Қайднома

Қидирув

ЎФФ анжуманидаги ёқимли ҳолат ҳамда саволлар

ЎФФ анжуманидаги ёқимли ҳолат ҳамда саволлар

  09.10.2017 00:15
  0
  14210
ЎФФ анжуманидаги ёқимли ҳолат ҳамда саволлар

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон футбол федерациясида амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида кўп гапирилмоқда.

Терма жамоанинг ЖЧ саралашидаги муваффақиятсизлиги бир томон, ЎФФдаги ислоҳотлар эса иккинчи томон бўлиб, ҳозирча мухлисларнинг ҳафсаласини совишдан сақлаб турибди.

Энди бор эътибор Умид Аҳмаджоновга қаратилган. Ўтган ҳафта янги раҳбарият тўлиқ таркибда матбуот анжуманида иштирок этди. Биз ушбу тадбирда рўй берган баъзи ҳолатлар ҳақида сўз очмоқчимиз.

ЁҚИМЛИ ҲОЛАТ

Очиғи, матбуот анжумани ўтказилиши ҳақида маълумот берилганда, фақат Умид Аҳмаджонов билан мулоқот ташкил этилишини кутгандик.

Аммо Миллий олимпия қўмитасининг мажлислар залида ЎФФ президенти билан бирга вице-президент Шоакром Исроилов,  Ижроқўм аъзолари Рустам Қурбонов, Мурод Алиев ва МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов ҳам ҳозир бўлишди.

Бу қадар кўп мутасадди тўпланганда эса одатда кечикиш кузатилиши ҳеч гап эмас. Бу сафаргиси ҳам истисно бўлмади. Хуллас, матбуот анжумани 15 дақиқалик кечикиш билан бошланди.

Аммо бунинг ҳеч қандай қўрқинч­ли жойи йўқ эди. Чунки Ўзбекистон футбол федерациясида аввал ҳам шундай ҳолатлар учраб турар ва журналистлар деярли кўникиб қолишганди.

Агар ЎФФ матбуот котиби Санжар Ризаев журналистларга алоҳида мурожаат қилиб, кечикиш учун узр сўрамаганда, ҳеч ким аҳамият бермаган ва катта эҳтимол билан аллақачон ёддан кўтариларди.

Маълум бўлишича, ЎФФ Ижроқўм аъзоси Рустам Қурбонов Ашхободда ўтган Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари билан боғлиқ масала туфайли ушланиб қолган экан.

ЎФФ бу борада ўз вақтида тушунтириш бериб, журналистлардан узр сўради. Бунақаси илгари кузатилмаган эди ва тан олиш керак, федерация журналистлар билан ҳисоблаша бошлагани боис, тадбир бошланмасиданоқ ёқимли таассурот қолдирди.

САВОЛЛАР

Ўн йиллик журналистлик фаолиятим давомида бундай анжуманлардан анча-мунчасини кўрганман ва деярли ҳаммасида бир ҳолатга дуч келганман - тадбир қанча узоқ давом этмасин, берилмай қолган саволлар барибир учрарди.

Умид Аҳмаджонов иштирокидаги пресс-конференция эса истисно бўлди, деб бемалол айта оламан.

У кўп гапирмади, аммо керак гапни қисқа ва лўнда қилиб айтиб қўя қолди. Ҳаттоки, шундай ҳолат кузатилдики, у берган жавобдан кўра, журналистнинг саволи узунроқ бўлди.

Аслида, матбуот анжуманининг чўзилишига мутасаддининг узундан-узоқ давом этадиган жавоблари сабаб бўлади.

Ниманидир ҳас-пўшлашга уриниш кузатилса, кўп гапиришга тўғри келиши табиий. Аҳмаджонов эса барча саволларга аниқ-тиниқ жавоб берди. Шундай экан, кўп гапга на ҳожат?

ИЖРО

Одатда, мутасаддилар иштирокидаги тадбирларда бир нарса кўп учрайди - ваъда берилади. Раҳбарларга талаб қўйилади, жавоб эса битта - ваъда.

ЎФФнинг янги раҳбарияти ҳам муаммоларни эшитди ва барча масалаларнинг ижобий ҳал этилишига журналистларни ишонтирди. Аммо энг муҳими ҳали олдинда - ваъда ижроси билан гўзал.

Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов анжуман охирида шундай деди: «Ўзим ҳам гувоҳ бўлиб турибман, Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда. Ишонинг, агар мана шу лойиҳалар рўёбга чиқса, ўзбек футболи юқори поғоналарга кўтарилади».

Биз бу гапларга ишонмоқдамиз. Чунки футболимиз ривожини ҳар биримиз истаймиз. ЎФФ янгича иш бошлашни кўзлаб турган экан, матбуот бу йўлда федерацияга қанот бўлишга тайёр. Ҳозирча ўша ваъдаларнинг ижроси аста-секин кўзга ташланмоқда.

Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизматига янги ходимлар таклиф этилиши бўйича эълон берилди.

Ушбу тизимда ишлашни истайдиганлар олдига қўйилган талаб эса қуйидагича - ўзбек, инглиз ва рус тилларида эркин мулоқот қилиши ва ёза олиши шарт. Умуман, бу талаб федерацияда фаолият олиб борадиган ҳар қандай мутахассис олдига қўйилса яхши бўларди.

Боиси, матбуот анжумани давомида берилган саволлардан бири ҳам шу мавзуга бориб тақалди - федерация ходимлари чет тилини яхши билмаганликлари туфайли сафар ўйинлари давомида муаммолар юзага келган.

Демак, ЎФФ янгича иш тизимини йўлга қўяётган экан, унда ишлайдиган ҳар бир ходим талабларга тўлиқ мос келиши шарт...

Абдуллоҳ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz