Қайднома

Қидирув

Ғалабали серия сурури: Бердиев ва Қувватов лауреатлар бўлишди

Ғалабали серия сурури: Бердиев ва Қувватов лауреатлар бўлишди

  07.10.2017 06:01
  0
  678
Ғалабали серия сурури: Бердиев ва Қувватов лауреатлар бўлишди

Кузнинг илк ойида олий лига доирасида ўтказилган ўйинлар мухлисларга турлича кайфият улашди: баъзи жамоаларнинг ўйинлари қовушмаган бўлса, айримлари ишқибозларга олам-олам қувонч тақдим этди. Аксарият ҳолларда қўлга киритилган ғалабалар миллий термамиз муваффақиятсизликларининг унутилишига замин ҳозирлади. Айниқса, сентябрь Қаршининг «Насаф» клуби учун сермаҳсул кечди ва шундан келиб чиқиб, ой лауреатларини аниқлаш чоғида асосан мазкур жамоа вакиллари номига тўхталишга қарор қилдик. Демак, «олтин фасл»нинг дастлабки 30 кунида мақтовга лойиқ натижаларга эришганлар билан танишинг.

Юқорида таъкидланганидек, «Насаф» 19-турнинг қолдирилган ўйинини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, сентябрда жами 5та ўйин ўтказди. Эътиборлиси, қаршиликлар мазкур баҳсларнинг барчасини ўз фойдаларига ҳал этишдан ташқари, ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қолишди. Табиийки, бундай кўрсаткичнинг қайд этилишида «Насаф» посбони Санжар Қувватовнинг ҳиссаси беқиёс бўлди. Шу боис, лауреатлар рўйхатида энг юқори ўринни айнан «аждарлар» киперига ажратдик. Ҳаттоки, жорий мавсум тўпурарлар пойгасида етакчилик қилаётган Марат Бикмаев ҳам Қувватов қўриқлаётган дарвозани ишғол қилишни уддалай олмади.

Иккинчи поғонани эса иккинчи даврада «Пахтакор» сафини тўлдирган Марко Симич эгаллади. Қисқа муддат ичида чиройли ўйинлар кўрсатиб, сардорлик боғичини тақишга муносиб кўрилган черногориялик ҳимоячи мудофаа чизиғидаги ишончли ҳаракатларидан ташқари, гол уришни ҳам уддаламоқда. Хусусан, унинг «Локомотив»га қарши кечган баҳсда «шерлар»нинг ғалаба тўпини киритгани таҳсинга сазовордир. Зеро, «Пахтакор» шу тариқа ҳам биринчи даврадаги мағлубият учун реванш олди, ҳам пешқадам билан орадаги фарқни қисқартиришга эришди. Умуман, Симич бошчилигидаги «шерлар» сентябрни кўтаринки кайфиятда ўтказишди.

Учинчи ўрин ҳам «Насаф» футболчисига аталди. Гап шундаки, «аждарлар» сафида ажойиб ўйинлар кўрсатаётган икки номзоддан бирини танлаб олишимиз керак эди. Баҳром Абдураҳимов ёки Драган Черан... Қаршиликларнинг сентябрда ўтказган учрашувларига назар ташласак, ҳар икки футболчи сермаҳсуллик бобида шерикларига ўрнак бўлишди. Аммо қайсидир жабҳаларда Абдураҳимовнинг ҳаракатлари нисбатан фойдалироқдек кўринди ва лауреатлар рўйхатига айнан «Насаф»нинг фидойи ярим ҳимоячисини киритишга қарор қилдик. «Аждарлар»нинг 18-рақамли ўйинчиси 5та ўйинда 436 дақиқа тўп суриб, ўз номига 2та гол ёздириб қўйди. Қолаверса, жамоадошларини самарали узатмалар билан таъминлашни ҳам унутмади.

Ўз навбатида, ойнинг энг яхшилари сафини тўлдиришга лойиқ футболчилар номига ҳам тўхталиб ўтсак. Юқорида эътироф этилган Драган Черандан ташқари, «Насаф»дан Ислом Кенжабоев, Бобур Абдухолиқов, «Пахтакор»­дан Гиди Канюк, Азим Аҳмедов, Суҳроб Нуруллоев, «Бунёдкор»дан Отабек Шукуров, Рустам Ашурматов, Достон Ҳамдамов, «Бухоро»дан Иван Нагаев, Владимир Баенко, «Навбаҳор»дан Азиз Турғунбоев, Ойбек Қиличев, Рўзим Аҳмедов ва бошқа кўплаб футболчилар ҳам мухлисларга хуш ёқадиган ўйин намойиш этишди.

Лауреатлар рўйхатининг мураббийларга аталган қисмида ҳам энг олий ўрин «Насаф» устозига ажратилди. Зеро, қаршиликлар эришаётган ғалабалар замирида айнан Рўзиқул Бердиевнинг машаққатли меҳнатлари ётибди. «Аждарлар»нинг сўнгги бешта учрашувни ўз фойдаларига ҳал этишгани, қўшимчасига барча учрашувлар «қуруқ» ўтказилганини таъкидлаб ўтгандик. Тўплар нисбати: 14:0. Диққатга молик жиҳати шундаки, мағлубиятга учратилганлар орасида амалдаги чемпион «Локомотив» ҳам бор. «Насаф» футболчилари майдонда эркин, бир-бирларини жуда яхши тушунган ҳолда тўп суришмоқда. Албатта, бу ютуқларнинг барчаси Бердиевнинг изланишлари самарасидир.

Иккинчи ўринда - «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе. Ушбу мутахассис «шерлар» бошқарувини қўлга олгач, жиддий ўзгаришларга қўл уриб, чемпионлик учун курашадиган рақобатбардош таркиб тузишни уддалади. Айниқса, унинг легионер танлашда адашмагани «Пахтакор»нинг кетма-кет эришган ғалабаларида яққол кўзга ташланди. Дарвоқе, Арвеладзе бошчилигидаги пойтахтликлар худди «Насаф» сингари «Локомотив»ни енгишни уддалашди. Фарқи шундаки, грузиялик мутахассис сўнгги пайтларда енгилмас жамоага айланиб қолган пешқадамни ўз уйида мағлубиятга учратиб қайтди. Хуллас, ўтмишнинг таниқли футболчиларидан бири бўлган Арвеладзе қисқа муддатда «Пахтакор»ни ОЧЛ йўлланмасини берувчи ўринларга қайтаришга эришди.

Учинчи ўринда - Миржалол Қосимов. Ўзбек футболи афсонаси «Бун­ёдкор»га қайтгач, жамоа аввалги бар-қарорликни қайтаришга эришди. Ҳар ҳолда, «қалдирғочлар»нинг сентябрь ойидаги натижаларига назар ташласангиз, салмоқли кўрсаткичларга гувоҳ бўлишингиз аниқ. Тўрт ўйинда 3 ғалаба ва бир дуранг. Таслим этилганлар орасида «чақилмас ёнғоқ»қа айланиб бораётган «Машъал» ҳам бор: муборакликлар дарвозаси тўрт марта ишғол қилинди. Умуман, «Бунёдкор»нинг сўнгги турларда барқарор ўйин намойиш этаётганини алоҳида эътироф этиш даркор. Футболчиларда ўзларига ишонч пайдо бўлган, кайфият ҳам аъло даражада. Бу, албатта, Миржалол Қосимовнинг ишни тўғри йўлга қўйганидан далолат. Ишончимиз комилки, ушбу мутахассис қўл остида «қалдирғочлар» қитъа миқёсидаги мусобақаларда ҳам муносиб қатнашишади.

Бундан ташқари, футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоасини Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтказилган ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари финалига олиб чиққан Баҳодир Аҳмедовнинг ҳам мақтовга лойиқ натижа қайд этганини унутмаслик даркор. Хосе Мария Мендез билан ёнма-ён ишлаб, тажриба тўплаган мутахассис эндиликда билим ва кўникмаларини расмий учрашувларда намоён этишни бошлади. Шунингдек, олий лигада Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор») ва Улуғбек Бақоев («Бухоро») бошчилигидаги жамоаларнинг сентябрь ойида кўрсатган ўйинлари мухлисларга манзур бўлди.

Футболчиларнинг ой давомидаги натижалари

 

№      Футболчи                        Ўйин     Дақиқа      Гол     Энг яхши

 

1.       Санжар Қувватов             5           450            0          -

2.       Марко Симич                   4           360            2          1

3.         Баҳром Абдураҳимов 5          436       2          -

Изоҳ: фақат расмий ўйинлар ҳисобга олинган.

энг яхши мураббийлар

Февраль

1. Мирко Йеличич («Локомотив»)

2. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)

3. Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912»)

Март

1. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

2. Олег Тюлькин («Динамо»)

3. Александр Хомяков («Машъал»)

Апрель

1. Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912»)

2. Александр Хомяков («Машъал»)

3. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)

Май

1. Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912»)

2. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

3. Виктор Кумиков («Олмалиқ»)

Июнь

1. Виктор Кумиков («Олмалиқ»)

2. Жасур Абдураимов («Пахтакор»)

3. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

Июль

1. Равшан Ҳайдаров (Ўзбекистон U-22 т.ж.)

2. Миржалол Қосимов («Бунёдкор»)

3. Олег Тюлькин («Динамо»)

Август

1. Улуғбек Бақоев («Бухоро»)

2. Миржалол Қосимов («Бунёдкор»)

3. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)

Сентябрь

1. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

2. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

3. Миржалол Қосимов («Бунёдкор»)
энг яхши футболчилар
Февраль

1. Марат Бикмаев («Локомотив»)

2. Мурод Зуҳуров («Бунёдкор»)

3. Темурхўжа Абдухолиқов («Ал-Сайлия», Қатар)

Март

1. Одил Аҳмедов («Шанхай СИПГ», Хитой)

2. Драган Черан («Насаф»)

3. Шоҳруз Норхонов («Обод»)

Апрель

1. Марат Бикмаев («Локомотив»)

2. Филипп Райевац («Қўқон-1912»)

3. Асилбек Омонов («Навбаҳор»)

Май

1. Жавоҳир Сиддиқов («Қўқон-1912»)

2. Марат Бикмаев («Локомотив»)

3. Баҳром Абдураҳимов («Насаф»)

Июнь

1. Достон Ҳамдамов («Бунёдкор»)

2. Хуршид Хўжаев («Олмалиқ»)

3. Мурод Холмуҳаммедов («Қўқон-1912»)

Июль

1. Жавоҳир Сиддиқов («Қўқон-1912»)

2. Азизбек Омонов («Локомотив»)

3. Амиржон Сафаров («Динамо»)

Август

1. Отабек Шукуров («Бунёдкор»)

2. Рўзим Аҳмедов («Навбаҳор»)

3. Иван Нагаев («Бухоро»)

Сентябрь

1. Санжар Қувватов («Насаф»)

2. Марко Симич («Пахтакор»)

3. Баҳром Абдураҳимов («Насаф»)
Умумий натижа

Мураббийлар

1. Рўзиқул Бердиев - 14 очко

2. Нўъмон Ҳасанов - 11 очко

3. Миржалол Қосимов - 7 очко

4. Виктор Кумиков - 6 очко

5-8. Мирко Йеличич - 5 очко

5-8. Равшан Ҳайдаров - 5 очко

5-8. Улуғбек Бақоев - 5 очко

5-8. Илҳом Мўминжонов - 5 очко

9-10. Александр Хомяков - 4 очко

9-10. Олег Тюлькин - 4 очко

11-12. Жасур Абдураимов - 3 очко

11-12. Шота Арвеладзе - 3 очко

 ----------------------------------------------

Футболчилар

1. Марат Бикмаев - 13 очко

2. Жавоҳир Сиддиқов - 10 очко

3-6. Одил Аҳмедов - 5 очко

3-6. Достон Ҳамдамов - 5 очко

3-6. Отабек Шукуров - 5 очко

3-6. Санжар Қувватов - 5 очко

7-13. Мурод Зуҳуров - 3 очко

7-13. Драган Черан - 3 очко

7-13. Хуршид Хўжаев - 3 очко

7-13. Филипп Райевац - 3 очко

7-13. Азизбек Омонов - 3 очко

7-13. Рўзим Аҳмедов - 3 очко

7-13. Марко Симич - 3 очко

14. Баҳром Абдураҳимов - 2 очко

15-20. Темурхўжа Абдухолиқов - 1 очко

15-20. Шоҳруз Норхонов - 1 очко

15-20. Асилбек Омонов - 1 очко

15-20. Мурод Холмуҳаммедов - 1 очко

15-20. Амиржон Сафаров - 1 очко

15-20. Иван Нагаев - 1 очко

------------------------------------------------

Изоҳ: 1-ўрин - 5 очко, 2-ўрин - 3 очко, 3-ўрин - 1 очко.
Ўткир УМАРОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz