Қайднома

Қидирув

Nike, Adidas, Joma... Олий лига клублари қандай экипировкалардан фойдаланишади

Nike, Adidas, Joma... Олий лига клублари қандай экипировкалардан фойдаланишади

  29.09.2017 12:31
  0
  1038
Nike, Adidas, Joma... Олий лига клублари қандай экипировкалардан фойдаланишади

Замонавий футболни халқаро бренд мақомига эга спорт кийимлари тайёрлайдиган компанияларсиз тасаввур этиш қийин.

Зеро ҳозирги пайтга келиб бундай фирмалар жаҳон спортида юксак нуфузга эга саналади. Хўш, Ўзбекистон чемпионатида иштирок этувчи жамоа­лар қайси компания либосларидан фойдаланишмоқда?

Қайси бренд мамлакатимизда кўпроқ оммавий саналади? Қуйида шу ҳақда ҳикоя қиламиз. Таъкидлаш жоизки, олий лига иштирокчилари орасида энг оммабоп ва кенг тарқалган бренд - Joma саналади.

Ушбу испан фирмаси маҳсулотларидан миллий биринчилигимизда 7та жамоа фойдаланиб келмоқда. Кейинги ўринни эса немис компанияси - Adidas эгаллаб турибди.

Ҳозирда 4та жамоа айнан шу фирма экипировкалари билан таъминланган. Шунингдек, Patrick ҳамда Nike либосларидан мос равишда 2тадан жамоа фойдаланади.

Германиянинг яна бир вакили - Jako билан эса фақат битта жамоа ҳамкорлик қилиб келмоқда.

JOMA

Фирма либосларидан фойдаланадиган жамоалар: Ўзбекистон миллий термаси, «Нефтчи», «Навбаҳор», «Локомотив», «Сўғдиёна», «Олмалиқ», «Шўртан», «Металлург».

Айни пайт ўзбек жамоаларининг аксарияти Испаниянинг Joma фирмаси либосларидан фойдаланади. Ушбу компаниянинг юртимизга кириб келишида Ўзбекистон футзал терма жамоаси собиқ устози Хосе Мария Мендезнинг хизматлари беқиёсдир. Айнан ушбу мутахассиснинг саъй-ҳаракатлари туфайли 2012 йилдан Joma мамлакатимиздаги фаолиятини бошлаганди. Дастлаб ушбу фирма либосларидан олий лига жамоалари орасида Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси фойдаланди. Кейин эса қолганлар ҳам Joma экипировкалари билан «кийинтирилди». Мазкур компания маҳсулотлари юртимизда жуда тез оммалашди ва 2014 йилги мавсумда олий лиганинг нақ 12та жамоаси Joma билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Бунда айниқса, ушбу фирманинг юртимизда расмий вакиллик идораси ҳамда дўконини очгани катта аҳамият касб этди, десак хато бўлмайди. Жорий йилда 7та клуб Joma либосларидан фойдаланмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам майдонга айнан Joma экипировкаларида чиқаётгани диққатга сазовор.

ADIDAS

Фирма либосларидан фойдаланадиган жамоалар: «Бухоро», «Қизилқум», «Насаф», «Пахтакор».

Дунёга машҳур бренд саналадиган Adidas билан юртимизда одатда «Пахтакор» ҳамда «Насаф» жамоалари ҳамкорлик қилиб келардилар. «Шерлар» ва «аждарлар» узоқ йиллардан буён немис ишлаб чиқарувчиси тайёрлаган экипировкаларни кийишади. Ушбу мавсумдан бошлаб «Бухоро» ҳамда «Қизилқум» ҳам техник ҳамкор сифатида айнан Adidas фирмасини маъқул кўришди. Аввалги мавсумларда бухороликлар ҳам, навоийликлар ҳам Joma либосларида майдонга чиқишарди. Бу йилдан иккала клуб ҳам Joma билан ҳамкорликни тўхтатиб, Adidas формаларини киядиган бўлишди.

PATRICK

Фирма либосларидан фойдаланадиган жамоалар: «Динамо», «Машъал».

Ўзбек клублари билан техник жиҳатдан ҳамкорлик қилувчи компаниялардан яна бири Бельгиянинг Patrick фирмаси ҳисобланади. Жаҳон бозорига секин-аста чиқиб бораётган ушбу бренд юртимизга «Машъал» жамоа­си орқали кириб келганди. 2015 йилда «газчилар» билан шартнома имзолаган Patrick фирмаси вакиллари келаси йили ҳам «Машъал» учун ўз маҳсулотларини етказиб беришлари кўзда тутилган. Жорий мавсумдан бошлаб Самарқанднинг «Динамо» клуби ҳам Patrick формаларига буюртма берди. Ўтган йили Nike либосларидан фойдаланган самарқандликлар эндиликда майдонга Patrick рамзи туширилган либосларда чиқишмоқда.

NIKE

Фирма либосларидан фойдаланадиган жамоалар: «Обод», «Қўқон-1912».

Жаҳон бозорида каттагина улушга эга бўлган АҚШнинг Nike фирмаси негадир юртимиз жамоалари орасида у қадар оммабоп эмас. Бундай фикрга келишимизга асосий сабаб - олий лига вакиллари орасида фақатгина 2таси ушбу фирма либосларидан фойдаланади. Элитамизнинг «кенжа» иштирокчиси «Обод» мана икки мавсумдирки, Nike билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жамоа футболчилари ҳамда ходимлари тўлиқ шу фирма экипировкаси билан таъминланган. Қолаверса, ўтган йилга қадар Jomaдан либос буюртма қилиб келган «Қўқон-1912» жорий йилдан бошлаб техник ҳамкорини ўзгартиришга қарор қилди ва эндиликда қўқонликлар ҳам майдонга Nike формаларида чиқишмоқда. Мавсумни янги техник ҳамкор билан бошлаган Қўқон жамоаси ҳозирча ўзидан ёмон таассурот қолдираётгани йўқ.

JAKO

Фирма либосларидан фойдаланадиган жамоа: «Бун­ёдкор».

Германиянинг спорт маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган энг кенжа фирмаси ҳисобланувчи Jako бир неча йиллардан буён «Бунёдкор» учун спорт либослари тайёрлаб бермоқда. Ташкил этилганидан бери Nike экипировкаларидан фойдаланиб келган «қалдирғочлар» 2012 йилнинг март ойида Jako билан ҳамкорлик шартномаси имзоланганини эълон қилишди. Бунгача эса ўзбек жамоа­ларидан ҳеч бири Jako формаларини киймасди. Лекин ушбу фирма «Бунёдкор» учун кўнгилдагидек спорт либослари етказиб бера бошлагач, Тошкент клуби Осиё майдонларида бир неча бор муваффақиятли ўйин намойиш этди. Натижада томонлар ҳали-ҳамон ҳамкорликни давом эттириб келишмоқда. Таъкидлаш жоизки, ўтган мавсум Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси ҳам Jako фирмасидан формалар буюртма қилган эди. Лекин «лочинлар» бу йилдан яна Joma либосларига қайтишни лозим топишди.

Зокир Шоҳ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.