Қайднома

Қидирув

Жасур Абдураимов: «Термага қайтишга улгураман»

Жасур Абдураимов: «Термага қайтишга улгураман»

  21.09.2017 03:08
  0
  1572
Жасур Абдураимов: «Термага қайтишга улгураман»

Абдураимовлар сулоласини нафақат Ўзбекистон ёки Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларида, балки бутун дунёда ҳам яхши билишади, десак хато бўлмаса керак.

Сулола асосчиси Биродар Абдураимов ўтган асрнинг 60-70-йилларида ўзининг ёрқин ўйинлари билан миллионлаб ишқибозлар қалбини забт этган. Унинг «Пахтакор» клуби ҳамда собиқ иттифоқ терма жамоаси сафида ўтказган ўйинларини кўпчилик ҳамон ғурур билан эслайди.

Биродар Ҳасановичнинг фарзандлари ҳам миллионлар ўйинини танлашди. Айниқса, уларнинг тўнғичи Азамат Абдураимов футболчи сифатида отасига муносиб давомчи бўла олди. Жасур ҳам катта футболда озми-кўпми муваффақиятларга эришди.

Лекин турли сабабларга кўра, отаси ва акасидек машҳур бўла олмади. Аммо бугунги кунда у мураббийлик соҳасида ўз ўрнини топаётган мутахассислардан бири.

Жасур Абдураимов турли ёш тоифасидаги мамлакатимиз термаларида ишлади. Қийин вазиятда «Пахтакор»нинг асосий жамоасига мураббийлик қилди.

Бугунги кунда ҳам сулола учун алоҳида ўринга эга бўлган «Пахтакор» клубида мураббийлик фаолиятини давом эттирмоқда. Биз Жасур Биродарович билан учрашиб, у дилдан суҳбатлашдик.

- Жасур ака, миллионлар ўйинини касб сифатида танлашингизга тўғридан-тўғри оилавий муҳит сабаб бўлган. Отангиз ва акангизга ҳавас қилиб, футбол тўгарагига боргансиз. Умуман, ўша пайт бошқа соҳага кириш ҳақида ўйлаб кўрмаганмисиз?

- Йўқ, бу борада менда ҳеч қандай вариантлар бўлмаган. Барибир, футбол қонимда бўлгани учун бошқа соҳани танлай олмасдим. Болалигимдан шу муҳитда ўсганим сабабли бошқа касбга ўтишга фурсат ҳам бўлмади. Ўз навбатида, мени на отам ва на акам мажбуран футболга беришган. Ўз ихтиёрим билан футбол тўгарагига ёзилганман. Ўша пайтда машғулотларга ҳозиргидек 5 ёки 6 ёшдан қабул қилишмасди. Ўйлашимча, бу тўғри қарор эди. Мутахассислар ҳамма жиҳатларни инобатга олиб, футбол билан шуғулланиш ёшини белгилаб қўйишган. Болаларни 10 ёшдан махсус мактабларга олишгани бежиз эмас, ҳаммаси ҳисоб-китобли бўлган. Мен ҳам аввалига кўчада тўп сурганман. Кунларнинг бирида кўчамизда футбол ўйнаётганимни кўрган Михаил Аннинг жияни Иннокентий Иванович мени футбол мактабига таклиф қилди. «Пахтакор» клубида миллионлар ўйини сир-асрорларини ўрганишни бошладим. Кейинчалик ҳозирги Республика олимпия захиралари спорт коллежида таҳсилни давом эттирдим. Отам ҳеч қачон мени футбол мактабига етаклаб олиб бормаган. Бу нарса меҳрга бориб тақалмайди. Шунчаки, ўғлим менга ортиқча таянмасин, отасининг обрўсига ишониб қолмасин, деган маънода ўз ҳолимга қўйганлар. Ҳозир эътибор берсангиз, аксарият ота-оналар фарзандларини ўзлари футболга олиб келишяпти. Майли, бу яхши ташаббус, аммо ўша болакайлар футболга ўз хоҳишлари билан келишяптими? Бу энг муҳим масала.

- Отангиз «Ўртамиёна футболчи бўлиб, менинг обрўйимга путур етказиб қўймагин», демаганмидилар?

- Йўқ, ундай гап-сўз бўлмаган. Отам «Футболни танладингми, демак охиригача ўзинг учун кураш», деганлар. Тўғри, бу билан ўз ҳолимга ташлаб қўйишмаган. Отам ҳам, акам ҳам футболдаги бор билимларини баҳам кўришган. Билмаганларимни ўргатишган.

- Демак, мураббийларга «Бу менинг ўғлим, яхшилаб ўргатинглар», демаганлар, шундайми?

- Албатта. Бу ҳақда гап-сўз бўлиши мумкин эмасди. Қолаверса, менга шундай тарбия берилганки, ўзим отамнинг ўйинларимга келишини истамаганман. Қайсидир мураббийни «Ўғлимни асосий таркибда ўйнатасан», деб мажбурлаш кузатилмаган. Нафақат менда, балки бошқа тенгқурларимда ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлган. Уларнинг оталари ҳам машҳур футболчи эдилар. Лекин худди мен каби уларда ҳам мураббийга босим ўтказиш ҳолати рўй бермаган. Ҳамма ўзи учун курашган.

- Биродар ака ўйинларингизни кўриб, ўз баҳоларини берармидилар?

- Ҳа, лекин мен майдонга келганларни кўрмасдим. Бир чеккада ўйинни томоша қилиб, кейин уйда керакли кўрсатмаларни берардилар. Ўйинимни отам майдон ташқарисидан кузатаётганини сезмасдим ҳам. Лекин мен танлаган позиция отам ва акамникидан фарқ қилган. Яъни, улар каби ҳужумчи бўлмадим. Абдураимов фамилияси тилга олинганда аксарият мухлисларнинг кўз ўнгида голга ташна ҳужумчи гавдаланарди. Мен эса бироз бошқа йўлдан бордим ва таянч ярим ҳимоясида тўп суришни афзал билдим. Менга кўпроқ тўпни рақибдан олиб қўйиш, жамоадошимга қулай тарзда узатма бериш, майдонда ижодкор бўлиш ёқарди. Олий лигада ўйнай бошлаганимда ишқибозлар мендан гол талаб қила бошлашди. Аммо бирламчи вазифам гол урадиган футболчиларга тўпни етказиб бериш, рақиб ҳужумини бузиш эди. Отамдан Азаматга ҳужумкорлик, тўпурарлик, индивидуал кучли ўйин кўрсатиш сифатлари ўтган бўлса, менда кўпроқ жамоадошларимни тўп билан таъминлаш жиҳатлари мужассам эди.

- Отангиз ва акангиз сингари ҳужумчи бўлиш ва шу орқали халқ-қа тезроқ танилишни хоҳламаганмисиз?

- Йўқ, менда ҳеч қачон бундай истак бўлмаган. Очиғини айтганда, форвардларга хос хислат ва сифатларга эга эмасдим. Тан оламан, бошланғич тезлигим паст эди. Ҳужумчи тезкор қарор чиқариши керак. Чунки у ортиқча ўйланса, фурсатни бой беради. Ярим ҳимояда ўйнайдиган футболчилар эса ҳужумчилардан фарқли равишда ўйлаб, кейин бир қарорга келишади. Марказдаги ўйин-чи ижодкор бўлиши керак. Менга айнан мана шу нарса ёқарди.

- Сизни бу позицияда ким кашф қилган?

- Ўйинларим ва майдондаги ҳаракатларимни кўрган барча мураббийларим - Иннокентий Иванович, Сергей Витальевич ва Баҳодир Тошмуҳаммедов мени ярим ҳимояда ўйнатишган. Улар бир-бирлари билан гаплашиб, келишиб олишмаганди. Шунчаки, қандай сифатларга эга эканлигимни кўргач, шундай тўхтамга келишган. Ҳеч қачон бошқа позицияда ўйнамаганман.

- Отангиз ва акангизда бўлгани каби, сизда ҳам «Пахтакор» жамоасига меҳр болаликдан тушганми?

- Худди шундай. Ўша пайтда «Пахтакор»да тўп суришни ҳар бир ўзбекистонлик футболчи орзу қилган. Илк бор 17 ёшимда асосий таркибда майдонга тушганман. 1989 йили Фёдор Сергеевич Новиков мен ва яна тўрт нафар дўстимни «Пахтакор»­га таклиф қилган. Биз бу пайтда Республика олимпия захиралари коллежида ўқирдик. Ўшанда «Пахтакор»нинг ўринбосарлар жамоаси бўлмаган. Клуб собиқ иттифоқ чемпионатининг биринчи лигасида қатнашарди. Шунга қарамай, жамоа таркибида Андрей Пятницкий, Хорен Оганесян, Игорь Шквирин, Марат Кабаев каби машҳур футболчилар жамланишганди. Қолаверса, Миржалол Қосимов ҳам анча кўзга ташланиб қолганди. Айниқса, у собиқ иттифоқ ўсмирлар терма жамоаси таркибида жаҳон, ёшлар ўртасидаги Европа чемпиони бўлганидан кейин мухлислар ёқимтойига айланганди. 1972 йилда туғилган тенгдошларим қатори жамоанинг энг ёш аъзоларидан бири эдим. Биринчи лигада ўринбосарлар жамоаси бўлмагани сабабли мураббий ёш футболчилардан уч нафарини сафарга олиб кетарди. Лекин биз майдонга тушмасдик. Мураббий «Ўйинларни кўриб, ўрганинглар», деб уқтирарди. Айнан ўша йили «Пахтакор» олий лига йўлланмасини қўлга киритди. Элитадаги дастлабки йил мен учун жуда ҳам омадли кечган. Профессионал футболда каттагина кўникмага эга бўлганман. Машғулотлар асосан жисмоний тайёргарликка қаратиларди. Афсуски, маълум сабабларга кўра, кейинги йилларни бошқа клубларда ўтказдим. 1996 йили яна «Пахтакор»га қайтдим. Ўшанда голландиялик мутахассис Ханс Ферель жамоада бош мураббий эди. Айнан унинг таклифига кўра, яна севимли клубим сафидан жой олгандим. Кўрикдан муваффақиятли ўтдим ва бир мавсум «Пахтакор» либосида ўйнадим. Ферель жуда кучли мураббий бўлган, бизга кўп нарса ўргатган. У ҳар бир ўйинчида футболга қарашни ўзгартириб юбора оладиган хислатга эга эди. Кейинчалик жамоага Иванков бош мураббий бўлди. Бу орада менга ҳар томонлама маъқул келадиган таклиф тушди. Ёшим ўттизга қараб кетаётганди. Оилани боқиш масъулияти бор эди ва шу сабабли бошқа клубга ўтишга мажбур бўлдим. «Пахтакор»дан икки бор кетганман ва ҳозир қайсидир маънода бунга ачинаман. Бироз чидашим керак экан. Лекин оила ҳамиша мен учун муқаддас саналган. Футболчининг майдондаги фаолияти қисқа. Бу вақт оралиғида ўз ҳаётини йўлга қўйиб олиши керак. Молиявий томондан яхши таклиф тушгани учун кетишга мажбур бўлгандим. Навоий, Термиз шаҳри бош жамоаларида ўйнаб, ке-йин 31 ёшимда футболчилик фаолиятимга якун ясадим. Жисмоний ҳолатим яна камида 4-5 йил футбол ўйнаш имконини берарди. Ўша пайт «Пахтакор»дан таклиф тушган, мени клуб академиясига мураббийликка ишга таклиф қилишганди. Юқорида бу клубнинг ҳаётимда қандай ўрин тутиши ҳақида гапирдим. Шу боис, ушбу таклифга рад жавобини беролмасдим. Мураббийликдаги фаолиятим 1997 йилда туғилган болалар билан ишлашдан бошланди. Параллель равишда «С», «В», «А» тоифалари учун мураббийлик курсларида таҳсил олдим. Мутахассис сифатида болалар билан бирга улғая бошладим.

- Футболчилик фаолиятингиздан кўнглингиз тўлганми ёки отангиз ва акангиз сингари машҳур бўла олмаганингиздан афсус чекасизми?

- Биласизми, бу ҳақда жуда кўп ўйлайман. Лекин ҳамманинг ўз умри ва фаолият йўли бор. Футболчи сифатида потенциалимни тўлалигича намоён қила олмаганман. Ички имкониятларим мен кўрсатган ўйиндан кўра юқорироқ эди. Бу ерда гап кўпроқ психология билан боғлиқ. Ўша пайт барчаси молиявий масалага бориб тақалган. Оилам, фарзандларимни боқиш, уларни ўқитиш учун кўпроқ пул топишим шарт эди. Ўз олдига катта мақсадларни қўйган ҳамма жамоаларда ҳам катта маош тўлашмаган. Айнан шундай ҳолат мен билан юзага келганидан афсусланаман. Ўша кезлари истеъдодимни тўла намоён қила олмаганимга ачинаман. Шу боис бўлса керак, бор эътиборимни мураббийликка қаратдим ва футболчи сифатида эришмаган муваффақиятларимни айнан шу соҳада қўлга киритмоқчиман.

- Ака-ука бир жамоада ўйнаган пайтларингиз бўлганми? 

- Адашмасам, икки марта шундай ҳолат кузатилган. «Пахтакор» таркибида Азамат билан, «Сурхон» клубида укам Баҳодир билан бирга майдонга тушганмиз.

- Баҳодир ҳозир нималар билан банд?

- Тадбиркор, ўзининг хусусий авиачиптахонаси бор. Бўш вақтида футбол ўйнаб туради.

- Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида жуда яхши ишлаб келаётгандингиз. Лекин кейинчалик «Пахтакор»га ўтдингиз. Буни ўзингиз хоҳладингизми ёки бошқа омиллар сабаб шундай қилишга мажбур бўлдингизми?

- Ҳа, мен учун терма жамоадан кетиш жуда ҳам оғир эди. Чунки 1997 йилда туғилган футболчилардан иборат жамоани беш қўлдек яхши билардим. Юқорида мураббийликдаги фаолиятим айнан шу ёшдаги футболчиларни шуғуллантириш орқали бошланганини айтдим. Мен бу термани бошқариш учун каттагина машаққатли йўлни босиб ўтгандим. Ҳалигача шу ёшдаги жамоани мақташади. Ҳақиқатан ҳам, таркибда жуда истеъдодли футболчилар жамланишган. Улардан 14 нафари ҳозир олий лига клубларининг асосий таркибида тўп суришмоқда. Бундан мураббий сифатида жуда ҳам қувонаман. Мазкур термада охиригача мураббийлик қилишни хоҳлагандим. Зеро, бу жамоа Олимпиада саралаш баҳсларида қатнашади. Тўғри, жаҳон чемпионати финал босқичига чиқа олмадик. Лекин бизни ҳеч ким койимади, ЎФФ раҳбарияти ва мухлислар миннатдорлар. Чунки футболчилар жуда ҳам ёрқин ўйин намойиш этишганди. Биз терма жамоаларимиз анъанасига айланган ҳимоявий тактикадан воз кечиб, ҳужумкорликка урғу бергандик. Япония, Австралия, Эрон каби кучли термаларга қарши ўйинларда майдонда биринчи рақам остида ҳаракат қилдик. Натижа биз учун иккинчи даражага айланганди. Футболчиларимиз кучли характерга эга бўлиб, рақибдан умуман чўчимаган ҳолда тўп суришни ўрганишди. Осиё чемпионатида камида финалда ўйнашимиз керак эди. Чорак финалда дарвоза томон 15та зарба бердик, рақиблар эса 3та имкониятдан иккитасини голга айлантиришди. Демак, қайсидир жиҳатларга камроқ эътибор қаратган эканмиз. Бу орада «Пахтакор»дан таклиф тушди. Очиғи, ўзимни катталар жамоасида бош мураббий сифатида синаб кўриш истаги бор эди. Бошқа томондан, ёшлар термаси билан ҳам ишлагим келаётганди. «Пахтакор»дек клубни бошқариш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Ҳа, ушбу лавозимда икки ой ишладим, лекин бундан афсусланмайман. Чунки жамоани қабул қилиб олаётган пайтимдаёқ мени хориждан мураббий келиши ҳақида огоҳлантиришганди. «Пахтакор»ни қийин вазиятда қабул қилиб, бу ҳолатда ўзимни синаб кўрдим. Икки ой ичида ўринбосарлар таркибидаги 9 нафар футболчи асосий жамоада дебют қилишди. Биз шунга мажбур эдик, чунки захира ўриндиғи жуда ҳам тор эди. Шундай ҳолатда жамоа олдига ҳар бир учрашувда ғалаба қозониш мажбурияти қўйилганди. «Насаф»га қарши кечган кубок баҳсини инобатга олмаса, «Пахтакор» менинг мураббийлигимда ёмон ўйин кўрсатмади. Бугунги кунда ҳам жамоада ишлаяпман. Асосий вазифам - «Пахтакор» рақиблари ҳақида бош мураббий Шота Арвеладзега маълумотларни тақдим этиш. Шу мақсадда ҳар бир жамоанинг ўйинларини бевосита стадиондан кузатиб, ўз хулосаларимни бош мураббийга етказяпман. Термадаги фаолиятга келсак, ҳали қайтишга улгураман.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz