Қайднома

Қидирув

Олий лига осмонида момоқалдироқ...

Олий лига осмонида момоқалдироқ...

  04.10.2017 02:43
  0
  2514
Олий лига осмонида момоқалдироқ...

Футбол мухлислари устозлар байрами оқшомини ўзгача шукуҳ билан қаршилашди. Устозни қутлаш, унинг шаънига олқишлар айтиш - шогирдлар учун катта бахт. Эъзоздан бахтиёр устоз, қутлаш имконидан шод шогирдлар байрам оқшоми мириқиб футбол томоша қилишди. Биз бу хулосани анчагина ишонч билан айтмоқдамиз. Сезган бўлсангиз, гап «Навбаҳор» - «Пахтакор» учрашуви ҳақида бормоқда.

«Спорт» телеканали шу учрашувнинг тўғридан-тўғри трансляцияси мисолида ўзгаришлар сари яна бир қадам ташлади. Бўлар экан-ку, шундай баҳсларни тўғридан-тўғри эфирга узатса. Очиғи, ҳам ўйин, ҳам трансляциядан яйрадик. Гўё еврофутбол томоша қилаётгандек бўлишди мухлислар. Албатта, бу каби муболаға учун бизни айбламайсиз. Негаки, Намангандаги баҳснинг тўғридан-тўғри эфирга узатилиши билан қанча-қанча мухлислар орзулари ушалди. Энди шу хайрли иш тўхтаб қолмаса, бас! «Спорт» телеканали ижодкорлари ҳам ўзига хос «сюрприз» учун айнан «Навбаҳор» - «Пахтакор» ўйинини танлаб, ғоят оқилона йўл тутишди. Таъбир жоиз бўлса, улар танлаган тактика ўзини оқлади. Баҳс кутилганидек байрамона ва қизғин кечди. Бошқаларни билмадик, аммо биз «Эвертон» - «Бернли», «Беневенто» - «Интер», «Локомотив» - «Динамо» учрашувларини кузатишга ошиқмадик. Илк бор «Футбол-1», «Футбол-2», «Матч- ТВ»ларни тинч қўйдик. Негаки, Намангандаги баҳс билан кетма-кет эфирга узатилган бу ўйинлар у қадар қизиқтирмади. Балки бу ҳам «Спорт» телеканали тактикасининг узвий қисмидир. Факт шуки, «Навбаҳор» - «Пахтакор» учрашуви еврофутболдаги марказий баҳслар соясида қолиб кетмади. Хуллас, ҳамма-ҳаммаси «Спорт»нинг узвий мақсадини қўллаб-қувватлади. Бу вақтга келиб, мухлислар «Арсенал» - «Брайтон» учрашувини кузатиб улгуришганди. Ўйлаймизки, кўпчилик «Барселона» - «Лас-Пальмас» ўйини томошасини ҳам нари сурган. Нари сурмаганлар эса кейинчалик афсусланган бўлсалар, ажабмас.

Ҳа, якшанба куни «Навбаҳор» ва «Пахтакор» иштирокида катта ҳарфлар билан ёзиладиган ЎЙИН кўрдик. «Шерлар» шижоати том маънода синовдан ўтди. Йўқ, йўқ, Шота Арвеладзе Наманган футболига мураббийлик синовини топширди. «Навбаҳор» бу ўйинда борини бериб тўп сурди. Илҳом Мўминжонов бутун борлиғи билан ҳаракатни бошқарди. Наманганда «шерлар»нинг ғолибона наъраси янграмади. Шота Арвеладзе шогирдлари бир муддат тин олишди. Наманган стадиони фусункор муҳити унга Тбилисидаги футбол байрамларини эслатди. Грузин мутахассиси «Навбаҳор» тимсолида ўзбек футболининг шашту-шижоати, нималарга қодирлигини кўрди. Шунингдек, миллий терма жамоамиз иштирокидаги ўйинлар аслида алдамчи таассурот эканлигига иқрор бўлди, назаримизда. Ҳа, барчамиз бош жамоамиздан шундай шижоатни сўрагандик. Афсуски, термамиз шижоат нималигини охиригача англаб етмади. Ҳаттоки, мухлислар ҳам миллий футбол маконимизда шижоат билан кечадиган ўйинлар бўлишига аста-секин шубҳалана бошлашганди. Шижоатнинг бари Англия премьер-лигасига тақсим қилиб берилгандек эди, гўё. Ҳамма аста-секин хотиржам ўйинлар руҳига кўникаётганди. Игорь Сергеев ҳам ўша хотиржамлик қўйнида голлар ураётганди. Шота Арвеладзе эса «Локомотив» устидан қозонилган ғалаба сурури билан «Тамом! Энди «Пахтакор»га тенг кенг келадиган жамоа йўқ олий лигада!» дея ғалаба кайфиятини сураётганди. Айримлар «Игорь Сергеев ва Отабек Шукуров қандайдир босим остида миллий  жамоамиз учун астойдил тўп суролмаган, ниҳоят, барчасидан қутилиб, ўзларини кўрсатишмоқда» қабилида хаёлга чўмишганди. Шундай паллада олий лига осмонида бирдан чақмоқ чақди. «Лочинлар»нинг шиддатли парвози барча-барчани сергак торттирди, умумий хулосаларни ўзгартириб юборди.

Бир неча мақоламизда Шота Арвеладзе ва «Пахтакор» ўйинига нисбатан жуда эҳтиёткорона билдирган танқидий мулоҳазаларимиз замирида ҳақиқат излари борлигини «Навбаҳор» матонати билан исботлади. Канюк - Симич тандеми бу сафар иш бермади. Бу тандем шаштини «Навбаҳор» стадионидаги ажабтовур футбол шукуҳи синдирди. Ўртамиёна руҳда ўтаётган ўйинларда голлар ураётган Игорь Сергеевнинг кучли босим қаршисида ҳақиқатан ҳам, довдираб қолиши яна бир бора тасдиқланди. Шу маънода «Навбаҳор» стадионидаги момақалдироқ гулдуроси «Пахтакор» мутасаддилари учун сабоқ садосидир! «Пахтакор»нинг ёрқин келажаги билан боғлиқ улкан мақсадлар учун ҳар қандай босимни майдондан четга улоқтирадиган футболчилар зарур. Мазкур мулоҳазаларни ёзишга ҳозирланиш чоғи «Қўқон-1912»нинг «Шўртан» устидан қозонган ғалабасига алоҳида эътибор қаратдик. Бунинг сабаби мухлисларга аён. Гап шундаки, Нўъмон Ҳасанов шогирдлари биринчи даврада Ғузорда ҳам ютуққа эришгандилар. Қўқондаги ғалаба - олий лигада муросасиз ўйинлар кўпайиб бораётганидан дарак. «Навбаҳор»нинг «Пахтакор» учун сув ва ҳаводек зарур 3 очкони ҳеч иккиланмай тортиб олгани, меҳмонларга марҳамат кўрсатмагани - янги футбол ҳавоси шодиёнасидир.

Шодиёнага шерик бўлиш - бизнинг бурчимиз. Шу бурч ҳурмати «Навбаҳор» клуби учун ёзилган мадҳияни эътиборингизга ҳавола этамиз. Буни такрор-такрор эслатгани учун Абдулла Нурмоновга раҳмат. 2та гўзал гол шарафига мадҳия икки вариантда ёзилди.

 Биринчи вариант

Евромухлис нари тур,

Биз эмасмиз сендан кам.

Олға, «Навбаҳор», гол ур,

Ҳужумга бор дамба-дам.

 

Лочинлар! Парвоз! Парвоз!

Парвозга голлар пардоз!

 

Ҳеч чўчима рақибдан,

Ёдда тут шонли чоғинг.

Бўшашмагин таъқибдан,

Бизлар - ишонган тоғинг.

 

Лочинлар! Парвоз! Парвоз!

Парвозга голлар пардоз!

 

Лочинлар ёзинг қанот,

Майдонда учмоқ учун.

Унутмаймиз умрбод,

Оловга айлан, учқун!

 

Лочинлар! Парвоз! Парвоз!

Парвозга голлар пардоз!

  Иккинчи вариант

  Майдон - кенг осмон,

  Майдон муқаддас.

  Эмасдир осон,

  Учмоқ басма-бас!

 

  Ўйна, «Навбаҳор»!

  Биз сенга ҳамдам.

  Гол ур, «Навбаҳор»!

  Ғолиб бўл ҳардам.

 

  Парвоз эт хушбахт,

  Шаштинг сўнмасин.

  Лочинлар ҳеч вақт

  Мағлуб қўнмасин!

 

  Ўйна, «Навбаҳор»!

  Биз сенга ҳамдам.

  Гол ур, «Навбаҳор»!

  Ғолиб бўл ҳардам!

 Жамоа мадҳиясининг якуний матнини қабул қилиш мухлислар ва мутасаддилар ихтиёрида, албатта. Муҳими, биз ҳар икки вариантда футболимиздаги қувончни ифодаладик. Ҳозирча шу кифоя!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz