Қайднома

Қидирув

«Барселона» ўнг қанотидаги «янги мотор»

«Барселона» ўнг қанотидаги «янги мотор»

  10.10.2017 00:27
  0
  2829
«Барселона» ўнг қанотидаги «янги мотор»

«Барселона»нинг Нельсон Семедуни харид қилиши «Арсенал» мухлислари томонидан мамнуният билан қарши олинганди. Зеро улар Бельериннинг Лондондан Каталонияга кўчиб ўтиши мумкинлигидан хавотирда эдилар.

Ҳозирга келиб эса «Барса» мухлисларини муҳим бир савол қийнай бошлади: «Семеду Бельерин ва Сидибедан кўра маҳоратлироқми? Асосийси, Нельсон ўнг қанотда Дани Алвешнинг ўрнини боса оладими?»

Семеду Жорже Мендешнинг мижози эканлиги эса каталонияликлар хавотирини янада кучайтиради - таниқли агент иштирокидаги трансферларнинг аксарияти сарфланган харажатларни оқлай олмаган.

Демак, Семеду «Барса» учун омадли харидми? Бу саволга жавоб топишга уриниб кўрамиз. Маълумки, ўнг қанот ҳимоя чизиғини кучайтириш учун «Барса» уч нафар номзодни мўлжаллаётганди. Нельсиньонинг «Арсенал» ва «Монако»даги касб­дошларидан биринчи устунлиги - ўтган мавсумда улардан кўра кўпроқ майдонга тушди.

Тўғри, Португалия чемпионати АПЛ ва Франция 1-лигасидан кучсизроқ. Аммо самара борасида устунлик яна Семеду томонида - у 6та самарали узатмани амалга оширган, Бельерин ва Сидибенинг кўрсаткичлари мос равишда 4 ва 5га тенг. Рақибларидан тўпни олиб қўйишда ҳам португалиялик ҳимоячи франциялик ва испаниялик касбдошларидан фаолроқ.

Бундан ташқари, «Бенфика» вакили аниқлик борасида ҳам олдинда - ҳар бир ўйинда ўртача 50та «пас»ни амалга оширади. Бельерин ва Сидибенинг натижалари бироз камтарона. Қолаверса, Вальверде ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда номдорлар ортидан чопмади, балки Дани Алвешга ўхшаш услубда доимо олдинга интиладиган ҳимоячини харид қилди.

Шунинг­дек, Нельсиньонинг ҳаракатлари ёш Роберто Карлоснинг «Палмейрас» ва «Интер»даги ўйинларини эслатади. Аммо уни ўтган мавсумдаги Карвахаль билан таққослаганда, «Реал» вакили устунлик қилади. Ҳимоя чизиғидаги ишончли ҳаракатлари ва жамоадошларини қулай вазиятга олиб чиқиш бобида Даниэль олдинроқда. Семеду кучли зарба йўллаш қобилиятига эга, гарчи анча сусткаш бўлсада, Дани Алвешдан интизомлироқ.

Шу пайтга қадар «Барса» ҳимоясининг ўнг қанотига бир қатор номдор ўйинчилар - Мориа Фернандес, Срна, Канселу, Соареш, Уокер ва Орьени мўлжаллашганди.

Аста-секин номзодлар сони камайиб борди. Якунда «Арсенал» Бельеринни сақлаб қолди, Сидибени жамоа ўзига лойиқ кўрмади. Шу тариқа каталонияликлар Семедуни таркибга қўшиб олишди. Ваҳоланки, «МЮ», «Челси» ва «Бавария» ҳимоячига харидор бўлишганди.

«Барселона» португалиялик ҳимоячи учун 30 млн. евро (шартнома баҳосидан 1,5 баравар кўпроқ) сарфлади. Битим муддатини 2021 йилга қадар узайтирганларини инобатга олсак, қиммат эмас. 24 ёшга чиқмаган Семеду Португалия терма жамоаси таркибида 8та учрашув ўтказди. Жумладан, Конфедерациялар кубогида Мексикага қарши майдонга тушиб, қизил карточка туфайли баҳс­ни муддатидан аввал тугатди.

Нельсон икки марта Португалия чемпиони, мамлакат ва лига кубоги, суперкубок соҳиби. Унинг коллекциясида «Йил шиддати» соврини ҳам бор. Португалиянинг ушбу нуфузли совринига ўз вақтида Халк, Коэнтрау, Гайтан, Хамес, Вильям Кар­валью ва Ренату Саншеш сазовор бўлишганди.

Португалия вакилларининг «Барса»даги иштироки

«Европалик бразилияликлар» дея улуғланадиган юртнинг Каталония гранди таркибидаги вакиллари сони 9 нафарга етди. Буюк сардор ва «хоин» Фигу уларнинг энг номдори. Куарежмани ўз салоҳиятидан тўлиқ фойдалана олмаган, дейиш мумкин. Деку ўртамиёна савияда тўп сурди.

Сўнгги чизиқда Витор Байи пайдо бўлганди. Шунингдек, ҳимоячи Коуту, ярим ҳимоячилар Симау ва Андре Гомеш ҳам ёдимизда. Жозе Альберту - Анголада туғилиб, Португалияда вояга етган «Барса»нинг дастлабки футболчиси. Буларнинг орасида фақат Деку ҳамда Фигу асосий таркибда ёлчиб тўп суришга муваффақ бўлишган. Қолганлар фаолиятларига ижобий баҳо бериш қийин.

Семеду янги Алвеш бўла оладими?

Португалиянинг тўққизинчи вакили сифатида «Барса» шарафини ҳимоя қилаётган Семедудан Дани Алвешнинг ўрнини тўлдириш талаб этилади. Бу эса анча­йин жиддий вазифа. Боиси, олдинда 30 ёшли Месси ҳаракат қилади, уни ҳимоявий мажбуриятлардан озод этишган. Леонинг айрим камчиликларини Ракитич ёпиб юради.

Шунга қарамай, Алвешнинг ўрнини тўлдиришнинг иложини топса бўлади. Сабаби - Алвеш афсона даражасига кўтарилган бўлсада, ўта қўпол ҳимоячи. Фаолиятининг охиригача бу иллатдан қутула олмаса керак. Семеду эса анча камтар, итоаткор ўйинчи. Майдондаги тезкорлик, техника ва рақибларга ён бермаслик бўйича Данидан кам эмас. «Барса»дек номдор жамоанинг ёқимтойига айланиш учун тинмай тер тўкиш кераклигини яхши тушунади.

Семеду номзодининг хавотирли жиҳатлари

Янги шогирдининг ўнг қанотдаги ҳаракатларини Вальверде пухта ишлаб чиқиши, кучли ва заиф жиҳатларини эътибордан қочирмаслиги лозим. Масалан, Семеду ўз дарвозаси яқинидаги позицион ўйинда хатоларга йўл қўйиши мумкин. Бундан ташқари, мураббий Пикенинг спорт формаси талаб даражасида эмаслигини ҳам инобатга олиши шарт.

Авваллари Жерар ўнг қанотнинг қалқонларидан бири эди. Ҳозир ўйиннинг бошидан охиригача юксак савияда тўп сура олмаяпти. Албатта, ўзининг рейдлари ва аниқ узатмалари билан Нельсон ҳужум шиддатини ошириши аниқ. Аммо ўнг қанот ҳимоя­сида унинг ёлғизланиб қолишига йўл қўймаслик керак. Акс ҳолда, Семеду ўз ўйинини тополмай, каталониялик мухлислар учун иккинчи Андре Гомешга айланиши мумкин. Чунки Нельсон Жорже Мендешнинг мижози, дастлабки омадсизлик ҳар қандай мухлисда шундай фикр уйғотади.

Нельсон - Роналду агентининг навбатдаги «фокус»ими?

Сарлавҳа анчайин ҳазилнамо кўринсада, ҳақиқатдан йироқ эмас. Семеду янги Дани Алвеш мақомига кўтарилишни мақсад қилган. Аммо Хамес, Ди Мария, Гомеш, Саншеш, Мангала ва Фалькао каби юлдузлар фаолиятларига эътибор қаратсак, Мендешнинг қимматбаҳо мижозлари янги жамоаларида ўз ўринларини топиш борасида жиддий муаммоларга дуч келишганига гувоҳ бўлганмиз. Фақат Криштиану Роналду бундан мустасно. Ди Мария «МЮ» сарфлаган маблағни оқлай олмади, Ренату Саншеш - «Бавария» захирасида қолиб кетди, Мангалага барқарорлик етишмади. Хоҳлайсизми-йўқми, таниқли агентнинг мижозлари орасида омадсизлари бисёр. Уларнинг ҳаммаси ҳам Фалькао сингари жароҳат олишмаган, лекин ҳар қанча уринишмасин, самарали тўп сура олишмади.

Хуллас, жорий мавсумда «Барса» либосида атиги 3та ўйинда майдонга тушган Нельсон янада пухтароқ тайёргарлик кўриши лозим. «Бенфика»да яхши ўйнагани тушунарли, албатта. Бироқ у ўтмишда қолди - «Барселона»да муҳит ҳам, рақиблар ҳам ўзгача, талаб янада кучлироқ. Ўша интизомсиз, «безори» Дани Алвеш кетгач, жамоа ўнг қанотдаги муҳим «мотор»идан жудо бўлгани яққол сезилиб қолди. Ҳа, Месси - моҳир учувчи. Лекин самолёт эмас! Ўнг қанотдаги носозликка барҳам берилса, парвоз аввалгидек шиддатли бўлади. Бу эса ҳикоямиз қаҳрамони - Нельсон Семедуга боғлиқ. Тўғри, у бошқа касб­дошларига нисбатан маҳоратли, тезкор. Лекин мухлису-мутахассислар меҳрини қозониш учун ўнг қанот «адмирал»и даражасига кўтарилиши лозим. Бу борада ёш ҳимоячига омад тилаймиз!

Нельсон Кабрал Семеду Лиссабонда туғилган. 16 ноябр­да 24 ёшга тўлади.

Футболчилик фаолияти: Португалиянинг 3-лига иштирокчиси «Синтренсе» клубида бошлаган. «Бенфика-Б»да 1,5 йил, 2-лига вакили «Фатиму»да бир мавсумни ижара асосида ўтказган. «Бенфика»нинг асосий таркибидаги 1,5 мавсум давомида 65 марта майдонга тушган, 3та гол ва 12та самарали узатма муаллифи. «Бургутлар»нинг 4-4-2 схемасида ўйнашларини инобатга олсак, ўнг қанот ҳимоячиси учун рисоладагидек кўрсаткич.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz