Қайднома

Қидирув

«Хаддерсфилд» - эртак ичидаги эртак

«Хаддерсфилд» - эртак ичидаги эртак

  23.09.2017 06:26
  0
  948
«Хаддерсфилд» - эртак ичидаги эртак

1972 йилдан бери илк бор премь­ер-лига йўлланмасига эга бўлган бу клуб биринчилик олдидан аутсайдерлар қаторида тилга олинганди. Аммо эндиликда айнан у мавсум кашфиётларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Аслида, «Хаддерсфилд» бой тарихга эга - кетма-кет уч марта Англия олий дивизионида ғолиб чиққан, иккинчи жаҳон урушига қадар Британия футболи етакчиларидан саналган.

Клубда сўнгги пайтларда кўзга кўринмай қолган ажойиб ташкилотчилик қўққисдан чемпионшипдаги «плей-офф»да ўзини намоён қилди ва шу тариқа АПЛ йўлланмаси қўлга киритилди.

Сўнгги бир асрдан буён илк бор жамоага хорижлик мураббий тайинланди ва бугунга келиб, бу тайинловни муваффақиятсиз дейишга тил бормайди.

Ҳақиқатан ҳам, Дэвид Вагнер жамоа юзига айлана олди ва Британия футболи ихлосмандларининг тилига тушди. У бошқараётган жамоанинг АПЛ жадвалида етакчилар қаторида бораётгани ҳам фикримизни исботлайди.

«Хаддерсфилд»нинг услуби қандай?

Немис мутахассиси бошқарувидаги барча жамоаларда бўлгани каби, «Хаддерсфилд»нинг ўйин услуби ҳам шу қадар пухта ишлаб чиқилганки, бемалол бўлакларга ажратиб, уларни китлар деб аташ мумкин.

«Терьерлар»да бундай китлар учта:

биринчи кит - юқори прессинг. Вагнерни бежизга Юрген Клоппга солиштиришмайди - ҳар икки юртдош максимал агрессив даражадаги юқори прессингни тарғиб қилишлари натижасида, рақиб жамоалар ҳужумларини эркин бошлаш ва ривожлантириш имконидан маҳрум бўлишади. Вагнернинг услуби нисбатан оддий: йўқотдингми, дарров олиб қўй.

Бу ҳақда унинг ҳужумкор ярим ҳимоячилари берган интервьюларда ҳам эшитиш мумкин; футболчиларнинг ҳар бири Дэвид уларни тўп билан ишлашга бўлган муносабатларини бутунлай қайта кўриб чиқишга мажбур қилгани ва юқори прессинг масаласини тўлиқ ўзлаштиришга машғулотларда катта вақт ажратилаётганини таъкидлашади.

Нима бўлган тақдирда ҳам, «Хаддерсфилд» бу юмушни лигадаги аксарият жамоалардан яхшироқ бажараётир: ишга бўлган янгича ёндашув сўнгги турдан сўнг истеъфога чиқарилган Франк де Бур бошчилигидаги «Кристал Пэлас» устидан ишончли ғалаба қозонилишига сабаб бўлганини ҳам унутмаслик лозим;

иккинчи кит - қанотлардаги ўйин. Айни пайт «терьерлар» 4 ҳимоячи билан тўп суриш афзаллигини кўрсата билишяпти: қанотларда сон жиҳатидан устунлик таъминланмоқда.

Ўйин шу тарзда ташкил қилинганда, вингерлар фулбэклар ўрнини боса олишмоқда ва аксинча, фулбэклар имкон туғилиши ҳамоно ҳужумга отланишмоқда. Қачонлардир фулбэк бўлиб, ҳозирда вингерга айланган Райив ван ла Парра бунга ёрқин мисолдир.

Яна шуни эътироф этиш керакки, «Хаддерсфилд» ҳимоячилари бўлган Крис Лёв ва Томми Смитнинг майдондаги ўринлари барча учрашувларда марказий чизиқда ниҳояланмоқда;

учинчи кит - Дэвид Вагнер. Кўпгина ҳолларда мухлислар мураббийга ҳаддан ортиқ баҳо бериб юборишади, аммо биз сўз юритаётган жамоада бунинг иложи йўқ. Вагнернинг ортида ўта кучли мураббийлар штаби тургани шубҳасиз, бироқ айнан у - барча фикр-ўйлар ижобатига жавоб беришини, «Хаддерсфилд»нинг ўйини унинг юзи эканлигини ҳам унутмаслик даркор.

Дэвид - ўз ишига ўзгача ёндашадиган мутахассислардан. Масалан, февралда ESPNга берган интервьюсида Вагнер ўтган мавсум бошида таркиб тўлиқ янгиланганидан сўнг жамоани Швециядаги бир оролга - мобил алоқа, интернет ва ҳатто электр ҳамда озиқ-овқат муаммо бўлган жойга олиб борди.

Мураббийнинг айтишича, бу жамоани янада жипслаштирган. Ҳозиргача бўлган натижаларга кўз ташлайдиган бўлсак, у мақсадига эришган.

Бош қаҳрамонлар

Аарон Муй. Премьер-лига йўлланмасига эга бўлинганидан сўнг Дэвид Вагнер Муйни «Хаддерсфилд» ўйинининг юраги» деб атади. Дарҳақиқат, Аарон, биринчидан, жамоанинг асосий плеймейкери ҳисобланади.

Иккинчидан, ҳимояга катта ёрдам беради ва меҳнатсеварлиги билан ажралиб туради. Учинчидан эса, «Хаддерсфилд»­га ўхшаш жамоалар ўйинини ўзида жо этади.

Муй - «Болтон» тарбияланувчиси ҳисобланади, аммо қадрдон жамоасига мустаҳкам ўрнашиб олишнинг уддасидан чиқолмади: Шотландия ва қадрдон Австралия бўйлаб мақсадсиз юришлардан сўнг, уни «Манчестер Сити» скаутлари кўз остиларига олиб қўйишди. Кўп ўтмай, Муй «Мельбурн»га кўчиб ўтди.

Хуллас, унга «Сити» футболчисига айланиш насиб қилмади: ўтган йили «Хаддерсфилд» уни ижарага олгач, кейинги барча муваффақиятлар «терьерлар» раҳбариятини ярим ҳимоячи билан шарт­нома тузиш учун 10 млн. фунт сарфлашга ундади.

Натижада, айнан ушбу футболчи жамоа юрагига айланди. Муй ҳисобида ҳозирда АПЛ­нинг 3 учрашувида қайд этилган 1 гол ва 2та самарали узатма бор.

Стив Мунье. «Менинг кумирим - Дидье Дрогба. Унинг Англиядаги голлари тасвирланган видеоёзувларни тез-тез кўриб тураман. Ўйлайманки, биз ўхшашмиз.

Дрогбанинг Англия футболидаги мероси мени илҳомлантиради. Бундан таш­қари, ҳаёт йўлларимиз ҳам ўхшаш», - деди Стив Мунье «Кристал Пэлас» устидан қозонилган ғалабадан сўнг.

Мунье «Хаддерсфилд»нинг сўнгги трансферлар ойнасида навбатдаги рекорд миқдордаги хариди бўлди. «Терьерлар» унинг учун қарийб 11,5 млн. фунт сарфлашди ва кўриниб турибдики, бу бежизга эмас. Мунье дебют ўйинидаёқ «дубль» муаллифига айланди, «Хаддерсфилд» эса мазкур трансферни амалга оширганидан шодланди.

Бенинлик футболчининг жисмоний имкониятларига АПЛнинг аксарият футболчилари ҳавас қилишса арзийди. «Иккинчи қават»даги фаоллиги - алоҳида мавзу. Асосий эътиборни қанотдаги ўйинга қаратадиган ва бунинг учун зарур футболчиларга эга жамоа учун бундай форвард хазинанинг ўзгинаси.

Муньенинг ҳаводаги кураш чоғида кўрсатадиган ҳайратланарли натижалари (қарийб 80 фоизи муваффақиятли) ва тўп олиб қўйишдаги интилишлар (ҳар бир баҳсда ўртача 1,5 марта) - «Хаддерсфилд»нинг ҳужумдаги ижобий кўрсаткичлари ҳамда жамоанинг бутун ўйин услубига пойдевор бўляпти.

Том Инс. Яна бир янги футболчи - навбатдаги рекорд харид. «Хаддерсфилд» чиндан ҳам жорий трансфер ойнасида хасислик қилмади ва уринишлар самараси кўзга ташланмоқда. Афсонавий Пол Инснинг ўғли 25 ёшга тўлса-да, ҳамон чемпионшипдаги ўйинини АПЛ даражасига кўтаролмаётганди.

Энди унга яна бир имкон берилди. Инс Дэвид Вагнер жамоасининг ўйинига кутилмаганда тез киришиб кетди: британиялик мутахассислар сўнгги учрашувларда Томнинг ўйини очилганини эътироф этиб адашишмаган экан.

Инс ўз юртининг иқтидорли футболчиларидан бирига айлантирган ижобий хислатларига тезлик, техник маҳорат, мобиллик ва универсалликни ҳам қўшиб қўйди. Шу билан бирга,  кўплаб зарбаларни ўзига қабул қилаётганининг ҳам ажабланарли томони йўқ: ҳар бир баҳсда ўртача иккита шундай ҳолат кузатилади.

Узоқ масофалардан аниқ зарба бермоқда, стандартлар Томга бегона эмас. Энг қизиғи, Вагнер Инс ва Палмер каби номинал вингерларни бошқа позицияларда ҳам муваффақиятли синовдан ўтказяпти.

Кристофер Шиндлер ва Маттиас Йоргенсен. Бу футболчиларга алоҳида-алоҳида таъриф беришнинг имкони йўқ: зеро уларнинг бир-бирларини тўлдира билишлари «Хаддерсфилд» ҳимоя қўрғонини мустаҳкамлаяпти.

Йоргенсен жисмоний томондан мукаммалликка эга бўлса, Шинд­лер позицияни тўғри танлай билиши ва ўз вақтида яккакурашларга киришиши билан жамоадошлари жонига оро киряпти.

Маттиас - жамоанинг ёзги харидларидан бири. Дастлаб, унга вақтинча сафдан чиққан Йон Станковичнинг ўрнини босувчи футболчи сифатида қарашди, аммо бугунга келиб словениялик ҳимоячининг келажаги сўроқ остида турган бир пайтда Маттиаснинг ҳаракатлари анчайин самарали кўриняпти.

Йонас Лёссль. «Майнц»да ўтказилган омадсиз мавсумдан кейин Лёссль асосий таркибдаги ўрнини 23 ёшли Янник Хутга бўшатиб берди-да, АПЛни маҳв этишга йўл олди. Айнан унинг ёрдами билан «Ньюкасл» устидан ғалаба қозонилди.

Йонас тўпга ишонч билан эгалик қилишдан ташқари, чаққонлигини ҳам намойиш этмоқда. Дэвид Вагнер футболчининг айнан шу хислатларини кўп тилга олади.

Мураббийнинг эътирофида жон бор: Лёссль ўйин мобайнида ўртача 30та тўп оширишини амалга оширади ва уларнинг ҳар учинчиси узоқ масофаларга тўғри келади. Ўртача аниқлик эса тахминан 60 фоиз - ёмон кўрсаткич эмас.

Умумий рўйхатга назар ташларканмиз, яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдик: «Хаддерсфилд»нинг ўйини фақат юқорида номлари келтирилган футболчиларга боғлиқ эмас.

Зеро, Аарон Муйнинг майдон марказидаги шериги - Филип Биллингнинг хизматлари ҳам алоҳида эътирофга лойиқ. Шунингдек, ажойиб жисмоний тайёргарликка эга Элиас Качунгани ҳам мақтаса арзийди. Крис Лёв ва Том Смитлар эса жамоа фуллбэкларидир.

Кейси Палмер ва Райив ван ла Парра ҳам шулар жумласидан. Аксарият клубларда бўлгани каби, «Хаддерсфилд» алоҳида бир футболчиси билан эмас, балки жамоавий ўйини эвазига кучли.

Келажакдан умид борми?

Бу тўғрида бир нима дейиш қийин. Воқеалар ривожини 3 вариантда кўриб чиқиш мумкин: ё жамоа муваффақиятлари кўпайиб боради ёки ўртача ривожланиш кузатилади.

Кучли стартдан сўнг инқирозга юз тутиши ҳам мумкин, зеро сўнгги турда жамоа «Вест Хэм»га имкониятни бой берди. Ҳозирча биз баҳамжиҳат жамоа ўйинини кўрмоқдамиз, эртага нима бўлиши эса маълуммас.

Аммо бир нарса аниқ, «терьерлар»ни оғир ноябрь ва декабрь кутяпти: айнан шу ойларда АПЛдаги топ-клубларга қарши баҳс­лар бор.

Агар унгача ўйин услуби маромига етказиб олинса ёки етарлича очко жамғарилса, «Хаддерсфилд» лиганинг муносиб аъзосига айланди, деяверинг. Акс ҳолда, премьер-лигада «жон» сақлаш учун курашиши аниқ.

Бу клуб - эртак ичидаги эртак. «Лестер» унинг минимал даражадаги нусхаси, «Бёрнли»да ҳам шунга мойиллик бор. Аммо «Хаддерсфилд» бу - «Хаддерсфилд». Чунки уни ўзига хос салоҳиятга эга мутахассис - Дэвид Вагнер бошқармоқда.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz