Қайднома

Қидирув

Оскар Гарсия: «Кройффдан кўп нарса ўрганганман»

Оскар Гарсия: «Кройффдан кўп нарса ўрганганман»

  04.10.2017 03:38
  0
  201
Оскар Гарсия: «Кройффдан кўп нарса ўрганганман»

«Сент-Этьен»нинг янги бош мураббийи Оскар Гарсия бир пайтлари «Барселона»да фаолият олиб борган.

Шунингдек, «Хувенил А» жамоасини бош­қарган. У ҳеч қачон бир жойда ўтириб қолмаган. Ҳамиша Л’Этр ва отеллар орасида яшайди.

Лекин айни пайт 44 ёшни қаршилаган Оскар Гарсия L’Equipe нашрига интервью бериш учун 20 дақиқа ажрата олди.

— 2012-2013 йиллар мавсумидан кейин «Сент-Этьен» илк бора Европа Лигасида иштирок этмаяпти. Мавсумдаги асосий мақсад ушбу турнирга қайтишми?

— Асосий мақсадимиз - кейинчалик эсда қоладиган ўйин услубини танлаш. Бунинг учун ғояларимиз етарли. Бир сўз билан айтганда, бир кўрганда танийдиган жамоани яратиш. Одамлар бизни кўриб, бу «Сент-Этьен» дейишсин. Умуман олганда, узоқроққа боришни истаймиз. Лига 1да бюджети бизникидан юқори бўлган жамоалар кўп. Ўз позициямизни ўрганамиз. Шундан кейин нимага қодирлигимизни аниқлаб оламиз.

— Кунлик вазифалар ҳақида гапирдингиз. Бу нимани англатади?

— Машғулотлар марказини бироз такомиллаштирмоқчимиз. Учрашувларни ёзиб олиш учун камералар ўрнатамиз. Шунингдек, диетолог ёлламоқчимиз. Албатта, бу кичик нарсалар. Лекин шу орқали футболчиларнинг ўсишига замин яратиш мақсадга мувофиқ.

— Оскар Гарсиянинг жамоаси қандай кўринишда бўлади?

— Ҳеч нимадан қўрқмайдиган, майдоннинг рақиб томонида тўпни назорат қилишни истайдиган ва тўпни олдириб қўйгандан кейин уни олиб қў­йишга ҳаракат қиладиган. Футболчилар ўйин якунланганидан сўнг бор кучини берганини ҳис қилиши керак. Бу бизнинг жамоамизда асосий «куч» бўлишини истайман.

—  Сиз айтаётган нарсалар «Барса» фалсафасига ўхшаб кетади. Ўзингиз ҳам шу жамоада ўйнагансиз.

— Мен у ерда ўсиб-улғайганман. Шу боис ҳам уларнинг усуллари мен учун ёд бўлиб кетган. «Барса»дек ажойиб ўйин кўрсатадиган жамоалар кўп эмаслигини барча яхши билади. «Барселона»да фаолият олиб бориш бошқа масала. Шунчаки, ўйин фалсафасига эга бўлиш яна бир дунё. Биз айнан шуни амалга оширмоқчимиз.

— Сўнгги мавсумда жамоанинг ўйи­ни анча зерикарли бўлди.

— Биз учрашувларда нафақат ғалаба қозонишни, балки унинг эсда қоларли бўлишини таъминламоқчимиз.

— Жамоангиз машғулотларда ҳам худди ўйиндаги каби ҳаракат қилишини исташингиз кўриниб турибди.

— Уларга кўпроқ «нагрузка» беришимиз керак. Машғулотларда кўп юклама олган жамоанинг учрашувларда ғалаба қозониши осонроқ бўлади. Истагим - футболчилар худди асосий ўйиндаги каби машқ қилишсин.

Бошқалардан кам шуғулланиб, юқори савияда ўйнай оладиган футболчилар жуда камчиликни ташкил қилади. Улар ўта иқтидорли ҳисобланишади. Бошқалар эса ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёрланишлари керак.

— Қайси мураббийларнинг иши сизни руҳлантиради?

— Йохан Кройфф. Бу инсон менга бошқалардан кўра кўпроқ нарса берган. Футболчилар учун ҳар кун янги сабоқ эди. Унинг мактабидан ўтган ҳар бир футболчи илиқ хотиралар билан эслайди.

Умуман олганда, кўплаб мураббийлар билан ишлаганман. Моуриньо, ван Галдан кўп нарсаларни ўрганганман. Албатта, менга ёқмаганлари ҳам бўлган. Лекин улардан ҳам нималарнидир ўзлаштирганман.

— Ван Гал ва Моуриньони ҳам ёдга олдингиз. Улардан айнан нималарни ўргангансиз?

— Ван Гал жуда тўғри одам. Унинг ғоялари оддий ва тушунарли. Ўз фикрини футболчиларга осонлик билан етказади. Шунингдек, барчасини юзингизга айтади. Моу­риньо «Барса»га келганида Бобби Робсоннинг ёрдамчиси бўлган. Лекин у сабоқ беришга тайёр бўлган. Луи ван Гал келганидан бир ҳафта ўтиб, Моуриньо «Аякс» фалсафасидан дарс ўтган.

— Келганингиздан сўнг «Сент-Этьен»нинг таркиби ўзгариб кетди. Дьони ва Янколар кетишди. Бу сизни хавотирга солмайдими?

— Албатта, ҳар бир мураббий ўз таркибини тезроқ тузиб олишни истайди. Биз ўзимизга керакли футболчиларни бошқалардек осонлик билан харид қила олмаймиз.

Тажрибали футболчи учун катта пул сарфланади. Биз эса ўша пулга камида тўрт нафар ўйинчи олишимиз керак. Бюджетимиз катта эмас.

Шундай экан, сафимиздаги футболчилардан унумли фойдаланишимиз лозим. Бу ҳам ўзига хос тактика.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

FUTBOL TV телеканалининг 15-декабрь кунидаги кўрсатувлар дастури

  • Ўзбекистон терма жамоасининг янги бош мураббийи ким бўлиши мумкин?

  • Ҳўш, сайтимиз сизга ёқдими?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.