Қайднома

Қидирув

Роберт Левандовски: «Садоқат - жуда чиройли сўз, аммо спортда муваффақият ва пул устунроқ»

Роберт Левандовски: «Садоқат - жуда чиройли сўз, аммо спортда муваффақият ва пул устунроқ»

  26.09.2017 02:33
  0
  947
Роберт Левандовски: «Садоқат - жуда чиройли сўз, аммо спортда муваффақият ва пул устунроқ»

Яқинда польшалик ҳужумчи Роберт Левандовски Der Spiegel журналистларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Афтидан, интервью пайти форвард ортиқча гапларни айтган чоғи, «Бавария» мутасаддилари ундан ранжишди. Қуйида ушбу суҳбат билан танишишингиз мумкин.

- Европа Чемпионлар Лигаси сизни жиддий равишда қизиқтираётган ягона турнирми?

- Ҳозирча мазкур совринни қўлга киритмадим, шуни эътиборга олсак, ЧЛ мен учун ўта муҳим мусобақадир. 2013 йили Лондонда бўлиб ўтган финалда Дортмунднинг «Борус-  сия»си билан мағлуб бўлганим ҳамон аламли хотираларни уйғотади.

- Ушбу турнирда ҳеч қачон ғолиб чиқмаганингиз сизнинг кучли футболчи эканлигингизни сўроқ остига қўймайдими?

- Балки шундайдир, аммо қачонлардир Чемпионлар Лигасида муваффақиятга эришиш умидим сўнганича йўқ. Бошқа томондан, мазкур турнир - лотерея.

Мисол учун, ўтган мавсумни ёдга олсак, ҳаммамиз яхши формада эдик ва бу совринга эгалик қилишга астойдил бел боғлагандик. Айнан ўшанда елкамдан жароҳат олиб, «Реал»га қарши ўтказилган биринчи ўйинни ўтказиб юбордим.

Бунга қўшимча равишда, пенальтини аниқ амалга оширолмадик ва орзуларимиз саробга айланди. Шундай юксак даражадаги учрашувларда кўпинча майда-чуйда нарсалар ҳам катта аҳамиятга эга бўлади, қолаверса, йирик турнирларда зафар қучишда омаднинг ўрни катта.

- Ҳозиргача беш марта Германия чемпионлигига эришдингиз. Бундеслига қачонлардир зериктириши мумкинми?

- Топ-даражадаги спортчи доим энг яхши бўлишни истайди. Совринни қўлга киритгач, кейинроқ бу тасодиф эмаслигини исботлагинг келади. Иккинчи бор чемпионликка эришганингдан кейин эса ҳамма сенга эгалик қилишни хоҳлаётганини англайсан ва ишончни оқлаш иштиёқи янада ортади. Жорий мавсумдаги мақсадимиз аниқ: бирорта немис клуби қаторасига 6 марта чемпионликни нишонламаган ва биз тарихга кириш имконига эгамиз. Бу - жуда катта иш.

- Мавсум бошида танқидчилар сизда мотивация йўқлиги ва нимадандир ранжиганингизни таъкидлашди.

- Буларнинг барчаси Осиё бўйлаб ўтказилган турне давомидаги баҳсларимиз билан боғлиқ. Балки маълум маънода танқидларда жон бордир. Очиқ тан олишим керак, жорий йилнинг ёзида мотивация масаласида муаммоларга дуч келдим.

- Бунинг асосий сабаби нимада?

- Бир неча йилдирки, танаффуссиз уч босқичда тўп суряпман. Бу айниқса, мия фаолиятига катта босимдир. Шунинг учун, мавсумга яхши ҳозирлик кўриш мен учун жуда муҳим.

- Осиё сафаридан кўнглингиз тўлмадими?

- Кўпгина учрашувлар ўтказдик. Бундай шароитда профессионал сифатида олдингда бир нечта саволлар пайдо бўлади: ўртоқликларда борингни бериб ўйнашинг керакми ёки маш-ғулотлардаги каби тўп суриш? Бор иродам ва куч-ғайратимни бутун мавсум давомида тобора ошириб бора олмайман, боиси жуда кўп ўйинларда майдонга тушамиз, орадаги танаффуслар эса жуда ҳам оз.

- Хўш, қандай қарорга келдингиз?

- Биз спортчимиз ва доимий босимдан жабр кўрамиз. Жиддий жароҳатлардан сақланишнинг ягона йўли - ёз ва қишдаги танаффуслар давомида тайёргарликларга зўр бериш. Осиёда айнан шунга эътибор қаратдим. Боиси, аксарият ўртоқлик баҳслари фойдамга ишламайди.

- Бунинг учун сизда мотивация йўқми?

- «Фрайбург»ни шунчаки, мисол сифатида олсак. Ёки чемпионлик учун курашмаётган бошқа жамоа номини келтириш мумкин. Улар бизга қарши ўз жарима майдонларида 10 нафар футболчи билан тўп суришади.

Беш ҳимоячи атрофимда туриб олади-да, менга ўйин бермасликка интилади. Фараз қилинг, еврокубок ўйинлари толиқтирган, стадионлар эса тўлиб-тошган, рақиб жамоа мухлислари учун энг яхши йўл - «Бавария» футболчиларига қараб ҳуштак чалиш. Шундай паллада самарали натижа кўрсатиш учун машғулотларда астойдил ишлаш лозим.

- Бундай ўйинларга қандай тайёргарлик кўрасиз?

- Кўп йиллардан бери аниқ формулага риоя қиламан: агар миям толиқса, жароҳат олмаслик учун жисмим 100 фоиз куч билан ишлаши лозим.

- Қайси услубларингиз сизга мотивация бағишлайди?

- Масалан, ўйин олдидан бу сафар дарвоза бурчагига гол уришни хоҳлаётганимни ўзимча тасаввур этаман. Ёки анчадан бери менга ёд бўлиб кетган узатмани амалга оширишни, қайсидир яккама-якка курашда ўзгача услуб қўллашни, шунингдек, идеал даражадаги тезликни режалаштираман.

- Сўзларингиздан бундеслиганинг кўпгина ўйинлари сиз учун мусобақа эмас, машғулотга айлангандай тасаввур уйғотади. Бу Германия чемпионати савиясидан даракми?

- Гапим кўпчиликка ёқмаслиги мумкин-у, аммо бундеслигада «РБ Лейпциг» каби жамоалар кўпайиши тарафдориман. Кучли клублар бизни янада кўпроқ инвестиция киритишга мажбур қиляпти. Германия чемпионати муайян жамоаларгагина боғланиб қолмаслиги лозим, ҳатто совринли ўринлар учун кураш жуда кам бўлганда ҳам.

Бизга доимо юқори даражада тўп сура оладиган 4-5та жамоа керак. Айнан шундай рақобат мавсум охиригача мувозанатни сақлашда ҳам ёрдам беради. Кучли лига тижорат масалаларини ҳам маромига солади.

- Тижорат дедингизми?

- Топ-ўйинлар кўпайса, унда шоу, жаҳон бўйлаб трансляциялар, шов-шувлар ҳам кўп бўлади. Мухлислар аҳамиятли баҳслар, лигадаги юлдузлар ва чемпионлик учун курашлар сони ортишини исташади. Айнан шу омиллар хорижлик мухлисларнинг бундеслигага қизиқишини оширади. Бу ҳаттоки, Осиё ва Америкага қилган сафарларимиздан ҳам қизиқарлироқ.

- Бундеслига раҳбарияти мазкур сафарлар тарафдори эдими?

- Бундай сафарлар мен учун катта аҳамиятга эга эмас. Гап уларнинг кучли босим юклаётганидамас, шунчаки, маркетинг бўйича бизга катта фойда келтирмаяпти. Ҳеч бўлмаса тил масаласида.

- Немисча - бу камчиликми?

- Ҳа, айниқса, АПЛ ва Ла-лига билан солиштирганда. Аксарият мамлакатларда инглиз ва испан тилида гаплашишади, немисчани эса кўпчилик тушунмайди. Шу боис ҳам жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида испан ёки инглиз лигасини томоша қилишади. Телевидение бу масалада томошабинларнинг истагини юқори қўяди.

- Бундеслига мавжуд муаммони ҳал қилиш учун нимага эътибор қаратиши керак?

- Раҳбарият янада кўпроқ ишлаши лозим. Биз эса топ-ўйинчиларнинг олди-сотдиси борасида гапирамиз, холос. Мухлислар энг яхшиларни кўришни исташади ва улар иштирокидаги ўйинларга тушишади.

- Аммо суперюлдузлар айнан Англия ва Испанияга кўчиб ўтишади-ку...

- Ҳозирга қадар «Бавария» ҳар бир футболчи учун ўртача 40 млн. еврога яқин пул сарфларди. Футболда эса бу миқдор алақачон ўртачага айланган. Ўтган йиллар давомида «Реал» ёки «Манчестер»даги каби ўсиш бизда кузатилмади. Оқибатда, ҳозирги бозордаги нарх-наволар тафовутидан максимал даражада ортда қолдик.

- Ули Хёнесс трансфердаги ақлсизликка қўшилишни истамаслигини айтди.

- Топ-ўйинчига эгалик қилиш учун пул ўта аҳамиятли, таъбир жоиз бўлса, ягона воситадир. Спорт ривожи, жамоа, шаҳар ва теварак-атроф ҳам албатта, муҳим. «Бавария» жаҳон даражасидаги футболчиларни бундан кейин ҳам Мюнхенда кўришни истаса, мазкур масалада нимадир ўйлаб топиши ва креативликка урғу бериши лозим.

Зеро, доимо олдинги қаторларда юришни истасанг, ўйинчиларинг ҳам олий даражали бўлишлари шарт. Чунки айнан улар жамоадошларининг юқори савияли бўлишларида кўмаклашишади, кучли рақобат энг сўнгги куч-ғайратни ҳам сарфлашга мажбур этади.

- «Бавария» ўйинчиларининг маоши ҳам муҳим ўрин тутади. Агар мюнхенликлар худди олдиндан режалаштирилганидай, «Арсенал»дан Санчесни сотиб олиб, унга йилига 25 млн. евро маош тўлашса, унда нима бўларди?

- Балки айрим футболчилар раҳбариятга маошимизни кўтариш борасида мурожаат этармидик... Чунки маошлар ўртасидаги катта фарқ жуда хавфли ва жамоадошлар ўртасида ҳасадни пайдо қилиб, ўртага нифоқ солиши мумкин.

- «ПСЖ»да бу катта муаммо эмас, шекилли. Клуб Неймарни 222 млн. еврога сотиб олиб, уни жамоадаги энг кўп ҳақ оладиган ўйинчига айлантирди.

- Поляк сифатида Германияда ўрганган биринчи немисча сўзим - «Ordnung» (тартиб) эди. У ҳамма жойда бўлиши керак. Биринчи навбатда - ҳисобхонада, молияда. Шундан келиб чиқиб айтаманки, Неймар кабиларнинг Германияга трансфери имконсиз.

- УЕФА бир неча йил аввал молиявий «фейр-плей»ни амалиётга киритди. Бундан кўзланган мақсад - жамоаларнинг ўзлари ишлаб топгандан кўра кўпроқ пул сарфлашларига йўл қўймаслик. Аммо ташкилот ниятига тўлиқ эришмади. Наҳотки, юқори даражадаги футболни тартибга солиб бўлмаса?

- Футбол - бу ҳақиқий капитализм. Ҳамма ундан мўмай пул ишлаб олишни хоҳлайди. Бунинг ёмон томони ҳам йўқдир, балки, зеро, бутун Ғарб шу асосда ишлайди, яшайди. Шунга қарамай, футбол ассоциациялари бозор назоратдан чиқиб кетмаслигини доимий назоратда ушлашлари керак. Агар энг яхши ўйинчиларга эга 4-5 жамоа мунтазам равишда барча совринларга эга чиқаверса, бундай футбол мухлислар орасида қизиқишни йўқотиши аниқ. Айни ҳолат миллионлар ўйинига катта зарба беради.

- Нима деб ўйлайсиз, футбол иттифоқлари шу каби қарорларга келиши мумкинми?

- Амалиётда жуда қийин бўлиши эҳтимоли йўқ эмас. «ПСЖ», «Челси», «Манчестер» ва бошқа клубларда инвесторлар билан жуда яхши адвокатларга эга профессионаллар ишлашади. Қонунчиликдаги биргина ноаниқликни улар клуб фойдасига ҳал қилишлари мумкин. УЕФА жорий ёзнинг шов-шувли трансферларини текшириб кўриши ва ФИФА билан биргаликда мавжуд ноаниқликларга барҳам бериши талаб этилади.

- Усмон Дембеле, Филиппе Коутиньо, Килиан Мбаппе - мазкур трансфер ойнаси кўрсатдики, клубга садоқат энди урфдан чиққандай. Шартномаларнинг ҳам қадри тушдими?

- Профессонал футбол ҳақида бундай эҳтирос билан гапиришга чек қўйиш лозим. Садоқат - жуда чиройли сўз, ажойиб романтик ҳиссиёт ва у шахсий ҳаётда ўта муҳим. Аммо спортда ҳаммаси бошқача: муваффақият ва пул устунроқ.

- Демак, ўйинчининг норозилик билдириш орқали бошқа клубга трансфер қилинишига эришиши адолатдан экан-да?

- Норозилик - мақсадга эришиш учун танланган энг нотўғри йўл ва чиндан ҳам гранд клубларда иш бу даражага етиб бормайди. Шунга қўл урган футболчи жамиятни сотган бўлади ва уни ҳеч ким кечирмайди. Ўша ўйинчи ушбу қарори билан жуда катта таваккалга қўл уради, боиси у «хоин» тамғасидан бир умрга қутула олмайди.

- Яъни?

- Футболда кучлар тақсимоти кейинги йилларда футболчилар фойдасига кескин ўзгарди. Агар ўйинчи чиндан ҳам бошқа клубга ўтишни хоҳласа, буни амалга ошириши мумкин. Шунинг учун, мен футбол иттифоқларининг товон пуллари миқдорининг шартномага киритилишини мажбурий қилиб белгилашларини истардим. Ўшанда турли моделлар тўғрисида ўйлаб кўрса бўлади: бойроқ клубларда товон пулларидан ташқари, айтайлик, ҳалол ўйин учун 20 фоиз қўшимча тўлов бўлади, нисбатан ночорроқ жамоалар эса ўз сафларига ўтишни хоҳлаётган ўйинчи учун камроқ пул тўлаш имкониятига эга бўлишарди.

- Аммо сизнинг ғоянгиз миллионлар ўйинининг бизнесга айланишига тўсқинлик қилолмайди...

- Келажак футболида пул тасаввур қилганимиздан ҳам кўра ўта муҳим аҳамият касб эта бошлайди. Спортнинг ушбу турига қизиқмаган хонадон қолмайди, ҳисоб ва айнан шу нарса инвесторларни миллионлар ўйинига йирик маблағ олиб киришга ундайди. Зеро, футболда мўмай даромад кўриш анчагина ишонарли.

- Футбол қачонлардир шоуга айланиши мумкинми?

- Ўйин бундан кейин ҳам ўз муҳимлигини сақлаб қолади. 90 дақиқа ичида содир бўладиган воқеалар Голливуд фильмларини ёдга солади. Бу ривожланишни энди тўхтатиш имконсиз.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz