Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон терма жамоасига қандай мураббий керак?

Ўзбекистон терма жамоасига қандай мураббий керак?

  07.10.2017 06:28
  0
  1465
Ўзбекистон терма жамоасига қандай мураббий керак?

Бугун ҳамма-ҳамма - мутахассислар, журналистлар, мухлислар миллий жамоамизга хориждан номдор ва тажрибали мураббий таклиф этиш зарурлиги хусусида дангал гапиришяпти.

Мана, ЎФФнинг янги раҳбарияти ҳам мамлакатимиз бош жамоаси энди кучли легионер мураббийга топширилиши борасида маълумот берди. Тўғри, кимлар мўлжалга олинганию, кимлар ўз номзодини тавсия этгани ҳозирча аниқ эмас.

Тушунарлики, биз Осиё кубоги-2019 ва ЖЧ-2022 саралашини назарда тутган ҳолда муносиб мураббий топишимиз керак. Энг муҳими, номзод мутахассислар Осиё футболини яхши билишлари ва миллий жамоамизни лоақал бир поғона юқорига кўтариш салоҳиятига эга бўлишлари шарт.

Теран назар солсак, жаҳон футболида ҳозир ишсиз юрган мураббийлар орасида айрим жиҳатлари билан олдимизга қўйиладиган вазифаларни бажаришга мос келувчи  мутахассислар ҳам етарлича топилади.

Демак, қуйида шундайларнинг айримлари ҳақида бироз суҳбатлашамиз...

ЛУИ ВАН ГАЛ

Умумий маълумот. Тўлиқ исм-шарифи - Алоизиюс Паулюс Мария (Луи) ван Гал. 1951 йилнинг 8 августида Амстердам шаҳрида таваллуд топган. Футболчилик фаолиятининг асосий қисмини Роттердамнинг «Спарта» клубида ярим ҳимоячи сифатида ўтказган. Мураббийлик ишини 1988 йили «Аякс» клубида бош мураббий ёрдамчиси ролида бошлаган. World Soccer талқини бўйича жаҳоннинг 1995 йилги энг яхши мураббийи.

Терма жамоалар бўйича тажрибаси. Голландия термаси (2000 йил 2 сентябрь - 2001 йил 10 ноябрь; 2012 йил 15 август - 2014 йил 12 июль). ЖЧ-2014 бронза медали соҳиби. Голландия бош жамоасини илк марта Евро-2000дан сўнг қабул қилиб олган Луи ван Гал Жанубий Корея ва Японияда ташкиллаштирилган мундиалга йўл очиш вазифасини бажариши керак эди. Лекин голландлар саралаш босқичида Португалия ва Ирландия термаларидан ортда қолиб, ҳаттоки, «плей-офф» раундига ҳам чиқа олишмади.

Берт ван Марвейк Евро-2012дан сўнг терма жамоа билан хайрлашгач, «қизғалдоқ лолалар» бошқаруви яна ван Галга ишониб топширилди. У бу сафар ишга киришгани ҳамоно терма жамоа таркибини кескин ёшартириш ҳаракатини бошлади. Муҳими, янгиланган жамоа ЖЧ-2014 саралаши ва финал раундини бир нафасда ўтказиб, якунда 3-ўрин соҳибига айланди.

2014 йил 19 май - 2016 йил 23 май оралиғида «Манчестер Юнайтед»ни бошқарган Луи ван Гал футболдан бироз чарчагандек кўринди. Лекин бу мураббийда янги жамоаси учун асраб қўйган тактик схемалари ҳали кўп бўлса керак.

Агарда у миллий жамоамизга келсами, ҳамма Осиё футболидан ҳайратда қоларди. Ўзингиз тасаввур қилинг, Марчелло Липпи, Луиз Фелипе Сколари ва Луи ван Галдек жаҳон чемпионатининг ғолиб ёки совриндор мураббийлари Осиёда ишлашса-я!

Плюс тарафлари. Ўта тажрибали, тактик схемалар тузишга уста. Голландлар кашф этган тотал футбол сир-синоатларидан яхшигина хабардор. Ҳимоя чизиғини янгитдан шакллантиришда тенгсиз мураббий. Шунингдек, ярим ҳимоя ва ҳимоя ўртасида кучли боғлам яратишга катта эътибор қаратади. Ҳужумда эса фақат юксак иқтидор соҳибларига имкон беради.

ГУС ХИДДИНК

Умумий маълумот. 1946 йилнинг 8 ноябрида Варсевелд шаҳрида таваллуд топган. Футболчи сифатида асосан «Де Графсхап» клуби ярим ҳимоясида да тўп сурган. Мураббийлик фаолиятини 1987 йили ПСВ клубида бошлаб, дарҳол юқори натижаларга эришган.

Терма жамоалар бўйича тажрибаси. Голландия термаси (1995 йил 1 ноябрь - 1998 йил 12 июль; 2014 йил 1 август - 2015 йил 30 июнь), Жанубий Корея термаси (2000 йил 28 ноябрь - 2002 йил 8 июль), Австралия термаси (2005 йил 22 июль - 2006 йил 9 июль), Россия термаси (2006 йил 10 июль - 2010 йил 30 июнь), Туркия термаси (2010 йил 1 август - 2011 йил 16 ноябрь).

ЖЧ-98 ва ЖЧ-2002да 4-ўрин соҳиби, Евро-2008 бронза медали соҳиби. XXI аср бошидаги катта эътибор қозонган мураббийлардан бири. Айниқса, муайян муддатда ҳам ўйин сифати, ҳам натижани таъминлай олиши билан машҳур.

Бугунги терма жамоамизнинг бироз хира ва умидсиз кайфиятини ҳисобга олсак, муносиб номзод. Зеро, Гус Хиддинк қисқа вақт ичида футболчилар ишончини қайта уйғота олиши ва терма жамоа атрофида ажойиб муҳит яратиши мумкин.

Эсингиздами, у сўнгги иш жойи - «Челси»да анча узун мағлубиятсиз серия қайд этганди. Аммо Лондон клубидан кетгани бўйича ҳеч қаерда ишламади.

Плюс тарафлари. Жамоаси қийин вазиятга тушган ҳолатларда футболчиларни талаб даражасида руҳлантиришни қойиллатади, уларнинг кўнглига йўл топишни жуда яхши билади. Эътиборли жиҳати, Хиддинк жамоамиз сардори Одил Аҳмедов билан бевосита таниш - улар Махачқалъанинг «Анжи»сида бирга ишлашган.

ТОМАС ТУХЕЛЬ

Умумий маълумот. 1973 йилнинг 29 августида Бавария ўлкасидаги Крумбах шаҳрида таваллуд топган. 2015 йил 1 июнь - 2017 йил 30 май оралиғида «Боруссия» (Дортмунд)ни бошқарган бу мураббийда жонкуярлик хислати кучли.

У шунингдек, доим қийин вазиятга тушиш ва мураккабликни енгиб ўтиш йўлларини излайдиган тиришқоқ мураббий сифатида ном қозонган. Тўғри, Тухель раҳбарият билан ҳамиша силлиқ муомала қилмайди. Оддий айтганда, янги даврнинг энг кўзга кўринган истеъдодли мураббийларидан бири.

Мисол учун, «Майнц»даги иши биланоқ Европада тилга тушганди ва Дортмундда кимсан Юрген Клопп ўрнини эгаллаб, ўйин сифати ва натижа борасида бирдек муносиб ўринбосар эканлигини исботлади.

Бироқ дортмундликлар кутилмаганда, ўртадаги шартномани бекор қилишди ва энг иқтидорли мураббийлардан бири ҳозирча ишсиз. Тўғри, охирги маълумотларга кўра, Томас энди «Бавария» бошқарувини қўлга олиши мумкин (аммо бу ҳали тўлиқ тасдиқланмади). Дарвоқе, ёзда Тухелнинг «Челси» ва ҳаттоки, «Барселона»да иш бошлаши эҳтимоли ҳақида ҳам хабарлар тарқалганди.

Терма жамоалар бўйича тажрибаси. Тухель анча ёш мутахассис ва ҳозирча терма жамолар даражасида ишлаб кўрган эмас.

Плюс тарафлари. Ҳужумкор, юқори прессингга асосланган футбол тарафдори. Юқори маҳоратга эга ёш истеъдодларни топиш, улар билан ишлаш ва тактик янгиликлари билан эътиборни жалб қилишда бебаҳо мутахассис.

ХОРХЕ ФОСАТТИ

Умумий маълумот. 1952 йилнинг 22 ноябрида Уругвай пойтахти - Монтевидеода туғилган. Осиё футболи билимдони. Мавсум-2006Ғ2007 аввалида Қатарда иш бошлаганидан буён бу мамлакатдан кўнгил узолмаётган эди. Осиёдаги энг катта ютуғи - «Ал-Садд» билан ОЧЛ ғолибига айлангани.

Терма жамоалар бўйича тажрибаси. Уругвай термаси (2004-2006 йиллар), Қатар (2007-2008, 2016-2017 йиллар). Фосатти ЖЧ-2018 саралаши сўнгги босқичида гуруҳдошимиз - Қатар миллий жамоаси ҳолатини яхшилашга уринди. Уругвайликнинг мундиал чиптасидан эртароқ умид узган жамоадаги сўнгги ўйини ҳам унинг ишга муносабатини яққол намоён қилади.

Зеро, Ж.Корея термасига қарши 9-тур ўйинидан олдин Фосаттининг истеъфога чиқиши аниқ бўлиб улгурганди. Шунга қарамай, мураббий шогирдларини бор куч билан ўйнашга шайлантира олди. Демакки, футболчилар уни жуда қадрлашади. Бу Хорхе Фосатти ҳар қандай шароитда ҳам олдига максимал мақсадлар қўйиши ва доимо ўз вазифасини виждонан бажаришидан далолат.

Плюс тарафлари. Бир жойда узоқ муддат ишламасада, зиммасига юклатилган вазифага жиддий ёндашади. Уругвай футболига тез-тез бориб-келишини инобатга олсак, ҳужумкор футболга кафолат йўқ эмас.

МАЙК ФЕЛАН

Умумий маълумот.Тўлиқ исми-шарифи - Майкл Кристофер Фелан. 1962 йилнинг 24 сентябрь куни Ланкашир графлигида таваллуд топган. «МЮ»да ўнг қанот ҳимояси сифатида ўйнаган. 1995 йили «Норвич Сити» бош мураббийи ёрдамчиси вазифаси билан янги соҳага қадам қўйган.

Эронликлар миллий жамоага Алекс Фергюсон асссистенти - Карлуш Кейрушни олиб келиб, Осиёда ҳукмронликни қўлга олишган пайт нега биз ҳам айни шу  йўлдан бормаслигимиз керак? Тўғри, эсдан чиқармаслик керак, Кейруш Эронда иш бошлагунига қадар «Реал Мадрид»ни мустақил бошқарганди.

Майк Фелан худди португалиялик мутахассис каби узоқ вақт, аниқроғи, 1999-2013 йиллар оралиғида «Манчестер Юнайтед» тизимида фаолият юритди. Хусусан, сўнгги йилларда Фергюсоннинг бош ёрдамчиси мақомига кўтарилди. Кейинчалик мустақил ишлашга бел боғлаб, жумладан, «Халл Сити» ва «Норвич» клубларига устозлик қилишга улгурди.

Терма жамоалар бўйича тажрибаси. Ҳали бу йўналишда ишлаб кўрмаган.

Плюс тарафлари. Одатда унинг клублари жуда кучли старт олади. Терма жамоа ҳар ҳафта майдонга тушмаслигини инобатга олсак, Фелан исталган рақибга прессингдан дарс бериши мумкин. Бунинг учун унинг шогирдлари инглизча футболга тўлақонли мослашишлари керак, албатта.

ВИКТОР СКРИПНИК

Умумий маълумот.1969 йилнинг 19 ноябрь куни Новомосковск шаҳри (Украина)да таваллуд топган. 1996 йилдан немис футболи ичида. 2016 йил сентябрда «Вердер» бош мураббийи ролидан озод этилганди. Унгача эса Бремен клубининг бундеслигада қолишида катта ишларни амалга оширганди. Виктор фаолиятининг асосий қисмини айнан «Вердер» тизимида ўтказган.

Бутсаларини михга илганидан кейин клубнинг турли ёш тоифаларидаги жамоаларини бошқарди. Демак, у ёшлар билан ишлаш ва уларни кашф этиш тажрибасига эга. Бугунги кунда терма жамоамизга минимал танловдан келиб чиқиб, максимал даражада ўйин ташкил эта оладиган мураббий зарур. Айнан Скрипникка ўхшаш мутахассислар ёрдамида «янги қон қуйиш»ни енгилроқ амалга ошириш мумкин.

Терма жамоалар бўйича тажрибаси. Ҳозирча йўқ. Айтганча, йил аввалида Беларусь футболи раҳбарияти Скрипникни терма жамоага таклиф этди, лекин у негадир Беларусда ишлашни истамади. Бунинг сабаби аниқ эмас.

Плюс тарафлари. Чекланган имкониятлар шароитида ёшлар билан сифатли иш олиб бориш салоҳиятига эга.

ПАВЕЛ ВРБА

Умумий маълумот. 1963 йилнинг 6 декабрь куни Пршеров шаҳри (собиқ Чехословакия)да туғилган. Мураббийлик ишини 1994 йили бошлаган. Чехиялик мутахассис 5-6 йил аввал еврофутболда «Виктория» (Плзень) билан шов-шув кўтарганди. Аниқроғи, камтарин клуб унинг бошқарувида ўз тарихида биринчи марта ЧЛ гуруҳ босқичига чиқди. Натижада Врба катта эътибор марказига тушди. Кўп ўтмай, уни Чехия терма жамоаси бош мураббийи лавозимига ҳам таклиф этишди. Врба - Чехиянинг 6 карра энг яхши мураббийи.

Терма жамоалар бўйича тажрибаси. Словакия термаси (2006-2007 йиллар), Чехия термаси (2014-2016 йиллар). Евро-2016да чехларга айнан Врба устозлик қилди. Шундан сўнг Россиянинг «Анжи» клуби бошқарувига келди.

Бироқ Махачқалъа клуби билан мавсум стартида шов-шув кўтардию («Зенит»ни 4:0 ҳисобида енгиш катта натижа, албатта), раҳбарият билан келишмовчилик туфайли Чехияга кетиб қолди. 7 ой давомида бўш юрган Врба яқиндагина «Виктория»га қайтди - 3 йиллик шартнома асосида. Аммо яхшироқ таклиф билан чиқиб, мақсадли режалар тақдим этилса, ўйлаб кўриши ҳеч гап эмас. Ҳар ҳолда, терма жамоа мураббийи сифатида орттирган тажрибаси етарли.

Плюс тарафлари. Ўйин интизомига қатъий амал қилади, ижодкорликни қадрлайди, футболчиларни зарур пайт ҳужум ва ҳимояда бирдек ишлашга ҳам ўргатади, ҳам мажбурлайди.

Фикрат


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.