Олий лигада навбатдаги тур мусобақанинг яққол фаворити ва аутсайдери ўртасидаги ўйин билан бошланди. «Обод» иккинчи даврада лоақал бир очко олиш уддасидан чиқолмади, боз устига, кетма-кет 11та ўйиндан буён мағлублик қисматидан қутулолмаётганди. «Локомотив» эса гарчи мусобақа жадвалида ҳамон яққол пешқадам сифатида турган бўлсада, охирги турларда ишлари сира юришмаяпти. Дейлик, «темирйўлчилар» асосий рақиблари - «Насаф» ва «Пахтакор»га қарши кечган баҳсларда очко олиш йўлини тополмадилар. Қаторасига қайд этилган 2та мағлубият табиийки, жамоа нуфузи бироз тушишига олиб келди. Шунга қарамай, «Обод» - «Локомотив» учрашуви кутилган натижа тақдим этди. Яъни аутсайдер фаворитга етарли қаршилик кўрсатолмади ва «Локо» ўз ҳисобини яна 3 очко билан бойитди. Хуллас, «темирйўлчилар» финишга 7та тур қолган вақтда яқин таъқибчилар билан ўртадаги 7 очколик фарқ қисқаришига йўл қўйишмади.
Шунингдек, «Насаф» ҳам «Қизилқум»га қарши уй учрашувида ишончли ғалабага эришиб, 2-ўринда қолди. Аксинча, «Бухоро» ўз мухлислари қаршисида «Металлург»ни енголмади - 2:2. Натижада жамоа муҳим очколарни йўқотиш баробарида 4-поғонага қайта яқинлашиш имкониятидан тўлиқ фойдаланолмади. Умуман, охирги вақтларда «Бухоро»нинг очко жамғариш масаласида омади сира чопмаяпти. Бир томондан қарасак, Улуғбек Бақоев шогирдлари 10та ўйиндан буён мағлубият нималигини билмай, жуда яхши статистика қайд этиб турибдилар. Аммо иккинчи тарафдан назар солсак, улар охирги 3та ўйин («Динамо» - 0:0, «Машъал» - 1:1 ва «Металлург» - 2:2)да ғалаба кўчасига ҳам киришмади. Боз устига, Бекобод клуби билан учрашувда тайёр ютуқни аламли тарзда қўлдан чиқаришди. Эътибор беринг, Рустам Мирсодиқов дружинаси 89 ва 90Қ3-дақиқаларда урилган голлар эвазига мезбонларни ғалабадан мосуво қилди.
Иккинчи даврада дадил одимлаётган «Бунёдкор» 23-тур учрашувини ҳам кўтаринки руҳда ўтказиб, «Машъал»ни 4та жавобсиз гол билан «сийлади». Агар бу учрашувни мактабнинг катта ва кичик синфлари ўртасидаги олишувга ўхшатсак, мубораклик мухлислар ҳам ранжимасалар керак. Ахир меҳмонлар ўйинни жуда суст бошлашди ва танаффусга қадар ўз дарвозаларидан нақ 4 марта тўп олиб чиқишди. Қисқаси, савия жиҳатидан жамоалар ўртасидаги фарқ яққол кўриниб қолди. Александр Хомяков шогирдлари атиги 4 кун муқаддам «Пахтакор» олдида ҳам ожиз эканликларини тан олишганди - 1:3. Афтидан, узоқ вақт мағлубиятсиз одимлаган «Машъал» «шерлар» «ҳамласи»дан сўнг ўзига келиб улгурмаганди, шекилли...
Яна бир доимий фаворит - «Пахтакор» бу сафар охирги вақтларда ноқулай рақиби сифатида гавдаланган «Навбаҳор» меҳмони бўлди ва 4та ғалабали серияси узилиб қолишига тўсқинлик қилолмади. Боз устига, «шерлар» Намангандан қуруқ қўл билан қайтишди - 0:2. Шу натижа ўлароқ, Шота Арвеладзе жамоаси «Насаф»ни ўзидан узоқлаштирди, «Бунёдкор»ни эса яқинлаштирди. Мухлисларининг мислсиз мададларидан куч олиб, номдор рақибни анча қийнаб қўйган ва тинимсиз ҳаракатлари самарасини 2та ўта чиройли гол воситасида кўрган Илҳом Мўминжонов бошқарувидаги «Навбаҳор»га келсак, жамоа турнир жадвалида «Машъал»дан ўзиб кетди - 7-ўрин.
«ҚЎҚОН-1912» ЎЗИГА КЕЛДИ
Ўртамиёналар ўртасидаги учрашувларда одатга кўра, кутилмаган натижалар кузатилмади, ҳисоб. Хусусан, «Шўртан»ни қабул қилган «Қўқон-1912» 3та ўйинга чўзилган ғалабасиз сериясига чиройли равишда нуқта қўйди - 4:1. Ҳа, иккинчи даврада қўқонликларнинг ишлари у қадар юришмаётгани ва кучли учликдан батамом чиқиб кетишганини инобатга олсак, учрашувнинг бу қадар голларга бой бўлишини кўпчилик кутмагандир. Муҳими, Нўъмон Ҳасанов жамоаси яна ғалаба ҳиссини туйди ва 6-ўринга кўтарилди. «Шўртан»га келсак, жамоа шу тарзда очко йўқотишда давом этса, яқин кунларда «Нефтчи» билан жой алмашиб, 15-поғонага тушиб қолиши ҳеч гап эмас.
«Сўғдиёна» - «Динамо» учрашувида эса лоақал битта гол урилмади. Одатда бу жамоалар ўртасидаги учрашувлар мухлисларда катта қизиқиш уйғотарди. Зеро, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ёнма-ён жойлашган ва қайсидир маънода икки рақиб ўйинида дерби муҳити юзага келарди. Аммо бу сафар Жиззахдаги стадионда катта «ажиотаж» кузатилмади ва шунга яраша 0:0 ҳисоби ўзгармай қолди.
АБРАМОВДАН ИЛК ҒАЛАБА
Вақтида бутун Осиё таниган «Нефтчи» ҳозир ҳаттоки, Фарғона вилоятининг ўзида ҳам биринчи рақамли жамоа эмас. Клуб айниқса, жорий йил жуда-жуда орқага кетди. Қаранг, фарғоналиклар бунгача охирги марта 12 май куни «Обод» устидан ғалаба қозонгандилар - 1:0. «Нефтчи» шу-шу олий лига доирасидаги 12та учрашувнинг бирортасида 3 очко ололмади. Мана, жамоа ўтган ҳафта ниҳоят, ушбу қора анъанага барҳам берди. Эътиборли томони, бу «Нефтчи» бошқарувини қўлга олганига анча бўлган Вадим Абрамов учун янги иш жойидаги илк ғалабадир. Боз устига, у сафар ўйинида қайд этилди. Аслида фарғоналикларнинг «Олмалиқ» майдонидан 2:1 кўринишидаги ғалаба билан қайтишларини кўпчилик кутмаган бўлса керак. Лекин факт шуки, «Нефтчи» Музаффар Музаффаров томонидан урилган 2та гол эвазига узоқ кутилган ютуқни тантана қилди. Энди Абрамов жамоасини олий лигада қолиш имконини берувчи 14-ўриндаги «Шўртан»дан атиги 3 очко ажратиб турибди.
ТУР ҚАҲРАМОНИ - ВАДИМ АБРАМОВ
Вадим Карленович 2011 йили Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи ролида Осиё чемпионати қаҳрамонига айланганди. Айниқса, у йўлга қўйган ўйин услуби мухлисларга жуда манзур тушганди. Абрамов кейинчалик «Локомотив»ни клуб тарихида илк марта миллий кубок сари етаклаб, «темирйўлчилар» наздида қаҳрамон бўлди. Аммо «Нефтчи»да қаҳрамонлик учқунини сачраши учун анча вақт сарфлашига тўғри келди ва бу кечикишда мураббийнинг айби катталиги муқаррар. Шундай экан, 23-турга келибгина ҳафта қаҳрамони мақомини олганидан Абрамовнинг ўзи хурсанд бўлмаса керак. Аммо яқиндагина истеъфо хавфи остида турган мураббийнинг ниҳоят, ғалабага элтувчи йўлни топганини эътироф этмасликни эп кўрмадик...
ТУР ИҚТИБОСЛАРИ
- Ғалаба учун гол уриш керак, биз эса ҳаттоки, бирга-бир вазиятда ҳам бу вазифани уддалолмадик. Виктор Кумиков («Олмалиқ» бош мураббийи).
- Вадим Чемиртаннинг трансфери хато бўлган. У «Бунёдкор» савиясига тўғри келмайди. Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи).
- Шогирдларим 87-дақиқада 0:2 ҳисобида ютқаза туриб ҳам, ижобий натижага талпинишди, бунга ишонишди. Хуллас, улар катта ирода кучинини намойиш этишди. Оддий ифода этсам, ортга ғалабага тенг дуранг билан қайтмоқдамиз. Рустам Мирсодиқов («Металлург» бош мураббийи).
- Дуранг - ҳаққоний натижа. Гол уролмаслик - бу энг катта камчилигимиз, фожиамиз... Ахир гол урмасдан ғалаба ҳақида ўйлаш мумкин-ми? Олег Тюлькин («Динамо» бош мураббийи).
- Аслида маррра бизники эди, аммо... Ахир ўйин 90 дақиқа давом этади. Умуман, футболда ҳамиша нуқул ғалаба қозонишнинг имкони йўқ - бу ўйин... Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи).
- Бундай майдонда муносиб тўп суриш анча мушкул. Стадиондаги муҳитга эса гап йўқ. Ўзбекистондаги фаолиятим давомида бундай мухлисларни биринчи бор кўрдим. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).
1 | Локомотив | 23 | 16 | 4 | 3 | 50-16 | 52 |
2 | Насаф | 23 | 13 | 2 | 8 | 40-17 | 41 |
3 | Бунёдкор | 23 | 11 | 8 | 4 | 31-19 | 41 |
4 | Пахтакор | 24 | 11 | 7 | 6 | 35-24 | 40 |
5 | Бухоро | 23 | 11 | 6 | 6 | 36-28 | 39 |
6 | Машъал | 23 | 10 | 7 | 6 | 30-24 | 37 |
7 | Қўқон-1912 | 23 | 10 | 7 | 6 | 34-31 | 37 |
8 | Навбаҳор | 23 | 9 | 9 | 5 | 31-28 | 36 |
9 | Металлург | 23 | 10 | 3 | 10 | 33-28 | 33 |
10 | Олмалиқ | 23 | 7 | 8 | 8 | 19-23 | 29 |
11 | Қизилқум | 23 | 6 | 9 | 8 | 27-30 | 27 |
12 | Динамо | 22 | 6 | 7 | 9 | 20-23 | 25 |
13 | Шўртан | 23 | 7 | 2 | 14 | 21-37 | 23 |
14 | Сўғдиёна | 23 | 5 | 6 | 12 | 25-40 | 21 |
15 | Нефтчи | 23 | 3 | 8 | 12 | 19-42 | 17 |
16 | Обод | 23 | 1 | 3 | 19 | 13-54 | 6 |
13 октябрь (жума)
Машъал - Сўғдиёна
Динамо - Олмалиқ
Нефтчи - Насаф
Қизилқум - Обод
Локомотив - Навбаҳор
14 октябрь (шанба)
Шўртан - Бухоро
Металлург - Бунёдкор
Пахтакор- ҚўҚон-1912
Тур Статистикаси
Ўйин: 8
Гол: 24 (ўртача: 3)
Томошабин: 34319 (ўртача: 4289...)
Мезбонлар ғалабаси: 4
Меҳмонлар ғалабаси: 2
Дуранг: 2
Йирик ҳисобли ғалаба: 2 («Бунёдкор» - 4:0; «Қўқон-1912» - 4:1)
Энг сермаҳсул ўйин: «Қўқон-1912» - «Шўртан» (5та гол)
Огоҳлантириш: 27 (ўртача: 3,37)
Четлатиш: 1 (ўртача: 0,12...)
Энг «қўпол» ўйинлар: «Сўғдиёна» - «Динамо» (2та «сариқ» Қ 1та «қизил»), «Навбаҳор» - «Пахтакор» (5та «сариқ»)
Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Бухоро» - «Металлург» (10050)
Пенальти: -
«Дубль»: 3 (О.Шукуров, «Бунёдкор»; С.Бердиев, «Қўқон-1912»; М.Музаффаров, «Нефтчи»)
«Хет-трик»: -
Автогол: -
Тўпурарлар:
Марат Бикмаев («Локомотив») - 19та (5та - пен.)
Драган Черан («Насаф») - 13та (3та - пен.)
Достон Ҳамдамов («Бунёдкор») - 12та
Санжар Рашидов («Сўғдиёна») - 12та (3та - пен.)
Зоҳид Абдуллаев («Металлург») - 10та
Игорь Сергеев («Пахтакор») - 10та (1та - пен.)
Иван Нагаев («Бухоро») - 9та (4та - пен.)...
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20