Қайднома

Қидирув

«Тоттенхэм»нинг тулкича тактикаси

«Тоттенхэм»нинг тулкича тактикаси

  04.10.2017 06:29
  0
  2114
«Тоттенхэм»нинг тулкича тактикаси

«Тоттенхэм» - янги мавсумни эски таркиб билан қарши олган АПЛ етакчилари орасидаги ягона жамоа.

Охирги икки йил ичида «тақачилар» бир хил таркиб билан чемпионлар – «Лестер» ва «Челси»га муносиб қаршилик кўрсатишди.

Бу йил ҳам Маурисио Почеттино жамоаси бир қатор ўйинчиларини сотиб юборди. Жумладан, Кайл Уокер 50 млн. фунт эвазига асосий рақобатчи – «Ман Сити»га йўл олди.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирда «Тоттенхэм» АПЛнинг энг ёш жамоаларидан бири бўлиб турибди. Маурисио Почеттино жанговар жамоанинг ижодкори ва илҳомчиси. Айнан шундай аҳил жамоани шакллантирди ва унга зафар иштиёқини сингдирди. У ўзи ишлаган барча жамоаларда аввало ёшларга алоҳида эътибор бериб келган. Унинг талабига биноан ўринбосарлар жамоаси фақат асосий таркиб усулида тўп суради. Оқибатда ёш футболчиларнинг бош жамоага мослашуви оғриқсиз кечади. Клуб мутасаддилари ҳам маҳаллий тарбияланувчиларга катта ишонч билдиришмоқда.

«Тақачилар»нинг харид борасидаги сусткашликларини бош мураббий қуйидагича изоҳлайди: «Номдор жамоалар таркибни кучайтириш мақсадида  йирик харажатларни амалга оширишади. Биз эса бу масалада хотиржаммиз. Чунки ўз академиямизга ишонамиз. Менимча, футболда маблағ кучли таркибни шакллантириш ёки ноёб иқтидор соҳибини харид қилиш имконини беради. Муваффақият фақат шунгагина боғлиқ эмас. Бу соҳа доимий ҳушёрликни, чанқоқликни, ақл билан иш тутишни талаб этади. Албатта, янги мавсум бизучун осон кечмаслиги аниқ. Аммо биз ўз салоҳиятимизга шубҳа қилмаймиз». Ёшлар билан ижодий изланишни хуш кўрадиган мутахассис бир пайтлари «Спартак» нишонида турганди. Леонид Федунга бу номзодни Моуриньо тавсия этганди. Клуб президенти шунингдек, Мурот Яқин ва Роберто Мартинесни ҳам мўлжаллаган, Антонио Конте билан ҳам музокара ўтказишга улгурганди. Бироқ 6 млн.ли маош ва трансферлар учун йирик маблағ талаб қилган италиялик мутахассис номзодлар рўйхатидан тушиб қолганди. Халқ жамоасини бошқариш Почеттинога ҳам насиб этмади. У Лондонда ажойиб президент - Даниэль Левига дуч келди. «Тақачилар» соҳиби хусусида Алекс Фергюсон қуйидагича фикр билдирган: «Леви билан келишувга эришиш тос суягини протез билан алмаштиришдан ҳам мушкулроқ!». Ана шу эътироф негизида пайдо бўлган Leuy Tite иборасидан Англияда тез-тез фойдаланилади. Чунки Леви айнан трансфер мавсумининг сўнгги паллаларида ўта манфаатли келишувларни амалга оширади. Нафақат харид, балки сотиш борасида ҳам. Мисол тариқасида Каррик ва Бербатовнинг «МЮ»га йўл олишганини кўрсатиш мумкин. Шу каби манфаатли шартномалар Левини трансфер бозорининг афсонасига айлантирди. Айнан шу президент раҳнамолиги остида «Тоттенхэм» дунёнинг энг қиммат жамоалари 20талигидан жой олди.

Шу пайтгача саховатпешалиги билан мақтанолмай келган соҳиб ҳозирда янги стадионни бунёд этиш билан банд. Мураббийларнинг таркибни кучайтириш борасидаги таклифларига у асосий рақобатчиларнинг амалга ошираётган ишларини ҳушёрлик билан таҳлил қилишни маслаҳат беради: «Трансфер бозорида рўй бераётган воқеалар охир-оқибат жамоаларни кафангадо қилади. Даромади камтарин жамоанинг 200 млн.лаб сарфлаши яқин келажакда инқирозга олиб келиши аниқ. Трансфер сиёсатимизнинг асосий хусусияти шуки, биз академиямиз салоҳиятига тулиқ ишонадиган мураббийга эгамиз. Агарда таркибни кучайтира оладиган футболчини тополмасак, мураббий академия ёшлари орасидан муносиб номзодни топа олади. Таркибга жалб этилган ҳар бир маҳаллий ўйинчи 20-30 млн.ни тежаб қолиш имконини беради. Бундан ташқари, академиянинг асосий вазифаси ҳам шу - мухлислар майдонда ўз яқинларини кўришни истайдилар». Айтганча, Леонид Федундан фарқли ўлароқ, унинг Лондондаги касбдоши жамоанинг етакчи ўйинчилари ва мураббийлар штаби аъзоларининг маошларини икки марта оширди. Президентнинг фикр-мулоҳазаларини Почеттино ниҳоясига етказиб қўйди: «Фалсафа доимо раҳбарият томонидан белгиланади. Даниэль Леви билан ўртамиздаги муносабат хусусида шуни айта оламанки, биз бир-биримизни яхши тушунамиз. Олдимиздаги вазифаларни аниқ ҳис этамиз. Ҳа, «Тоттенхэм» ҳозирда шиддатли тараққиётни бошдан кечирмоқда. Ажойиб база ва янги стадион Европанинг энг кўркам ареналаридан бирига айланади». Охирги мавсумнинг сўнгги босқичида Триппьерга ўз ўрнини бўшатиб берган Уокерни ҳисобга олмаганда, «тақачилар» асосий таркибни тўлалигича сақлаб қолишди ва футболчилар билан янги шартномлар имзолашди. Хуллас, жамоа янги мавсумни АПЛнинг энг уюшқоқ жамоаси сифатида бошлади. Ньюкаслда ишонарли (2:0) ғалабага эришилди. Яқингача, мутахассислар «Тоттенхэм» етакчиларини муносиб ворисларга эга эмас, деб ҳисоблашарди. Бироқ жамоа ўтган мавсумнинг икки ойи давомида 6 нафар асосий таркиб вакилларисиз майдонга тушиб, ажо­йиб ғалабаларни қайд этганди. Бу Почеттино жамоасининг тактик мослашувчанлигидан далолат беради. «Уэмбли»даги уй учрашувлари ҳам ўта қизиқарли ўтмоқда. Боиси, «тақачилар»нинг машҳур стадиондаги натижалари ижобий эмас. Шунга қарамай, мамлакатнинг бош аренасидаги салбий кўрсаткичга барҳам бериш учун яхши имкониятга эга бўлишди. Тўғри, «Уэмб­ли»да тўп суриш учун жамоа каттагина ижара ҳақи тўлашига тўғри келади. Лекин молиявий масалада муаммо йўқ. Қисқа муддатда 40000дан ортиқ мавсумий абонемент­лар сотилди. Бундан ташқари, «Тоттенхэм» ўзининг ЕЧЛ ва ЕЛ доирасидаги учрашувларида мухлислар ташрифи бўйича бир неча марта Европа рекордларини янгилаган. Жорий мавсумда ҳам даромад рисоладагидек бўлишига шубҳа йўқ. «Тоттенхэм» мухлисларининг асосий эътибори якунига яқинлашаётган трансфер мавсуми натижаларига қаратилганди. Эслатиб ўтамиз, Рафаэль ван дерт Варт, Скотт Паркер, Клинт Дэмпси, Муссо Дембеле ва ҳатто Уго Льорисдек жамоа сардорини ҳам Даниэль Леви бозор эшикларига қулф осилаётган паллада, ўта арзон баҳоларда сотиб олганди. Улар эса чинакам етакчилар даражасига кўтарилишди. Бу сафар эса ёзнинг сўнгги кунларида Серж Орье, Давинсон Санчес ҳамда Фернандо Льоренте сингари маҳоратли футболчиларни сотиб олди. Қани кўрайликчи, жорий мавсумда бир нечта фронтда кураш олиб бориши лозим бўлган жамоа тулкиларга хос айёрона фалсафа юритаётган президент ва мухлисларига қандай натижаларни ҳадя этаркин?

Д.ПАРПИЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz