Қайднома

Қидирув

Фрэнк Лэмпард: «Террига дарвозада туриш янгилик бўлмаган»

Фрэнк Лэмпард: «Террига дарвозада туриш янгилик бўлмаган»

  11.10.2017 03:32
  0
  1297
Фрэнк Лэмпард: «Террига дарвозада туриш янгилик бўлмаган»

«Челси»нинг собиқ ўйинчиси Фрэнк Лэмпард клубнинг афсоналаридан бири ҳисобланади. Яқинда у англиялик журналистлар билан бўлган суҳбатда «аристократлар» сафидаги жамоадошлари ҳақида гапириб берди.

- Машғулотларда энг кўп ким ишларди?

- Энг меҳнаткаш? Менимча, Жон Терри. «Челси»га келганимда Жон 18 ёшда эди. Унинг машғулотларда ишлаётганини кўриб, ҳайрон қолганман. Унда футбол иқтидори бўлган ва Жон ушбу хислатидан борича фойдаланишга ҳаракат қилган. Бундан ташқари, Терри машғулотлардан кейин ҳам қўшимча машқларни бажарарди. Хуллас, меҳнаткашлиги билан бошқалардан устун турган.

- Бошқалардан кам ишлаб, ўйин пайтида ўзини кўрсата оладиган ким эди?

- Рикарду Карвалью. Олдин уни врачнинг хонасида кўп кўрардим. Маш­ғулотларда ҳам кўнгилдагидек ҳаракат қила олмасди. Лекин ўйин пайтида ҳар қандай рақибга қаршилик кўрсатишга қодир эди. Бир сўз билан айтганда, ажойиб футболчи.

- Машғулотларга биринчи бўлиб ким келарди?

- Эшли Коул. Ҳамиша барчадан олдин базада бўларди. Ҳаммамиздан кўра базага яқинроқ жойда яшарди. Шунингдек, Эшли барчадан ке­йин кетарди.

- Доимий равишда машғулотларга ким кеч қоларди?

- Кеч қоларди? «Челси»да бу Николья Анелька эди. Буни кеч қолиш демаган бўлардим. У шунчаки машғулот бошланиши арафасида пайдо бўларди. Тўғри, баъзи кунлари кеч ҳам қолган. Лекин мен учун ҳамиша сўнгги пайтда пайдо бўлган футболчи бўлиб қолаверади.

- Техникаси энг яхши бўлган футболчи ким эди?

- Эден Азар. Мен Жанфранко Зола ва техникаси яхши бўлган Жо Коуллар билан ҳам ўйнаганман. Лекин Эден Азарни бу борада улардан кучлироқ деб ҳисоблайман. У майдонга тушиб мўъжиза яратишга қодир.

- Ким тўпни йўқотмасди?

- Жон Оби Микел. У билан «Челси» учун муҳим бўлган кўплаб учрашувларда бирга майдонга тушганмиз. Жумладан, Чемпионлар Лигаси финалида ҳам. У нафақат тўпни олиб қўйишда кучли бўлган, балки ажойиб узатмаларни амалга оширарди.

- Энг кўп «подкат» қиладиган ким эди?

- Ўйлашимча, буни шундоқ ҳам биласиз. Жон Терри машғулотми, муҳим ўйинми, ҳамиша «подкат»га тайёр турарди. Машқми, 5х5 ўйинми, унга фарқи йўқ эди. Жон ҳамиша ўйинда бўлган. Тўпни олиб қўйиш учун оёғингиз остига боши билан ташланишдан ҳам тап тортмасди.

- «Челси»да энг кўп ҳазил қиладиган ким эди?

- Ҳаммадан кўпми? Давид Луис. У «Челси»га ўтганида инглиз тилида умуман гаплаша олмасди. Аммо орадан уч ҳафта ўтгач анча ўрганиб олди. У ҳамма билан дўстона кайфиятда бўлади ва ҳазиллашишни яхши кўрарди. Ўз ҳазиллари билан ҳеч кимни хафа қилиб қўймаган. Ўз меъёрини биларди.

- Энг тезкор футболчи ким эди?

- «Челси»да бир неч йиллар ўйнаган бўлсам, жамоа сафида Николья Анелька ва Арьен Роббендан чаққон футболчиларни кўрмаганман. Улар жуда тезкор эдилар. Афсуски, ўзим бунчалик тез эмасман.

- Майдон ўйинчиларидан қайси бири дарвозада туришни қойиллатарди?

- Жон Терри. Уни кўп эслаётганимни биламан. Ёдингизда бўлса, бир марта «Рединг»га қарши учрашувда Петр Чех бошидан жиддий шикастланган, захирадан тушган Карло Кудичини ҳам жароҳат туфайли майдонни тарк этишга мажбур бўлганди. Лекин ўшанда Жонга дарвозада туриш янгилик бўлмаган. Машғулотлар пайтида ҳам Терри дарвозага турарди. Биз 15 дақиқа ичида унга тинимсиз тўп тепардик. Қўлқоп кийиш унга ёқарди.

- Жамоада ҳамиша нимадандир норози бўлиб юрадиган футболчи ким эди?

- Иванович. У майдонда керагидан ортиқ агрессив ҳаракат қиларди. Лекин ўзаро ўйнаганимизда ҳам ҳамиша шундай бўлган. Барчасини муҳим ўйиндек қабул қиларди. Ҳаттоки, ўзаро ўинларда ҳакамлик қилган мураббийларга ҳам бақиришдан тоймасди.

- Ўзаро ўйинларда қайси ўйинчи билан бирга ўйнаш ёқарди?

- Дидье Дрогба билан. У муҳим ўйинлар учун яратилган футболчи эди. Муҳим ўйинлар деганда, кубоклар финаллари ва шунга ўхшаш учрашувларни назарда тутяпман. Умуман олганда, унинг руҳий тайёргарлигига қойил қолардим.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz