Қайднома

Қидирув

ЎФФга талаб ва таклиф

ЎФФга талаб ва таклиф

  26.09.2017 04:42
  0
  1999
ЎФФга талаб ва таклиф

Ўзбек футболида катта ўзгаришлар кутиляпти. Ҳар ҳолда бизга шундай ваъда беришган.

Агар кўп ҳурматли Ўзбекистон футбол федерациясининг янги раҳбарияти бошлаган ташаббус шунчаки иш бошида ўзини кўрсатиш бўлмаса, яқин вақтлар ичида кўп янгиликлар эшитиб қолишимиз керак.

Шундай ташаббуслардан бири - ЎФФ президентининг виртуал қабулхонаси иш бошлади. Шу билан бирга матбуот учун телеграмда алоҳида гуруҳ ҳам очилдики, мақсад - журналистлар таклифини бевосита ЎФФ президентига етказишдан иборат.

Чунончи, ушбу мақоланинг бир нусхаси ҳам ўша канал орқали юборилади. Юбориш иш эмас, муҳими - манзилга етиб борса бўлгани.

ТАКЛИФ

Аслида буни таклиф эмас, балки «такрорлаш» десак тўғрироқ бўлар эди. Боиси ўзбек футболида бунга қадар айтилган гаплар шу қадар кўпки, қай биридан бошлашни ҳам билмайсан. Таклифларнинг бари аввал ҳам билдирилган, аммо эшитадиган одам бўлмаган. Энди эшитадиган топилган экан, шунчаки, яна бир бор такрорлаб ўтамиз, холос.

Ҳозир кўпчиликнинг эътибори Ўзбекистон терма жамоасига қаратилган ва табиийки, энг аввало, хориждан янги бош мураббий таклиф этилишини истамоқда.

Аммо шошилманг, ишонинг, айнан ҳозир бу масала биринчи ўринда тургани эмас. Терма жамоа энди бирор йил дам олади. Унгача хориждан мураббий олиб келиш қочмас. Ҳозир ҳар қанча иш бўлса, олий лигадан ортмайди.

ОЛИЙ ЛИГА

Ўзбекистон чемпионати сўнгги йилларда бироз жонлангандек. Ҳар ҳолда келишилган ўйинлар аввалгидек очиқчасига ўтказилмаяпти ва биз «муросасиз» деб аташга ўрганиб қолган баҳслар сони ошгандек.

Аммо «муросали» ўйинлар мутлақо йўқ бўлиб кетдими? Йўқ. Қўлни кўксимизга қўйган ҳолда тан оламиз, охирги икки йилда келишилган ўйинлар балоси дарҳақиқат камайди. Аммо барҳам топмади. Буни Одил Аҳмедов ҳам айтиб ўтган эди. Аҳрол Иноятовга бўлган ҳурматни сақлаган ҳолда тан олиш лозим, Одил - ҳақ.

Аҳрол Иноятов ўтган уч йил давомида ёмон ишламади. Ҳар ҳолда келишилган ўйинларни камайтирди. Аммо йўқ қила олмади. Нима учун? Чунки унинг иш услуби топиш ва жазолаш эмас, балки тарбиялашдан иборат.

«Келишилган ўйинларга қарши кураш қўмитаси» борини яшириб, йўғини ошириб кўрсатади. Кимдир ноинсофлик қилса, уни жазоламайди. Балки инсофга чақириб, насиҳат қилади. Бу ҳам яхши, албатта. Илгари «шаҳар бедарвоза» вақтида билганини қилганлар ҳозир бироз тортилиб қолган. Аммо «қилиғини қўймаганлар» ҳам талайгина. Хўш, ўзбек футболини «келишувчилик» балосидан қутқариш учун нима қилиш керак?

Жавоб оддий. Келишилган ўйин  аввало, қоидабузарликдир. Шундай экан, унга қонун бузилиши сифатида қарашни ўрганиш керак. Агар биз келишилган ўйин иштирокчиларини қоидабузар сифатида кўрадиган бўлсак, демак жазолашни ҳам ўрганамиз.

ЎФФ вице-президентларидан бири ИИВ тизимида фаолият юритади. Демак, «Келишилган ўйинларга қарши кураш қўмитаси»нинг иш услубини ҳам ўзгартириш керак.

ҲАКАМЛАР

Бундан беш йил муқаддам олий лигада келишилган ўйинлар борлиги ҳақида матбуотда мақола ва хабарлар бериларди, аммо ҳеч ким расман тан олмас эди. Бу ҳолат токи ЎФФнинг собиқ президенти Мираброр Усмоновнинг шахсан ўзи келишилган ўйинлар ҳақида гапиргунга қадар давом этди. Мираброр Зуфаровичдан кейин келишилган ўйинларга қарши курашувчилар ҳам кўпайиб қолди.

Ҳозир эса вазият шундайки, ўзбек футболида ҳакамлар нохолислиги ҳақида бот-бот гап-сўзлар учраб турибди. Аммо ҳали ҳеч ким расман тан олганича йўқ. Афтидан, бу ҳолат ҳам раҳбарият аралашмаса ҳал бўлмайдиган кўринади. Мантиқан ўйлаб қараганда, келишилган ўйинлар борми, демак, нохолис ҳакамлик ҳам бўлади. Ахир қинғир йўлдан юрувчилар ҳакам билан ҳам келишишга уриниб кўрмайдими? Жавобга ҳожат йўқ.

ТАДБИР

Одил Аҳмедов Ўзбекистон чемпионатидаги муаммолар ҳақида шундай деган эди: «Олий лигада келишилган ўйинлар ҳам жуда кўп. Бундай учрашувларда футболчи 20 фоиз куч билан ўйнайди. Шу ўйинчи терма жамоага келгандан кейин ундан нима кутиш мумкин? Биз энг аввало, ички чемпионатни кучайтиришимиз керак. Шунда терма жамоа ҳам кучая­ди. Ҳозир асосан легионерларга суяниб қолганмиз.

Фарғона ёки  ­­Ғ­узор­дан кучли футболчи чиқиши мумкин, аммо халқаро ўйинларда фойдаси бўлмайди. Чунки чемпионатимиз савияси паст. Мен олий лигани томоша қилиб бораман, у ерда Марадонадек ўйнаган ўйинчи халқаро майдонда тўхтаб қолишини ҳам кўряпмиз».

Бу гапларга яна қўшимча қилиш шарт бўлмаса керак. Янги раҳбарият ўзбек футболини кўтаришни истаса, энг аввало уни тозалашдан бошлаши лозим. Бу ишни кимлар билан амалга оширади? Албатта, янги одамлар билан. Ахир эскича ишлаб ўрганганлар билан янгилик яратиб бўларканми?

P.S.: Албатта, ушбу мақолада тилга олинган муаммо ва камчиликлар ечими ЎФФнинг янги раҳбарияти тузган янги режаларда ҳам ўз аксини топмоқда. Яъни, ўзбек футболини ривожлантиришнинг тўрт устунида долзарб масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилган. Шундай экан, яқин йиллар ичида ЎФФнинг бу борада жиддий ўзгаришларга қўл уриб, миллионлар ўйинидаги шаффофликни таъминлашига умид қилиб қоламиз.

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz