Қайднома

Қидирув

Катта курашларга шай англиялик ўспиринни танийсизми?

Катта курашларга шай англиялик ўспиринни танийсизми?

  29.09.2017 00:29
  0
  968
Катта курашларга шай англиялик ўспиринни танийсизми?

Чемпионшипдаги ажойиб ўйинлари билан мухлислар олқишига сазовор бўлишдан ташқари, Европа чемпионлигини ҳам нишонлашга улгурган 17 ёшли Райан Сессеньонни яқинроқ таништириш мақсадида FootballHD.ru сайти алоҳида мақола тайёрлади.

Агар бу йигитча ҳозир Россияда яшаганида, ЖЧ-2018 ўтказилаётган паллада давлат имтиҳонларини топшираётган бўларди. У май ойида 17 ёшни қаршилади, аммо 16 яшарлигидаёқ довруқ қозонишга улгурганди.

«Фулхэм» асосий таркибида «Лейтон Ориент»га қарши Англия кубоги баҳсида дебютини нишонлади, бир ҳафтадан кейин эса чемпионшипда ҳам майдонга тушиб, «Лидс»нинг ўнг қанотидаги ўйинчиларга тинчлик бермади.

Орадан тўрт кун ўтиб эса катталар футболидаги илк голини «Кардифф» жамоаси дарвозасига йўллади. Авваллари «Фулхэм»нинг ҳеч бир тарбияланувчиси бу қадар тез ривожланишга эришмагани аниқ, зеро Сессеньон тўп киритиш орқали иккита рекордни қайд этганди.

У нафақат чемпионшип, балки Англиядаги бошқа профессионал лигаларда энг ёш гол муаллифига айланганди.

«Райаннинг ҳаракатларини кузатдим. Унда янги Эшли Коулга айланиш учун ҳамма нарса мужассам». «Бу - янги Бэйл», - англиялик экспертлар Райанга худди шундай таъриф беришмоқда.

Сессеньон ўз ўйини билан нафақат АПЛни тарк этганидан сўнг деярли унутилган «Фулхэм»га нисбатан қизиқишни орттирди, балки чемпионшип рейтингининг ошишига сабабчи бўлди.

У бир вақт-лари «ПСЖ»да порлаган Стефан Сессеньонга қариндош. Райаннинг чап қанотда бажараётган иши ҳақиқатан ажабланарли. Ўтган мавсум унинг ҳатто профессионал шартномаси ҳам йўқ эди, шунга қарамай, ҳақиқий етакчиларга хос тарзда тўп сурганди.

Сессеньон универсал футболчи - ҳам ҳимоя, ҳам ҳужумга бирдек улгуради. Бурчак зарбаларини аниқ ижро этади, чап оёғида қойилмақом зарбалар йўллайди. Дриблинги ҳам чаккимас - рақибларини ажойиб тезлиги ва чаққон ҳаракатлари эвазига алдаб ўтади.

Гап мудофаа чизиғи вакили ҳақида кетаётганини унутмаслик лозим. Шундай экан, ҳимоядаги устунликларини ҳам санаб ўтиш мақсадга мувофиқ.

Тўғри, Сессеньон ҳали залларда кўп машғулот ўтамаган, шу боис жисмонан етук эмаслиги тўпни олиб қўйиш чоғида панд беради. Аммо бу камчилигидан асло ўкинмайди, ажойиб «подкат»лар ёрдамида айбини ювишга интилади.

Ахир Райанни терма жамоага чақиришгани бежиз эмас, акс ҳолда Британия матбуотида у ҳақда бу қадар кўп маълумотлар тарқалмасди. Аниқроғи, 16, 17 ва 19 ёшлилар термаларида ўзини кўрсатган. Ҳозир унинг ошиғи олчи, ахир ёшлар ўртасидаги Европа чемпионлигини нишонлади-да.

Сессеньоннинг тез орада Англия грандлари эътиборига тушиши муқаррар эди, ахир Коул ва Бэйлга қиёсланаётган футболчига бефарқ бўлиш мумкинми? Ҳа, «Арсенал», «Ливерпуль», «Тоттенхэм» ва «Манчестер Сити» Райан учун «ов»га астойдил киришдилар. «Шпорлар» ҳаммадан кўп пул таклиф қилишди - 25 миллион.

«Фулхэм» Павел Погребнякни сотганидан буён бундай маблағни тушида ҳам кўрмаётганди, аммо барибир, Райанни қўйиб юбормади. Сабаби аниқ - клуб раҳбари Славиша Йованович ўсмир футболчини қадрлайди, Сессеньоннинг ўзи эса ҳали АПЛда тўп суришга тайёр эмасдек.

«У ҳамиша ғолибликка мойил, ваҳоланки, эндигина 16 ёшга тўлди. Кўпчиликнинг эътиборини қозонди, шунга қарамай, унга ортиқча босим юкламаслик керак», - деганди сербиялик мутасадди Райаннинг дебютидан сўнг. «Бу ерда эканлигимдан хурсандман. Асосий мақсадим - имкон қадар яхшироқ ўйин кўрсатиш.

Ёш футболчи учун тез-тез майдонга тушиш муҳим. Ўтган мавсум ўзимни кўрсатиш учун кўплаб имкониятларга эга бўлдим, 30та учрашув ўтказдим, кейинги йилда ҳам шу ҳолат давом этади, деган умиддаман. Келажагим ҳақида нима дейишим мумкин? Ўзгалар фикри менга таъсир ўтказади, деб ўйламайман. Бор эътиборимни севимли ишим, «Фулхэм»даги ўйинларимга қаратганман».

Бу Райаннинг Европа чемпионлигини қўлга киритишидан аввал айтган гаплари. Қитъа биринчилигидан кейин эса унинг номи матбуотда янада кўпроқ тилга олина бошланди.

Бундай паллада босим бўлиши шубҳасиз - жаҳон юлдузлари билан солиштириш, ОАВдаги кўплаб мақолалар, топ-клубларнинг қизиқиши ҳамда таклиф этилаётган шартномалардаги кўзни қувнатадиган рақамлар.

Шуниси аниқки, Сес-  сеньоннинг келажаги порлоқ, бироқ бу йўлда кучли рақиблари, матбуотдаги танқидлар ҳамда ўзи билан ўзи курашишига тўғри келади. Ушбу курашда унинг ўзини қандай тутиши кўпчиликни қизиқтириши тайин.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

FUTBOL TV телеканалининг 15-декабрь кунидаги кўрсатувлар дастури

  • Ўзбекистон терма жамоасининг янги бош мураббийи ким бўлиши мумкин?

  • Ҳўш, сайтимиз сизга ёқдими?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.