Қайднома

Қидирув

«Барселона» омадсизликлар гирдобидами?

«Барселона» омадсизликлар гирдобидами?

  22.09.2017 00:19
  0
  2353
«Барселона» омадсизликлар гирдобидами?

«Барселона» 105 млн. евро эвазига Усмон Дембелени ўз сафига қўшиб олганлиги жамоа мухлислари учун бутун ёз давомидаги дастлабки хушхабар бўлди.

Бунгача улар Семеду учун 30 млн., 30 ёшдан ҳатлаш арафасида турган Паулиньо, Деулофеу ва Марлонга 40 млн.дан сарфлаган мутасаддиларни тушунолмай қолишганди.

Боз устига, мазкур трансферлар Неймардан жудо бўлган мухлислар учун оғриқ қолдирувчи восита вазифасини ўташи лозим эди. Бир эслаб кўринга, бундан атиги бир неча йил аввал Матье, Вермален ва Дугласни таркибга қўшиб олиш учун 45 млн. евро сарфлаган Андони Субисаретта спорт директори лавозимидан жудо бўлганди.

Бугунги кун мезонларига кўра, Субисаретта чинакам авлиёлар сафидан жой оларди! Хўш, Каталония грандида унинг вазифасини ким адо этмоқда? Роберто Фернандес? У қаердан келди, ўзи?

«Вильярреал» ҳамда «Валенсия» клубларига яхши таниш бўлган мутахассис «Барселона» таркибида ҳам 150 мартадан кўпроқ майдонга тушган, умуман, чемпионатнинг 700дан ортиқ расмий учрашувларида иштирок этган, терма жамоа билан икки йирик турнирда қатнашган - бундай кўламдаги иш тажрибасига кўпчилик ҳавас билан қараши аниқ. Бироқ Робертонинг мураббийлик фаолияти муваффақиятли кечмади. Унинг йўлбошчилигида «Валенсия» ўринбосарлари қуйи дивизионга йўл олишди, «Кордоба» ҳам шундай омадсизлик аламини татиб кўрди. Камтарин жамоалар эса ғарқ бўлиш онларини кутиб ўтирмасдан Фернандесдан воз кечишди. Хуллас, беш йил ичида Роберто фақат ўз кабинетида ўтирган ҳолда қайсидир учрашувни ўз фойдасига ҳал қилиши мумкинлиги маълум бўлди. «Барселона»да ҳар қандай лавозим соҳибини аниқлаш борасида аввало, номзоднинг асосий жамоада нечта учрашув ўтказгани эътиборга олинади. Ана шу «ўз қадримиз» «бегона» анъанаси бир пайтлар Гвардиола ва Лучо бош мураббий, Бегиристайн ва Субисаретта спорт директори лавозимларини эгаллашларида муҳим роль ўйнаганди. Роберто ҳам бу борада камчиликлардан холи бўлиб, етарли имтиёзларга эга бўлди. Аммо...

Роберто Фернандес 2015 йил ёзда президент Жозеп Бартомеунинг ташаббуси билан клуб тизимидан жой олганди. Субисареттанинг истеъфосидан кейин спорт директори лавозими бекор қилинганди. Шу боис, Фернандес бош жамоага техник котиб этиб тайинланди. Мабодо сиз бу мавзудан узоқ бўлсангизу жамоада трансфер масалаларига ким масъул эканини билмоқчи бўлсангиз, камида беш дақиқа эс-ҳушингизни йўқотишингиз аниқ. Техник котиб? Футбол масалалари бўйича директор Альберт Солер бор-ку?! Айнан шу масалалар бўйича бош менежер Хосеп Сегура нима билан шуғулланади? Спорт бўйича директор ва вице-президент лавозимларини эгаллаб турган Жорди Местренинг вазифалари нимадан иборат? Бошқа бир томонда спорт ва қўштирноқ ичида футбол бўйича директор Хавьер Бордас ҳам тоғни талқон қилишга шай турибди! Ҳатто ўта чигал сценарий асосидаги сериаллар ҳам бунчалик кўп мавҳум қаҳрамонлари билан мақтана олмайди. Мухлислар арзини тинглайдиган амалдор эса деярли йўқ. Шу боис, улар бор дарду-аламларини ана шу чалкаш тизимнинг бош раҳбари -  bartomeuveteya.га юбормоқдалар. Ҳам осон, ҳам тўғри йўл. Робертонинг «Барселона»га ташрифи кучли шов-шувга сабаб бўлмади - маълум муддатга трансферлардан четлатилган жамоада бу соҳа кимларга тегишли эканлиги ҳеч кимни қизиқтирмасди. Дастлабки ёзги олди-сотдилар ижобий баҳоланди: таркибни Умтити, Алькасер, Гомеш, Динь, Силессен ва Денис Суарес билан тўлдириш учун жамоа 120 млн. евро сарфлади. Таркибни ёшартиришга эътибор қаратилаётгани мухлисларни хушнуд этди. Бироқ маблағнинг нақ ярми Гомеш ва Алькасер учун «Валенсия»га кетганлиги енгил шубҳа уйғотди. Роберто ўзининг собиқ жамоаси билан илиқ муносабатларни сақлаб қолгани яхши, албатта. Лекин у нима учун айнан Гомешга ёпишиб олди, бошқа номзодларни ўрганиб чиқишни истамади. Эҳтимол, унинг ўзи ҳам бир вақтлар 23 ёшли марказий ярим ҳимоячи сифатида «Месталья»дан «Камп Ноу»га ўтганлиги туртки бўлгандир? Бразилия бозоридаги узоқ тортишувлардан кейин техник котиб Пако учун30 млн. сарфлади ва келишувни қуйидагича изоҳлади: «Алькасерни танлаганимиз боиси шуки, Ла-лигада тажрибаси бор, жамоага тез мослашади. Жанубий америкалик футболчилар топ-клубларга ўтишлари билан ёрқин ўйин кўрсата олмасликлари ҳақида кўп гапирганман. Фақат айрим футболчиларгина бундан мус­тасно. Пакога сарфланган пулга Бразилиядан ҳам қайси бир футболчини олиш мумкин эди. Бироқ биз таваккал қилишни истмадик». Лекин 2017 йилги келишувлардан хулоса чиқарадиган бўлсак, Робертонинг изоҳи асоссиз баҳона эди. Илк трансфер дарчасини ҳеч бўлмаганда қониқарли ўтказган котиб нега бунчалик ўзгариб қолди? Неймар билан амалга оширилган келишув нафақат трансфер бозори, балки «Барселона» ичидаги бир қатор жараёнлар учун катализатор вазифасини бажарди. Бразилиялик ҳужумчининг товон пули нима учун «атиги» 200 «лимон»­дан сал кўпроқ қилиб белгилангани хусусида бош қотиришдан наф йўқ. Қолган етакчилар баҳолари ҳам шунинг атрофида. Бу ерда «ПСЖ» ўзининг молиявий қудрати билан ҳаммасини остин-устун қилиб юборди, бошқа жамоалар бундай «портлаш»га тайёр эмасдилар. Тўғри, Парижга Неймарни тўппонча ўқталган ҳолда мажбуран олиб кетишгани йўқ. Нима учун ҳамма Месси атрофида гирдикапалак бўлгани, «жамоанинг ёрқин келажаги» сифатида эътироф этилган бразилиялик ҳужумчи эса эътибордан четда қолганлиги хусусида мутасаддилар жавоб беришлари лозим. Бу Фернандеснинг ваколатида эмас, дейсизми? Унда кимнинг ваколатида?

Ноёб жавоҳиридан жудо бўлган жамоа оғир ярадорни эслатади. Уни соғлом ҳолатга келтиришнинг ягона йўли - шундай жавоҳирни харид қилиш. «Реал» Луиш Фигуни тортиб олганида Жоан Гаспар шундай қилган эди. Яъни, очкўз қарғадек трансфер бозоридаги «ялтироқ» футболчилардан маблағни аямаганди. Неймар эвазига «Барселона» бойиб кетгани барчага аён. Лекин вақт унинг зарарига ишламоқда. Буни Германия, Англия, Португалия ва ҳатто Хитойдагилар ҳам яхши билишади. Улар савдолашишни хуш кўрмайдилар. Боз устига, музокаралар тизими «Барса»да жуда чигаллашиб кетган. Авваллари қай йўсинда савдолашишган? Бегирестайн ёки Субисаретта мустақил қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлган ҳолда бошқа жамоалар вакиллари билан мулоқотга киришганлар. Улар истаган пайтда Райкаард ёки Гвардиола билан боғланиб, маслаҳатлашишган. Мураббийлар ҳам менежерлик масалаларида тўлиқ эркинликка эга бўлишган. Президент эса уларга тўлиқ ишонгани боис, қарорни тасдиқлаш билан кифояланишган. «Ҳайбаракалла»чилар минимал даражада, самара эса максимал!

Хўш, ҳозир-чи? Роберто Фернандес юқорида зикр этилган барча амалдорлар билан маслаҳатлашишга мажбур. Ваҳоланки, унга фойдали тавсия бериши лозим бўлган Хосеп Сагура жамоага яқинда келган, бош мураббий Эрнесто Вальверде эса талаб даражасидаги мустақилликка эга эмас - функционерлар аввал Мессига қўнғироқ қилиб, Лео гўшакни кўтармаган тақдирда мураббийга мурожаат қилишади.

Ла Масия эмиграцияси

«Барселона» тарихидаги энг муваффақиятли давр жамоа таркибидаги маҳаллий футболчиларнинг сони билан бевосита боғлиқ. Хосеп Гвардиола Йохан Кройффнинг ғояларини амалиётга татбиқ этди, раҳбарият бу ишда бош-қош бўлиб, барча масалаларда мураббийни қўллаб-қувватлади. Бир пайтлар самарали фаолият юритган Ла Масия ҳозирда тўхтаб қолгандек. Бу борада икки хил нуқтаи назар мавжуд. Айримлар академияни янги раҳбарият барбод қилди, деган фикрда. Бошқалар эса шунчаки «олтин авлод»­нинг даври ўтди, ёшлар эса уларчалик маҳоратли эмас, деб ҳисобламоқдалар. Одатда, бундай вазиятларга баҳо беришда ўртада туриш маъқулроқ. Балки Хави ва Иньста чиндан ҳам бошқалардан кўра иқтидорлироқ бўлишгандир, аммо Пуйоль, Бускетс ва Педро учун ҳеч ким фансайт очган эмас. Уларнинг ўсмирлик чоғларида, албатта. уларнинг асосий таркибдаги илк қадамлари кўплаб эътирозларга сабаб бўлган. Фақат мунтазам ўйин амалиёти барча камчиликларни бартараф этиш имконини берган. Фақат шундан кейингина бу футболчилар ўз маҳоратларини тўла-тўкис намоён этишган.

Академиянинг ҳозирги авлоди етарли амалиёт неъматидан маҳрумлар. Бунинг талайгина сабаблари бор. Аввало, «Барселона»нинг Европа футболидаги мавқеи ўзгарди. 2008 йили ҳеч ким уни ЕЧЛнинг фаворити сифатида тан олмасди. Ҳозир эса у энг кучли жамоа мақомида, ҳар йили барча нуфузли совринлар учун курашиши шарт. Раҳбарият ва мураббийлар штабига бўладиган босим тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада кучайиб кетди. Эртанги муваффақият йўлида бугунги натижани қурбон қилишга ҳар кимнинг юраги дов беравермаслиги ўз-ўзидан тушунарли - эртага ким бору, ким йўқ?!

Луис Энрикенинг сўнгги мавсумида «Барселона Б» вакиллари ҳаммаси бўлиб 526 дақиқа асосий жамоа сафида майдонга тушдилар. Бу сўнгги 22 йил ичидаги энг паст кўрсаткич! Ўзининг дебют мавсумида Лучо маҳаллий ўйинчиларга уч баравар кўпроқ имконият берганди, Гвардиола эса нақ 4543 дақиқа ажратганди. Истаймизми, йўқми, вақтинча бўлсада «Аякс»га ўхшаш имконият ҳозирги «Барса»да умуман қолмади.

Хуллас, Каталония гранди суперклублар оқимида олган тезлиги билан сузишда давом этмоқда. Бироқ биринчи сусткашлик унга сабабчи бўлган шахсларнинг истеъфосига олиб келиши аниқ. Табиийки, ҳеч ким бундай қисмат соҳиби бўлишни истамайди.

Ишлар шу қадар ёмонми?

Асоссиз оширилган баҳолардаги трансферлар - бизнес учун ёмон иллат. Лекин ёмон футбол эмас. Амалиётдан шу нарса маълумки, Паулиньо «Барса»нинг ярим ҳимоя чизиғидаги муаммоларни бартараф эта олса, унга қанча пул сарфлангани ҳамманинг эсидан чиқиб кетади. Трансфер дарчаси ёпилиши билан Роберто Фернандес ва бошқа бир талай амалдорларга бўлган эътибор паса­йиб, масъулият ёлғиз Вальверденинг зиммасига ўтади. Юзага келган нохуш вазиятдан халос бўлиш учун бош­қарув тизимида жиддий ўзгаришларни амалга ошириш шарт. Айнан шу ишни Бартомеу бир пайтлар бошлаганди - у Росселдан мерос қолган зангларни, Россель эса ўз вақтида Лапортанинг, у ҳам ўзидан аввалги Нуньеснинг зангларини баҳоли-қудрат тозалашга уриниб кўрганди. Очиғи, Ла-Масиянинг қайта туғилишини таъминлаш ақлга сиғмайдиган иш. Жамоа совринлар кетидан қувувчилар гуруҳидан чиқиб кетолмайди - юксак нуфуз ва кучли босим бунга йўл қўймайди. Мухлислар мутасаддилардан афсонавий Кройфф васиятларини рўёбга чиқаришни талаб қилишга ҳақли. Яъни, «Барселона»даги болалар, ўсмирлар ва профессионал футбол бўлимлари ўртасидаги самарали ҳамкорликни тиклаш, маҳаллий тарбияланувчиларни бебаҳо ўйин амалиётидан маҳрум этаётган ўртамиёна савиядаги хорижий футболчилар харидига барҳам бериш. Бу эса барчани иш ҳақи билан таъминлаётган буюртмачи, яъни президентнинг вазифаси!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.