Қайднома

Қидирув

Ўзбекистонда ишлаган энг кучли мураббийлар

Ўзбекистонда ишлаган энг кучли мураббийлар

  05.10.2017 06:24
  0
  3674
Ўзбекистонда ишлаган энг кучли мураббийлар

Ўзбекистон чемпионати Осиё миқёсида энг кучли миллий биринчиликлар қаторида эътироф этилмаса-да, олий лигамизда ўз вақтида таниқли футболчилар фаолият олиб боришган. Қолаверса, ўзбек жамоаларини дунёга машҳур бир қатор мураббийлар бошқаришган.

Ёдингизда бўлса, бир вақтлар Зико, Сколари каби мутахассисларнинг юртимизда иш бошлаши бутун қитъа эътиборини Ўзбекистонга қаратганди. Хўш, мамлакатимизда меҳнат қилган машҳур мураббийлар айни пайт қаерда ва улар нималар билан банд? Бугун шу ҳақда ҳикоя қиламиз.

Зико - ишсиз

«Бунёдкор» олий лигага чиққан илк йилларда асосан хорижлик мураббийларни жамоага олиб келишга эътибор қаратганди. Улар орасида биринчи бўлиб Зико юртимизга ташриф буюрганди. Ўз вақтида дунёнинг энг таниқли футболчиларидан бири бўлган бразилиялик мутахассис мураббийликда у қадар катта довруғ қозона олмади.

2008 йилда Зикони жамоа бошқарувига олиб келган «қалдирғочлар» ундан кўп нарса кутишганди. «Бунёдкор»­даги қисқа муддатли фаолияти давомида Ўзбекистон чемпионлиги ҳамда мамлакат кубогини қўлга киритган бразилиялик мутахассис юртимизда узоқ қолмади. У Россиянинг ЦСКА жамоасидан тушган таклифни қабул қилиб, фаолиятини кучлироқ чемпионатда давом эттиришни истади. Лекин рус клубига мослашиб улгурмай, истеъфога чиқди.

«Қўнимсиз мураббий» номини олган Зико 2014 йилда Ҳиндистоннинг «Гоа» жамоаси билан шартнома имзолади. Ушбу клуб 2015 йилги мавсум якунларига кўра, маҳаллий чемпионатда кумуш медалларга эга чиқди. Бироқ 2016 йилда ҳар икки томон ўзаро келишувга биноан шартномани бекор қилишгач, Зико яна ишсиз қолди. Шундан буён 64 ёшли мураббий ҳали ўзига янги жамоа топганича йўқ.

Луис Фелипе Сколари - «Гуанжоу Эвергранд» бош мураббийи

Ўзбекистонда фаолият олиб борган энг машҳур мураббий - Луис Фелипе Сколари саналади. Ўз вақтида Бразилия терма жамоасини жаҳон чемпионига айлантирган мутахассиснинг юртимизга ташриф буюриши анчагина шов-шув кўтарганди. 2009 йилнинг 8 июнида «Бунёдкор» бош мураббийи этиб тайинланган Луис Фелипе «қалдирғочлар»ни бир йил мобайнида бошқарган. Ушбу муддат ичида «Бунёдкор» билан Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. Ўша вақтда дунёнинг энг кўп маош олувчи мураббийлари қаторида эътироф этилган Сколарининг Тошкентга саёҳати Осиё Чемпионлар Лигасидаги муваффақиятсиз иштирокдан сўнг якунланган.

У «Бунёдкор»дан кетгач, бир муддат ўз юртида «Палмейрас»га устозлик қилди. Кейинроқ яна бир бор Бразилия терма жамоаси бошқарувини қўлга олди. Ҳозирда эса 68 ёшли мутахассис Хитойнинг «Гуанжоу Эвергранд» клуби бош мураббийи сифатида фаолият олиб бормоқда.

Қайд этиш жоизки, унинг Чин юртидаги ишлари анча яхши кетмоқда. 2015 йилнинг 4 июнида «Гуанжоу Эвергранд» устозига айланган Сколари ҳозирга қадар ушбу жамоани икки марта Хитой чемпионига айлантирди ва бир бор қитъа Чемпионлар Лигасида зафар қучишга муваффақ бўлди. Гуанжоу жамоаси раҳбариятини Сколарининг қайд этаётган натижалари қониқтирмоқда ва улар ушбу мураббийга янги шартнома таклиф этиш ҳақида ўйлашмоқда.

Игорь Криушенко - Беларус терма жамоаси бош мураббийи

Ўзбекистон чемпионатида МДҲ мамлакатлари футбол жамоатчилиги орасида ном қозонган бир қатор мутахассислар ҳам фаолият олиб боришган. Жумладан, беларуслик таниқли мураббий Игорь Криушенко 2011-2012 йилларда «Шўртан» клубига устозлик қилган. Ўз тарихида янги саҳифа очишни мўлжаллаган ғузорликлар бошқарувга юқори савияли мураббийни олиб келишни мақсад қилиб, Криушенко вариантида тўхтагандилар.

Бир вақтлари БАТЭ, «Динамо Минск» каби жамоаларда ишлаган мураббийнинг «Сибирь» клубини илк мавсумдаёқ Россия премьер-лигасига олиб чиққани кўпчиликни ҳайрон қолдирганди. Шу боис «Шўртан» раҳбарияти айнан беларуслик мураббийни ишга таклиф қилганди. Игорь Криушенко Ғузорда рақобатбардош жамоа шакллантиришга астойдил бел боғлаганди. Бироқ 2012 йилда у негадир ўз юртига қайтишни истаб қолади.

«Шўртан»дан кетгач, «Торпедо-БелАЗ» клуби бошқарувини қўлга олган Криушенко ҳамон шу клубга устозлик қилиб келмоқда. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, жорий йилнинг март ойидан буён 53 ёшли мутахассис бир вақтнинг ўзида Беларус термаси бош мураббийлигини ҳам бажармоқда.

Анатолий Демьяненко - ишсиз

«Насаф» 2011 йили ОФК кубогида бош совринга эга чиққанда клуб бош мураббийи Анатолий Демьяненко эди. 2010 йилнинг август ойида Қарши жамоаси бошқарувини қўлга олган украиналик мутахассис қисқа фурсат ичида ажойиб жамоа шакллантира олди. Айниқса, унинг меҳнатлари самараси 2011 йилда яққол намоён бўлди. Ўша мавсум якунига кўра, қаршиликлар олий лигани 2-поғонада якунлашди. Шунингдек, ўзбек жамоалари орасида биринчи бўлиб қитъа миқёсидаги мусобақада муваффақият қозонишди.

2012 йилда «Насаф» ишқибозлари хорижлик мураббий қўл остидаги жамоадан янада кўпроқ натижаларни кутишаётган эди. Лекин кутилмаганда Демьяненко кетиш тадоригини кўрди ва мавсум бошланмай туриб «аждарлар» билан хайрлашди.

Айни пайт Анатолий Васильевич ҳеч қайси клубда ишлаётгани йўқ. Бўш қолмаслик учун Украина пенсионерлар терма жамоасига мураббийлик қилиб келмоқда. Яқиндагина берган интервьюларидан бирида маҳоратли мутахассис яна бирор жиддий мақсадни кўзлаган клубда ишлаш нияти бор эканини таъкидлаганди.

Валерий Непомняший - ишсиз

Юртимизда ишлаган машҳур мураббийлардан яна бири Валерий Непомняший ҳисобланади. Россиялик мутахассис 2006 йили Ўзбекистонда фаолият олиб борган. Ўз даврида Самарқанднинг «Спартак» жамоасида оз муддат ўйнаган Непомняшийнинг футболчилик фаолияти жароҳат сабаб унча узоққа чўзилмаган. Лекин у мураббийликда юқори чўққиларни забт эта олди.

Камерун термаси билан биргаликда 1990 йилги мундиалда чорак финалга қадар етиб борган Непомняший кейинчалик Жанубий Корея, Туркия ҳамда Хитой жамоа­ларида фаолият олиб борди. 2006 йилда эса бир вақтнинг ўзида ҳам Ўзбекистон миллий термасида, ҳам «Пахтакор» клубида бош мураббий лавозимларида меҳнат қилди. Бироқ «шерлар» унинг бошқарувида Осиё Чемпионлар Лигасида гуруҳда иккинчи ўрин билан чекланишди. Терма жамоамиз эса Осиё кубоги-2007 саралашини бироз ишончсиз ўтказди. 2006 йилнинг ноябрь ойига бориб Валерий Непомняший соғлиғи билан боғлиқ муаммо сабаб истеъфо бериб, ўз юртига йўл олди.

Кейинчалик «Томь» клубида орада кичик танаффус билан 2 марта фаолият юритди. 2016 йилда Томск жамоасини тарк этган тажрибали мураббий ҳозирча ишсиз.

Миодраг Радулович - Ливан терма жамоаси бош мураббийи

«Пахтакор» клуби бир вақтлари Болқондан нафақат футболчиларни, балки мураббийларни ҳам таклиф этарди. Миодраг Радулович ана шундай мутахассислар ичида энг машҳурларидан бири саналади.

2010 йил аввалида «Пахтакор» бош мураббийига айланган ёш мутахассис кучли жамоа шакллантириш мақсадида таркибга юқори савияли футболчиларни йиғишни бошлади ва «шерлар» унинг қўл остида ёмон ўйин кўрсатишмади. Бироқ черногориялик мутахассиснинг «Пахтакор»даги саргузаштлари узоқ чўзилмади. Боиси ватандоши Миодраг Божович Россиянинг «Динамо» М. жамоа­сига таклиф қилди. Шу тариқа Радулович Тошкентдаги бош мураббийликни Москвадаги ёрдамчи мураббийликка алмаштиришни маъқул кўрди. Лекин унга рус клубида узоқ ишлаш насиб этмади.

Кейинроқ Қувайтнинг «Казма» жамоа­сида бироз ишлаган 49 ёшли Радулович 2015 йилда Ливандан таклиф олди. Ҳозирги пайтда у айнан шу мамлакат термасига устозлик қилиб келмоқда.

Зокир Шоҳ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz