Қайднома

Қидирув

Темур Кападзе: «Муддатидан аввал чемпион бўлмоқчимиз»

Темур Кападзе: «Муддатидан аввал чемпион бўлмоқчимиз»

  07.10.2017 03:37
  0
  1193
Темур Кападзе: «Муддатидан аввал чемпион бўлмоқчимиз»

Чемпионат якунланишига ҳали 7та тур бор: карвонбоши ва таъқибчилар орасидаги фарқ эса 7 очко. «Локомотив»нинг чемпионлик мақомини ҳимоя қилиши деярли ойдинлашиб қолгандек.

Лекин «Насаф», «Бунёдкор» ва «Пахтакор» жамоалари курашни охиригача давом эттириши аниқ. Негаки, бундан 2-3 тур олдин қаршиликлар ҳам, Шота Арвеладзе бошчилигидаги «шерлар» ҳам бирин-кетин Мирко Йеличич шогирдлари устидан ғалаба қозониб, «олтин» масаласини яна асосий мавзуга айлантиришганди.

Шундай экан, мухлисларда олий лигамизга нисбатан қизиқиш сўнгги турларгача сақланиб қолса керак. Биз амалдаги чемпионнинг «Олмалиқ»қа қарши ўйинидан сўнг «темирйўлчилар» сардори Темур Кападзедан шу мавзуда интервью олдик.

- Темур, «Локомотив» кутилмаганда кетма-кет 2та учрашувда мағлубиятга учради. Боз устига, чемпионликка даъвогар клублардан. Ўртадаги очколар фарқи ҳамон катта бўлсада, муҳим баҳсларда очко йўқотиш якунда жамоани мушкул вазиятга солиб қўйиши мумкин...

- Ҳа, 2та ўйинда қимматли 6 очкони яқин таъқибчиларимизга тортиқ этдик. Энг ёмони, бизни изма-из қувиб келаётган рақибларга имкониятни бой бердик. Шахсий фикрим, ҳар икки учрашувда жамоамиздан шунчаки, омад юз ўгирди.

Йигитлар майдонда яхши ҳаракат қилишди. Лекин футболда шундай аламли мағлубиятлар ҳам учрайди. Муҳими, ҳозир 7 очколик фарқни сақлаб турибмиз.

Лекин бу хотиржамликка берилишимизга асос бўлолмайди. Кейинги ўйинларда фақат ғалаба учун майдонга тушамиз, зеро, чемпионликни муддатидан аввал қўлга киритмоқчимиз.

- Мағлубиятларни фақат омадсизлик билан боғлаш тўғримикан?

- Йўқ, албатта. Фақат омадга йўйиш баҳонага ўхшаб қолади. Қаердадир хатоларга йўл қўйдикки, буни ҳам тан олиш керак. Айниқса, «Насаф»га қарши кечган баҳсда камчиликлар яққол кўзга ташланди.

Дейлик, учрашув бошидаёқ ҳимоячимиз йўқ жойдан дарвозамизга пенальти белгиланишига сабабчи бўлди.  Ана ўша 11 метрли жарима зарбаси ўйин тақдирини деярли ҳал қилди.

Ҳисобда олдинга чиқиб олган «Насаф» футболчилари ҳимояга ўтиб, қарши ҳужумда бизни роса қийнашди. «Пахтакор»га келсак, биласиз, бундай учрашувларда қайси жамоа биринчи голни уриб олса, унинг ғалаба қозониш эҳтимоли анча ошади.

Бу тушунча яна бир бора исботини топди. Лекин умумий статистикага эътибор қаратсак, бизда имкониятлар кўпроқ бўлди. Афсуски, улардан фойдаланолмадик.

- Икки мағлубиятдан сўнг футболчилар тушкун ҳолатдан тўлиқ чиқиб кетишдими?

- Жамоада ҳеч қандай тушкунлик йўқ. «Олмалиқ»ни енгиб, буни амалда исботладик.

- Аслида Кумиков шогирдлари ўз майдонларида ҳаттоки, фаворитларга ҳам етарлича ташвиш туғдиришга одатланишган. Хўш, уларни ниманинг эвазига доғда қолдирдинглар?

- Ҳа, «Олмалиқ» жуда яхши шаклланган жамоа. Ўзига хос услуби бор. Асосан стандарт вазиятларга эътибор қаратади. Шу куни ҳам олмалиқликлар айнан «стандарт»ларда бизга босим ўтказишди.

Мураббийларимиз ўйин олдидан рақибнинг шу жиҳатига эътибор қаратишимиз зарурлигини уқтиришганди. Кўрсатмаларга амал қилиб, мезбонларга айтарли имконият бермадик. Шунинг баробарида чемпионатдаги энг яхши ўйинларимиздан бирини намойиш этдик.

- «Локомотив» легионерлари ишончни нечоғли оқлашяпти?

- Келинг, шу саволингизни жавобсиз қолдирай...

- Унда чемпионатимизда тўп сураётган легионерлар ҳақида умумий фикр билдирсангиз: кимларни алоҳида тилга оласиз?

- Менимча, «Насаф» ва «Пахтакор» легионерларини энг яхшилар қаторида кўрсатиш мумкин. Чемпионатимизга камида шундай, улардан ҳам кучлироқ легионерларни таклиф этиш керак. Шунда футболимизда ўсиш кузатилади. Яъни чемпионат ўйинларига қизиқиш ортади, стадионларимиз мухлислар билан тўлади. 

- ЎФФда катта ўзгаришлар юз берди ва бу жараён давом этмоқда. Ушбу ўзгаришларга муносабатингиз қандай?

- Жараённи кузатиб боряпман. Футболимизда янги давр бошланяпти. Мана, терма жамоага хориждан мутахассис излашяпти. Буни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.  

- Агар сизга шундай имконият берилса, терма жамоа бошқарувига кимни олиб келардингиз?

- Дабдурустдан бир нарса дейиш қийин. Лекин бизга ўз ишининг ҳақиқий устаси керак. Бундай мураббийлар кўп. Энди ҳаммаси музокараларга боғлиқ.

- Аксарият футболчилар фаолиятларини тугатишдан олдин қуйи лига ёки элитанинг ўртамиёна жамоаларида ўйнашади. Саноқли футболчиларгина барчасига юқори нотада нуқта қўйишади. Сиз қайси йўлни танлайсиз?

- Иккинчи вариант маъқул. Футбол билан юқори савияда хайрлашмоқчиман. Ҳозир 36 ёшдаман ва ҳамон яхши жамоада ўйнаётганимдан хурсандман. Фаолиятимни ўз олдига юқори мақсадларни қўйган жамоада якунлаш ниятидаман.

- Демак, жорий мавсум сиз учун охиргиси эмас, шундайми?

- Вақт кўрсатади. Кучим бор экан, ўйнашда давом этаман. Бордию, ўйинимда пасайиш кузатилса, дарҳол четга чиқаман.

Камолиддин Алимов суҳбатлашди


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz