Қайднома

Қидирув

Cардор Раҳмонов: «Ўз хатоларимиз сабаб мағлуб бўлдик»

Cардор Раҳмонов: «Ўз хатоларимиз сабаб мағлуб бўлдик»

  10.10.2017 03:39
  0
  840
Cардор Раҳмонов: «Ўз хатоларимиз сабаб мағлуб бўлдик»

Олий лига 19-турининг қолдирилган учрашувида «Пахтакор» ўз уйида «Машъал»ни қабул қилди. Эътиборга молик жиҳати шундаки, муборакликлар иккинчи даврада ҳали умуман мағлубиятга учрашмаганди.

Боз устига, «Қўқон-1912» майдонидан уч очко олиб қайтишни уддалашганди. Гарчи Александр Хомяков шо-гирдлари «шерлар»га ҳам муносиб қаршилик кўрсатишсада, тажриба ва маҳорат уйғунлиги пойтахтликларнинг ғалабасини таъминлади.

Шу тариқа «Машъал» иккинчи даврада илк марта майдонни очкосиз тарк этди. Биз «Пахтакор»га қарши кечган ўйиндан сўнг меҳмонлар ҳимоячиси Сардор Раҳмонов билан суҳбатлашдик.

- Сардор, аввало, ўйин ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдим. «Пахтакор»дан шундай ҳужумкор футбол кутганмидинглар?

- Ҳа, албатта. «Пахтакор» сўнгги учрашувларида ҳужумкор, кучли прессингга асосланган футбол намойиш этяпти. Биз билан бўлиб ўтган баҳсда ҳам худди шундай ўйин гувоҳига айландик.

- Мураббийлар учрашув олдидан сизларга қандай кўрсатма беришганди?

- Эҳтиёткор бўлиб ҳаракат қилиш ва асосан ҳимоядан ўйнаш кераклигини айтишганди. Умуман олганда, ўйин биз учун ёмон бошланмаганди. Лекин биринчи голни ўтказиб юборганимиздан кейин ҳаммаси ўзгариб кетди.

- «Пахтакор» «Машъал»дан ўйин бобида устун эдими?

- Менимча, биринчи бўлимда мезбонлар устунроқ кўринишди. Буни тан олиш керак. Аммо танаффусдан сўнг бизнинг ўйинимизда ҳам жонланиш кузатилди ва яхшироқ ҳаракатлана бошладик. Лекин бу якуний натижада акс этмади.

- «Машъал» мазкур ўйини билан шундай мағлубиятга лойиқмиди? Ёки «Пахтакор» тажрибали футболчилари эвазига ғалаба қозондими?

- Бундай мағлубиятга лойиқ эмасдик. Сиз айтгандек, «Пахтакор» тажрибали футболчилари эвазига ўйинда ғалабага эришди. Терма жамоа аъзолари ҳамда легионерлар учрашув тақдирини ҳал қилишди, дейиш мумкин.

Афсуски, клубимизнинг иккинчи даврадаги илк мағлубиятини қабул қилиб олдик. Қолаверса, ютқазишимизга ўз хатоларимиз ҳам сабаб бўлди.

- Жамоа ушбу мағлубиятдан сўнг кучли бешликдан бироз узоқлашгандек...

- Ҳа, худди шундай. Энди иккинчи ўриндаги жамоадан 7 очкога ортда қоляпмиз. Лекин олдинда етарлича ўйинлар бор. Вазиятни яна ижобий томонга ўзгартириш учун бизда ҳали имконият бўлади. Кутилмаган натижалар бошқа қайд этилмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Кучлилар сафида қолиш учун курашаётган жамоалар ҳар қандай рақибга жиддий қаршилик кўрсатиб, очко тортиб олишлари мумкин.

- Агар «Машъал» кучли бешликка кира олмаса, бу жамоа учун салбий натижага айланадими?

- Шундай деса ҳам бўлади. Албатта, ҳаммасини вақт кўрсатади. Бошқа томондан олиб қарасак, биздан юқори поғоналарни эгаллаб турган жамоаларга ҳам юқори баҳо бериш керак. Бу клублар ўз олдиларига юқори вазифаларни қўйишган.

- «Машъал» меҳмонда «Қўқон-1912» жамоасини мағлуб этишнинг уддасидан чиқди. Мазкур муваффақият ниманинг эвазига қўлга киритилди, деб ўйлайсиз? Ғалабага бўлган кучли иштиёқми ёки..?

- «Қўқон-1912» жамоасини ҳурмат қилган ҳолда шуни айтишим керакки, ўша куни биз рақибга нисбатан яхшироқ ўйин намойиш этдик. Ғалабамизнинг асосий омили ҳам айнан шу бўлди.

Ҳеч иккиланишсиз айтиш мумкинки, «Қўқон-1912» бу йилги чемпионатимизнинг кашфиёт жамоасига айланди. Айниқса, қўқонликлар биринчи даврада жуда кучли футбол намойиш этишди. Шахсий фикрим, жамоа ҳал қилувчи босқичда бироз толиқиб қолгандек кўриняпти.

- Худди шундай ҳолат сизларда ҳам кузатилмаяптими? Иккинчи даврада чарчаб қолмаяпсизларми? Футболчиларнинг бугунги жисмоний тайёргарлиги маромидами?

- Бошқа томондан, камчилик ёки муаммоларимиз бўлиши мумкин, лекин жисмоний тайёргарлик бўйича ҳаммаси кўнгилдагидек. Бир нарсани аниқ ва ишонч билан айта оламанки, «Машъал»нинг энг кучли жиҳати айнан шудир.

Яъни, бош мураббийимиз Александр Хомяков жисмоний тайёргарликка алоҳида эътибор қаратади. Чемпионат якунланишига 8та тур қоляпти.

Бу қолган ўйинларда 150 фоиз куч билан ҳаракат қилиш лозимлигини англатади. Бош-қача айтганда, келгусидаги баҳслар 6 очко учун кечади, десам хато бўлмайди.

Айниқса, турнир жадвалининг юқори ва қуйи қисмида жойлашган клублар учун йўқотиладиган ҳар бир очко қимматга тушиши мумкин. Шундай экан, чемпионатнинг қолган қисмидаги учрашувлар муросасиз кечади ва мухлислар асло зерикиб қолишмайди.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz