Қайднома

Қидирув

Ярим финал: Бугун ва эртага кимлар ютишади?

Ярим финал: Бугун ва эртага кимлар ютишади?

  06.10.2017 09:36
  0
  769
Ярим финал: Бугун ва эртага кимлар ютишади?

Шу ҳафта охирида мавсумдаги энг муҳим ўйинлардан яна иккитасини томоша қиламиз - Ўзбекистон кубоги ярим финали жавоб ўйинида Самарқанднинг «Динамо» клуби ўз майдонида «Бунёдкор»ни қабул қилади. Қаршида эса «Насаф» - «Локомотив» тўқнашувининг иккинчи қисми бўлиб ўтиши лозим.

Хўш, мазкур учрашувларда қандай натижалар қайд этилади? Бу савол ҳаммани бирдек қизиқтириши турган гап. Қуйида кубок ярим финали жавоб ўйинлари қандай кечишини тахмин қилишга уриниб кўрамиз. Турган гапки, тахминимиз тўлиғича таҳлилга асосланади.

«ДИНАМО» - «БУНЁДКОР»

Бу жамоалар ўртасида Тошкентда кечган дастлабки баҳс анча кутилмаган натижа билан якунига етди - 0:0. «Бунёдкор» ҳар қанча уринмасин, самарқандликлар дарвозасига гол уришнинг уддасидан чиқа олмади. «Динамо» эса ҳимояда ишончли ўйин кўрсатди, аммо қарши ҳужумлардан фойдалана билмади.

Шундай экан, бу натижани ҳар икки жамоа учун ҳам қулай, деб айтиш мумкин. Боиси «Бунёдкор» гарчи ғалаба қозона олмаган бўлса ҳам, ўз майдонида гол ўтказиб юбормади. Бу эса жавоб ўйинида «қалдир-ғочлар»га ортиқча босим юкламайди.

«Динамо» бир томондан дурангга эришгани учун хурсанд бўлса-да, бошқа томонлама ўз майдонида барибир, эркин нафас олиши анча қийин бўлади. Боиси, энди шунчаки ҳимояни ушлаш билан иш битмайди, балки ҳужум қилиш ҳам лозим бўлади. Ахир гол урмаган жамоа финалга чиқа олмайди-ку! Пенальтилар серияси-чи, дейсизми? Унга қадар етиб олиш ҳам керак.

Бу жамоалар ўртасида олий лигада ўтказилган ўйинлар шуни кўрсатиб турибдики, жавоб учрашуви анча қизиқарли ўтиши турган гап. Чунки, «Бунёдкор» Ўзбекистон чемпионати доирасида «Динамо»га қарши ўз майдонида ўтказган ўйинда ҳам муаммоларга дуч келган. Аксинча, сафарда ўтган учрашувда ишончли ғалабага эришган.

Ёдингизда бўлса, биринчи даврада Тошкентдаги «Бунёдкор» - «Динамо» баҳси 1:1 ҳисобида якунига етган эди. Аммо орадан уч ой ўтиб, Самарқандда бўлган ўйинда «қалдирғочлар» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Қизиқ томони, голларнинг ҳар иккиси ҳам марказий ҳимоячи Рустам Ашурматов томонидан урилган.

Боз устига, олий лига статистикаси ҳам «Бунёдкор»нинг фойдасига ишламоқда. Миржалол Қосимов шогирдлари, мана 10та ўйиндирки, мағлубият нималигини билмай келишмоқда. «Динамо» эса, аксинча, охирги 10 учрашувда ғалаба қозона олмаган. Шундай экан, Самарқандда бўладиган баҳсда «Бунёдкор» устунлигини инкор этиб бўлмайди.

Аммо шу билан бирга, «Динамо»га ҳам паст баҳо бермасликни сўраган бўлардик. Боиси, самарқандликлар мавсум бошида кетма-кет ғалабалари билан нималарга қодирликларини кўрсатишганди. Агар «Динамо» кубок ярим финалида ҳам ўша иштиёқ билан майдонга тушса, «Бун-ёдкор»га осон бўлмаслиги турган гап.

Имконият:

«Динамо» - 35%

«Бунёдкор» - 65%

«НАСАФ» - «ЛОКОМОТИВ»

«Локомотив» Ўзбекистон кубоги ярим финалининг дастлабки баҳсида «Насаф»ни 3:1 ҳисобида енгишга муваффақ бўлди. Тошкентда кечган учрашув тўлиғича Марат Бикмаевга аталди. Тажрибали ҳужумчи иккита гол урди ва фаол ўйин намойиш этиб, жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшган эди.

Умуман, Бикмаев ҳақида алоҳида фикр билдирадиган бўлсак, Марат «Насаф»га қарши ўз майдонида кечадиган ўйинларда анча фаоллиги билан ажралиб туради.

Масалан, олий лига доирасида Тошкентда ўтган учрашувда ҳам иккита гол уриб,  жамоасининг 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишига сабабчи бўлган эди. Аммо инсоф юзасидан шуни айтиш лозим, «Насаф» ҳам «Локомотив»га қарши ўз майдонида ўтган баҳсларда яхши ўйнай олади.

Жумладан, жорий мавсум олий лига доирасида Қаршида кечган баҳсда «темирйўлчилар» 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратилган. Бу ўйинда иккала гол ҳам Драган Черан ҳисобига ёзилган (бири пенальтидан, иккинчиси эса сўнгги дақиқаларда урилган).

Хуллас, ҳар икки жамоанинг жорий мавсум ўзаро учрашувларда қайд этган натижалари шулардан иборат. «Локомотив» кубок ярим финалининг дастлабки баҳсида анча қулай ҳисобда ғалаба қозонди. Аммо ҳаммаси ҳал бўлган, дейишга шошманг. Чунки «Насаф» анъанавий тарзда ўз майдонида кучли ўйин намойиш этиши кутилмоқда. «Локомотив» ҳужумининг асосий кучи - Марат Бикмаев. «Насаф»да эса худди шу ишни Драган Черан амалга оширади. Ҳар икки футболчи ҳам айни вақтда яхши спорт формасида. Шундай экан, нима учун Қаршидаги ўйиндан шиддат ва жозиба кутмаслигимиз керак?

Имконият:

«Насаф» - 40%

«Локомотив» - 60%

 

Ўзбекистон Кубоги-2017.

 

Ярим финал ҳакамлари

 

1|2 финал (жавоб ўйинлари)

 

6 октябрь (жума)

 

«Динамо» (Самарқанд) - «Бунёдкор» (Тошкент)

 

Ҳакамлар: З.Қодиров (Навоий), О.Жумаев (Навоий), Р.Самандаров (Навоий), А.Эргашев (Тошкент).

 

Назоратчи: А.Ҳотамов (Тошкент).

 

Дастлабки учрашув - 0:0.

 

-------------------------------

 

7 октябрь (шанба)

 

«Насаф» (Қарши) - «Локомотив» (Тошкент)

 

Ҳакамлар: В.Цейтлин (Тошкент), Т.Галеев (Тошкент), А.Пўлатов (Тошкент), И.Иброҳимов (Нукус).

 

Назоратчи: А.Попов (Тошкент).

 

Дастлабки учрашув - 1:3.

 

Зафар ҚОСИМОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz