Қайднома

Қидирув

Турк футболини яна чўққига олиб чиқиш ҳаракати

Турк футболини яна чўққига олиб чиқиш ҳаракати

  01.10.2017 10:55
  0
  573
Турк футболини яна чўққига олиб чиқиш ҳаракати

Ҳар бир мамлакат футболида энг кўп муҳокама қилинадиган мавзу - бу легионерлар масаласи. Аксарият миллий федерациялар томонидан аввалига чемпионат савиясини ошириш мақсадида хорижлик футболчиларга кенг йўл очиб қўйилган бўлса, эндиликда жойларда легионерлар бўйича турли чекловлар жорий этилмоқда. Бунга ёрқин мисол - Хитой. Лекин қуйида ушбу юрт футболи эмас, балки бундан бир неча йил муқаддам худди Чин мамлакати каби легионерларни ёппасига жалб қилаверган Туркия супер-лигаси ҳақида гаплашамиз. Негаки, бу масалага ҳаттоки, шахсан давлат раҳбари Режеп Таййип Эрдоған ҳам жиддий эътибор қаратди.

ТФФга президентдан харита

Турк футболининг энг оғриқли масаласи айнан легионерлар билан боғлиқ, аниқроғи, шунга қаратилган қоидага. Мамлакат президенти Режеп Тай-йип Эрдоған бежиз куйиниб гапирмади. «Федерация ҳамда клублар раҳбарияти билан суҳбатлашиб, бир қарорга келишимиз лозим. Футболимизда легионерлар керагидан ҳам кўплиги айрим муаммолар келтириб чиқараётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Бу ҳолат айниқса, миллий жамоамиз зарарига ишлаётгани барчасини қайта кўриб чиқишимизни тақозо этмоқда. Клубларимиз хорижликларни ўйнатмасинми? Йўқ, бемалол легионерлар олаверсин, лекин ҳар нарсада меъёрга амал қилиш яхши. Ҳозир қарасак, аксарият жамоаларда маҳаллий футболчилар саноқли. Бу футболимиз тўғри йўлда эмаслигини англатади».

Мамлакат газеталарида ёзилишича, Эрдоғаннинг фикри дастуриламал вазифасини бажариб беради. Бу гўёки, турк футболини буюк келажак сари элтувчи харита. Мамлакат раҳбарининг миллионлар ўйинидаги энг катта муаммога тил теккизгани Туркия футбол федерация президенти Йилдирим Демирирен ва унинг жамоасини жиддий ҳаракатларни бошлашга ундаши, шубҳасиз.

Ҳозирданоқ бунинг эпкинлари сезилмоқда. Хусусан, Йилдирим Демирирен яқин кунлар ичида Клублар уюшмаси вакиллари билан учрашишни мақсад қилган. Табиийки, кенгашда айнан супер-лигадаги легионерлар сонини босқичма-босқич қисқартириб бориш ҳамда жамоалар асосий таркибига маҳаллий ёшларни кўпроқ жалб этиш масалалари кун тартибига қўйилади.

Sabah газетаси хабарига кўра, федерация президенти миллий жамоада Фотиҳ Терим ўрнини эгаллаган Мирча Луческудан ушбу масала хусусида зудлик билан ўз таклифини билдиришини сўради. Табиийки, Туркия термаси бошқарувини қўлга олган румин мутахассиси ҳам чемпионатда маҳаллий футболчилар бош ролга чиқишларини хоҳласа керак.

Қоидага кўра...

Табиий савол туғилиши мумкин: Туркияда легионерлар мавзуси нега бу қадар кенг муҳокама қилинмоқда? Жавоб топиш учун мамлакат футболидаги қоидаларга кўз югуртириб чиқиш зарур. Демак, супер-лига регламентига биноан, иштирокчи клуб «завка»га 28 нафар футболчи киритиши мумкин. Энди эътибор қаратинг: рўйхатга 14 нафар легионер қўшиш имкони бор.

Муайян ўйин учун танланадиган 21 кишилик таркибдан эса атиги 9 нафар маҳаллий футболчи жой олса, бас. Боз устига, майдонга тушадиган таркиб масаласида ҳеч қандай тақиқ ёки шарт йўқ.

Бундай ҳолатда аксарият клублар мураббийлари қайдномага 9 нафар турк футболчисини шунчаки, киритиб, майдонга тушадиган таркибни бемалол фақат легионерлардан тузишяпти.

Кимдир бош мураббийга «Қани маҳаллий ўйинчилар?» қабилида мурожаат қилса, у хотиржам ҳолда захирани кўрсатади. Бундай олиб қарасак, қоида бузилмаяпти. Мантиқан фикрлаганда эса, маҳаллий футболчилар асосан захира ўриндиғини «иситиш» билан вақт ўтказишмоқда. 

Тушунарсиз қоидалар

Яна бир савол: хорижликларга нега бундай кенг имконият яратиб берилган ва бунда ким айбдор? Аниқки, федерация. Мақолага илова қилинган жадвал (тепада)га қаранг. Унда легионерларнинг турк супер-лигасида бемалол тўп суришлари учун шароитлар йилдан-йилга қулайлашиб боргани кўрсатилган.

Энди нима бўлади?

Федерация ҳали бирор йиғилиш ўтказгани йўқ. Лекин легионерларга чеклов қўйиш ҳақида қарор чиқариши аниқ. Албатта, бу ҳаётга тез татбиқ этиладиган иш эмас. Чунончи, аксарият клублар учун легионерлар гуруҳи суянадиган «тоғ» бўлиб улгурган. Шундай экан, қисқартириш кампанияси дарҳол бошланса, супер-лига нуфузи тушиб кетиши тайин.

Тахмин қилиш мумкинки, «14 нафар легионер» қоидаси жорий мавсум якунига қадар ўз кучида қолади. 2019|2020 йиллар мавсумидан эътиборан эса хорижликлар қадамини «кесиш» бошланади. Шунда ҳам бирданига кескин чоралар кўрилмайди, аксинча, чеклов босқичма-босқич амалга оширилади. Режага мувофиқ, 2020 йилгача хорижликлар лимити 8 нафарга қисқартирилади. Кейинги мавсумда бу рақам яна 2тага камайтирилади. Хуллас, охири 5 нафарга туширилади.

Юлдузлар яна порлайдими?

Туркия футболининг энг чақнаган даври 2002 йили Жанубий Корея ва Япония яшил майдонларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида кузатилганди. Sabah газетаси вакиллари ҳозирда баралла бонг уришмоқда: «Агарда легионерларга чеклов дарҳақиқат, ҳаёт, аниқроғи, футболга тезроқ жорий этилса, турк диёридан Ҳасан Шош ва Умит Давала каби юлдузлар яна бош кўтаришади.

Чунки бу ҳолатда супер-лига иштирокчилари ўз-ўзидан таркибга камида 5 нафар ёш истеъдодни қўшишга мажбур бўлишади. Германияда бу кўрсаткич 8 нафарга тенг. Афсуски, ҳозирда турк клублари олдида қандайдир мажбурият йўқ.

Боз устига, қоидага амал қилмаган мураббийга нисбатан жиддий чора кўрилмайди.  Энди ёшларга имконият эшикларини кенгроқ очиш вақти келди. Айнан шундай ёндашув барчамизни «Миллий терма жамоамиз ЖЧга чиқа олармикан?» қабилида хавотир билан ўтиришдан сақлайди».

Туркия супер-лигасида легионерларга нисбатан амалда бўлган қоидалар

Мавсум-2005|2006: ҳар бир клубнинг таркибга 6 нафар хорижлик футболчи қўшиб олишига рухсат берилди.

Мавсум-2007|2008: чемпионат старти арафасида «6]1» қоидаси жорий этилди. Яъни супер-лига савиясини ошириш учун қўшимча яна 1 нафар легионер олишга рухсат берилди. Мавсум ярмига келиб, «]1» шарти «]2»га ўзгартирилди.

Мавсум-2008|2009: «6]2]2» қоидаси жорий этилди. Унга асосан 6 нафар хорижлик асосий таркиб ва 2 нафари ўринбосарлар сафида майдонга тушиши, яна иккиси эса захирада ўтириши мумкин эди.

Мавсум-2010|2011: амалдаги лимит бироз либераллаштирилди. Яъни клубларга 10 нафар легионердан 8 нафарини асосий таркибда майдонга тушириш ҳуқуқи берилди. Фақат сотиб олинган охирги 2 нафар футболчининг бир йилдан кейингина сафга қўшиш шарт қилиб қўйилди.

Мавсум-2015|2016: хорижлик футболчиларга нисбатан лимит кескин юмшатилди. Янги қоидага кўра, ҳар бир жамоа 28 нафар футболчидан иборат «заявка»нинг ярмини легионерлар ҳисобига тўлдириш имкониятига эга бўлди.

Турк матбуоти маълумотлари асосида Д.ПАРПИЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

FUTBOL TV телеканалининг 15-декабрь кунидаги кўрсатувлар дастури

  • Ўзбекистон терма жамоасининг янги бош мураббийи ким бўлиши мумкин?

  • Ҳўш, сайтимиз сизга ёқдими?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.