Қайднома

Қидирув

Ҳувиллаган «Камп-Ноу» ёки 1 ҳафта олдинга қайтамиз

Ҳувиллаган «Камп-Ноу» ёки 1 ҳафта олдинга қайтамиз

  06.10.2017 09:56
  0
  816
Ҳувиллаган «Камп-Ноу» ёки 1 ҳафта олдинга қайтамиз

Каталониядаги референдум сабаб «Барселона»-«Лас-Пальмас» учрашуви мухлисларсиз ўтказилди. Андрей Ярмоленко Дортмунднинг «Боруссия»сига навбатдаги ғалабани қўлга киритишда кўмаклашди. Дэвид Бэкхем янги имиджи билан мухлисларини лол қолдирди. Франциянинг Амьен шаҳридаги стадиондаги нохуш ҳодиса сабаб ишқибозлар жароҳатланишди. Эътиборингиз марказида дам олиш кунлари рўй берган шу ва бошқа муҳим воқеалар тафсилоти.

Англия. «Манчестер Сити» чемпионни енгди

АПЛнинг навбатдаги турида марказий баҳс амалдаги чемпион «Челси» ва «Манчестер Сити» ўртасида кечди. «Шаҳарликлар» қаторасига учта ўйинда ғалаба қозонишган, Серхио Агуэро ажойиб спорт формасига кириб бораётганди. Бироқ Лондондаги ўйинда аргентиналик ҳужумчи қатнашмади: муҳим учрашув арафасида автоҳалокатга учраб, жароҳатланди.

Шунга қарамай, Гвардиола шогирдлари усиз ҳам амаллашди. Иккинчи бўлим ўрталарида Кевин де Брюйне томонидан киритилган тўп ўйин тақдирини ҳал қилди. Эътиборлиси, бельгиялик ярим ҳимоячи сўнгги 11та голидан 9тасини жарима майдони ташқарисидан урди. Пеп эса ўйиндан сўнг мураббийлик фаолиятида илк маротаба «Стэмфорд Бридж»да ғалаба қозонганини таъкидлади.

Бироқ «Челси» устидан қозонилган ғалаба «МЮ»дан ўзиб кетиш учун етарли бўлмади. Жозе Моуриньо бошчилигидаги «қизил иблислар» яққол аутсайдерга қарши баҳс юритишди. Бу пайтга келиб нафақат ғалаба, балки гол уриш нималигини билмай келган «Кристал Пэлас» бу сафар ҳам ўз дарвозасидан жавобсиз тўртта тўп ўтказиб юборди.

Таркибдаги ротация туфайли жароҳатдан тикланиб, сафга қайтган Маруан Феллайни «дубль» қайд этиб, учрашув қаҳрамонига айланди. Дарвоқе, ушбу ўйин­ни бевосита стадиондан кузатиш мақсадида ташриф буюрган Дэвид Бэкхем ўзининг янги имиджи билан кўпчиликнинг эътиборини ўзига қаратди.

Ўз навбатида, «Тоттенхэм» ҳам 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Премьер-лиганинг янги вакили «Хаддерсфилд Таун» рақибнинг савияли ижрочиларини тўхтатишга ожизлик қилди. Ҳар доимгидек, «шпорлар» сафида Харри Кейн энг яхши ўйинларидан бирини намойиш этди.

«Ливерпуль» футболчилари ЕЧЛ доирасидаги баҳсдан сўнг бироз чарчаб қолишган чоғи, яна очко йўқотишди. Сафарда Рафаэль Бенитес бошчилигидаги «Ньюкасл» билан муроса кўчаси танланди. Эътиборлиси, испаниялик мутахассис олти йил мобайнида (2004-2010) «Ливерпул»ни бошқариб, 2005 йили «қизиллар» билан ЕЧЛ бош совринини қўлга киритганди.

Испания. Сиёсат соясидаги футбол

Юқорида таъкидланганидек, Каталония мустақиллиги бўйича ўтказилган референдум сабаб «Барселона» ўйинни мухлисларсиз ўтказишга қарор қилди. Чунки Ла-лига мазкур баҳснинг бошқа муддатга қолдирилишига қарши чиққанди.

Гарчи «кўк-анорранглилар» рақибни 3:0 ҳисобида енгишсада, хаёллари футбол майдонидан ташқарида бўлгани аниқ. Хусусан, Жерар Пике финал ҳуштаги янграгач, кўзига ёш олиб, кимдир уни миллий жамоа шарафини ҳимоя қилишга лойиқ эмас, деб ҳисобласа, термадан кетишга тайёр эканини таъкидлади.

Ўз навбатида, «Реал» ишқибозлари Барселонанинг бошқа бир клуби - «Эспаньол»га қарши кечган баҳсда ватанпарварликларини кўрсатишга уринишди: 12-дақиқада ҳамма боши узра Испания байроғини кўтарди. Бевосита ўйинга тўхталадиган бўлсак, «Қироллик клуби» Исконинг «дубл»и эвазига ишончли ғалабага эришди.

Бу пайтга келиб, «Малага»ни мағлубиятга учратган «Севилья» турнир жадвалида иккинчи ўринга қайтди. Чунки «Атлетико» сафарда камтарона «Леганес» дарвозасига йўл топа билмади. Бу ҳам етмагандек, Диего Симеоне бошчилигидаги жамоа «Атлетик» билан баҳсда базўр 3 очколик бўлган «Валенсия»ни ҳам олдинга ўтказиб юборди. «Реал Сосьедад» эса «Бетис» билан голларга бой ўйин намойиш этиб берди: ҳар икки жамоа тўрттадан тўп киритишга эришишди.

Италия. Видеотакрорларнинг янги саргузашти

«Ювентус»нинг «қоқилиши» ва пешқадамнинг алмашиши «А» сериянинг 7-турида кузатилган энг асосий воқеага айланди. «Аталанта» уйига сафар уюштирган «Кекса синьора» осонликча ғалаба қозонадигандек тасаввур уйғонганди.

Чунки ўйиннинг 24-дақиқасига келиб номдор меҳмонлар 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишганди. Бироқ майдон эгалари тез орада биринчи жавоб тўпини киритишди.

Ўйин тақдири иккинчи бўлим бошларида тўлиқ ҳал бўлиши мумкин эди. Аммо Марио Манжукич томонидан урилган гол бош ҳакам Антонио Дамато видеотакрорларга мурожаат этганидан сўнг бекор қилинди.

Орадан ўн дақиқа ўтиб эса «Аталанта» ҳисобни тенглаштирди. Учрашув якунланиши арафасида VAR тизими энди «Юве»га фойда берди. Ёзувларни кўриб чиққан рефери мезбонлар футболчиси қўл билан ўйнаганини аниқлаб, пенальти белгилади. Аммо чемпионатнинг энг яхши тўпурари Пауло Дибала Этрит Бериша қўриқлаётган дарвозани ишғол қилолмади.

Қизиғи, учрашувдан сўнг «Ювентус» устози Массимилиано Аллегри норози оҳангда видеотакрорлар ўйинни чўзиб юборганини таъкидлади.

«Верона» ҳам 0:2 ҳисобида ортда бораётганига қарамай, айнан VAR тизими эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди. «Торино»га қарши кечган баҳсда ҳакам дастлаб офсайд туфайли голни инобатга олмади, кейин эса туринликлар дарвозаси томон пенальти белгилади ва уни Жампаоло Паццини аниқ амалга оширди. Уч очкони бой берган жамоа бош мураббийи Синиша Михайлович ўйиндан сўнг ҳакамнинг ҳақлигини тан олди.

Ўз майдонида «Кальяри»ни енгиб, қаторасига еттинчи ғалабасини тантана қилган «Наполи» эндиликда якка пешқадамга айланиб олди. Сафарда «Беневенто»ни Марсело Брозовичнинг «дубл»и эвазига 2:1 ҳисобида енгган «Интер» эса тўпланган очколар бўйича «Юве» билан тенглашди. Ўз навбатида, «Милан» принципиал қарама-қаршиликда «Рома»га 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Ҳар икки тўп 70-дақиқадан сўнг урилди. Гарчи ушбу мағлубиятдан кейин ҳам «россонери» раҳбарияти Монтеллага ишонишини билдирсада, «Бавария»даги ишидан бўшаган Карло Анчелоттининг Миланга қайтиши ҳақидаги гап-сўзлар тинмаяпти.

Германия. «Бавария»нинг навбатдаги «қоқилиши»

Мюнхенликлар Анчелотти кетганидан кейинги дастлабки учрашувда «Герта»ни мағлуб эта олишмади. Мазкур баҳсга жамоани бош мураббий вазифасини вақтинчалик бажарувчи Вилли Саньоль бошлаб тушди. Агар матбуотга ишонадиган бўлсак, яқин орада жамоани Томас Тухель қабул қилиб олиши мумкин. Матс Хуммельс ва Роберт Левандовскининг голларидан сўнг мюнхенликларда муаммо йўқдек туюлганди, лекин «Бавария» рақибга қандайдир олти дақиқа ичида иккита тўп киритиш имконини яратиб берди. Бу ҳам етмагандек, Франк Рибери тиззасидан жароҳат олгач, унинг ўрнига Кингсли Коман туширилди.

«Бавария»нинг очко йўқотиши пешқадам «Боруссия» (Дортмунд)нинг асосий рақобатчисидан беш очко илгарилаб кетишига замин яратди. Ваҳоланки, «қовоғарилар» ҳам «Аугсбург»ни қийинчилик билан 2:1 ҳисобида мағлуб этишди. Ҳаттоки, «Боруссия» устози Петер Бош бу баҳсни шогирдларининг мавсумдаги энг ёмон ўйини, деб атади.

Қийин вазиятда дортмундликларнинг янги аъзоси украиналик Андрей Ярмоленко товони билан чиройли гол уриб, жамоаси жонига оро кирди. «Аугсбург» мувозанатни тиклашга эришганди, аммо бўлим ўрталарида украиналик футболчи Шинжи Кагавани самарали узатма билан таъминлади.

Франция. Амьендаги нохуш ҳодиса

Лига 1нинг навбатдаги тури Амьендаги стадион трибунасининг қулаши билан эсда қолди. Шу куни маҳаллий «Амьен» «Лилл»ни қабул қилаётганди. 16-дақиқада меҳмонлар тўп киритишди, жамоа мухлислари эса ушбу воқеани нишонлаш мақсадида ўзларини трибуна тўсиқларига уришди. Натижада иншоот одамларни кўтара олмай қулади. Хайриятки, қурбонлар кузатилмади.

27 киши жароҳатланган бўлса, улардан 5 нафари оғир аҳволда эканлиги ҳақида хабар берилди. Ўйиндан сўнг Амьен прокуратураси мазкур иш юзасидан тергов ишларини бошлади.

Клуб президенти Бернар Жоаннен эса барчасида меҳмон жамоа мухлисларини айблади. Ўз ўрнида, «Лилль» раҳбарлари «Амьен»нинг мухлислар учун хавфсизликни таъминлай олмаганлигини таъкидлашди.

«ПСЖ» «Монако» билан ўртадаги фарқни яна оширди. Бир тур олдин парижликлар майдонида дуранг ўйнаган «Монпелье» бу сафар монегасклардан очко тортиб олди. Сулаймон Камаранинг 92-дақиқада урган голи учрашувнинг дуранг қайд этилишини таъминлади.

«ПСЖ» эса «Бордо»га ҳеч қандай имконият қолдирмади — 6:2. Неймар иккита тўп киритиб, бир голга ассистентлик қилди. «Бордо» дарвозаси томон пенальти белгиланган вазият мухлисларни сергак торттирди.

Чунки «нуқта»га ким яқинлашиши кўпчиликка қизиқ туюлаётганди. Якунда ушбу вазифани Неймар бажарди. Ўйиндан сўнг парижликлар устози Унаи Эмери икки юлдузнинг пенальтиларни галма-галдан тепишларини белгилаб қўйгани ойдинлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz