ўйин фош этилади ва айбдорлар жазоланади. Бизда эса йўқ.

Олий лигада келишилган ўйинлар бор. Буни ЎФФнинг собиқ президенти Мираброр Усмонов ҳам тасдиқлаган. «Келишилган ўйинларга қарши кураш қўмитаси» ташкил этилишига сабаб ҳам шунда. Бу гапларга ҳам уч йил бўляпти.

Аммо қўмита ҳали бирорта келишилган ўйинни фош этмади. Келишилган ўйинда иштирок этиш, бу - жиноят дегани. Уни фош этиш учун эса катта куч керак. Аммо «Келишилган ўйинларга қарши кураш қўмитаси» бунга тайёрми? Қийин савол...

ЕЧИМ

Биз юқорида бор-йўғи учта муаммони кўтариб чиқдик. Аммо шунинг ўзи ҳам ўзбек футболидаги муаммолар кўламини кўрсатиб бериш учун етарли бўлса керак. Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқа олмаганига барчамиз куюнамиз. Аммо мундиалга қай даражада муносиблигимиз ҳақида ўйламаймиз.

ЎФФнинг янги раҳбарияти олдида турган вазифа жуда катта, масъулияти тоғдек. Умид қиламизки, янги президент Умид Аҳмаджонов буни жуда яхши ҳис қилиб турибди.

Ҳисобот ва сайлов конференциясида президентлик учун ундан бошқа номзод кўрсатилмади. Демак, Аҳмаджонов ЎФФ президенти бўлишини олдиндан билган. Билган бўлса, масъулият залворини ҳам тушунади.

Энди барча умид шундан...

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz