Қайднома

Қидирув

123 кун, 26 минг километр

123 кун, 26 минг километр

  25.09.2017 00:18
  0
  1324
123 кун, 26 минг километр

Хабарингиз бордир, ўтган ҳафта жаҳон кубогининг ЖЧ-2018 мезбони - Россия ва бошқа мамлакатлар бўйлаб расмий саёҳатига старт берилди.

Шу муносабат билан «Лужники» аренасида ташкиллаштирилган тадбирда Россия президенти Владимир Путин, шунингдек, ФИФА раҳбари Жанни Инфантино, Бразилия ва Франция миллий жамоалари собиқ ҳужумчилари Бебето ҳамда Давид Трезеге каби таниқли шахслар иштирок этишди.

Табиийки, улар нуфузли совринни узоқ саёҳатга кузатиш асносида ўз таассуротлари билан ўртоқлашишди.

- Мана, жаҳон чемпионати кубоги мамлакатимиз бўйлаб саёҳатга чиқмоқда. Бу жараён 123 кун ёхуд 26 минг километр йўлни ўз ичига олади. Хуллас, асосий футбол совринини тарихдаги энг узун турнега кузатяпмиз. Умид қиламанки, бу саёҳат энг қизиқарлиси ҳам бўлади. Ахир ҳудуд бўйича ҳам, табиат, анъана ва маданиятлар хилма-хиллиги масаласида ҳам Россия билан тенглашадиган бирор мамлакат йўқ. Саёҳатга афсонавий арена - «Лужники»да старт берилаётганида ҳам рамзий маъно бор. Ушбу стадион реконструкциядан кейин томошабоп ўйинлар ва ёрқин ғалабалар тақдим этишидан умидворман. «Лужники» - бўлажак ЖЧнинг бош стадиони сифатида очилиш ва финал ўйинларини қабул қилади. Мундиал учун танланган барча шаҳарларимизда футболчилар ва мухлисларни шундай гўзал, қулай ва техник жиҳатдан мукаммал ареналар илҳақ кутмоқда. Йирик халқаро мусобақаларни ташкиллаш борасида улкан тажрибага эга бўлсакда, жаҳон чемпионати тайёргарлигига алоҳида масъулият билан ёндашмоқдамиз. Футбол ҳамиша энг оммавий спорт тури бўлиб келган ва шундайлигича қолади. Барча ёш тоифасида энг кўп мухлис айнан шу ўйинга тегишли эканлиги айни ҳақиқат. Менга фахр бағишлайдиган томони, футбол тараққиётида мамлакатимизнинг ўрни ҳам катта. Рус диёри миллионлар ўйинини Лев Яшин, Игорь Нетто, Ринат Дасаев ва Никита Симонян каби буюк ижрочилар билан бойитган. Ишончим комил, Россия янги футбол қаҳрамронлари ва янги ғалабаларни ҳам кўради, терма жамоамиз ҳали мухлисларимизни қайта-қайта қувонтиради. Хусусан, бўлажак ЖЧ футбол тараққиётига қўшимча туртки беришига шубҳам йўқ. Ундан қоладиган мерос - спорт иншооатлари эса кўпмиллионли футбол биродарлиги марказига айланади. Владимир ПУТИН (Россия президенти).

- Менинг хоҳишим жуда оддий. Шунчаки, россияликларга хитоб қилмоқчиман: байрамдан баҳра олинг! Аввалига жаҳон кубоги саёҳатидан, кейин турнирнинг ўзидан. Жаҳон халқларига мурожаатим ҳам шундай: Россияга келинглар ва байрамдан четда қолманглар. «Лужники» стадиони буюк тарихга эга ва буюк келажакни кутяпти. Ушбу арена номи нафақат футбол, балки бутун спорт тарихидан абадий жой олган. Россия ва Москва бундай ажойиб, гўзал стадион билан ҳар қанча фахрланса арзийди. Унда кўплаб бошқа ареналарда йўқ нарса мавжуд - қувват! Ишончим комил, «Лужники» майдонида ўйнайдиган ҳар қандай футболчининг тиззалари қалтирайди, албатта, беқиёс таассуротдан. Бир йилдан камроқ вақт қолди, айнан шу ерда жаҳон кубогини янги чемпионга топширамиз. Гап сайёрамиздаги энг нуфузли спорт соврини ҳақида кетаётган экан, уни барчадан устунлигини амалда намойиш этган жамоа вакиларигина бош узра баланд кўтаришга ҳақлилар. Ҳозирча шу кубокни нафақат Россия, балки бутун жаҳон бўйлаб саёҳатидан завқланиб туринг ва бўлажак мундиал ажойиб дамларни тортиқ этишига шубҳаланманг! Жанни ИНФАНТИНО (ФИФА президенти).

- «Лужники» қойилмақом стадион. Ушбу совринни яна кўриб турганимдан бахтиёрман. Ҳар сафар унга кўзим тушганида, беихтиёр миямда ўз ҳаётимни ичига олган бутун бир фильм чарх уради. Ҳозир кубок саёҳати бошланмоқда, чемпионатнинг ўзи эса олдинда. Булар нималигини бошимдан ўтказганман ва яна бир бора шундай бахт насиб этаётганидан бағоят шодман. Умид қиламанки, Россияда Бразилия термаси жаҳон чемпиони бўлади. Ҳа, Германия ва Испания жамоалари ҳам бош соврин учун курашади, аммо мен табиийки, ўз ватаним термасига мухлислик қиламан. Мезбонларга келсак, Россия термаси билан ЖЧ-94да учрашган ва ғалаба қозонганмиз. Ўша йилни ҳеч қачон унутмайман! Эсимда, русларга қарши учрашув жуда оғир кечганди, аввалига роса қийналганимиз ҳам рост, муҳими, якунда кучли эканлигимизни исботлагандик. Ҳозирги Россия термаси ҳали кучайса керак, менимча. Ҳар ҳолда, таркибида яхши футболчилар бор. Ҳа, жамоа ўзини кўрсатганича йўқ, аммо барчасини тўғрилаш ва ЖЧга кучли тайёргарлик билан киришиши учун вақт етарли. БЕБЕТО (Бразилия терма жамоаси собиқ ҳужумчиси, ЖЧ-94 ғолиби).

- Россияга ҳар бир ташрифимдан сўнг бу ўлка ажойиб эканлигига ишончим ортмоқда. Ҳозир ҳеч ҳам шубҳа йўқ - рус диёри футбол бўйича жаҳон форуми учун муносиб жой. «Лужники»ни таърифлашга эса тил ожиз. Футбол майдонига тушиб, совринни кўргач, дарҳол фаолиятим давомидаги ёрқин лаҳзаларни эсладим - ЖЧ-98 ва Евро-2000даги ғалабалар... Муҳими, жаҳон кубогини яна бир бора ўпдим. Ажиб ҳиссиётлар, аммо мазаси ўша-ўша! Давид ТРЕЗЕГЕ (Франция терма жамоаси собиқ ҳужумчиси, ЖЧ-98 ғолиби).

9 сентябрь куни бошланган турне Россиянинг 24та шаҳарини ўз ичига олади. Аниқроқ айтсак, Красноярск, Омск, Челябинск, Уфа, Пермь, Саранск, Ярославль, Калининград, Тула, Курск, Воронеж, Саратов, Волгоград, Краснодар, Сочи, Владивосток, Новосибирск, Екатеринбург, Самара, Қозон, Нижний Новгород, Ростов, Санкт-Петербург ва Москва фуқаролари навбати билан жаҳон кубоги гўзаллигидан баҳра олишлари мумкин.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz