Қайднома

Қидирув

Россияда қизиқиш уйғотаётган Эрон ва Жанубий кореялик иқтидорлар

Россияда қизиқиш уйғотаётган Эрон ва Жанубий кореялик иқтидорлар

  07.10.2017 00:01
  0
  1935
Россияда қизиқиш уйғотаётган Эрон ва Жанубий кореялик иқтидорлар

Ҳаммаси шундай бўлиб чиқдики, ЖЧ-2018 саралаши асосий раунди якунида жаҳон ОАВ эътибори худди 4 йил олдин кузатилганидек яна Эрон ва Жанубий кореялик футболчиларга қаратилди.

Бизнинг йигитлар эса ҳамон четдалар. Мана, бўлажак мундиал мезбони - Россия термаси 7 ва 10 октябрь кунлари Ўзбекистон миллий жамоасининг кечаги гуруҳдошларига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказади.

Тўғри, рус мухлислари орасида спарринг-рақиб сифатида айнан Жанубий Корея  ҳамда Эрон термалари танланганини танқид остига олаётганлар кўп.

Шунга қарамай, мамлакат матбуоти ҳар икки рақиб таркибида ажойиб ижрочилар борлигини эслатмоқда. Хусусан, championat.com сайти Россияда кўпчиликка яхши таниш 7 нафар футболчига алоҳида урғу қаратди.

7. Саид ИЗЗАТУЛЛОҲИ

Нимаси билан машҳур? Вақтида «Атлетико»га таклиф этилган

Ҳа, бу йигит Эрон футболининг янги даврдаги бош умиди саналган ва 18 ёшидаёқ Мадриднинг «Атлетико»си сафига қўшилган. Тўғри, у «матрасчилар» таркибига киролмади, кейин «Ростов»да ҳам ўзини яққол кўрсата олмади. Саид ҳозир «Амкар»да ижара келишувини ўтамоқда, аммо кўпинча захирачи ролини бажариш билан чекланмоқда. Аммо унинг Эрон термасидаги ишлари жойида. Ҳар ҳолда, миллий жамоаси либосини мунтазам равишда киймоқда. Ваҳоланки, Иззатуллоҳи яқин-яқингача Испания тўртинчи дивизионида ўйнарди.

6. Ли Кюн ХО

Нимаси билан машҳур? ЖЧ-2014да Игорь Акинфеев дарвозасига гол урган

Кореялик бу футболчининг Бразилияда йўллаган ўша зарбасини Россия термаси мухлислари худди даҳшатли тушдек эслаб қолган бўлсалар, ажабмас. Катта эҳтимолки, у бўлажак учрашувда ҳам майдонга тушади ва Игорь Акинфеев дарвозасига яна таҳдид солади. Ҳа, Ли еврофутболда ном қозона олгани йўқ, шунга қарамай, у ҳамон корейслар миллий жамоасининг етакчи ўйинчиларидан бири саналади. 32 ёшли фахрий Бразилия мундиалидан сўнг Қатарда кичик хизмат сафарида бўлди ва асосан Жанубий Корея миллий биринчилигида тўп сурди.

5. Ки Сун ЮН

Нимаси билан машҳур? 4 йилдан буён АПЛда ўйнамоқда

Англия чемпионатини мунтазам кузатиб борувчи мухлислар «Суонси» ва «Сандерленд» либосларида кўриниш берган бу футболчини жуда яхши билишади. У машҳурлик бобида кореялик амалдаги футболчилар орасида биргина Сон Хюн Миндан орқада. Хуллас, Ки Сундан кўз узмаслик талаб этилади. Айтганча, бу йигит 2007 йили бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан сўнг кимсан сэр Алекс Фергюсон назарига тушганди. Бироқ «МЮ» сафини тўлдиришига нимадир халақит берган. Умуман олганда, кореялик футболчи учун «Суонси» ҳам чакки клуб эмас.

4. Ризо ГУЖАННАЖОД

Нимаси билан машҳур? ЖЧ-2014да Лионель Месси ва унинг шериклари олдида чакки кўринмаганди

Фамилияси газеталарда турлича талқин қилинаётган (талаффузи ҳам нисбатан мураккаб) Ризо Бразилиядаги жаҳон форумида Лионель Месси ва Аргентина терма жамоасини 2 очкодан маҳрум қилишга жуда яқин келгани эсингиздами? Аслида у Бразилия-2014га боришдан авваллоқ кўзга ташланганди. Эътибор қаратинг, Гужаннажод бутун фаолияти давомида фақат Европада ўйнади, ўйнамоқда (тўғри, орада маълум муддат Қатарда тўп суриб қайтди). Хусусан, аввалги мавсум Голландия эредивизионида «Херенвен» учун нақ 20та гол урди. Шу статистикасиёқ рақибларга мушкулот туғдиришга қодирлигини кўрсатиб турибди. Ҳа, Ризо қулай вазиятга чиқса, гол уришни сира пайсалга солмайдики, шарҳловчилар кўпинча унинг фамилиясини айтишга ҳам улгуришмайди.

3. Ашкан ДЕЖАГА

Нимаси билан машҳур? Бундеслига ва АПЛда жавлон урган

Эронлик футболчининг меҳнат дафтарчаси еврофутболда муносиб ўрин тутган клублар билан тўла: «Герта», «Вольфсбург», «Фулхэм»... Муҳими, Ашкан Германияда ҳам, Англияда ҳам йўқолиб қолган эмас. Яна бир томони, Дежага осиёлик кўплаб фахрий юлдузлар одатига кўра, Қатарга йўл олди, аммо тез орада «Вольфсбург»га қайтди. Табиийки, у ўз кучини яна еврофутболда синаб кўришни хоҳлаганди, аммо атиги 2та ўйинда иштирок этди, холос. Шу тариқа ярим йилдан сўнг озод агент мақомини олди.

2. Сардор АЗМУН

Нимаси билан машҳур? «Ростов» учун етарлича гол урди

Бу йигитнинг аввалги мавсум Европа Чемпионлар Лигасида «Бавария» ва «Атлетико» дарвозаларини қандай ўққа тутгани кўпчиликнинг ёдида, албатта. Умуман, Сардор Россия премьер-лигасидаги энг кучли ҳужумчилардан бири саналади ва аллақачон топ-клублар назарига тушган. Азмун шунингдек, Эрон миллий жамоасида ҳам бош юлдуз ва етакчидир. Дейлик, у ЖЧ-2018 доирасидаги 14та учрашувда майдонга тушиб, 11та голга муаллифлик қилди. Шундай экан, форсларнинг мундиал чиптасини ютишганида Сардорнинг хизмати катта.

1. Сон Хюн МИН

Нимаси билан машҳур? «Тоттенхэм»да сўнгги ролларда эмас

Сон Хюн вақтида «Тоттенхэм» вакиллари орасида ҳаттоки, Гарри Кейндан ҳам олдинда турарди. Ҳозир ҳам мавқеси чакки эмас, кўпинча асосий таркибда майдонга тушмоқда, голлар урмоқда. Шуларни ҳисобга олсак, октябрь ойида Россия термасига қарши ўйнаши мумкин бўлган футболчилардан энг машҳури айнан шу йигитдир, шубҳасиз. Ҳар ҳолда, Хюн Миннинг савияси жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этувчи жамоа талабига тўла мувофиқ келади.

Абдуллохон Исроилхонов тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz