Қайднома

Қидирув

Марко Симич: «ОЧЛ сабаб «Пахтакор» таклифини қабул қилдим»

Марко Симич: «ОЧЛ сабаб «Пахтакор» таклифини қабул қилдим»

  02.10.2017 03:37
  0
  2401
Марко Симич: «ОЧЛ сабаб «Пахтакор» таклифини қабул қилдим»

Олий лиганинг 22-тури доирасидаги «пойтахт дербиси»да Марко Симич томонидан урилган ягона гол ўйин тақдирини ҳал қилганди. Черногориялик футболчи ўша куни «шерлар»ни сардор сифатида майдонга бошлаб тушганди.

Камолиддин Тожиев майдонда бўлмаган пайт сардорлик боғичи айнан Симичга топшириляпти. Марко стандарт вазиятдан сўнг Игнатий Нестеров қўриқлаган дарвозани чиройли тарзда ишғол қилди.

Бу билан у европалик ҳимоячилар шундай ҳолатларда қандай ҳаракат қилишларини кўрсатиб қўйди. «Пахтакор» учун 3 очко жуда зарур эди.

Бир томондан, «Локомотив» ғалаба қозонганида чемпионатнинг қолган қисмида интрига йўқоларди. «Темирйўлчилар»нинг кетма-кет икки баҳсда мағлубиятга учрашлари эса биринчи поғона учун кураш ҳали давом этишига замин яратди.

Иккинчидан, «Пахтакор» очко йўқотса, бу «шерлар»нинг иккинчи ўрин учун курашдаги рақобатчиларига «совға» бўларди. Биз қизғин ўтган дербидан сўнг ўйин қаҳрамонларидан бири Марко Симичдан интервью олгандик.

- Марко, «Локомотив» устидан қозонилган ғалаба билан табриклаймиз. Ўйин сизлар учун кутилганидек қийин кечдими?

- Табрик учун раҳмат. Албатта, учрашув осон ўтмаслигини билгандик. Тайёргарлик ҳам шунга яраша бўлди. Чемпионга қарши ўйинимиз 22-турни безаб берди, деб бемалол айтишим мумкин.

- «Локомотив» ҳақида қандай фикрдасиз?

- Бу клуб бежиз турнир жадвалида якка пешқадамлик қилмаяпти. Жуда яхши шаклланган экан. Таркибида терма жамоа аъзолари тўп суришяпти. Энг муҳими, ҳозирги таркиб бир неча йилдан бери деярли ўзгаришсиз ўйнаб келаётганини айтишди.

Майдонда бир-бирларини яхши тушуниб ҳаракат қилишади. Менимча, уларнинг энг катта ютуғи ҳам айнан шу бўлса керак.

- Учрашувдан олдин мураббийлар штаби томонидан қандай кўрсатма берилганди?

- «Локомотив»нинг кучли ва аксинча, заиф жиҳатларини ўрганиб чиққандик. Шу асосда ўйинга тайёргарлик кўрдик. Бир нарсани аниқ билардик, бу учрашувда битта хато қайсидир жамоага қимматга тушарди.

Шундай даражаси баланд баҳсларда дарвозани ишғол қилиш учун кўп ҳам имкониятлар юзага келавермайди. Айниқса, бу гапларим меҳмонда ўйнаётган жамоага тегишли. Амалда ҳам шундай бўлди ва биз битта вазиятни голга айлантирдик.

- Ғалаба тўпини айнан сиз киритдингиз...

- Бундан жуда ҳам хурсандман. Боз устига, дерби мақомидаги учрашувда ўз номимни таблога ёздириб қўя олдим. Лекин бу гол бутун жамоанинг меҳнати самараси, деб ўйлайман. Шу боис ҳам, ғалаба голига унчалик аҳамият қаратмадим.

- «Локомотив»ни ниманинг эвазига мағлуб этдик, деб ўйлайсиз? «Пахтакор»га омад кулиб боқдими ёки бу оқшом жамоангиз кучлироқ эдими?

- Биз омад туфайли ғалаба қозондик, дея олмайман. Ўз ўрнида «Локомотив»дан кучли эдик, деган фикрдан ҳам йироқман. Майдон эгалари бир нечта вазиятдан фойдалана олишмади. Дарвозабонимиз ҳам яхши ҳаракат қилди. Аксинча, биз битта вазиятдан гол уриб, ғалабага эришдик.

- Ўзбекистоннинг иккита кучли клуби тўқнаш келди. Мана шу ўйин-дан келиб чиқиб, олий лигамизга қандай баҳо берган бўлар эдингиз?

- Иккала жамоа ҳам дербига хос ўйин намойиш этишди. Лекин ҳозир фикр билдиришдан ўзимни тияман. Чемпионат якунланганидан сўнг, албатта, суҳбат қиламиз ва ўшанда олий лигангиз, умуман, ўзбек футболи ҳақидаги барча саволларга атрофлича жавоб бераман.

Бир нарсани аниқ айта оламан, мен билган аввалги даража ҳозир анча ошган. Чемпионлик учун курашадиган жамоалар сони қанчалик кўпайса, чемпионат савияси шунга яраша кучайиб бораверади.

- Марко, «Пахтакор»да қандай пайдо бўлдингиз? Сизни ким таклиф қилди?

- Жамоа бош мураббийи Арвеладзенинг таклифидан сўнг Тошкентга келдим.

- Шота билан аввалдан танишмидингиз?

- Худди шундай. Туркия клубида айнан Арвеладзенинг қўл остида тўп сурганман. Кейин Исроил чемпионатида ўйнаган чоғимда Шота мураббийлик қилган клубга қарши бир неча бор майдонга тушганман. Ўшандан бери бир-биримизни жуда яхши биламиз.

- Таклиф бўлган пайтда ўйлаб кўрдингизми ёки жавобни унчалик кўп куттирмадингизми?

- Албатта, обдон ўйлаб кўрдим. Фаолиятим давомида Европа Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигасида ўйнаш бахтига муяссар бўлгандим.

Энди ўзимни ОЧЛда ҳам синаб кўрмоқчиман. Айнан шу сабабга кўра «Пахтакор»дан тушган таклифни қабул қилдим. Ўйлайманки, биз биргаликда Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритамиз.

- Ўзбекистон, хусусан, пойтахтимиз сизга ёқдими?

- Жуда ҳам. Тассавур қилганимдан ҳам зиёда экан. Рисолагидек ҳаёт кечириш учун барча нарса муҳайё. Энг муҳими, юртингиз тинч. Барчанинг кайфияти кўтаринки. Қолаверса, байрамлар кўп экан. Бу яхшилик аломати. Осойишталикдан дарак.

- Ўзбек ошхонаси ҳақида нима дейсиз?

- Бу борада гапиришга тилим лол. Ўзбек ошхонаси мен учун энг яхшиси.

- Миллий қадриятимиз ҳисобланган паловдан татиб кўрдингизми?

- Бўлмасам-чи. Ошнинг бир нечта турини тановвул қилдим. Умуман олганда, овқат танламайман.

- «Пахтакор»да 55-рақамни танлашингизга етарлича сабаб бормиди?

- Мен танламадим, ўзлари беришди (кулади). Ўзимга қолса, «22»ни танлардим. Чунки шу кунгача фақат шундай рақамли футболкада майдонга тушиб келганман. Афсуски, у банд экан.

- «Пахтакор» сардори сифатида жамоадошларингизни майдонга бошлаб тушяпсиз. Легионер учун бу катта шараф ва шу билан бирга масъулият ҳамдир. Ана шу масъулият юки оғирлик қилмаяптими?

- Бизда сардор Камолиддин Тожиев. У майдонга тушмаган пайтдагина сардорлик боғичини менга ишониб топширишяпти. Биласизми, бу мен учун янгилик эмас. Туркиянинг «Қайсариспор» клубида ҳам сардорлик вазифасини бажарардим.

- Черногория терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаш баҳсларида муваффақиятли иштирок этяпти. Жамоангизнинг мундиалга чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Олдинда бизни иккита муҳим ўйин кутиб турибди. Энг муҳими, жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятларимиз ўз қўлимизда. Ҳозир 13 очко билан гуруҳда 2-ўринни эгаллаб турибмиз. Пешқадам Польша терма жамоаси ҳисобида 16 очко бор. Имконият бор экан, охиригача курашамиз.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz