Қайднома

Қидирув

Фан-клуб етакчиси Абдураҳмон Фозилов истеъфога чиқди

Фан-клуб етакчиси Абдураҳмон Фозилов истеъфога чиқди

  23.09.2017 08:52
  0
  963
Фан-клуб етакчиси Абдураҳмон Фозилов истеъфога чиқди

10 йил давомида Ўзбекистон терма жамоаси фан-клубини бошқариб келган футбол фанати Абдураҳмон Фозилов ўз хоҳишига кўра ишдан кетди. Бу ҳақда унинг ўзи маълумот берди.

Фото: «Championat.asia»

Бунда Фозилов ўз ўрнини ёшларга бўшатиш вақти келганини тушуниб етганини маълум қилган.

Қуйида Фозиловнинг хайрлашув сўзлари келтирилган:

Бундан 10 йил аввал Саудия Арабистони терма жамоасига қарши муҳим ўйиндан олдин Рауф Инилеев бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоасини фан-клуб ташкил қилиб, чиройли қўллаб-қувватлаб бера оласизларми, деб мени ЎФФга чақиришганди. 10 кун тайёргарлик кўриб, 300 квадрат метрли улкан байроқ тайёрланган ва фан-клуб тузилганди.

Ўша куни миллий терма жамоамиз кучли рақиб устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. 10.000 дан ортиқ мухлис «МHSK» стадионига кира олмай, кўчада қолиб кетгани ҳамон ёдимда…
Ўша кундан буён хоҳ уйда, хоҳ хорижда — Сиз азизлар билан елкама-елка туриб, бир тан-у бир жон бўлиб, миллий терма жамоаларимизни қўллаб-қувватладик.

Айниқса, 2015 йил февраль ойида Тошкентда ўтган футзал бўйича Осиё чемпионати… Қорли кунлар-у, жазирама иссиқда, ёмғир-у совуқда ватанимизнинг биринчи рақамли жамоасига ҳақиқий 12-ўйинчи бўлдик. Барчамиз бир бўлиб, ғалаба сари отланганларимиз ва қўллаб-қувватлаганингиз учун барчангизга бош эгиб, миннатдорчилик билдираман. Ҳа, биз ғолиблик гаштини ҳам сурдик, мағлубият аламини ҳам тотиб кўрдик.

Ватанимиз битта, миллий термамиз ҳам худди юрагимиз каби битта! Рости терма жамоамизнинг охирги ўйинлари дилни жудаям оғритди, ишонинг, футболчиларимиз борини берди, чунки ҳеч қайси футболчи ярим кучда ўйнайман, деб майдонга тушмайди. Хатони бошқа жойдан излашимиз даркор.

ЎФФнинг янги раҳбарияти енг шимариб ишни қизғин бошлаб юборган. Энди футбол бўйича барча терма жамоларимиз яқин вақт ичида ўз мақсадларига эришади, деб умид қиламан.

Жанубий Кореяга қарши ўйинда сездимки, мен чарчабман… Шу йиллар давомида кучим борича ҳаракат қилдим, биламан, ҳар бирингиз, ҳар қандай фан-клубдан қолишмадингиз! Чунки ҳар бирингиз шу азиз ватан учун жонингизни беришга тайёрсиз!

Мен ўз ихтиёрим билан мухлислар клуби раҳбарлигидан кетиш истагини билдираман. Чунки ёшларга йўл очиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Масалан, «Пахтакор» фан-клубида Жавоҳирбек, «Андижон»да Нодирбек, «Қизилқум»да Шуҳратжон, «Қўқон»да Илҳомжон ва Қаҳрамонжон каби етакчилар бор. Санасак, саноғига етмаймиз, уларнинг барчаси терма жамоа фан-клуби раҳбарлигига лойиқ.

Энди бўлди, ишбилармонлигимни қилиб юравераман ва футболга бефарқман деганим эмас. Мен охирги нафасимгача, тиш тирноғим билан юрт шаънини ҳимоя қиламан, Аллоҳ берган умримнинг бир қисмини оиламга, бошқа қисмини футбол ва албатта ватан байроғини янада баланд кўтаришга сарфлайман. Ахир, бежизга 2016 йил, 24 август куни Ўзбекистон биринчи Президенти Ислом Каримов менга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи унвонини бермаган. Мен бу ишончни албатта оқлашим керак!

Бахт ва омад сиз-у бизни асло тарк этмасин, олға Ўзбекистон! Барчангизга сиҳат-саломатлик тилаб, Абдураҳмон Фозилов.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz