Қайднома

Қидирув

Пўлатдан пишиқроқ Кристиан Пулишич

Пўлатдан пишиқроқ Кристиан Пулишич

  04.10.2017 00:22
  1
  497
Пўлатдан пишиқроқ Кристиан Пулишич

Дембелени «Барселона»га сотиб юборгандан кейин ҳам «Боруссия» Дортмунд Европанинг энг жўшқин футбол дош-қозонларидан бири бўлиб қолмоқда.

Ҳа, жамоа ноёб иқтидор соҳибидан жудо бўлди. Лекин футбол борасида телбалардек фикрлайдиган фидойи мураббий - Петер Бошни топиб олди. Бош бор жойда муаммога ўрин йўқ.

«Тажовузкорлик» ҳамда «ҳаракат» ибораларини асосий қурол қилиб олган голландиялик мутахассис мухлисларини инфаркт ҳолатига солиб қўядиган қарорларни хотиржамлик билан қабул қилади:

«Йўқотилган тўпни рақибдан қайтариб олиш учун «Барселона» уч сония сарфлайди. Бироқ биз «Барселона» эмасмиз.

Шундай экан, вазифамиз - тўпни икки сонияда рақибга қайтариш!» Ҳа, бунақа кўрсатмалар фақат «томи силжиган» кишилардан чиқиши мумкин. Лекин «Аякс» айнан шу мураббий раҳбарлигида ўзининг иккинчи навқиронлигига эришди.

Бошнинг услуби футболчилардан юқори жисмоний тайёргарликни, тренажёр залида астойдил тер тўкишни ва олдинги чизиқнинг барча позиция­ларида самарали тўп суриш маҳоратини талаб этади. Усмон Дембеле айнан шу услубга мос ўйинчи эди. Аммо телефонини ўчириб олган ҳолда ғойиб бўлганидан кейин дортмунд­ликларнинг унга бўлган муносабати кескин ўзгарди - Дембелени каттагина маблағ эвазига пуллаб, ўрнини ўз таркибидаги бошқа футболчи билан тўлдириш.

«Боруссия» сўнгги йилларда ажо-йиб қоидага қатъий амал қилмоқда: «Агар жамоани ёш футболчилар тарк этса, ўрнини янада ёшроғи билан тўлдирамиз». Кристиан Пулишич эндигина 19га тўлди. Бироқ ҳозирнинг ўзида рекордлардан улкан гулдаста ясашга улгурди - «Борус­сия»­нинг ЕЧЛдаги энг ёш ўйинчиси, ЕЧЛда гол урган энг ёш футболчи, еврокубоклардаги энг ёш америкалик, бундеслигада «дубл»га эришган энг ёш ўйинчи... Рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Америкалик хорватнинг ўзи эса паспорт маълумотларига эътибор қаратишни хуш кўрмайди: «Ёшинг нечада деб сўрайдиган кишилардан зерикдим. Мен учун бунинг аҳамияти йўқ. Ҳозирнинг ўзидан курашга шай эканлигимни сезиб турибман!» Кристиан Пулишич фаолиятининг асосий моҳияти унинг уммон ортидан келиб, «кўҳна қитъа»да қайд этаётган рекордларидан кўра ниманинг эвазига шундай шундай натижаларга эришаётганлигида. Кристианнинг отаси - Марк Пулишич ўз вақтида футзалда фаолият юритган ва Жанубий Америкада ёш иқтидорлар юксак техника сирларини шу ихчам майдончада (5х5м) ўрганишганини яхши биларди. Крис 8 ёшда эканлигида Пулишичлар Мичиганга кўчиб ўтишди. Бироқ Детройтда футзал лигаси мавжуд эмасди, нима қилиш керак?

Катта Пулишич ўз футзал лигасини очишга қарор қилди - 3та баскетбол майдончасини ижарага олди, дарвозаларни ўрнатди, кейин жамоаларини ташкил этишди. Мана шу оворагарчиликларнинг барчаси Крис­тиан учун, аниқроғи, унинг юксак техника соҳиби бўлиши учун амалга оширилганди. «Мини-футбол техникани маромига етказиб олишимга ёрдам берди, чекланган бўшлиқда самарали ўйнашга ўргатди», - дейди Крис. Хуллас, Марк Пулишичнинг ўғли учун чеккан азиятлари зое кетмади. Бироқ собиқ футзалчи ва талабчан ота шу билан чекланиб қолмади, балки фарзандини профессинал футболга тўла тайёр бўлиши учун ҳар томонлама тоблашга интилди. Футбол беллашувларининг оилавий таҳлили эвазига Крис 6 ёшли пайтидаёқ қайси узатманинг тўғри ёки хато эканини ажрата оладиган бўлганди. Марк ҳеч қачон фарзандининг хоҳиш-истагини чеклашга уринмаган: «Айрим ота-оналар ўйинлардан кейин фарзандларини фақат мевалар ва сув билан сийлашади. Кристиан эса футболдан чипс халтаси билан қайтиши мумкин».

Таътил пайтларида ҳам Марк ўғлини тинч қўймасди - малака ошириш баҳонасида Крис «Барселона», «Челси», «Вильярреал», «Порту» ва ПСВ академияларида бўлиб қайтди. Катта Пулишич бу сафарлардан фарзандини қайсидир мактабга «тиқиштиришни» эмас, балки уни қулай шарт-шароитлардан маҳрум этиш ва мусофирчилик қийинчиликларига бардош беришга ўргатишни кўзлаганди. «Мен Криснинг нотаниш жамоада ўзини қандай тутишини билмоқчи эдим» - дейди Марк.

Қисқаси, ана шу саъй-ҳаракатлар туфайли Пулишич Европа футболига ҳар томонлама пухта тайёргарликка эга бўлган ҳолда келди. Дортмунд­да тиришқоқ, енгилишни хуш кўрмайдиган, тобланган, иродали ўйинчиларни хуш кўрадилар. Крис Юрген Клопп даврида ҳам «Боруссия» йиғинида қатнаша бошлаганди. У мураббийга шу қадар ёқиб қолган эдики, 1,5 йилдан кейин устози «Ливерпул»дан таклиф юборди. Томас Тухель ҳам Пулишичнинг маҳоратига юксак баҳо берганди. Петер Бош эса шогирдларини ошкора мақташга одатланмаган - бу уларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Тухель Пулишични камтарин футболчи сифатида таърифлаган бўлсада, Крис ўз устунликлари хусусида гапиришни ёқтиради: «Мен жисмоний тайёргарлик, тезкорлик, тўп учун курашиш борасида ҳеч кимдан қолишмасликка ҳаракат қиламан. Доимо баҳслашиш учун рақиб футболчиси томон интиламан».

Тўғри, барча касбдошлари каби Кристиан ҳам барча яккакурашларда ғолиб чиқавермайди. Лекин тезкор ҳаракатлари, интилувчанлиги билан рақибларини шошириб қўяди, хато қилишга мажбур этади. «Боруссия»даги илк голини ҳам айнан шу изланувчанлиги оқибатида амалга оширганди. Унинг иккинчи ажойиб фазилати - олдинги чизиқнинг барча нуқталарида самарали тўп сура олиш. Футболчидаги шиддаткорлик Бошнинг 4-3-3 услубига ҳам жуда мос. Ўтган йили мураббий «Аякс»да Берт­ран Траоредан соф ҳужумчи позициясида фойдаланган, кейин ўнгроққа ўтказганди. Унинг ўрнини эса Каспер Долберг билан тўлдирганди. «Боруссия»да ҳам худди «Аякс»даги каби ҳужумчилар мунтазам ҳаракатда. Пулишич «Бавария» дарвозасини марказдан тезкор рейд эвазига ишғол этди, «Вольсфбург» посбонини эса ўнг қанотдан зарба бериш билан доғда қолдирди, «Герта»га қарши баҳсда у асосан сўл қанотда ўйнади.

Қўшимчасига, Кристиан Дембеленинг айрим ижобий хислатларини яхши ўзлаштириб олган. Жумладан, дриблинг ва тўпни қабул қилиш учун бўш ҳудудларда «очилиш» фазилатларини. 5-6 нафар рақибни алдаб ўтиш Пулишичга қийинчилик туғдирмайди. Бошнинг услубига мослашиш шунчалик хайрли кечмоқдаки, Крис мустақил ҳаётга кириб қолганини сезишга ҳам улгурмаяпти. 2,5 йил ўғлининг ёнида бош-қош бўлиб турган Марк Пулишич энди уни ёлғиз қолдирди. Бу ҳам фарзанд тарбиясининг навбатдаги босқичларидан бири, албатта.

Одатда Пулишичга ўхшаган футболчилар ҳозирча миллионлар «кумир»ларига айланиб улгуришган. Боиси, уларда тожлар ҳам, нуфузли совринлар ҳам йўқ. Бироқ Кристиан бундан мустасно: 18 ёшида у АҚШнинг энг машҳур спортчиси даражасига кўтарилди. Бу фақат бошланиши. Миссиясини дунёнинг турли ҳою-ҳаваслари банд этмаган ноёб иқтидор соҳиби «Боруссия»дан кетишни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаяпти. Бу унинг ўзи учун ҳам, жамоа учун ҳам айни муддао. Шу кетишда Пулишич ёрқин юлдузларнинг бирига айланиши аниқ. Ҳозирча фақат рақиблари унга қўшимча бош оғриғи бўлишяпти. Бу ҳам унинг фойдасига.

Ўтган мавсумдаги Рур дербисида «Шальке» бош мураббийи Маркус Вайнцирль Пулишични қўриқлашни Сеад Колашинацга топширганди. Ўшанда бу «юриш» ўз самарасини берган ва «Боруссия» Дортмунд-«Шальке» қарама-қаршилигида ҳисоб очилмаганди. Бироқ ҳозир Кристиан аввалгидан ҳам самаралироқ тўп сурмоқда. Эҳтимол, рақиблар ҳозирча унга етарли эътибор қаратишмаётгандир?

Ҳа, пўлатдан пишиқроқ дея таърифлашган қаҳрамонимизнинг кичик бўлсада муаммоси бор. Лекин бу футболга алоқадор эмас: «Менинг «кумир»ларим Жастин Бибер. Туғилган кунимда унинг концертига тушмоқчиман», - деганди Кристиан ўзининг 18 ёшини нишонлаш арафасида. Биз ва барча футбол мухлислари учун унинг яшил майдондаги фаолияти санъатга бўлган қизиқишидан кўра муҳимроқ. Нима дедингиз?...

АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР


Билдирилган фикрлар


talanti bor yigit
04.10.2017 00:41

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.