Қайднома

Қидирув

Ағдамда бир жамоа бор

Ағдамда бир жамоа бор

  30.09.2017 14:53
  0
  1129
Ағдамда бир жамоа бор

«Қорабоғ» - Озарбайжоннинг энг кучли жамоасими? Худди шундай. Бу клуб маҳаллий чемпионатнинг сўнгги тўрт мавсумида ғолиб чиқишдан ташқари, уч марта мамлакат кубогини қўлга киритди. Шундай экан, унинг бугунги кунда ўз биринчилигида яққол гегемонга айлангани шубҳадан холи.

ЕЧЛ саралашидаги рақиби

Озарбайжоннинг асосий жамоаси Европанинг клублар ўртасидаги энг нуфузли турнири гуруҳ босқичига чиқиш учун учта саралаш раундидан ўтди. Мусобақадаги иштирокини июлда бошлаган «Қорабоғ» дастлаб Грузиянинг «Самтредиа»сини мағлубиятга учратди (уйда - 5:0, меҳмонда - 1:0). Сўнгра Молдавиянинг «Шериф» (уйда - 0:0, меҳмонда - 2:1) ҳамда Дания чемпиони «Копенгаген» (уйда - 1:0, меҳмонда 1:2) тўсиғидан муваффақиятли ўтиб, рақиб майдонида урилган гол эвазига асосий босқич йўлланмасига эга чиқди.

Данияликларга қарши баҳсда эришилган ғалаба «Қорабоғ» тарихидаги энг йирик ютуққа айланди. Бунга қадар жамоа Европа Лигаси гуруҳ босқичида мунтазам иштирок этган, аммо ЕЧЛда бу қадар узоққа бормаганди.

Қайси шаҳар жамоаси?

«Қорабоғ» 90-йиллар бошида тан олинмаган Тоғли-Қорабоғ Республикаси назоратига ўтган Ағдам шаҳри шарафини ҳимоя қилади. Ҳарбий тўқнашувлар даврида жамоа ўйинлари қадрдон Ағдамда ўтказилган, 90-йиллар ўрталаридан то 2009 йилнинг апрелигача учрашувлар жойи Боку бўлганди. Кейинги олти йилни эса клуб Кузанли шаҳарчасидаги (Ағдам тумани) Олимпия мажмуаси стадионида ўтказди.

2015 йилнинг сентябридан Озарбайжон футболининг янги байроқдори Боку шаҳрининг Сурахон туманида жойлашган «Азерсун Арена»га кўчиб ўтди. Шундан буён «Қорабоғ» номи пойтахт жамоалари билан бир қаторда тилга олинадиган бўлди. Ушбу клуб еврокубоклардаги уй учрашувларини Тофик Баҳромов номидаги республика стадионида ўтказмоқда. Мазкур арена ўз бағрига 30 мингдан зиёд мухлисни сиғдиради.

Жамоага ким ҳомийлик қилади?

Azersun Holding - озиқ-овқат саноати, савдо ва қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича фаолият юритувчи мамлакатдаги йирик компаниялардан бири. У бозорларга сабзавот, ғалла, дуккакли ўсимликлар, консерва, чой, шоколад, сут, қоғоз сингари турли маҳсулотларни етказиб беради. «Қорабоғ»нинг тахминий бюджети 12 миллион евродан зиёд.

Бош мураббий ва футболчилар

2008 йилдан буён жамоани бир мутахассис, Озарбайжон термаси тарихидаги энг яхши тўпурар - Гурбан Гурбанов бошқариб келмоқда. Ушбу мураббий 2012 йили «Барселона»да малака ошириб, Каталонияда Хосеп Гвардиола билан ҳамсуҳбат бўлган. Гурбанов қўл остида жамоа эришган ютуқлар мақтовга лойиқ: «Қорабоғ» бирин-кетин олтин медалларни қўлга киритиб, мана, ЕЧЛ гуруҳ босқичига чиқишни ҳам уддалади.

Жамоа таркибида хорижликлар бисёр: Испания, Бразилия, ЖАР, Польша, Босния, Норвегия ва ҳаттоки, Гаитидан келган футболчилар бор. «Қорабоғ»нинг энг қиммат ўйинчиси (transfermarkt.com маълумотига кўра)  бразилиялик 27 ёшли қанот ярим ҳимоячиси Педро Энрике. Озарбайжон гранди сафига Грециянинг ПАОК клубидан келиб қўшилган легионер янги жамоаси Чемпионлар Лигасида муносиб ўйин кўрсатиши учун қўлидан келган барча ишни қилишга тайёрлигини билдирди: «Бу ерга келишдан аввал «Қорабоғ»нинг муваффақиятлари ва вазифалари билан қизиқдим. Жамоа, унинг ишқибозлари ҳамда Боку ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлдим. «Қорабоғ»нинг собиқ клубим ПАОКка қарши ўйнаганини биламан. Озарбайжонликлар илк бор ЕЧЛ гуруҳ босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Ушбу жамоага йирик турнирда ёрдам бериш учун келдим».

Клубнинг асосий юлдузларидан яна бири - бразилиялик ярим ҳимоя­чи Ричард Алмейда иккинчи фуқароликни олиб, ҳозирда Озарбайжон термасида тўп сурмоқда. Испаниялик Мичел эса «Бирмингем» ва «Хетафе»даги ўйинлари орқали кўпчиликка танилиб улгурган.

Жамоа сардори Рашод Садиговнинг таржимаи-ҳолида эса диққатга молик факт бор: у 2006 йили Туркия чемпионатидан озар биринчилигига қайтган, бу вақтга келиб эса трансфер ойнаси ёпилганди. Шунда Садигов баскетбол бўйича Озарбайжон термаси сардори билан танишлигидан фойдаланиб, ярим йил биринчи лигада иштирок этувчи «НТД Сервис Девон» таркибида баскетбол ўйнади. Ушбу клубнинг ўйновчи мураббийи Темур Изабакаров Рашоднинг маҳоратига алоҳида таъриф берди: «Садигов илк бор жамоамиз машғулотларига ташриф буюрганида, ажаблангандик. Аммо шуғулланиш жараёнида нималарга қодир эканини кўрсатиб, иқтидорли одам барча нарсага мослаша олиши мумкинлигини исботлаганди. Айтиш жоизки, у биринчи лигадаги манаман деган баскетболчилардан қолишмайди».

И.ОБИДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz