Қайднома

Қидирув

Жамоат ишларига марҳамат, ҳурматли футболчилар!

Жамоат ишларига марҳамат, ҳурматли футболчилар!

  02.10.2017 00:29
  0
  2592
Жамоат ишларига марҳамат, ҳурматли футболчилар!

Аввалроқ маст ҳолатда автомобиль бошқариб, «қўлга тушган» Уэйн Руни энди нақ 2 йил давомида қимматбаҳо «тойчоқ»лари рулини ушламаслиги керак.

Ҳар ҳолда, суд «Эвертон» ҳужумчисини шунча муддат ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилди. «Шрек» шунинг баробарида 100 соатлик жамоат ишларига маҳкум этилди.

Уэйн бундай кўринишдаги тарбиявий жазога мубтало бўлган ягона футболчи эмас. Хусусан, Зайниддин Зидан, Карлос Тевес ва Жейми Варди каби номдорлар ҳам вақтида жамоат ишларига ҳисса қўшишган - мажбурий ҳолатда.

Демак, қуйида қайсидир хатти-ҳаракатлари ўлароқ, суд, масъул ташкилот ёки ўз клублари раҳбариятининг шундай марҳаматидан бенасиб қолмаган футболчиларга эътибор қаратамиз.

Зайниддин Зидан - 3 кунлик жамоат ишлари

Ҳа-ҳа, нотўғри ёзилмади - доимо ижобий хулқи билан ажралиб турган ва мегаюлдуз мақомида юрган Зиданга нисбатан ҳам вақтида ўз кирдикори учун тарбиявий чора қўлланилган. Энг қизиғи, 3 кунлик жамоат ишлари ФИФА томонидан белгиланганди. Тахмин қилингчи, нима учун? Албатта, ўша машҳур «калла қўйиш» саҳнаси туфайли-да. Хуллас, Зизу ЖЧ-2006 финал ўйинида италиялик Марко Матераццининг нақ кўксини «нишонга олгани» учун 3 кун давомида ёш футболчилар билан ишлаган. Ўша жазо чораси ҳам «Реал»нинг амалдаги бош мураббийига қўл келган кўринади. Ҳарқалай, Зидан янги соҳага енгилгина қадам ташлади.

Натан Дайер - 60 соатлик жамоат ишлари

Ҳар ҳафта бинойидек маош оладиган футболчининг тунги клубда ўғрилик қилиши ақлга сиғмаслиги турган гап. Аммо Натан Дайер «Тўқликка - шўхлик» мақолига асосан иш тутиб, барчани ҳайратдан ёқа ушлашга мажбур этганди. Эътибор қаратинг, тўлиқ таъминланган футболчи «Саутгемптон» сафида ўйнаган вақти дўстлари билан тунги клубга боради ва қандай жин урадики, муаасса ходимининг қўл соати ва мобиль телефонини ўғирлайди. Бунинг оқибатида 4000 минг фунт жарима тўлашдан ташқари, 60 соат вақтини қариялар уйида ўтказади. Тўғри, Дайернинг айнан қандай юмушларни бажаргани маълум эмас, аммо аниғи шуки, у айнан қариялар уйига мажбурий сафардан сўнг лиганинг энг интизомли футболчиларидан бирига айланганди.

Лукас Эрнандес - 80 соатлик жамоат ишлари

Бу футболчи ўз маҳбубасини калтаклаганида, «Атлетико»да раҳмсизлик ва тажовузкорлик фақат майдон ичида олқишланишини унутиб қўйган бўлса керак. Хуллас, суд қаллиғига шафқатсиз муносабатда бўлган Лукас олдига 6 ой давомида маҳбубаси билан учрашмаслик ва қурол олиб юрмаслик тақиқини қўйди. «Реал»нинг янги ҳимоячиси Тео Эрнандеснинг туғишган акаси шунингдек, 180 минг евро миқдорида жарима ҳам тўлади. Қолаверса, бечора Лукас асосий жамоа машғулотларидан сўнг майдонда қолиб, «Атлетико» ўсмирлар жамоаси билан ишлади - жами 80 соат.

Уэйн Руни - 100 соатлик жамоат ишлари

Юқорида айтилди, Уэйнга нисбатан берилган асосий жазо ҳайдовчилик гувоҳномасига боғлиқ - бу ҳужжати 2 йил муддатга «музлатилди». Умуман, Рунининг тарихи стандарт воқеадир. У барда дўстлари даврасида 10 соатча «ўтиргач»,  қайтишда шахсий автомобилидан фойдаланди. Бундай таваккал эса футболчи атрофида яна бир можаро юзага келишига сабаб бўлди. Энди Манчестер фуқаролари шаҳар кўчаларида боғбон Руни ёки тозаловчи Рунини кўриб қолсалар, ажабмас. Тўғри, Уэйннинг ўзига қўйиб берилса, у жазони кўпчилик назари тушмайдиган жойда ўташни хоҳлайди, албатта.

Жеймс Томкинс - 100 соатлик жамоат ишлари

2013 йилги воқеа хронометражи ҳам оддий: «Вест Хэм» ҳимоячиси Жеймс Томкинс алкоголь ичимлиги таъсирида полициячиларга ташланади. Иш ҳисбга олишгача келганида эса, бунга қаттиқ қаршилик кўрсатади. Суд бунга «мукофот» тариқасида футболчига 3,5 минг фунт жарима солди. Бироқ «болғачилар» раҳбарияти ушбу жазони кам кўрдими ёки Сэм Эллардайс обрўсини сақлашни ўйлади, ҳарқалай, Томкинсни 100 соат давомида ёшлар ҳамда жисмоний имконияти чекланган футболчилар машғулотида иштирок этишга мажбурлади.

Карлос Тевес - 250 соатлик жамоат ишлари

Аргентиналик футболчи вақтида «Манчестер Сити»нинг бош исёнчиси номини олганди, албатта, Марио Балотелли сафга қўшилгунига қадар. Шундай экан, унинг бу каби можаро марказига тушмаслиги мумкин эмасди. 2013 йилнинг 4 апрель куни Макклесфилд суди Тевесга нисбатан ҳукм ўқиди: «1000 фунт жарима ва 250 соат давомида жамоат ишларида қатнашиш мажбурияти».  «Бебош» Карлитос йўл ҳаракатини бузганлиги учун шундай жазо олганди. Якунда бу воқеа катта можарога айланиб кетди. Чунончи, ҳар нарсага улгурадиган ва тинчимас инглиз матбуоти аргентиналикнинг «гуноҳи»ни фош этди. Хуллас, футболчи «Манчестер Юнайтед»га қарши кечган учрашувдан кейин «Иттиҳод Стэдиум» яқинида светофорнинг қизил чироғи порлаб турганига парво қилмай, автомобилини ғизиллатган экан. Папарацци эса ушбу қоидабузарликни бир неча суратларда акс эттирганди. Тўғри, Карлос Туринга кўчиб ўтгач, жаримани тўладию, соф виждон билан футболга эътибор қаратди. Яъни жамоат ишларини четлаб ўтди, шекилли.

Жейми Варди - 280 соатлик жамоат ишлари

Жиноятчилик даражаси юқори саналган Овертон-Роад районида ул-ғайган йигитга хос стандарт воқеа. «Шеффилд» ҳужумчиси бардаги кўнгилхушликдан кейин маст ҳолатда муштлашиш оқибатида бутун фаолиятини барбод қилиши ҳам ҳеч гап эмасди. Зеро, унга қамоқ жазоси хавф солганди. Тўғри, суд сўнгги паллада бироқ юмшаб, жарима ва тарбиявий ишлар белгилаш билан чекланди. Шу марҳамат ўлароқ, бўлажак тўпурар машғулотлардан бўшаган вақтида углеводородли тола ишлаб чиқарувчи фабрикада ишлаб, ўзига хос тажриба тўплади. Қўшимча қилиш жоиз, Жейми Варди 8-дивизион футболчиси мақомидан АПЛ юлдузи даражасига кўтарилгунча 7 мавсум тинмай тер тўкиш баробарида дам-бадам  нохуш воқеаларга ҳам ўралашиб қолган.

Дэнни Симпсон - 300 соатлик жамоат ишлари

«Лестер» ҳимоячиси Дэнни Симпсон ҳам «оқ ажал» таъсирида кўнгилсизликка учради. Натижада «Ливерпул»га қарши ўйин арафасида ҳаммага лотерея чипталари тарқатишга мажбур бўлди. У бундан бир ойча муқаддам маст ҳолда фарзандлари онасига дағдаға қилган ва уни дўппослаганди. Дэнни чипта тарқатишдан ташқари, ҳафтасига икки оқшомни жисмоний имконияти чекланган одамлар учун мўлжалланган ўқув марказида ўтказди.

Шунингдек...

Марк Босман, Гарри О’Коннор, Ромарио, Шейк Тиоте, Серж Орье каби футболчилар ҳам турли вақтда жамоат ишларига сафарбар этилган. Бироқ уларнинг қаерда нима билан шуғулланишгани маълум эмас.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz