Қайднома

Қидирув

Клоппнинг «эгизаги»

Клоппнинг «эгизаги»

  10.10.2017 06:27
  0
  731
Клоппнинг «эгизаги»

2015 йили «Хаддерсфилд» спорт директори лавозимига тайинланган Стюарт Уэббер клубдаги «пиллапоя»ни тўлиқ янгилаш лозимлигини тушунди.

«Ростини айтсам, бу жамоанинг ўйини шу қадар зерикарли эдики, шахсан мен унинг ўйинларини кўриш учун 350 фунтга мавсумий абонемент сотиб олмасдим. Янги мураббий билан янгича иш услубини йўлга қўйишимиз талаб этиларди», - дея эслайди ҳозирга келиб «Норвич»да иш бошлашга улгурган Уэббер.

Дарҳақиқат, Стюартнинг иқтидорларни топиш салоҳиятига тан бериш лозим. У ўз вақтида «Ливерпуль» скаути сифатида Раҳим Стерлингнинг «қизиллар» сафига қўшилишини таъминлаганди.

Хуллас, «Хаддерсфилд»даги ўзгаришлар даври учинчи бундеслигадан юқори дивизионларда ишламаган Дэвид Вагнер ҳиссасига тўғри келди. Ғалати, дейсизми, унда музокаралар қандай ўтганидан хабар топсангиз, нима дейсиз? Уэббер Вагнер билан уч соат гаплашди: ҳам «Хаддерсфилд»нинг тактикаси муҳокама қилинди, ҳам тамадди. «У стол устидаги косадан шоколадли майизни олиб, ундан 4-2-3-1 тактик схемасини ясади ва марказий ҳимоячилардан бирининг нима қилиши кераклигини тушунтирди. Бу мураббийнинг қандайдир ютуқларга эришиши мумкинлигини кўнглим сезиб турарди», - дейди Уэббер ўша суҳбатни ёдга оларкан.

Бир кун ўтиб Вагнер рафиқасига янги чорлов ва бошқа ерга кўчиб ўтишини билдирди, аёл эса биргина савол билан кифояланди: «Умуман, Хаддерсфилд қаерда ўзи?». Клубга чақирилишидан аввал Дэвид ҳам буни билмасди. Аммо бир ярим йилдан сўнг АПЛ харитасига янги нуқта ўрнатди. Шунақа, ҳаммаси шоколадли майиздан бошланган.

Дэвид Вагнернинг футболчилик фаолияти камтарона кечди. «Шальке»даги икки йил ва Германиянинг аутсайдер жамоаларидаги фаолиятдан ташқари, АҚШ термасидан чақирув олганини эслаш мумкин. Айнан миллионлар ўйини туфайли Дэвиднинг ҳаётидаги асосий танишув рўй берди - у Юрген Клоппни учратди.

Ҳозирда улар икки томчи сувдек бир-бирларига ўхшашади: майин соқол, кўзойнак, бейсболка, ташқи кўриниш шу қадар бир хилки, ҳатто Вагнернинг қизи отасини германиялик мутахассис билан адаштириб қўйган. Ўтган асрнинг 90-йилларида бу мураббийлар «Майнц» базасидаги хонада бирга яшашган. «Клоппни рафиқамдан ҳам яқинроқ танийман. Тўрт йил мобайнида Юргенни хонада чекмасликка чақирдим, аммо у ўз билганидан қолмасди», - дея эслайди Вагнер. Аммо ҳамхонасининг қатъий талаби туфайли Клопп енгилганини тан олди. Асосийси, буни самимий тарзда қабул қилиб, ҳаттоки, тўйида Вагнерни куёвжўраликка таклиф қилди.

Клопп «Майнц» бош мураббийлигига тайинланганда, Вагнер профессионал футболдан чарчаганини таъкидлаб, Дармштадт университетида биолог мутахассислиги бўйича таҳсил олишга жўнади. Ўшанда у бекор юрмаслик учун фанга киришмоқчи бўлди, икки йил турли ҳаваскорлар жамоа­ларида ўйнади. Аммо ўқиш ва футболга бирдек улгуриш осон эмасди. Вагнер ўз мутахассислиги бўйича иш топмади, лекин тажрибаси асқотди: илмий қонунларга кўра, «Хаддерсфилд» диетологи билан ҳамкорликда жамоа таомномасини тузди. Шунингдек, футболчиларнинг яшаш жойи ва клуб базаси ўртасидаги масофа 15 километрдан узоқ бўлмаслигини таъминлади: бу тезроқ тикланишда қўл келади.

Вагнерни футболга айнан Клопп қайтарган. Дэвид биологлик дипломини олишига яқин икковлон кўришишганда, Юрген дўстига маслаҳат берди: «Сен профессионал футболчи бўлгансан. Имтиҳон топшириб, мураббийлик лицензиясини ол. Шунда футболга қайтиш учун барча йўллар очилади». Вагнер ушбу тавсияга қулоқ солиб, ўқишга киришди. Мураббий сифатидаги илк жойини танлашда ҳам адашмади - Ральф Рангникнинг «Хоффенхайм»и энг мос клуб эди. У ерда 17 ва 19 ёшлиларни шуғуллантирди, сўнгра Дортмундда Клоппнинг ҳамроҳига айланди. Ҳеч қандай таниш-билишчилик йўқ: Вагнерга даст­лаб «Боруссия» спорт директори Михаэль Цорк қўнғироқ қилди, сўнгра Дэвид хушхабарни Юргенга етказди.

Клопп Вагнернинг «Боруссия II»даги ишига аралашмади, аммо энг яхши ўйинчилар - Эрик Дурм ва Йонас Хоффманни асосий жамоага чақириб олди. «Майнц»да ҳужумчи вазифасини ўтаган Дурм «Боруссия» ёшлари таркибида қанот ҳимоячисига айланди.

*************

Ҳар икки мутахассис Англияга деярли бир пайтнинг ўзида, аниқроғи, бир ойлик тафовут билан кўчиб ўтишди. «Ливерпуль» таклифини қабул қилган Клопп Вагнерни ёнига чақиришни хаёлига ҳам келтирмади, чунки Дэвид ўзини бош мураббийликда синаб кўришга қатъий аҳд қилганди. Шу тариқа Юрген дўстига кўмаклашиш мақсадида «Ливерпуль» ёшларини ижарага бериб турди. Вагнер дарҳол мақсадга кўчди - худди «Боруссия Дортмунд»дек ўйнаш керак. Шунингдек, жамоада тартиб ўрнатди.

Аммо Англия футболи Вагнерни мавжуд услубни қайтадан кўриб чиқишга ундади. Чемпионшипда кўпроқ ўйнаш имконияти берилади, ҳуштак кам чалинади, ўйин шиддати юқори, учрашувлар «тоза» вақти 70 дақиқага тўғри келади, шу боис кучли прессинг жамоани тезда чарчатиб қўйиши муқаррар. «Баъзан тўп назоратини қўлга олиб, бироз нафас ростлашимиз керак, ҳозиргина гол ўтказиб юборган бўлсакда, олдинга ўтишда шошилмаслик муҳим», - дейди Вагнер. Бироқ чемпионшип даражасида унинг прессинги самара келтирди.

*************

Дэвид Вагнер томонидан амалга оширилган энг катта иш ўтган йилнинг ёзига тўғри келди. «Сафимизда янгилар кўп эди. Шу боис, ўйинчилар бир-бирларини ўзаро яхши тушунишларини таъминлаш чорасини кўришимиз талаб этиларди», - дея эслайди Вагнер. Эътибор беринг, гап клуб ишларига бориб тақалсада, ўзи ҳақида гапиришига қарамай, «биз» жумласини ишлатади.

Вагнер Юрген Клоппдан намуна олиб, жамоасини Швециядаги кимсасиз оролга олиб борди. Телефон алоқаси ва гаджетлардан холи жойга - ҳаттоки, ўйинчилар Евро-2016 ярим финалига қайси жамоалар чиққанидан бехабар қолишди. Шунингдек, тўп ҳам тепишмади. «Швецияда тўрт кун қолдик. Ёввойи табиат қўйнида, электр, кровать, мобил телефонлар ва интернетсиз яшадик. Кимнингдир қорни очса, қармоқ олиб, балиқ тутишга интилади. Чанқаганлар кўлга бориб, идишини сувга тўлдиради. Совуқ тушса, гулхан ёқилади», - дея ўша сафарни ёдга олади Вагнер.

Футболчилар икки кишилик чодирларда яшашди, ҳар куни ҳамхоналар алмашиб турди. Саккиз соат каноэда сузиб, ўзаро суҳбат қуришди. «Бундай ҳолатда ёнингдаги ҳамроҳинг билан гаплашишдан ўзга илож қолмайди. Нафақат футбол, балки оила ва дунёқараш ҳақида суҳбатлашилади. Ишончим комилки, шеригингни майдон ташқарисида қанчалик яхши билсанг, ҳаяжонли онларда у билан ёнма-ён тўп суриш шунчалик осонлашади», - дейди Вагнер.

Бош мураббийнинг ўзи эса бош ошпаз вазифасини ўтади, Жонатан Хогг асосий балиқ овчиси бўлди. Афтидан, йирик чўртан тутган Хогга бу ижобий таъсир қилган кўринади, «Барнс­ли» дарвозасига гол урди. Қайси воқеа муҳимроқ эканини билмадик, чунки Жонатан 27 ёшга келибгина рақиб дарвозасини ишғол қилганди.

Жамоа уйга қайтгач, премьер-лигага чиқиш вазифасига астойдил киришди, Вагнер эса футболчиларни тез-тез ишқибозлар билан алоқа ўрнатишга чақирди. «Хаддерсфилд»нинг барча машғулотлари очиқ тарзда ўтказилди, клуб тамаддихонасида ўйинчилар билан мухлислар ҳамда клуб базаси ёнидаги кимёвий завод ишчилари бирга овқатланишлари мумкин эди. «Терьерлар»нинг ўзаро жипслашгани «Рединг»га қарши кечган пенальтилар сериясида яққол кўринди. Бешинчи уринишни ҳали бирор марта «нуқта»дан тўп тепмаган Кристофер Шиндлер амалга ошириши лозим эди. У гол урди. Учрашувдан сўнг «Хаддерсфилд» хўжайини Дин Хойл ундан нима учун пенальти тепганини сўраганда, ўзига хос жавоб олди: «Сиз мен учун бошқалардан кўпроқ пул тўладингиз. Шундай экан, ишончингизни қайсидир йўл билан оқлашим керак эди».

*************

Ўтган мавсум «Хаддерсфилд» икки марта «иложи йўқ иш»ни бажарди - премьер-лига йўлланмасини қўлга киритиб, турнир жадвалида «Лидс»дан юқори ўринни эгаллади. Бунақаси 1962 йилдан буён кузатилмаётганди. «Хаддерсфилд» услуби мухлисларни аввалгидан кўпроқ абонемент харид қилишга ундади: ўтган мавсум стартидан олдин 15 мингтаси сотиб бўлинди.

«Терьерлар»нинг АПЛдаги иштироки ҳам ёмон бошланмади. Дастлабки турларда ажойиб натижа қайд этган «Хаддерсфилд» Дэвид Вагнернинг меҳнатлари бежиз кетмаганини кўрсатди. Тўғри, 7-турдан сўнг вазият бироз ўзгарди ва жамоа 11-ўринда бормоқда. Аммо Англия элитасидаги жамоаларнинг савиясини инобатга олсак, ҳозирча хаддерсфилдликлар ўз суюклиларидан миннатдор бўлишса арзийди.

Авваллари Клопп ўз тавсиялари билан Вагнерга кўмаклашарди. Энди эса... Британиялик журналистларнинг айтишларича, Юрген Дэвиддан «Кристал Пэлас»ни таслим этиш бўйича маслаҳат сўраган. Зеро, «Хаддерсфилд» дастлабки турда бу жамоани осонликча мағлубиятга учратганди. Хуллас, дўстона тавсия ёрдам берган, чоғи, «қизиллар» ҳам рақибни енгишни уддалашди.

Ҳозирча Дэвид Вагнер - Юрген Клоппнинг кичик кўриниши. Аммо бу ҳолат узоқ чўзилмаслиги аниқ. Вагнер эндиликда Клоппсиз ҳам ишини ажойиб тарзда бажармоқда.

МАЪЛУМОТ УЧУН

ДЭВИД ВАГНЕР

Ким? «Хаддерсфилд» бош мураббийи

Қайси клубларда ўйнаган? «Майнц», «Шальке», «Дармштадт»

Қайси жамоаларда мураббийлик қилган? «Хоффенхайм» ўсмирлар жамоаси, «Боруссия II»

Цитата: «Биз «митти кўппаклармиз», аммо шижоатлимиз ва ҳеч кимдан қўрқмаймиз. Бизда жанговар руҳ мужассам».

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.