Қайднома

Қидирув

Вадим Васильев: «Мбаппени яна бир мавсум сафимизда олиб қолишни истагандик»

Вадим Васильев: «Мбаппени яна бир мавсум сафимизда олиб қолишни истагандик»

  29.09.2017 03:37
  0
  685
Вадим Васильев: «Мбаппени яна бир мавсум сафимизда олиб қолишни истагандик»

Франциянинг амалдаги чемпиони ва ЧЛ ярим финалчиси - «Монако» сўнгги трансферлар бозори давомида футболчилар сотувидан даромад олиш бобида жаҳон рекордини ўрнатди - 360 млн. евро.

Эътиборлиси, аввалги рекорд 200 млн. еврога тенг бўлиб, у ҳам монегаскларга тегишли эди. Мустақил кузатувчиларнинг бу борадаги хулосалари ҳар қандай кишини ҳайратланишга мажбур этади.

Диққат қилинг, Килиан Мбаппе, Бернардо Сильва, Тьемуэ Бакайоко ва Бенжамин Мендининг харид нархи ва сотув баҳоси ўзаро солиштирилса, «Монако»нинг соф фойдаси 631 (!) фоизни ташкил қилади.

Клуб Мбаппени қандай сотти? Радамель Фалькао ва Тома Лемарни эса манфаатли таклифларга қарамай («Арсенал» улардан иккинчисига нақ 100 млн. евро бермоқчи эди), нега ўз таркибида олиб қолди?

Бош мураббий Леонарду Жардим нима сабабдан хитойликлар илгари сурган ажойиб таклифдан юз ўгирди? Умуман, «Монако» ўз ўйинчиларини максимал даражада қиммат нархда пуллаш баробарида кучлилар сафида қолишни қандай уддалаяпти.

Sports.ru нашри мухбирлари йилдан-йилга еврофутболдаги топ-менежерлар сафида ўз мақомини мустаҳкамлаётган клуб вице-президенти Вадим Васильев билан айнан шу саволлар юзасидан бафуржа суҳбатлашишди.

«Аслида Килианни яна бир мавсум сафимизда олиб қолишни истагандик»

- «ПСЖ» Мбаппе учун 180 млн. евро тўлайди. Бундан хурсандмисизлар ёки қайғуга соладиган жиҳатлар ҳам борми? Ахир у энди «Монако»нинг асосий рақибларидан бири сафида жавлон уради...

- Тўғриси, бу борада аралаш ҳиссиётлар йўқ эмас. Килиан чиндан ҳам, катта иқтидор эгаси ва дунёда энг яхши бўлиш учун барча имкониятларга эга. Мбаппени инсон ва футболчи сифатида қаттиқ ҳурмат қиламиз. Аслида аввалига унинг вакиллари билан яна бир мавсум «Монако»да тўп суриши хусусида келишаётгандик. Кейин яна бир қанча вариантлар юзага келди, аммо энди бу ҳақда кенг жамоатчиликка гапиришдан маъно йўқ. Хуллас, Килиан якунда Парижга кўчиб ўтишни маъқул топди. Бунга кўнишимиз осон бўлмагани рост. Шахсан ўзим жуда ранжидим. Аммо футболчи ва яқинлари қарор сабабини тушунтиришгач, ёндашувим ўзгарди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Килиан қарорини ҳурмат қилишимиз керак. Зеро, якунда ҳар икки томонни тўлиқ қониқтирган келишувни расмийлаштирдик.

- «ПСЖ» билан музокаралар трансферлар бозорининг сўнгги кунларигача давом этди. Қизиқ, қайси масалада бир тўхтамга келиш қийин кечди?

- Бу катта маблағни ўз ичига олган шартнома учун оддий ҳол. Тўғри, биз келишувга анча олдин имзо чекишга тайёр эдик.

- Демакки, бунгача Неймар учун катта маблағ тўлаган «ПСЖ» молиявий «Фэйр-плей» қоидасини четлаб ўтиш йўлини узоқ қидирди ва якунда Мбаппени кейинчалик харид қилиш шарти билан ижара асосида олишга қарор қилди.

- Молиявий қоиданинг бизга мутлақо дахли йўқ. Ҳар ҳолда, «ПСЖ» учун жавоб беришим ножоиз. Ўйлайманки, парижликлар шундай ечимга келишган экан, барчасини ҳисобга олишган ва ишлари тўғрилигига шубҳа қилишмаган. Яна шуни алоҳида таъкидлашим керак, Мбаппе сўнгги лаҳзагача «Монако»га содиқ қолди. Хуллас, жамоамизда тарбияланган ва улғайганини унутмади, шунга мувофиқ, у билан дўстона хайрлашдик.

- Умуман, Неймарнинг 222 млн. евролик трансфери Мбаппе баҳосига нечоғли таъсир қилди? Агар «ПСЖ» бу харидни амалга оширмаганида, Килианнинг нархи қанча бўларди?

 - Бир нарса аниқ: ҳар қандай ҳолатда ҳам, Мбаппенинг трансфери анча юқори баҳоланарди ва буни ҳамма билади.

- Аммо унинг шартномасида товон пули белгиланмаганди...

- Неймарнинг трансфери  Мбаппе баҳосига таъсир қилмаганини шу ҳолатдан ҳам билиш мумкин. Тўғри, «ПСЖ»нинг рекорд келишуви трансферлар бозорини ўзгартириб юборгани ҳам айни ҳақиқат.

- Ақлга сиғмас даражадаги трансфер келишувлари яна қанча давом этади ва бу нимага олиб келиши мумкин?

- Бир томондан қарасак, трансферлар суммаси дарҳақиқат, ҳаддан ортиқдек туюлади. Аммо Европадаги етакчи клублар бюджети тобора ошаётганини ҳам унутмаслик керак. Мана, Хитой сармояси ва АҚШнинг катта қизиқиши таъсирида футбол янада глобаллашди. Натижада телевизион ҳуқуқлар баҳоси тинмай ўсяпти, соҳа алоҳида саноат сифатида мўмай даромад келтирмоқда. Агар ҳаммаси шундай тус олмаганида, трансферлар бозорининг ҳозирги ҳолати «сунъий шишириш» сифатида баҳоларди. Эртага нима бўлишини айтиш эса жуда қийин.

- Мбаппе масаласида бошқа давлатлар клубларидан ҳам манфаатли таклифлар тушгани аниқ. Шундан келиб чиқсак, энг иқтидорли футболчини айнан рақобатчи клубга юбориш бироз ғалати...

- Тўғри, «Монако» раҳбарияти Мбаппени аслида бошқа мамлакат чемпионатида кўришни истаганди. Аммо Килианнинг шахсий қароридан кўз юмолмасдик. Ахир бу аввало, унинг ҳаёти, фаолияти ва танлови. Демакки, барчасини мустақил ҳал қилиш ҳуқуқига эга.

- «Реал» ва «Барселона» клублари ҳам Мбаппе учун чамаси 150-200 млн. евро беришга тайёр бўлгани ростми?

- Бу саволни жавобсиз қолдирганим маъқул. Аммо яширишга ҳожат йўқ - айниқса, «Реал» Мбаппе масаласида жиддий ҳаракат қилди ва бу ҳаммага маълум факт. Бошқа клублар таклифига келсак, улар кенг омма учун ёпиқ мавзу эди ва ҳозир қандайдир маълумот беришим ножоиз.

- «Монако» ва «ПСЖ» томонидан Мбаппега ваъда қилинган маош миқдори ўртасидаги фарқ қанчалик катта?

- Билмайман. Бу масала ўртага ташланмади...

- Унда айтингчи, 19 ёшли ҳужумчининг «ПСЖ» либосини кийишга ундаган асосий жиҳат нима?

- Ўзидан сўранг - хоҳласа гапириб беради. Умуман, Килиан бу борада баёнот беришга ҳам улгурди, менимча. Эшитишимча, у Франциядан четга чиқишдан олдин ўзи туғилган ва улғайган Парижда ўйнаб кўришни истаганини таъкидлабди.  Табиийки, бу борада кўп нарса биламан, аммо барчасини достон қилишга ҳаққим йўқ.

«Лемар «Арсенал»га, Жардим эса хитойликларга рад жавоби берди»

- Клуб Тома Лемарни нақ 100 млн. еврога сотишдан қандай ти-йилди? Ахир «Арсенал» таклифи фантастик даражада эди....

- Дарҳақиқат, фантастик сумма. Аммо биринчидан, олдимизда жамоани рақобатбардош ҳолатда сақлаб қолиш вазифаси турганини ҳам унутмаслигимиз керак. Иккинчидан, барча шартлар тўғри келмади. Нима бўлганда ҳам, Томанинг сафимизда қолганидан хурсандман.

- Лемарнинг ўзи жамоада қолишни маъқул кўрдими ёки уни кўндириш учун алоҳида ҳаракат қилишингларга тўғри келди?

- Яширмайман, у қайсидир паллада кетиш ҳақида ўйлаётганини рўй-рост айтди. Муҳими, охирида тўғри қарорга келди. Яъни ҳозирча фаолиятини айнан «Монако»да давом эттириши фойдалироқ эканлигини билдирди.

- «ПСЖ»ни ҳисобга олмаганда, Франция клубларининг маош масаласида инглизлар билан беллашиши жуда мушкул. Қизиқ, Лемар ниманинг ҳисобига жамоада қолишни афзал кўрди?

- Биринчидан, «Монако» ҳар мавсум чемпионатни совриндорлар сафида якунлаяпти, ЧЛда бинойидек иштирок этмоқда. Иккинчидан, олдинда ЖЧ-2018 турибди. Демакки, Лемар учун ҳозирда энг асосийси - ўйин амалиёти. Футболчининг якуний қарорига яна кўплаб факторлар, жумладан, жамоада ўзини жуда яхши ҳис қилаётгани ҳам таъсир кўрсатгани аниқ. Чамамда, у клубимизда ҳали тўлиқ «очилмагани»ни яққол ҳис этди, шекилли.

- Лемарнинг Франция термаси таркибида голландлар дарвозасига урган ажойиб голлари унинг трансфер баҳосини янада ошириши тайинми?

- Бозор ёпилган ҳозирги кунларда бу ҳақда ўйлаш ёки гапириш ортиқча. Нарх - бу сифатли иш самараси. Олдимизда оғир мавсум турганини унутмаслигимиз керак. Ҳамон рақобатбардош таркиб ва топ-мураббийга эгамиз ва буни амалда ҳам исботлашимиз шарт. Леонарду Жардимни Франциядаги энг кучли мураббий ва Европадаги энг яхшиларидан бири сифатида таърифлашга асослар етарли. Ҳа, баъзи етакчилар билан хайрлашдик, аммо улар ўрнига муносиб йигитларни чақирдик. Энди яна ягона жамоа бўлиб гавдаланиш учун озгина вақт керак.

- Дарвоқе, ёзда Жардимни ҳеч ким ўз томонига оғдиришга уринмадими? Ахир унинг ёш футболчиларни тайёр юлдузларга айлантираётгани кўплаб клублар тинчини бузиши тайин-ку.

- Мураббийни Хитойга таклиф этишди - албатта, жуда катта маблағ эвазига. Аммо унинг ўзи «Монако»даги ишини давом эттиришни хоҳлади. Натижада ўртадаги шартнома муддатини узайтирдик. Хуллас, келишувга асосан, Жардим клубимизни яна 3 йил бошқаради.

- Уни «Монако» учун Алекс Фергюсон мақомига кўтариш орзуси борми? Умуман, замонавий футболда мураббийнинг битта клубни чорак аср давомида бошқариши реалликка тўғри келадими?

- Очиғи, шундай ният йўқ эмас. Ҳа, эндиликда бунинг иложи йўқдек кўринмоқда. Замонавий футболга назар ташласак, биргина «Арсенал» ва Арсен Венгер ажралиб турибди. Боз устига, статистика дунёда мураббийлар оқими катталигини кўрсатмоқда. Аммо факт шуки, бизга ўз мураббийимиз маъқул. Агар Жардим «Монако»га чорак аср давомида устозлик қилса, бу клуб учун ажойиб тарих бўларди.

- Ёш футболчиларни кашф этиш ва ривожлантириш бобида Жардимнинг алоҳида сири борми?

- Аввало, шуни айтиш керак, у «Монако»нинг амалдаги лойиҳасини тўлиқ тушунди ва қабул қилди. Яъни мураббий масъулият ва ҳал қилувчи қарор ўртасидаги чегарани тўғри англади. Бошқача айтганда, Жардим муайян футболчини сотилишига қаршилик кўрсатиш ёки клуб қарорини танқид қилиш ўрнига мавжуд таркиб билан максимал даражага интилиш йўлини тутди. Сири нима? У ёш иқтидорларнинг юлдуз даражасига етиш онларини аниқ пайқайди. Бу алоҳида санъатдир.

- Аввалги мавсум натижалари - Франция чемпионлиги ва ЧЛ ярим финали ўзинглар учун ҳам чинакам «сюрприз» бўлганинини тан оласизми?

- Ўша мавсум бошланмаган ҳолат бўйича жавоб берсам, бу сўзсиз, катта «сюрприз». Аммо ўтган йил август охири ва сентябрь бошидаёқ ҳаммаси бошқача тус олишини сезгандик. Хусусан, сафарда «ПСЖ»ни мағлуб этганимиздан сўнг кийиниш хонасига кириб, футболчиларга шундай дегандим: «Бу бизнинг йилимиз, бизнинг мавсумдир. Йигитлар, биргаликда узоққа, анча узоққа боришимизга ишонаман».

- Мавсум аввалидаёқ шундай хулосага келишингизга яна қандай асос бор эди?

- Албатта, «ПСЖ» устидан қозонилган ғалаба ягона омил эмасди. Дейлик, Радамель Фалькао муваффақиятли қайтганини кўрдик. У мавсумга тайёргарлик босқичидаёқ Валер Жермен билан яхши ўйнаб, қатор голлар урди. Муҳими, жамоадаги муҳит аъло даражада эди. Кейин ЧЛнинг мураккаб 2та квалификацион босқичидан муваффақиятли ўтиб, гуруҳ раундига қўшилдик. Шундан кейин Парижда ғалаба қозондик. Буларнинг барчаси жамоани анча дадиллаштирди.

- Самарали мавсумдан кейин Фалькаога ҳам совчи клублар кўпайгандир...

- Сир эмас, у жаҳон миқёсидаги футболчи. Энг муҳими, ўзи «Монако»да қолишни афзал билди. Хуллас, Радамель ҳамкорликни тўхтатиш ҳақида ўйламади, биз ҳам. Мана, Фалькао жамоада ўзини яхши ҳис қиляпти, ҳақиқий сардор ва етакчига айланди. Ёдингиздами, у жароҳат туфайли Бразилия мундиалида қатнашолмаганди. Энди футболчи учун реванш олиш пайти яқинлашмоқда.

«Қишки трансферлар бўйича катта режамиз йўқ»

- Сўнгги вақтлардаги талабларни назарда тутсак, клуб учун Фабиньони таркибда олиб қолиш осон эмас...

- Ҳа, шундай. Ахир у 4 йилдирки, барқарор ўйнамоқда. Топ-клублар сенга қизиқишавераркан, якуний хулоса борасида мураккабликларга учрашинг табиий ҳол. Фабиньо - юқори савияли профессионал. Муҳими, ёзда нега уни жамоада олиб қолишни истаётганимиз сабабини айтганимизда, барчасини тушунди ва рози бўлди. Зеро, Фабиньо жамоада энг керакли футболчилардан бири эканлигини яхши билади.

- Қишда яна кимларнидир жамоа­да олиб қолишга уринасизми ёки трансферларга рухсат берасизлар?

- Одатда қишки бозор сотиш даври ҳисобланмайди. Агар кимнидир қўйиб юбориш масаласи кўтарилса ҳам, аввало, ўйин амалиётига эга бўлмаётганларга жавоб берамиз, шунда ҳам ижара келишуви асосида. Нима бўлганда ҳам, қишки трансферлар муддати биз учун катта аҳамият касб этмаслиги тайин.

- Мбаппе, Бернард Сильва, Бакайоко ва Мендининг олди-соттиси ўзаро солиштирилганида, «Монако» 631 фоиз фойда кўрибди. Бундай ишларни неча мартадирки, муваффақиятли уддалаётганинглар сири нима?

- Ҳа, бу рақамлар ҳақидаги маълумотни кўрдим, аммо уларни  текширмадим. Қандай уддалаётганимиз эса - кичиккина сир. Агар уни очсам, қолганлар ҳам ўрганиб олишлари мумкин-ку (кулади).

- Умуман, жорий мавсум жамоа олдига қандай вазифалар қўйилган?

- Ўзимиз иштирок этадиган 4та мусобақада ҳам имкон қадар узоқроққа боришимиз керак. Чемпионлик унвонини ҳимоя қилиш масаласи? Албатта, бу жуда қийин. Шунга қарамай, ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш ва 3 очко олишни кўзлаймиз.

И.ОБИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz