Қайднома

Қидирув

Темурхўжа Абдухолиқов: «Терма жамоамизга хориждан мураббий олиб келиш керак»

Темурхўжа Абдухолиқов: «Терма жамоамизга хориждан мураббий олиб келиш керак»

  27.09.2017 03:55
  0
  3191
Темурхўжа Абдухолиқов: «Терма жамоамизга хориждан мураббий олиб келиш керак»

Хабарингиз бўлса керак, Қатар юлдузлар лигасининг янги мавсуми старт олди. Бу чемпионатда икки ҳамюртимиз - Темурхўжа Абдухолиқов ва Санжар Турсунов ўйнаш­япти.

«Ал-Сайлия» илк турни меҳмонда ўйнашига қарамай, чемпионатни ишончли ғалаба билан бошлади. Темурхўжа эса жамоасининг учинчи голига муаллифлик қилди.

Иккинчи турда эса жамоа ўз майдонида «Ал-Садд»га имкониятни бой берди Темурхўжа бу учрашувда ҳам битта голга муаллифлик қилди.

Биз бу ўйинлардан сўнг у билан боғланиб, интервью олдик.

- Темурхўжа, мавсумнинг илк ўйини жамоангиз учун қандай кечди?

- Албатта, ҳар қандай мусобақанинг дастлабки учрашуви ҳаяжонли ва қийин бўлади. Лекин бу ўйинда бизга омад ҳам кулиб боқди ва мавсумни ғалаба билан бошладик. Аслида, асосий мақсадимиз ҳам шу эди.

- Урган голингиз ҳақидаги гаплашсак. Ўша вазиятда ўйиндан таш­қари ҳолат бордек туюлди. Ўзингиз учрашувни такроран кўрдингизми?

- Ҳа, кўрдим, менга ҳам ўйиндан ташқари ҳолат бордек кўринди. Лекин нима бўлганда ҳам голни ҳисобга олишди. Жамоамнинг муҳим ғалабасига ҳисса қўшганимдан хурсандман. Вазифам - тўп киритиш, вазиятларни муҳокама қилишни бошқаларга қўйиб берайлик (кулади). Келаси сафар шубҳа-гумонларга ўрин қолдирмаслик учун тоза гол уришга ҳаракат қиламан.

- Ўтган мавсум билан таққослаганда, «Ал-Сайлия»да нималар ўзгарибди?

- Сафимизга янги футболчилар келиб қўшилган. Қолаверса, захирамизда ўйинни кучайтира оладиган ўйинчилар бор экан. Улар асосий таркибга ҳам жалб этилдилар. Ҳозир иккита кучли таркибга эгамиз. Энг катта ўзгариш сифатида айнан шу нарсани айтиб ўтишни истардим.

- Ўтган мавсум тўп сурган легионерлар жамоада қолишганми ёки бошқа хорижлик футболчилар харид қилиндими?

- Уч легионер қолди. Биргина Санжар Шоаҳмедов жамоани тарк этди. Унинг ўрнига Нодир Белхаж харид қилинди.

- Демак, жамоа ўтган йилгига қараганда анча кучайибди-да?

- Қанчалик кучайганини чемпионат ўйинлари кўрсатиб беради. Ҳозир хулоса чиқаришга эрта. Насиб қилса, аввалги мавсумдаги натижамизни яхшилашга интиламиз.

- Мураббийлар штаби ёки клуб раҳбариятида ўзгариш бўлмадими?

- Йўқ, ҳамма ўз жойида қолди.

- Шахсан сизга Санжарнинг ўрни билинаётгандир?

- Албатта, жуда билиняпти.

- Шароитлар ўтган мавсумдагига қараганда яхшиландими?

- Ҳаммаси аъло даражада.

- Мавзуни бироз ўзгартирамиз. Термамизнинг омадсизлиги эсдан чиқа бошладими? Ёмон тушни унутишга ҳаракат қиляпсизми?

- Ҳа, эсимдан чиқди. Чунки мени олдинда жуда ҳам қийин мавсум кутиб турибди. Легионердаги масъулият бошқаларникидан икки баробар юқори бўлар экан. Шу боис сиз айтган даҳшатли тушни имкон қадар тезроқ унутишга ҳаракат қиляпман.

- Жанубий Корея термасига қарши кечган баҳсдан сўнг кийиниш хонасида нималар бўлди?

- Фақат сукунат, бошқа ҳеч нарса.

- Шахсан ўзингиз саралашдаги иштирокимизни таҳлил қилдингизми?

- Ҳамма ютқазган ўйинларимизда йўлланмаларни бой беравердик. Тақдир эса бизга яна ўша имкониятни қайтараверди. Ҳар доимгидек, сўнгги паллада омад биздан юз ўгирди.

- Бизга нима етишмади?

- Антиреклама ҳам рекламанинг бир турига киради. Термани танқид қилганлар етарлича бўлди. Шу боис, мен ёки футболчиларнинг фикри ҳеч нарсани ўзгартира олмайди. Ҳатто ҳозир ҳам.

- Майдонга туширилмаган пайтингизда хаёлингиздан нималар кечди?

- Шунчаки, тақдирга тан бердим. Бошқа чорам ҳам йўқ эди. Жамоамиз ғалабасига умид қилдим, қўлимдан келганича қўллаб-қувватладим. Лекин бир томондан, ўзимда ҳам айб бор. Сурия ва Эрон термаларига қарши кечган ўйинларда менга имконият берилганди. Ўз голларим билан жамоани қийин вазиятдан олиб чиқиб кетишим мумкин эди. Бироқ...

- Темурхўжа, ЎФФга янги раҳбар тайинланганидан хабарингиз борми?

- Ҳа, албатта. Барча қатори ижобий ўзгаришлардан умидворман. Янги раҳбар даврида жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилишига ишонаман.

- Сизнингча, миллий жамоага қандай мураббий тайинланиши керак?

- Шубҳасиз, термамизга хорижлик мутахассис олиб келиниши лозим. Энг асосийси, спорт принципларига амал қиладиган мураббий бўлиши шарт. Яъни, энг юқори тайёргарликка эга бўлган футболчиларни майдонга тушириш мақсадга мувофиқ.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz