Қайднома

Қидирув

Леонид Федун: «Инқироз? Бу матбуот хулосаси, холос»

Леонид Федун: «Инқироз? Бу матбуот хулосаси, холос»

  01.10.2017 18:29
  0
  207
Леонид Федун: «Инқироз? Бу матбуот хулосаси, холос»

Россиянинг амалдаги чемпиони - «Спартак» жорий мавсумни ўта суст бошлади. «Қизил-қоралар» ўтган йили дастлабки 10та турда 22 очко тўплаб, турнир жадвалида пешқадамликни қўлга олишганди. Жорий чемпионатда эса дастлабки 10та ўйинда атиги 13 очко олишди ( жамоа 11-учрашувда ҳам дурангга рози бўлди - IF). Қизиғи, «спартакчилар» 10-тур доирасида «Тосно»га қарши кечган баҳс тугашига 4 дақиқа қолганида ҳам 2:0 ҳисобида олдинда бора туриб, якунда тайёр ғалабани қўлдан чиқаришди. Ваҳоланки, рақиб майдонда 10 киши бўлиб ҳаракатланаётганди. Эътибор беринг, 1 соатдан кўпроқ вақт давомида озчилик бўлиб ўйнаган камтарин жамоа охирги 4 дақиқа ичида чемпион дарвозасини 2 бора ишғол этди! Шундан кейин «Спартак»нинг инқироз кўчасига кириб қолгани ҳақида гап-сўзлар урчий бошлади. Клуб президенти Леонид Федун эса «СЭ» нашрига берган интервьюсида бундай руҳдаги хулосалар асоссиз эканлигини алоҳида таъкидлади.

- Ўзи, жамоангизга нима бўляпти? Бу ҳолатда бош мураббийга ишонч билдиришда давом этиш мумкинми?

- Нега ишонч билдирмаслигимиз керак?

- Чунки жамоа инқироз исканжасида, Каррерага бериладиган саволлар кўпайиб кетди.

- Биласизми, инқироз фақат матбуот саҳифаларида. Агар вазиятга холис баҳо берсак, ҳозирги воқеаларни осонгина тушуниш мумкин. Ўта машаққатли кечган аввалги мавсумдан кейин жамоа анча қийналишини олдиндан билган эдик. Чунончи, йигитларимиз чемпионлик йўлида бор куч-қувватларини сарфладилар. Боз устига, таътил жуда қисқа бўлди, етакчи ўйинчиларимиз миллий жамоалар сафида ҳам майдонга тушдилар. Хуллас, талаб даражасида ҳордиқ чиқариш имкони туғилмади. Қўшимчасига баъзи эҳтимолий нохуш ҳолатлар ҳам жамоамиз зарарига ишлади.

- Нималарни назарда тутяпсиз?

- Биз истамаган қандай нохуш ҳолатлар бўлса, ҳаммаси юз берди. Масалан, Зобнин сафдан чиқди, унинг ўрнини Тимофеев билан тўлдирдик. Аслида бу йигит чемпионат кашфиётига айланишини кутгандим, бироқ у ишончни оқлай олмади. Кейин Глушаков жароҳатланди. Қисқаси, марказий чизиқнинг дабдаласи чиқди. Тушунинг, бу каби йўқотишларни олдиндан аниқлашнинг иложи йўқ. Албатта, бош мураббийга қаратилган саволлар йўқ эмас. Нима учун учрашувларнинг сўнгги дақиқаларида имкониятни бой беряпмиз? Бунга айнан Массимо ва мутасаддилар жавоб беришлари лозим. Умуман, ҳозирги вазиятни кузатиш мен учун ҳам оғир, албатта. Очиғи, баъзан ҳаммасига бардошим етмай қоляпти. Аммо жамоанинг издан чиққани, курашмай қўйгани ва ички муҳитда нимадир юз бергани ҳақидаги гап-сўзларга мутлақо қўшилмайман. Буларнинг барчаси - ОАВнинг вазиятни кескинлаштиришга қаратилган уйдирмалари. Шуни алоҳида таъкидлашим керак, айни пайт «Спартак» футболчиларининг қандай бутса ва қандай боғичлардан фойдаланишларигача қизиқувчилар жуда кўп. Ана шу керагидан ортиқ эътибор бироз халақит бераётгандир. Лекин инқироз хусусидаги гап-сўзларда мутлақо асос йўқ.

- Вазиятни ўнглаш учун нима қилиш керак, сизнингча?

- Аввало, сабр қилиш ва жамоани бош мураббий атрофида яна ягона муштга айлантириш ҳақида бош қотириш лозим. Асосий ечим шу.

- Режангизда футболчилар билан алоҳида  суҳбатлашиш, Массимо Каррерага муайян кўрсатмалар бериш ҳам борми?

- Аслида жамоа аъзолари билан мунтазам равишда учрашиб тураман. Дейлик, «Марибор»га қарши учрашувдан кейин гаплашгандим.

- Демак, сизнингча, Каррера жамоани бемалол бошқариши мумкин ва бу ишни кўнгилдагидек бажара олади. Шундайми?

- «Спартак»нинг ҳозирги ҳолати - бахтсиз ҳодиса. Ўйин охиридаги хатолар ва голлар оқибати. Ишонинг, Заболотний энди ҳеч қачон бошқа бундай гол уролмайди. Вақтида ЦСКАда ўйнаган Янчик ҳам сўнгги сонияларда дарвозамизни ишғол қилганди. Ўшанда бу унинг фаолиятидаги биринчи ва охирги муваффақият эканлигини айтгандим. Қарангки, ҳаммаси тўғри чиқди - Янчик бошқа ҳеч қайси жамоа дарвозасига шундай гол уролмади. Афсуски, юз бериши эҳтимоли бор барча кўргиликларни кўрдик. Энди янада кўпроқ тер тўкиб ишлашимиз, ҳар бир ўйинда бор куч-маҳоратни ғалаба йўлида сарфлашимиз талаб этилади. Бу - ягона йўл, бошқа вариант йўқ. Муҳими, жамоа айни шу йўлдан боришга шай.

- Глушаков билан шартнома муддати узайтириладими?

- Бу клубнинг ички ҳаётига тааллуқли масала ва қандайдир изоҳ беришни истамайман.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

FUTBOL TV телеканалининг 15-декабрь кунидаги кўрсатувлар дастури

  • Ўзбекистон терма жамоасининг янги бош мураббийи ким бўлиши мумкин?

  • Ҳўш, сайтимиз сизга ёқдими?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.