Қайднома

Қидирув

Асрор Алиқулов: «Ҳаётда юмшоқ бўлсамда, майдонда қаттиққўлман»

Асрор Алиқулов: «Ҳаётда юмшоқ бўлсамда, майдонда қаттиққўлман»

  30.09.2017 03:38
  0
  1081
Асрор Алиқулов: «Ҳаётда юмшоқ бўлсамда, майдонда қаттиққўлман»

Тажрибали ҳимоячи Асрор Алиқулов ўтган йили профессионал футболчилик фаолиятига якун ясаганди. Унинг сўнгги жамоаси «Шўртан» бўлиб қолди.

Алиқулов айнан ғузорликлар сафида ўйновчи-мураббий сифатида бутсаларини михга илди. Ҳозирда у мазкур клуб мураббийлар штабида фаолият олиб боряпти.

Ундан аввал эса «Шўртан» ёшларига устозлик қилиб, жамоани турнир жадвалининг юқори поғоналарига олиб чиққанди. Лекин кутилмаганда уни асосий таркиб мураббийлар штабига ўтказишди.

Шуниси аниқки, кўз ўнгимизда яна бир истеъдодли мураббий пайдо бўляпти. Ўзига хос услубга эга бу мутахассисни олий лига 21-тури доирасидаги «Пахтакор» - «Шўртан» учрашувида учратиб қолдик ва табиийки, ундан нашримиз учун интервью олдик.

- Асрор ака, мураббийлик фаолиятингиз бошланганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Айтинг-чи, илк қадамлардан кўнглингиз тўляптими?

- Ўтган йили футболчи сифатидаги сўнгги мавсумимни ўтказдим. Бу йилдан эса мураббийликдаги фаолиятим бошланди.

Дастлаб «Шўртан» клуби раҳбарларидан ёшлар жамоасини беришларини сўрагандим, бунга қарши бўлишмади. Шу тариқа февраль ойида иш бошладим.

Тўғриси, унчалик қийналмадим. Боиси, фаолиятимнинг сўнгги икки йилида асосан ўйновчи-мураббий сифатида фаолият юритгандим. Қайсидир маънода мураббийликдаги фаолиятим эртароқ бошланганди, дейиш мумкин.

Шунга қарамай, мураббийликнинг масъулияти, унинг юки иш жараёнида барибир сезилаверди. Ўзига яраша муаммолар ҳам бор эди.

Биринчи навбатда, ўтган йиллар давомида асосий таркибга истеъдодли ёшларни етказиб бериш масаласида сусткашликка йўл қўйилганди. Асосий жамоага деярли номзодлар тайёрлаб берилмаётганди.

Ваҳоланки, ўринбосарлар таркиби тузилганига бир неча йиллар бўлганди. Ўз олдимга айнан мана шу ҳолатни ўзгартириш, ёшлар лигасидаги жамоада ишни тўғри йўлга қўйишни мақсад қилиб қўйгандим. Озми-кўпми бу ниятларимга эришдим.

- Футболчилик фаолиятингиз мобайнида анчагина таниқли мураббийлар қўл остида ўйнадингиз. Ўша пайтлардаёқ мураббийлик сир-асрорларини ён дафтарчангизга ёзиб юрармидингиз? Умуман, олган билим ва кўникмаларингиз ҳозир ас­қотяптими?

- Албатта, ёзиб юрардим. Лекин барибир, назарий билимлар билан амалиёт ўртасида катта фарқ бор. Бу нарсаларни мураббийлик фаолиятимнинг илк кунларидаёқ сездим.

Кечалари уйқу бўлмади. Ҳар куни имтиҳондан қандай ўтарканман, деган саволлар қийнарди. Секин-аста ўрганиб, кўникиб кетдим.

Ҳар бир соҳада бўлгани каби футбол ҳам бир жойда тўхтаб қолаётгани йўқ. Кундан-кунга ўзгаришлар рўй беряпти. Ўша пайт ён дафтарчамга қоралаб қўйганларим ҳозирги замонавий футбол талабларига унчалик ҳам тўғри келмаяпти.

Мана, ҳозир ҳам ўйинни кузатиб ўтирибман. «Пахтакор» намойиш этаётган футболдан ўзига яраша нималарнидир ўрган-япман.

- Футболчиликдаги олтин даврларингиз айнан «Пахтакор»да ўтган. Ҳозирги жамоанинг ўйин услубида ўзгаришлар кўзга ташланяптими?

- Бўлмасам-чи. Клубга грузиялик мутахассис келганидан кейин «Пахтакор»нинг ўйинида европача услуб кўзга ташланяпти. Ўзбек клубларида ҳимоячиларнинг ҳужумга қўшилишини деярли кўрмаймиз.

Ҳозирги «Пахтакор»да мен шу нарсага гувоҳ бўлдим. Ҳужумда кўпчилик қатнашяпти. Бу эса рақиб ҳимоячиларини саросимага солиб қўяди. Натижада рақиб жамоа мудофаасида парокандалик юзага келади.

- Ҳимоячиларнинг ҳужумга фаол қўшилмаслиги футболимиздаги энг катта камчилик эмасмикан?

- Шундай деса ҳам бўлади. Ёшларни тарбия қилишимиз керак. Уларга замонавий футбол талабларини ўргатишимиз лозим.

- Европа клубларида ишлаётган қайси мураббийларнинг иш услубини кузатиб, керак бўлса ўрганиб борасиз?

- Кўпроқ «Манчестер Юнайтед» ҳамда «Челси» жамоалари иштирокидаги ўйинларни кўраман. Конте ва Моуриньонинг иш услубларини ҳурмат қиламан.

Шунингдек, ҳимоядан ҳужумга ўтишни хуш кўрувчи ҳамда шу тактика асосида ўйнайдиган «Ливерпуль» ва «Тоттенхэм» клублари ўйинини ҳам ўтказиб юбормасликка интиламан.

- Мураббий футболчилик даврида қайси амплуада ўйнаган бўлса, кейинги фаолиятида шунга мойиллик сезилар экан.

Яъни, ўзи бош­қараётган жамоаларда ҳимоячи бўлса, ҳимоявий, ҳужумчи бўлса, ҳужумкор услубни илгари суради. Сизда бу ҳолат қандай кечмоқда? Ҳимоявий услубга тортиб кетмаяптими?

- Мураббий сифатида иш бошлаган илк давримда ҳимоявий футбол тарафдори бўлганман. Чунки мудофаани мустаҳкамламай туриб, ҳужумга ўтиш - бу муқаррар мағлубиятга тенг.

«Шўртан» ўринбосарлари билан ишлашда қийналганман. Аммо кейин менга ҳам, ҳимоячиларнинг ўзига ҳам яхши бўлган. «Пахтакор», «Бунёдкор», «Насаф» каби кучли жамоаларга қарши баҳсларда ёшларимиз анча яхши ўйин кўрсатишди.

Биринчи навбатда, тартиб ва интизом бўлиши керак. Бу икки нарсани жамоангизда мужассам этмай туриб, ижобий натижага эришиш мушкул.

- Ўзингизни қаттиққўл мураббий ҳисоблайсизми?

- Ҳаётда юмшоқ табиатли инсон бўлиб кўринсамда, майдон ва унинг атрофида анчайин қаттиққўлман. Ёшлар билан бошқачасига ишлаб бўлмайди. Керак жойда мулойимроқ гапираман. Юқорида айтганимдек, майдонда интизом ва тартиб бўлиши шарт.

- Ўзбек футболида кўпроқ тўп билан ишлаш, техникага эътибор қаратилади. Сиз машғулотларда асосий урғуни нимага беряпсиз?

- Асосан жисмоний тайёргарликка эътибор қаратяпман. Чунки жисмоний куч маромида бўлмаса, футболчилар иккинчи бўлим ўрталарига етиб бормай чарчаб қолишади. Замонавий футболнинг катта қисми яккакурашлардан иборат.

- Ёшлар жамоасида жисмоний тайёргарлик бўйича ёрдамчингиз бормиди?

- Йўқ, машғулотларни ўзим олиб борардим.

- «Шўртан» ёшлар жамоасидан кетиш осон бўлмагандир?

- Албатта. Ўзимга қолса, кетмасдим. Боиси, бу йигитларнинг потенциалини яхши билардим. Вазият шуни тақозо қилди ва кетишга мажбур бўлдим. Ҳозир «Шўртан»нинг асосий жамоаси мураббийлар штабида ишлаяпман.

- Бу жамоада асосий вазифангиз нимада иборат?

- Бош мураббий ёрдамчисиман. Машғулот жараёнида қатнашаман.

- Ғузордаги футбол мактаблари, «Шўртан» клубининг тайёрлов гуруҳларида ўзбек футболининг эртаси бўла оладиган истеъдодли ёшлар борми?

- Бу жараённи кузатиб боряпман. Лекин тан олиш керак, Ғузорда болалар футболига эътибор анча орқада қолиб кетган.

Ўйлайманки, футболимиздаги сўнгги ўзгаришлардан сўнг бу соҳада ҳам ижобий ўзгаришлар бўлади. Болалар мураббийлари масъулиятни ҳис қилган ҳолда ишлашади.

- Истеъдодли футболчини юзага чиқарадиганларгина ҳақиқий мураббий ҳисобланади. Шу маънода малакали мутахассислар етарлими?

- Афсуски, йўқ. Шунчаки, номига мураббий бўлмаслик керак. Шу касбни танладингми, ишга масъулият билан ёндашиш шарт. Келажак авлодни тарбиялаётганда бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.

Болалар билан ишлайдиган мураббийларнинг иши ўринбосарлар ва асосий таркибга футболчи етиштириб бериши орқали кўзга ташланади.

- Шахсан ўзингиз тайёрлаган ёшлардан бугун асосий таркибда ўйнаётганлари борми?

- Бугун захирадан майдонга тушган Жасур Холтўраевни айтишим мумкин. Жуда истеъдодли йигит. Лекин унга ҳали вақт керак, эндигина катталар футболига ўтяпти.

- Аксарият машҳур футболчилар ўзларининг хайрлашув ўйинларини ўтказишади. Сизда ҳам шундай учрашувни ташкил этиш истаги борми?

- Билмадим, ҳозир мазкур масалада бир нарса дейишим қийин. Менимча, айни дамда бунинг мавриди ҳам эмас. Чунки янги мавсумда қайси жамоада ишлашим ҳозирча номаълум.

Катта эҳтимол билан «Шўртан»ни тарк этсам керак. Айни пайтда хайрлашув ўйинидан кўра янги мавсумни қайси жамоада бошлашим муҳимроқ бўлиб турибди. Балки кейинроқ ушбу мавзуга яна қайтарман.

- Бошқа клублардан таклифлар борми?

- Ҳа, 2-3та жамоадан таклиф бўлди. Олдинроқ «Машъал» жамоасига ҳам чақиришганди. Лекин ўшанда ўтиш амалга ошмай қолганди.

- Мураббийлик курсларида ўқиш истагингиз борми?

- Ҳозир менда «В» тоифали мураббийлик лицензияси бор. Чемпионат якунланиши ҳамоно «А» тоифаси учун ташкил этиладиган мураббийлик курс­ларида таҳсил олишни бошлайман.

- «Шўртан» жамоаси раҳбарияти ёрдам беряптими?

- Ҳозиргача ҳеч қандай кўмак бергани йўқ. Кўрамиз, балки «А» тоифаси учун ўқишга ёрдам беришар.

- Ортга назар ташласангиз, футболчилик фаолиятингиздан кўнглингиз тўладими?

- Терма жамоа билан жаҳон чемпионати саралаш баҳсларидаги иштирокимизни инобатга олмаса, футболчилик фаолиятимдан кўнглим тўлган.

Мундиалга чиқиш ҳалигача армон бўлиб қоляпти. Нафақат бизга, балки футболимиз тарихидаги энг кучли таркиб деб аталган жамоага ҳам бу насиб этмади.

Бешта мағлубият билан ҳам имкониятга эга бўлдик. Бундан ортиқ яна нима керак? Футболчи сифатида эриша олмаган ютуқларимга мураббийликда эришиш ниятим бор.

- Мухлис сифатида таҳлил қилиб кўринг. Терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиқиши учун нима етишмади?

- Максим Шацкихга ўхшаган ҳужумчи етишмади. Терма жамоамизнинг энг катта камчилиги бу - ҳужум. Дарвозага аниқ зарба бериш ҳақида ҳали гапираётганим йўқ.

Игорь Сергеевни ҳамма кўрди. Бундай ўйин билан жаҳон чемпионатига чиқа олмаймиз. Одил Аҳмедов, Виталий Денисовга суяниб қолганмиз. Агар шу икки футболчи майдонда бўлмаса, мураббийларимиз нима қилишни билмай қолишяпти. Легионерлар асосий кучга айланган.

Сабаби, маҳаллий чемпионат жуда кучсиз. Ички рақобат кучли бўлмас экан, терма жамоанинг натижалари шундай паст бўлиб қолаверади.

- Лекин сиз ўйнаган даврда ҳам бу муаммо бор эди. Максим Шацкихнинг келишини кутардик...

- Тўғрику-я, лекин ҳозиргидек эмас. Масалан, Сурия терма жамоасидан енгилиш уятда. Кўряпсиз-ку, улар ўз ўйинларини қандай ҳолатда ўтказиш­япти.

Шундан хулоса қилиб олаверинг. Футболчиларда ғурур бўлиши керак, акс ҳолда, ҳамма ҳаракатлар самарасиз якунланаверади.

- Фаолиятингиздаги энг эсда қоларли учрашув?

- МҲСК стадионида Саудия Арабистони терма жамоасини мағлубиятга учратган ўйинимизни жуда кўп эслайман. Адашмасам, ўша баҳсда илк бор Саудия Арабистони терма жамоасини таслим этгандик.

-Аксинча, алам билан эслайдиган ўйинингиз қайси бўлган?

- «Пахтакор» либосида «Бунёдкор»­га қарши кечган учрашувда ўз дарвозамизни ишғол қилиб қўйганман. Ўша йиллари бу икки жамоа ўртасидаги дерби ўйинлари дарҳақиқат номига мос тарзда ўтарди.

Тўғри, ўйиндан кейин клуб раҳбарлари мени кечиришди, далда беришга ҳаракат қилишди. Аммо ўша ўйиндаги хатоим ҳалигача кўнглимни ғаш қилади.

- Асрор ака, фарзандлар ҳам сизга эргашишдими?

- Ўғлим 2006 йилда туғилган. Бугунги кунда «Бунёдкор» академияси тарбияланувчиси. У ҳам ҳимояда ўйнайди. Бўйи ёшига нисбатан баланд. Етти ёшдан бери футболга ошно. Энг муҳими, футболга ўзи қизиқди.

К.АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz