Қайднома

Қидирув

Ҳакамларнинг четлатиши нима учун?

Ҳакамларнинг четлатиши нима учун?

  28.09.2017 06:29
  0
  1814
Ҳакамларнинг четлатиши нима учун?

Охирги вақтларда футболимиз, аниқроғи, ҳакамлик масаласида кам кузатиладиган воқеа юз берди. Қисқа вақт оралиғида икки нафар ҳакам ишига «4» балл қўйилди (бу беш баллик тизимда «2» демакдир).

Ҳозирча улардан бири ҳакамликдан батамом четлатилди, иккинчисига нисбатан ҳали якуний қарор чиқмади. Аниқроқ айтсак, Рустам Бобомуродов «Бухоро» ва «Динамо» ўртасида кечган ўйинда меҳмонлар дарвозаси томон пенальти белгиламагани боис, бутунлай ишдан кетган бўлса, «Шўртан» - «Навбаҳор» учрашувини бошқарган Олим Толибжоновнинг иши бўйича якуний хулоса энди эълон қилинса керак (мазкур мақола қарор чиқарилишидан олдин ёзилган. Эслатма, Толибжонов Ўзбекистоннинг футбол бўйича барча мусобақалари доирасидаги 10та ўйинга четлатилди).

Воқеаларнинг бундай тус олишида ҳакамлар билан бирга назоратчилар ўрни ҳам катта. Зеро, реферилар ишини айнан улар «2»га лойиқ кўришди.

Демак, «Бухоро» - «Динамо» баҳсида Артём Арутюнов назоратчилик қилган бўлса, «Шўртан» - «Навбаҳор» тўқнашувида бу иш Алишер Абдуллаевга топширилганди.

Хўш, бу икки ўйинда аслида нималар рўй берди? Бу ҳақда тўлиқроқ тасаввур ҳосил қилиш учун ҳакамлар ва назоратчилар фикрларини билишга уриндик. Аммо бу осон бўлмади...

«ТОЛИБЖОНОВ ИШИ»

Аслида «Олим Толибжонов иши» биринчисидан кейин кузатилди. Аммо вазиятни ўрганишга киришганимизда, айнан у диққат марказида тургани боис, аввало, Ғузордаги ўйин иштирокчиларига мурожаат қилдик. Боиси, Олим Толибжонов ҳам, унинг ишини баҳолаб борган Алишер Абдуллаев ҳам ҳакамлик соҳасида биринчи йил фаолият олиб бормаяпти ва дабдурустдан қаттиққўллик намойиш этилиши бироз ҳайратланарли.

Боз устига, Рустам Бобомуродов ҳакамликдан бир умрга четлатилганига кўп бўлмаган ва бундай вақтда одатда катта  шов-шув кўтармасликка ҳаракат қилинади. Аммо афсуски, ҳаракатларимиздан кўп наф чиқмади - Абдуллаев ва Толибжонов «Интерфутбол»дан қўнғироқ қилганимизни эшитишгани ҳамоно саволларга жавоб беришдан бирдек бош тортишди. Дастлаб Алишер Абдуллаев билан боғландик.

- Сизни «Интерфутбол» нашридан безовта қиляпмиз. Саволларимизга жавоб бера оласизми?

- Нима, қандай савол? Йўқ, йўқ, ҳеч қандай саволга жавоб беролмайман.

- Тўхтанг, «Йўқ», дейишдан олдин ҳаттоки, мавзу билан ҳам қизиқмайсизми?

- Хўп, қандай мавзу?

- «Шўртан» - «Навбаҳор» ўйинида Олим Толибжоновга «4» баҳо қўйганингиз...

- Хўш...

- Шу вақтга қадар кўплаб ўйинларда ишлагансиз. Айнан энди паст баҳо қўйганингиз боиси нима? Шу вақтгача ҳакамлар яхши ишлаётганмидилар?

- ...

Бу ёғига телефон гўшагидан фақат қисқа гудокларни эшитдик. Алишер ака хайр-маъзурни ҳам унутиб, алоқани узиб қўя қолди. Шундан сўнг фақат битта йўл қолди - Олим Толибжоновнинг ўзига қўнғироқ қилиш.

Гарчи бу ишдан ҳам бирор самара чиқишига шубҳалансак-да, уриниб кўрдик. Кутилганидек, Олим Толибжонов ҳам очиқ мулоқотдан ўзини олиб қочди. Аммо у Алишер Абдуллаевдан фарқли ўлароқ, бу ишни анча дипломатик йўсинда, хушмуомалалик билан бажарди.

- Олим ака, «Интерфутбол» нашриданмиз, сизга саволимиз бор эди.

- Сизни тушундим, аммо ҳозир интервью беролмайман. Бунинг учун махсус рухсат керак.

- Йўқ, катта интервью шарт эмас, биттагина саволга жавоб берсангиз, бас. Фаолиятингиз давомида биринчи марта шундай паст баҳо олдингиз. «Шўртан» - «Навбаҳор» баҳсини ўзингиз бошқарган ўйинлар орасида энг ёмони сифатида айта оласизми?

- Йўқ. Аммо назоратчилар фикри бошқача бўлиши мумкин. Ҳозир улар ҳаммасини қайта кўриб чиқишяпти. Улар яхшироқ билишади.

- Энг ёмон ўйин эмас экан, нима учун биринчи марта паст баҳога лойиқ кўрилганингиз ҳақида нима дея оласиз?

- Узр, бу саволга жавоб беролмайман. Тўғри тушунасиз...

«БОБОМУРОДОВ ИШИ»

Рустам Бобомуродовга боғлиқ иш Олим Толибжоновникига нисбатан жиддийроқ, шекилли. Ахир у бутунлай дисквалифация қилинди. Рустам Бобомуродов ҳакамлиги хусусидаги суриштирувни ҳам назоратчидан бошладик. Аммо Артём Арутюнов очиқ жавоб беришни истамади:

- Узр,-дея дарҳол рад этишга тушди Арутюнов. - Кодекс бўйича интервью бермаслик мажбуриятимиз бор. Акс ҳолда, дарҳол дисквалификацияга учраймиз.

- Тушунарли. Лекин биз фақат бир нарсани билишни истаймиз, Рустам Бобомуродов «Бухоро» - «Динамо» ўйинида меҳмонлар дарвозасига пенальти белгиламагани учун паст баҳо олди, шундайми?

- Ҳа.

- Узоқ йиллардан буён назоратчилик қилиб келасиз. Бошқа ҳакамлар бошқарган ўйинларда ҳам пенальти белгиламаслик ҳолати учраб турганми?

- Ҳа, албатта. Бунақаси ҳар қандай ҳакам билан рўй бериши мумкин.

- Аммо уларга ёмон баҳо қўймагансиз...

- Биласизми, ҳакамлик ишини баҳолашнинг ўзига яраша мезонлари бор. Ҳимоячи ёки ҳужумчи бошқача ҳаракат қилган бўлиши мумкин. Тана ҳолати, қўл ҳаракати қай даражада табиий чиқиши ҳам эътиборга олинади.

- Нима, сиз назоратчилик қилган аввалги ўйинларда «Бухоро» - «Динамо» учрашувидагига ўхшаш ҳолат бирор марта кузатилмаганми?

- Эслай олмайман...

Артём Арутюнов билан суҳбатимиз шу тариқа якунига етди. Энди вазиятга фақат Рустам Бобомуродов ойдинлик киритиши мумкин эди. У умрбод четлатилгани боис, саволларимизга очиқ-ойдин жавоб олишни ўйладик. Бироқ Бобомуродов ҳам катта хоҳиш билан мулоқотга киришмади. Гарчи уни ҳеч қандай кодекс ушлаб турмаган бўлса-да, лўнда фикр билдиришни истамади.

- Айтингчи, «Бухоро» - «Динамо» ўйини тугагани ҳамоно назоратчи томонидан сизга эътироз бўлдими?

- Йўқ. Ўйин видеоёзувини кўрганидан кейин эътироз билдирди.

- Айнан қандай?

- Артём Сергеевич тўп «Динамо» футболчисининг қўлига теккан вазият учун пенальти белгиламаганим учун паст баҳо қўйишини айтди. Унинг фикрича, пенальти бўлган экан.

- Ўзингиз ўша вазият ҳақида нима дея оласиз - пенальти бормиди, тўп ҳимоячи қўлига текканини кўрганмидингиз?

- Кўрдим. Аммо ҳимоячи қасддан ўйнамади, аксинча, сакраган вақти тўп қўлига тегди. Бундай вазиятда футболчининг қўли кўтарилиши табиий ҳол. Арутюновнинг айтишича эса, ҳимоячининг қўли табиий ҳолатда бўлмаган. Аммо сакраган футболчи қўлини қандай табиий ҳолатда ушлаши мумкин? Орадаги масофа атиги бир метр эди, футболчи сакраган пайт унинг кўзлари юмуқ ҳолатда бўлган. Фотосуратларга қарасангиз, буни яққол кўрасиз. Хуллас, у тўпга атайлаб ўйнамаганди.

- Демак, ўша қарорингиз учун пушаймон эмассиз?

- Йўқ.

- Агар шундай вазият яна такрорланса, худди шундай қарор қабул қилармидингиз?

- Ўйин Бухорода бўлди. «Бухоро» мухлислари ўз жамоаларини ҳимоя қилишлари турган гап. Уларни тўғри тушунаман. Лекин мен кўрганимга яраша иш тутдим.

- Мухлисларнинг айтишларича, олий лига ҳакамларида «олди-берди» бор экан. Нохолис ҳакамлик ҳақида нима дейсиз? «Олди-берди» чиндан ҳам, борми?

- Мутлақо асоссиз гап.

- Демак, олий лигада бундай «иш» йўқ.

- «Отам замон» даврларда бўлгандир, лекин ҳозир йўқ.

- Сизга нисбатан умрбод четлатиш қарори чиқарилиши адолатданми? Ижтимоий тармоқда қолдирилган битта фикр эътиборни тортди: «Агар Бобомуродов пенальти белгиламагани учун четлатилган бўлса, олий лигадаги 90 фоиз ҳакам дисквалификация қилиниши керак». Бунга муносабатингиз...

- ЎФФ Ҳакамлар ва назоратчилар қўмитасида ўз ишининг усталари, профессионаллар ишламоқдалар. Улар қарорни дарҳол чиқаришмади, балки аввало, ҳаммасини кўриб чиқиб, обдон таҳлил қилишди. Қўмита адолатли иш олиб борди, деб ҳисоблайман. Ҳеч кимга хусуматим йўқ. Албатта, ишдан бундай кетиш аламли. Ҳар ҳолда, 17 йил ҳакамлик қилдим. Фаолиятимни тугатишимга 1-1,5 йил қолганди.

- Футболимиз тарихида бир умрлик четлатиш ҳолатлари аввал ҳам кузатилган. Аммо жазоналувчи орадан кўп ўтмай, ишига қайтган ва ҳозир ҳам фаолиятини давом эттирмоқда. Қизиқ, сиз ҳам қайтишингиз мумкинми?

- Бу ҳақда аниқ гапиролмайман. Балки қайтарман...

Хуллас, сўнгги бир ҳафтада рўй берган воқеалар жараёнини имкон қадар ўрганиб чиқишга ҳаракат қилдик. Аммо... Хуллас, эшитганларимизни ёзиб олдик, холос. Хулоса чиқариш эса ўзингизга ҳавола...

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz