Бельгия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Эден Азар «Челси»даги ҳаёти ва янги мавсумдаги режалари ҳақида гапириб ўтди.
- «Челси» жорий мавсумни яхши бошлай олмади. Боз устига, Чемпионлар Лигасида иштирок этиши лозим. Сиз учун ушбу турнирларнинг қай бири муҳимроқ?
- Ҳар бир мавсумнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Айниқса, бир нечта турнирда иштирок этсангиз. Бироқ жамоамиз таркиби яхши шаклланган. Мураббийлар бир турнирда у ёки бу футболчига вақти-вақти билан дам беришади. Натижада у бошқа мусобақада 110 фоиз кучини сарфлаб, ажойиб ўйин кўрсатади.
Вазифамиз иложи борича кўпроқ совринларни қўлга киритиш. Кимгадир қайсидир мукофот муҳимроқ. Лекин шахсан мен ўзим қатнашган турнирларнинг барчасида зафар қучишни истайман.
- Англия премьер-лигасида ғолиб чиқиш учун «Челси»га қайси жамоа асосий рақобатчи бўлади?
- Бундай клублар бисёр. Кучли таркиб ва юқори савияли мураббийга эга бўлган ҳар қандай жамоа Англия чемпионлиги учун курашиши мумкин. «Арсенал», «Манчестер Юнайтед», «Ливерпуль», «Манчестер Сити» кабилар шулар жумласидандир.
- Антонио Конте ҳақида қандай фикрдасиз? Унинг реакцияси, характери ва футболчиларни ўйинларга тайёрлаши хусусида нима дея оласиз?
- Шунчаки, ўйинларимизни кузатсангиз, унинг қандай мураббий эканига гувоҳ бўласиз. Контенинг энергияси қайнаб туради, бир жойда ўтирмайди, ҳар доим нималарнидир уқтиришга уринади.
Бу эса барчани ғалаба сари руҳлантиради. Ўйлайманки, италиялик мутахассис сайёрамизнинг энг кучли мураббийларидан биридир. Биз у билан бирга ишлаётганимиздан бахтиёрмиз.
- «Челси» сафида премьер-лига ва Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониш қийинми ёки Бельгия термаси билан жаҳон чемпиони бўлишми?
- Билмасам... Балки мундиалда ғолиб чиқиш қийинроқдир. Биз Бельгия терма жамоаси билан ҳали ҳеч қандай совринни қўлга киритмаганмиз. Демак, ҳар қандай ғалабамиз биринчиси бўлади. Бирор-бир турнирдаги дастлабки муваффақиятни нишонлаш эса ҳамиша қийин кечади. Бироқ айни пайт кучли таркиб ва маҳоратли мураббийга эгамиз.
Шундай экан, биз учун имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Ҳар қандай турнирда зафар қучиш осон эмас. Чунки мусобақа битта ўйиндан иборат бўлмайди. Шу боис ҳам барча учрашувларда бир ёқадан бош чиқариб ўйнашга тўғри келади.
Якунда ғалаба қозониш ёки қозонмаслигимиз ҳақида нимадир дея олмайман. Аммо ҳар бирида бор кучимизни ишга солишимизга ишонаман.
- Агар Неймар учун 222 миллион евро тўлашган бўлса, бугунги кунда Эден Азарнинг баҳоси қанча?
- Миллиард фунт стерлинг! Албатта, ҳазиллашдим. Неймар билан тенглашиш қийин. Чунки у топ даражадаги футболчи. Боз устига, бразилиялик. Ушбу саволга жавоб беришим қийин.
- Ҳар сафар трансфер бозори очилганда турли миш-мишлар тарқалади. Сиз ва жамоадошларингиз билан боғлиқ гап-сўзларни эшитганда ўзингизни қандай ҳис қиласиз?
- Билсангиз, катта футболда 10 йилдан буён фаолият олиб бораман. Ҳар ёзда бир хил гап урчийди. Сиз у ёки бу ўйинчининг бирор-бир жамоага ўтаётгани ҳақида ўқийсиз. Якунда эса у ўз ўрнида қолади. Бу - футболнинг бир қисми, журналистларнинг иши. Шахсан мен диққатимни ўз вазифамга қаратаман ва ортиқча миш-мишларга эътибор бермайман.
- Олдинлари Англия чемпионлиги учун асосан иккита жамоа курашарди. «Арсенал» ва «Манчестер Юнайтед», «Манчестер Юнайтед» ва «Челси». Бугунги кунда эса даъвогарлар сони ортди. Хусусан, «Лестер» грандларни доғда қолдириб, чемпионлик тожини кийди. Премьер-лигада нима ўзгарди?
- Ҳақиқатан ҳам авваллари Англияда битта, кўпи билан иккита кучли клуб бўларди. Энди эса уларнинг сони 7-8тани ташкил қилмоқда. Бу жамоаларнинг ҳар бирида топ футболчилар бор. Ҳаттоки, аутсайдерлар ҳам чемпионни мағлуб этишлари мумкин. Умуман олганда, ҳозирда «кичик» клубларнинг ўзи қолмади.
- Фаолиятингизда рўй берган учта эсда қоларли ҳолат қайси?
- Бунақаси кўп учраган. Агар учтасини ажратадиган бўлсам, Бельгия термаси билан Европа чемпионатида иштирок этганимиз ёддан чиқмайди. Гарчи мусобақа давомида Уэльсга имкониятни бой берган бўлсакда, турнирдан яхши хотиралар қолган. Шунингдек, «Лилль» ва «Челси»даги дастлабки ўйинларимни ҳам ҳеч қачон унутмайман.
- Эден Азар ҳовлида ака-укалари ва дўстлари билан қандай ўйнарди?
- Ўшанда ҳам, ҳозир ҳам майдонга тушганда нима қилаётганим ҳақида кўп ўйлайвермайман. Шунчаки, эркин ҳаракатланишга уринаман.
- Шахсий мақсадларингиз қандай?
- Ниятим - футбол ўйнаб, ундан ҳузурланиш.
Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20