Қайднома

Қидирув

Рустам Умаров: «Кучли иштиёқ бизга мадад бўлди»

Рустам Умаров: «Кучли иштиёқ бизга мадад бўлди»

  10.10.2017 15:11
  0
  746
Рустам Умаров: «Кучли иштиёқ бизга мадад бўлди»

Икки ҳафтага яқин вақт мобайнида Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳри ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларига мезбонлик қилди.

Ушбу мусобақада Осиё ва Океаниянинг 62 давлатидан тўрт мингдан зиёд спортчилар медаллар учун кураш олиб боришди.

Турнирда 182 нафар спортчи билан қатнашган Ўзбекистон делегацияси якунда 131та медаль билан умумжамоа ҳисобида бешинчи, медаллар сони бўйича иккинчи ўринни эгаллади. Осиё ўйинлари дастуридан футзал ҳам ўрин олиб, унда термамиз кумуш медалларга эга чиқди.

Финалга қадар етиб борган Баҳодир Аҳмедов шогирдлари сўнгги жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори Эрон жамоасига имкониятни бой беришди.

Ярим финалда эса Осиё чемпионлигига эришган учта термадан бири - Япония пенальтилар сериясига кўра мағлуб этилди.

Биз Ашхободдан қайтган спортчиларимизни кутиб олиш маросимида термамизнинг етакчи футзалчиларидан бири Рустам Умаровдан интервью олдик.

- Рустам, бу галги ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари шахсан сизда қандай таассурот қолдирди?

- Ҳаммаси ажойиб тарзда ўтди. Мусобақанинг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари, спортчиларини кутиб олиш, жойлаштириш, хизмат кўрсатиш, умуман, ҳамма-ҳаммаси юқори даража ва савияда ташкил этилди.

Ашхободдаги катта спорт байрамини шу кунгача ўтказилган ва шахсан ўзим қатнашган мусобақаларнинг энг яхшиси деб биламан. Олимпия шаҳарчаси ҳам худди эртакнамо эди.

- Футзал ўйинлари ўтказилмаган кунлари бошқа спорт турларини кузатиш имкони бўлдими?

- Деярли бўлмади, чунки ўйин ва машғулотлар кўп вақтни олиб қўйди.

Қолаверса, ҳар бир учрашувдан сўнг ўз ўйинимизни таҳлил қилиш баробарида кейинги рақибни ўрганиш учун назарий машғулотлар ўтказилди. Лекин имкон топилди дегунча спортчиларимиз қатнашган мусобақаларни кузатишга ҳаракат қилдик.

Умуман олганда, Ўзбекистон делегацияси ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида яхши иштирок этди. Фикримни медаллар сони ҳам исботлаб турибди. Аслида олтин медалларимиз бунданда кўпроқ бўлиши керак эди.

Лекин айрим яккакураш турларида ҳакамлар очиқчасига рақибларга ён босишди. Ҳатто самбочимизнинг ҳалол кураш билан олган олтин медалини ҳам олиб қўйишди. Аммо умумий иштирок барибир ёмон чиқмади.

- Энди футзалга тўхталсак. Кумуш медаль - ажойиб натижа. Тан олиш керак, Эрон термасини мағлуб этиш анча мураккаб вазифа. Шу фикрларга қўшиласизми?

- Албатта. Эрон жамоаси жаҳон чемпионати бронза медали совриндори ҳисобланади. Форсларга ортиқча таъриф бериш шарт эмас. «Эронлик футзалчилар футзал майдонида дунёга келишади», деган гап ҳам бор-ку!

Бу билан биз курашсиз, ўйин бошлангунига қадар таслим бўлгандик, демоқчи эмасман. Йирик ҳисобдаги мағлубиятнинг ўзига яраша сабаблари бор. Биринчи навбатда, ярим финалдаги ўйинда катта куч йўқотгандик.

Асосий ва қўшимча бўлимларда дуранг қайд этилгач, ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланди. Япония термаси ўз вақтида Осиё чемпиони бўлган ва табиийки, оддий рақиб эмас. Иккинчидан, мундиалдан кейин таркибимизда сезиларли ўзгаришлар рўй берганди.

Тажрибали футзалчиларимиз фаолиятларини якунлашди. Айримлар мураббийликни бошлашди. Қолаверса, бизга бир неча йил устозлик қилган Хосе Мария Мендез жамоамиз билан хайрлашди. Мана шу омиллар ўз таъсирини ўтказмай қолмади.

- Аввалги йили Тошкентда ўтган Осиё чемпионати финалида ҳам Эрон термаси билан тўқнаш келгандик. Ўшанда 2:1 ҳисоби қайд этилганди. Ўтган давр мобайнида бу жамоада қандай ўзгаришлар рўй берибди?

- Улар ҳам авлодлар алмашинуви даврини бошдан кечиришмоқда. Таркибда ёш футзалчилар тўп суришди. Лекин бу ўзгаришлар Эрон термасига ҳеч қандай таъсир ўтказмаган.

Жамоа таркиби асло кучсизланмаган. Аксинча, янада мазмунлироқ ўйин намойиш этди, назаримда. Бизда ҳам 2-3 нафар ёш футзалчилар майдонга тушишди. Илк бор миллий терма либосини кийганлари ҳам бор эди.

- Япония термасини ниманинг эвазига мағлуб этдик, деб ўйлайсиз?

- Менимча, кучли иштиёқ мадад бўлди. Тўғри, пенальти - бу лотерея, лекин футзалда шу жумла ўзини кўпам оқламайди. Ўйинчи руҳий томонлама тайёр бўлиши керак. Катта футбол билан футзал дарвозаси ўртасида катта тафовут бор.

Футзалда «нуқта»дан гол уриш бироз қийинроқ. Билмадим, балки бизга омад ҳам кулиб боққандир. Лекин айтишади-ку, ўйин эсдан чиқади, натижа қолади, деб.

- Гуруҳ босқичида Афғонистон термасига имконият бой берилди. Бу натижани кутилмаган деб ҳисоблайсизми?

- Шундай деса ҳам бўлади. Лекин Афғонистон термасининг кучсиз рақиб эмаслиги аниқ. Акс ҳолда, улар ярим финалга қадар етиб боришмасди.

Ушбу босқичда Эронга ютқазишди. Бронза медали учун кечган баҳсда эса Японияга пенальтилар сериясида имкониятни бой бериб, кучли тўртликдан жой олишди.

Уларнинг японлар билан асосий ва «экстра-тайм»ларда дуранг қайд этишгани, форслар дарвозасини икки бор ишғол қилишганининг ўзи кўп нарсадан далолат.

- Келгусидаги режалар қандай?

- Анъанага кўра, Ассоциация кубоги мусобақаси билан янги мавсумга старт берилади. Ўзбекистон чемпионати ҳам бошланиш арафасида.

Орада кубок учрашувлари ўтказилади. Энди асосий эътибор ички мусобақаларга қаратилади. Ўйлашимча, янги мавсумдан рақобат сезиларли даражада кучаяди. Термамиз учун эса расмий ўйинлар якунланди.

Асосан ўқув-машғулот йиғинларига урғу берилади.

Камолиддин Алимов суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz