Қайднома

Қидирув

Умрнинг сўнгги дамлари ёхуд «Барнсли» клуби ҳақида нималарни биласиз?

Умрнинг сўнгги дамлари ёхуд «Барнсли» клуби ҳақида нималарни биласиз?

  30.09.2017 06:29
  0
  902
Умрнинг сўнгги дамлари ёхуд «Барнсли» клуби ҳақида нималарни биласиз?

Туманли ўлкада «Барнсли» деган клуб борлигини ҳамма ҳам билавермаса керак.

Шу ном билан аталувчи шаҳар шарафини ҳимоя қилувчи мазкур жамоа юз йилдан ортиқ тарихи давомида мақташга арзигулик ютуқларга эришолмаган. 20-аср бошида «кўппаклар» (лақаби худди шундай) Англия кубогини қўлга киритишди.

Бир йил аввал эса футбол лигаси(биринчи ва иккинчи дивизион вакиллари ўртасидаги мусобақа)нинг бош совринига эга чиқишган. Шу, холос.

Бугунги кунда чемпионшип ўртамиёналаридан бири ҳисобланувчи «Барнс­ли» 2002 йили тангликка юз тутганди - клуб учинчи дивизионга тушиб, ҳомийларидан айрилди.

Вазият банкротлик билан хотима топиши тахмин қилинаётган паллада шаҳар мэри Питер Дойл қарзларнинг маълум қисмини тўлаб, жамоани сақлаб қолгач, уни маҳаллий бизнесмен Патрик Крайн ихтиёрига топширди. Бу шахс соғлиқни сақлаш тизими консалтинги ҳамда биржаларда молиявий фаолият билан шуғулланарди.

Орадан 5 йил ўтиб, Крайн жамоани чемпионшипга қайтарди, 2008 йили эса «кўппаклар» ҳаттоки, бутун мамлакатни лол қолдириб, Англия кубогида «Ливерпул»ни енгишди, турнир ярим финалига қадар етиб боришди.

Яна бир аҳамиятга молик жиҳат - молиявий барқарорлик. 2007 йили Крайн iSoft компьютер компаниясини мўмай даромадга пуллагач, клуби ва ўзининг ёрқин келажагини таъминлади. Ўша кезлари у италия­лик ҳамкасбларини «Барнсли»га пул тикишга кўндирмоқчи бўлди, аммо томонлар рақамлар борасида келиша олишмади ва барча масъулият яна Патрикнинг зиммасида қолди.

Ўтган йилнинг кузида клуб расмий сайтида Крайн­нинг саратон хасталигига чалингани ҳақида маълумот берилди: «Яқин орада у жамоамиз ҳаётидаги иштирокини якунлаши мумкин.

Оила адвокати клубдаги акциялар пакетининг ҳолатини назорат қилишда давом этади». Раҳбар интенсив даволанишдан олдин етакчи лавозимларга ўзи ишонган шахсларни қўйди: ижрочи директорлик Линтон Браунга, молия директорлиги эса Роберт Зук зиммасига юклатилди.

Қишда ишқибозлардан бири махсус сайт орқали Патрик Кинга аталган улкан байроқ учун пул йиғаётганини билдирди. Натижада керагидан ортиқ маблағ йиғилди - улар хайрия мақсадига йўналтирилди.

Ўтган мавсум якунлангач, матбуот клубнинг ички муаммолари ҳақида бонг урди, аммо «Барнсли» кутилган ўринни эгаллади. Яқинда эса жамоа бош мураббийи Пол Хеккинботтом янги раҳбар қидирилаётганини айтди. Вариантлардан бири - америкалик Пол Конвей. Шунингдек, «Ницца» акцияларига эгалик қилувчи хитойлик бизнесмен Чиен Лининг номи ҳам тилга олинган. Афтидан, айнан шу тандем «Барнс­ли» бошқарувини қўлга олишади.

Яқинда Крайн ишқибозларга очиқ хат йўллаб, унда касаллик аримаётгани, аксинча, кундан-кун оғирлашаётганини билдирди: «Мен оғриқлар исканжасида яшаяпман, аммо ҳаётимдан нолимайман. Саратон - маккор, шафқатсиз ва ваҳший. Ҳаммага мунтазам равишда шифокор кўригидан ўтишни маслаҳат бераман.

Умримнинг катта қисмини беҳуда ўтказдим, ҳолатим яхши эканлигидан унумли фойдалана билмадим. Ҳамиша оиламни барча нарсадан устун қўйганман, бироқ яқинларимга кўпроқ вақт ажратиб, уларни яхши кўришимни айтмаганман.

Ҳозир шундай қиляпман ва бу барчамизга қувонч бағишламоқда. Албатта, қўл остимдаги клуб ҳам мен учун муҳим бўлган. Оила аъзоларимда «Барнсли»га нисбатан муҳаббат уйғонгани омадимдир».

Сўнгра кўпчиликнинг дилини хира қиладиган сўзларни қўшимча қилди: «Мавсум охиригача етиб бориб, якуний натижаларни кўролмасам керак, аммо умидимни сўндирмай, ўйинларни кузатяпман. Ҳаммага энг эзгу тилакларимни билдираман, кўп йиллар давомида кўрсатган меҳрибонлигингиз учун раҳмат».

Крайннинг шарофати билан шаҳар профессионал клуб ҳамда мунтазам равишда томошабинларга лиқ тўладиган (23 минг киши, яъни маҳаллий аҳолининг тўртдан бир қисмига мўлжалланган) стадионга эга чиқди.

Маҳаллий мухлисларнинг АПЛдаги иштирокдан умид узганларига анча бўлди (ваҳоланки, Крайн бир неча марта бу ҳақда орзу қилаётганини билдирганди), аммо уларга футбол керак. Адреналинга бой завқ, қадрдон шаҳар ва унинг аҳолисига яқинликни ҳис қилиш учун миллионлар ўйинидан воз кеча олишмайди.

Яқинда «Барнсли» лига кубогида «Дерби Каунти»ни мағлубиятга учратди (3:2). Учрашувдан сўнг Хекингботтом шундай деди: «Биз ушбу ғалабани Патрикка бағишлаймиз. У жамоамизни руҳлантириб туради». Ҳа, бу йигитлар содиқ раҳбарлари учун ҳар қанча курашишса арзийди.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz