Қайднома

Қидирув

Олий лига: Янги пойгага ишорами?

Олий лига: Янги пойгага ишорами?

  19.09.2017 15:02
  0
  1359
Олий лига: Янги пойгага ишорами?

Етакчилар ёппасига очко йўқотган, уларни таъқиб этаётган клублар эса ғалаба қозонган тур кимнидир бефарқ қолдириши мумкинми? Асло. Шу мантиқ бўйича қарасак, 21-турнинг ўзига жалб қиладиган жиҳатлари жуда кўп. Ортда қолган навбатдаги тур қўқонлик мухлисларга алам бағишлаган бўлса, пойтахтликларни анча қувонтиргани тайин. Зеро, «Қўқон-1912» мавсум ҳисобидан 5-мағлубиятини тан олди. Нўъмон Ҳасанов жамоаси шундан 3тасини иккинчи даврада қабул қилганини эътиборга олсак, «Қўқон эртаги» якунланиб бораётган кўринади. Боз устига, «Пахтакор» ва «Бунёдкор» жамоалари синхрон равишда ғалаба қозониб, жадвалда водийликлардан бараварига ўзиб кетишди. Аммо турнинг марказий баҳси шубҳасиз, «Насаф» ва «Локомотив» ўртасида кечди, барибир. Гарчи икки клубни очколар бўйича каттагина фарқ ажратиб турган бўлсада, бу борада ҳеч ким биз билан баҳслашмаса керак...

ЕТАКЧИЛАРГА «ОҒИРЛИК»

Мавсумнинг катта қисмида 2-ўринни эгаллаб турган, кейинчалик эса бронза медалининг «доимий» соҳиби «Насаф» билан тенгма-тенг одимлаган «Қўқон-1912» жамоаси 21-турда натижа масаласида кўнгилсизликка учради. Нўъмон Ҳасанов томонидан тузилган иштиёқи баланд дружина «Машъал»ни қабул қилиб, 2:4 кўринишида ожиз қолди. Қўқонликлар шу мағлубият ортидан кучли учликдан бирданига 3 поғона пастлаб, 6-қаторга тушишди. Ўз ўрнида, Александр Хомяков жамоасининг ғалабали серияси 4та ва мағлубиятсиз одими 7та ўйинга етганини ҳам айтиш керак. «Бухоро» эса 2-ўринга мустаҳкам жойлашиб олиш имкониятидан фойдаланолмади. Чунончи, Улуғбек Бақоев шогирдлари ўз майдонларида «Динамо» дарвозасига йўл топа олишмади - 0:0. Хуллас, бухороликлар ўта қимматли 2 очкодан мосуво бўлишди, шунга қарамай, жадвалдаги 2-поғонани сақлаб қолишди. Бу жамоага ҳам мағлубиятсиз серия қўл келмоқда. Бироқ 7та ўйиндан буён ютқазмаётган «Бухоро» мавсумни совринли ўринларда якунлашни истаса, қолган турларда бу каби кутилмаган йўқотишлардан сақланиши шарт. Чунончи, Улуғбек Бақоев шогирдларини олдинда «Пахтакор» (ўз майдонларида), «Локомотив» ва «Бунёдкор» (сафарда)га қарши кечадиган мураккаб ўйинлар кутиб турибди. Боз устига, кейинги тур доирасида «Машъал» билан Муборакда бўладиган ўйин ҳам салкам дерби мақомида. Ҳа, шуларни назарда тутсак, мавсумнинг якуний қисми «Бухоро» учун осон кечмаса керак-ов...

 

ТУР ЙЎҚОТИШИ ЁКИ ВОҚЕЛИГИ

Ўтган ҳафтанинг марказий баҳси шубҳасиз, «Насаф» ва «Локомотив» ўртасида кечди. Бу учрашув қаршиликларнинг жорий мавсум ҳам кучли учлик учун чинакамига курашишлари ёхуд бундай имкониятни шубҳа остида қолдиришларига ойдинлик киритиб бериши кутилганди. «Аждарлар» ушбу имтиҳондан муносиб тарзда ўтишди, демак, Рўзиқул Бердиев жамоаси пойтахт триоси Қ «Бухоро»га охиригача кураш тақдим этади. Драган Чераннинг ўйин бошида ва охирида урган голлари ўлароқ, «Локомотив» мавсум бадалига 3-марта майдонни боши эгик ҳолда тарк этди. Аммо «темирйўлчилар» чемпионлик курашида кўп нарса йўқотишганини таъкидлаш қийин. Боиси, улар энг яқин таъқибчидан нақ 8 очко олдинда боришяпти, 3-ўриндаги жамоа эса 10 очко орқада. Шундай экан, «темирйўлчилар»нинг олтин медалдан мосуво қилиш учун яна камида 3-4та жамоа «Насаф» каби жасорат кўрсатиши талаб этилади. Аммо ҳозирда буни тасаввур этишнинг ўзи фантастика. Яна ким билади...?

 

БРОНЗАМАТ

Жорий мавсум олий лигада асосий кураш чемпионлик эмас, балки «кумуш» ва «бронза» учун кечиши ойдинлашганига анча бўлди. Шунга монанд 21-тур якунига келиб, кучли учликка кириш учун нақ 7та (!) жамоа даъвогарлик қилиб турибди ва бу даъво ҳақиқатга анча мос келадигани, холос. Зеро, «Олмалиқ», «Металлург» ва «Қизилқум» клублари ҳам курашга қўшилиб қолиши ҳеч гап эмас. Хуллас, кетма-кет 3та ўйинда ғалаба қозонган жамоанинг совриндорлар қаторига кириб олиши эндиликда янгилик саналмайди. Ҳа, мавсум охирлаган пайт чемпионатда шундай янги пойга бошланди... Хусусан, ўтган тур кучли учликдан умидвор аксар жамоалар учун омадли келди. «Бунёдкор» ўз майдонида «Нефтчи» билан олишди ва «Қосимов - Абрамов» дуэли яна Миржалол Қўшоқович устунлигида тугади. Хуллас, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган  «қалдирғочлар» ўз очколари сонини 35тага етказиб, 5-ўринга сакрашди. Шунингдек, «Пахтакор» ҳам бир поғона юқорилади. Шота Арвеладзе жамоаси бу сафар «Шўртан» дарвозасига 3та жавобсиз гол йўллаб, биринчи даврадаги мағлубиятга муносиб жавоб берди. Эътиборли томони, Игорь Сергеев бу сафар ҳам гол урди. Тўғри, у мавсум ҳисобидан 9-голини нишонламаганида ҳам, «Пахтакор» катта эҳтимолки, 3 очко оларди, барибир. Боиси, биринчи бўлимда Азим Аҳмедов ва Владимир Козак бир-биридан чиройли 2та гол муаллифига айланиб улгуришганди. Умуман олганда, шу билан «Пахтакор»нинг мағлубиятсиз серияси 7та ўйинга етди.

 

ШКВИРИН «ҚИЗИЛҚУМ»ГА ҚАРШИ

Асосан мусобақа жадвали ўрта қисмида юришга одатланган жамоалар ўртасидаги ўйинларда кутилмаган натижа кузатилмади, ҳисоб. Дейлик, «Навбаҳор» Наманганда «Металлург»ни меҳмон қилиб, Азиз Турғунбоев урган 2та гол эвазига 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бироқ қўлга киритилган 3 очко Илҳом Мўминжонов жамоасининг жадвалда юқорилашига кифоя этмади. Чунки тепадагилар ҳам ғалаба қозонишди. «Сўғдиёна» эса «Қизилқум»га қарши учрашувда қимматли очколарни бой берди. Гап шундаки, жиззахликлар аввалига Санжар Рашидов голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Бироқ иккинчи бўлимда тажрибали Акрам Баҳриддиновнинг ўртадаги фарқни йўққа чиқаришига тўсқинлик қила олишмади. Биласиз, Игорь Шквирин мураббийлик фаолиятини айнан «Қизилқум»да бошлаган эди. Энди эса «Сўғдиёна»ни собиқ клубига қарши майдонга бошлаб тушиб, 1 очко билан чекланди. Шундай бўлсада, жиззахликларнинг жорий мавсум олий лигада қолиш йўлида катта хавфга дуч келишлари эҳтимоли жуда паст. Аммо Шквириндек мураббийнинг қуйи поғоналарга рози бўлиши ҳам ғалати кўриниши турган гап.

«СЕНСАЦИЯ»ГА ЯҚИН, АММО...

Чемпионат аутсайдери - «Обод»нинг ишлари сира юришмаяпти-да. Аслида жамоанинг ўйини чакки эмасдек, аммо натижа йўқ. Андрей Демченко шогирдлари бу сафар Олмалиқдан алам билан қайтишди. Ахир улар нафақат иккинчи давра, балки охирги 9та ўйин бадалига илк очко ишлашга яқин келишганди. Бироқ ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада Дилшод Жўраев аниқ зарба билан ғалабани «Олмалиқ» томон оғдирди. Ваҳоланки, агар Виктор Кумиков жамоасидан дарвозабоннинг энг яхши футболчи сифатида кўрсатилганини ҳисобга олсак, «Обод» ҳужумда ҳам чакки ўйнамаганди.

ТУР ҚАҲРАМОНИ - «НАСАФ» ЁХУД ЧЕРАН

«Локомотив» жорий мавсум бунгача 2 мартагина мағлубиятга учраганди. Мана, «темирйўлчилар» ўтган ҳафта яна бир бора мағлублик қисматини тан олишди - «Насаф» олдида. Эсингиздами, аввалига «Шўртан» ўз майдонида «Локомотив»ни енгиш асносида ҳафта қаҳрамони мақомини олганди. Кейин «Бунёдкор» ҳам айни шундай иши учун тур қаҳрамон сифатида эътироф этилди. Шундай экан, нима учун «Насаф»ни ҳам амалдаги чемпион ва карвонбошини таслим қилгани эвазига алоҳида мақтамаслик керак? Шунингдек, 3 очко тақдирини узил-кесил ҳал қилган «дубль» муаллифи Драган Черан ҳам ҳафта қаҳрамони мақомига муносиб. Демак, танловни ўз ҳукмингизга қолдирамиз - хоҳланг, «Насаф», хоҳланг Черан...

Тур иқтибослари

- Ўйинни қандай таърифлашга ҳайронман, изоҳ беришга ожизман. Қисқа айтганда, биз умуман футбол ўйнамаяпмиз, жамоам рақибга мутлақо қаршилик кўрсатмаяпти, кураш таклиф этмаяпти... Вадим Абрамов («Нефтчи» бош мураббийи).

- Суюнов савияси юқори дарвозабон. Бироқ майдонга 2 нафар дарвозабонни тушириш имконияти йўқ. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

- Агарда озчилик бўлиб гол уришимизни билганимда, ўйинни 10 нафар футболчи билан бошлардим... Рустам Мирсодиқов («Металлург» бош мураббийи)

- Афсуски, «Қизилқум»нинг қизил карточка кўринишидаги «совға»сидан самара чиқаролмадик... Игорь Шквирин («Сўғдиёна» бош мураббийи).

Тур Статистикаси

Ўйин: 8

Гол: 19  (ўртача: 2,37..)

Томошабин: 41975 (ўртача: 5246...)

Мезбонлар ғалабаси: 5

Меҳмонлар ғалабаси: 1

Дуранг: 2

Йирик ҳисобли ғалаба: 1 («Пахтакор» - 3:0)

Энг  сермаҳсул ўйин:  «Қўқон-1912» - «Машъал» (6та гол)

Огоҳлантириш: 35 (ўртача: 4,37...)

Четлатиш: 2 (ўртача: 0,25)

Энг «қўпол» ўйин: «Навбаҳор» - «Металлург» (6та «сариқ» Қ 1та «қизил»)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Бухоро» - «Динамо» (16560)

Пенальти: 2 (2таси ҳам самарали)

«Дубль»: 3 (Н.Павленко, Ҳ. Муртазоев, «Машъал»; А.Турғунбоев, «Навбаҳор»)

«Хет-трик»: -

 Автогол: -

Давоми бор. Мазкур таҳлилий мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ"нинг бугунги сонида ўқийсиз...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz