Қайднома

Қидирув

Трансфер «бозори»даги энг фаол топ клублар

Трансфер «бозори»даги энг фаол топ клублар

  30.09.2017 00:07
  0
  1999
Трансфер «бозори»даги энг фаол топ клублар

Хабарингиз бор, ёзги трансферлар мавсуми бир-биридан қизиқ воқеаларга бой тарзда ўтди. Қу­йидаги мақола ана шу олди-сотдилар вақтида фаоллик кўрсатган клублар ҳақида.

«ЮВЕНТУС»

Сарфлади - 149,2 млн. евро

Ишлади - 123,9 млн. евро

Келганлар: Федерико Бернардески, Хуан Куадрадо, Блез Матюиди, Меҳди Бенатиа, Войцех Шенсни, Маттиа Де Шильо, Родриго Бентанкур, Дарио Дель Фабро, Матеус Перейра, Фердинандо Дель Соле, Дуглас Коста (ижара), Бенедикт Хёведес (ижара).

Кетганлар: Леонардо Бонуччи, Кинг­сли Коман, Марио Лемина, Симоне Заза, Филиппо Романья, Франческо Кассата, Нето, Симоне Ганц, Кристиан Паскуато, Лорензо Роззети, Юнес Бну-Марзуқ, Викинтас Сливка.

Бир қарашда ёзги трансферлар мавсуми «Ювентус» учун омадсиз ўтгандек: Дани Алвесни йўқотишди, Бонуччини принципиал рақибга сотишди ва жуда кўп пул сарфлашди. Бироқ бу фикр нотўғри бўлиши ҳам мумкин. Биринчидан, «Юве» деярли ҳар бир чизиғини кучайтирди. Кьеллини ва Барзальи энди ёш футболчилар эмас. Шунинг учун мудофаани кучайтириш қарори ўзини оқлаши мумкин. Масалан, «Кекса синьора» «Бавария»дан тажрибали Меҳди Бенатияни сотиб олди.

Майдон марказини мустаҳкамлаш мақсадида эса «ПСЖ»дан Блез Матюиди харид қилинди. Иккинчидан, «Ювентус» жуда яхши пул ишлаб топди: жамоа 12 нафар футболчисини сотиш орқали ўз ғазнасига 120 миллионни қўшиб қўйди. Учинчидан, туринликлар бир мавсумлик ижара келишуви асосида икки ажойиб футболчини ўз сафларига қўшиб олишди.

Уларнинг иккиси ҳам Германия чемпионатидан. «Бавария»дан мукаммал зарбаларга эга, ажойиб техника соҳиби Дуглас Коста харид қилинди. Бенедикт Хёведес эса «Шальке-04» жамоасидан ижарага олинди. Хёведес ўтган мавсум рақибдан тўп олиб қўйиш бўйича бундеслиганинг энг яхши футболчисига айланганди. Хуллас, кимдир «Ювентус»ни кучсиз деб ҳисобласа, хато қилади.

«БАВАРИЯ»

Сарфлади - 103,5 млн. евро

Ишлади - 32,5 млн. евро

Келганлар: Корентен Толиссо, Кингсли Коман, Никлас Зюле, Серж Гнабри, Себастьян Руди, Хамес Родригес (ижара).

Кетганлар: Меҳди Бенатиа, Жанлука Гаудино, Хольгер Бадштубер, Ренату Саншеш (ижара), Дуглас Коста (ижара).

Мюнхен клуби катта трансферларни амалга оширмай қўйганига анча бўлди. Эндиликда «Бавария» таркибини Германиянинг ёш иқтидор соҳиблари ва кўплаб имкониятларга эга футболчилар билан тўлдирмоқда. Бундеслиганинг энг номдор клуби бу ёзда ўзининг трансфер рекордини янгилади. Корентен Толиссо 41,5 миллион евро эвазига сотиб олинди. Конфедерациялар кубоги-2017 ғолиби Никлас Зюлени эса 20 миллион еврога харид қилди. Германия терма жамоа­сининг яна бир футболчиси Себастьян Рудининг трансферига алоҳида тўхталиб ўтиш керак. Иқтидорли ярим ҳимоячининг турли позицияларда самарали ҳаракат қила олиши мюнхенликларга қўл келиши мумкин. Энг муҳими, «Бавария» мазкур футболчини текинга қўлга киритди. Агар сотиб юборилганлар ҳақида гапирадиган бўлсак, мюнхенликлар асосий футболчиларидан айрилишгани йўқ. Асосан кам ўйин амалиётига эга ўйинчилар ижарага бериб юборилди.

«Манчестер Юнайтед»

Сарфлади - 164,4 млн. евро

Ишлади - 8,5 млн. евро

Келганлар: Ромелу Лукаку, Неманья Матич, Виктор Линделёф, Златан Ибрагимович.

Кетганлар: Аднан Янузай, Уэйн Руни.

«Манчестер Юнайтед» жуда катта пул сарфлаб, уч нафар футболчига эга бўлди (Ибрагимович эркин агент мақомида жамоа сафига қўшилган). Ишлаган пуллари эса жуда кам: «қизил иблислар» фақатгина Аднан Янузайни сотиш эвазига 8,5 миллион ишлашди. Руни эса жамоани эркин агент сифатида тарк этди. Молия­вий томондан қаралганда жамоа фақатгина зарар кўрди.

Аммо «МЮ» хўжайинлари ҳозир бу ҳақида ўйлашмаяпти. Асосийси - жамоанинг муваффақиятли иштироки ва совринлар. Бу мавсум «қизил иблислар» олдинга катта қадам ташлашди. Манкунианликлар ниҳоят, Англия премь­ер-лигаси шоҳсупасига кўтарилишлари мумкин.

Жозе Моуриньо қўл остида ажойиб таркиб жамланди. «Манчестер Юнайтед» кучли мудофаа, ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғига эга бўлди. Дастлабки уч турда рақиблари дарвозасини 16 марта ишғол қилган манчестерликлар ўз дарвозаларидан атиги 2та тўп олиб чиқишди.

Ҳозирда эса бир хил кўрсаткичга эга ҳамшаҳарлари - «Манчестер Сити» билан биргаликда турнир жадвалида пешқадамлик қилишмоқда.

«ЛИВЕРПУЛЬ»

Сарфлади - 89 млн. евро

Ишлади - 40,7 млн. евро

Келганлар: Муҳаммад Салоҳ, Алекс Окслейд-Чемберлен, Эндрю Роберт­сон, Доминик Соланке.

Кетганлар: Мамаду Сахо, Лукас Лейва, Кевин Стюарт, Андре Уиздом.

Англиянинг яна бир гранди ўз олдига жиддий вазифалар қўйган ҳолда озми-кўпми кучайишга эришди. Сўнг­ги йилларда «Ливерпуль» етакчиларини катта пул эвазига йўқотаётганди. Аммо қўлга киритилган маблағ нимагадир эга бўлиш учун етмасди. Бу ёзда мерсисайдликлар бош­қача йўл тутишди. Улар ўз етакчиларини сақлаб қолишдан ташқари, таркибни янада кучайтиришди.

Муҳаммад Салоҳ ўз ўйинлари билан қандай савияга эга эканлигини намо­йиш қилмоқда. Бундан ташқари, Алекс Окслейд-Чемберлен ва Эндрю Робертсон ҳам жамоага фойда келтира олишади. Шунингдек, «Ливерпуль» Англиянинг энг иқтидорли ёшларидан бири Доминик Соланкени текинга қўлга киритди. Мерсисайд­ликлар ниҳоят, Мамаду Саходан қутулишди.

Юрген Клопп уни ҳаттоки, захира ўриндиғида ҳам кўришни истамаганди. Энг муҳим ҳодиса эса Филиппе Коутиньонинг жамоада қолиши бўлди. Бразилия терма жамоаси аъзосини қўлга киритиш учун «Барселона» оз-мунча ҳаракат қилмаганди. Футболчининг ўзи ҳам испанлар сафига қўшилиш истагида эди.

Албатта, бунинг натижасида «Ливерпуль» мухлисларининг Филиппега нисбатан муносабатлари бироз бўлсада ёмонлашди. Бироқ футболчи жорий мавсумдаги чиройли ўйинлари эвазига уларнинг ишончини қайтариши мумкин.

«ЭВЕРТОН»

Сарфлади - 158,2 млн. евро

Ишлади - 107,4 млн. евро

Келганлар: Гилфи Сигурдссон, Майкл Кин, Жордан Пикфорд, Дэви Классен, Генри Оньекуру, Сандро Рамирес, Уэйн Руни, Куко Мартина, Никола Влашич.

Кетганлар: Ромелу Лукаку, Жерар Деулофеу, Том Клеверли, Гарет Бэрри, Эйден МакГиди, Аруна Коне, Конор Макэлени, Леандро Родригес.

«Эвертон» ёзги трансфер мавсумини кутилмаган ҳолда жуда фаол ўтказди. Биринчи навбатда, «Суонси»дан харид қилинган Гилфи Сигурдссон ҳақида гапириш керак. «Ирислар» мазкур футболчи учун 49,4 миллион сарф­лашди. Бу «Эвертон» тарихидаги энг қиммат трансфер бўлди. Олдинги рекорд Ромелу Лукакунинг хариди билан боғлиқ эди.

Ливерпулликлар уни 35,4 миллионга сотиб олишганди. Шунингдек, Лукаку «Эвертон» сотган энг қиммат футболчи ҳам ҳисобланади: бельгиялик футболчининг трансфери 84,7 миллион келтирган.

Умуман, «ирислар» жорий мавсум ўз таркибларига 9 нафар янги футболчи қўшиб олишди. Улар орасида ўз тарбияланувчилари Уэйн Руни ва Дэви Классеннинг трансфери алоҳида аҳамиятга эга.

Клуб янги келганлар учун кўп сарфлашдан таш­қари, Эйден МакГиди ва Аруна Коне каби футболчиларни пуллашга ҳам улгурди. Хуллас, «Эвертон» трансфер бозорида яхши ишлади.

«МОНАКО»

Сарфлади - 102 млн. евро

Ишлади - 177,5 млн. евро

Келганлар: Бальде Кейта, Юри Тилеманс, Теренс Конголо, Стеван Йоветич, Адама Диакаби, Суалихо Мейте, Хорди Мбула, Диего Бенальо, Жорди Гаспар, Рашид Ғаззоли.

Кетганлар: Бенжамин Менди, Бернарду Силва, Тьемуэ Бакайоко, Аллан Сен-Максимен, Валер Жермен, Абду Диалло, Корентен Жан, Набиль Дирар, Килиан Мбаппе (ижара).

«Монако» бу рўйхатимизда катта пул сарфлаб, унданда катта даромад кўрган ягона клуб. Князликлар ўтган мавсум Чемпионлар Лигасида ажойиб ўйин­лар кўрсатган таркибнинг деярли ярмини сотиб юборишди.

Энг муҳими, жамоа етакчиларини йўқотган бўлсада, ишлари орқага кетгани йўқ. Асосий футболчилар жамоани тарк этишганидан сўнг уларнинг ўрни Европанинг энг иқтидорли футболчилари эвазига тўлдирилди.

«Монако» 102 миллионга 10 нафар футболчи сотиб олди. Буларнинг ичида энг қиммати «Лацио»дан келган Бальде Кейтанинг трансфери бўлди - 30 миллион. Монегаскларнинг трансфер бозоридаги ишлари таҳсинга сазовор.

«МИЛАН»

Сарфлади - 240,5 млн. евро

Ишлади - 55,5 млн. евро

Келганлар: Леонардо Бонуччи, Андре Силва, Андреа Конти, Ҳоқон Чалханоглу, Матео Мусаккио, Рикардо Родригес, Лукас Билья, Франк Кесси, Никола Калинич, Антонио Доннарумма, Фабио Борини.

Кетганлар: Маттиа Де Шильо, Юрай Куцка, Родриго Эли, Жанлука Лападула, Лионель Вангиони, Лука Видо, Маттео Пессина, Диего Лопес, М~Байе Ньянг, Жанмарко Зигони.

Трансфер бозорида яққол порлаб чиққан жамоа бу - «Милан». Хитойлик инвесторлар ишга киришишди ва клубни сезиларли даражада кучайтиришга қарор қилдилар. Натижада жамоага 11 нафар янги футболчи жалб қилинди. Уларнинг орасида энг кутилмагани Леонардо Бонуччининг трансфери бўлди.

Италия терма жамоаси ҳимоячисининг «Ювентус»дан «Милан»га ўтишини ҳеч ким кутмаганди. Аммо яхшигина фантазияга эга хитойликлар ҳаммани ҳайрон қолдиришни уддалашди. Яна бир диққатга сазовор трансфер португалиялик ҳужумчи Андре Силванинг хариди билан боғлиқ. Унга Европанинг бир қатор топ-клублари қизиқишаётганди, аммо футболчи «Милан»ни танлади.

Катта трансферлардан ташқари, Фабио Борини ва Никола Калинич каби ўрта савияли, аммо ёрқин ўйнаши мумкин бўлган харидлар ҳам бор. Бу футболчилар жорий мавсум икки баравар кўп куч сарфлаб, яхши ўйин кўрсатишлари керак. Чунки улар ижара шарти асосида жамоа сафига келиб қўшилишган.

Агар ўзларидан яхши таассурот қолдира олишса, келгуси ёзда расман «Милан» аъзосига айланишади. Шунингдек, бу фикрларни Франк Кессига нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Чунки у ҳам ижара асосида жамоа сафига қўшилган. Фарқи шундаки, Кессининг ижара муддати икки йилга мўлжалланган.

Албатта, шартнома бандига кўра, агар миланликлар исташса, уни тўлиқ сотиб олишади. Шу йўл билан балки «россонери» Европанинг кучли клублари орасига қайтар...

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

FUTBOL TV телеканалининг 15-декабрь кунидаги кўрсатувлар дастури

  • Ўзбекистон терма жамоасининг янги бош мураббийи ким бўлиши мумкин?

  • Ҳўш, сайтимиз сизга ёқдими?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.